www.muslimuz
Иордания фуқароси мусулмон давлатларига Қуръони карим тарқатмоқда
Иорданиялик улуғ ёшли Абу Закариё исмли киши қарийб 50 йилдан буён ҳаётини Каломуллоҳга хизмат қилиш билан ўтказмоқда. Сўнгги йилларда Абу Закариё мамлакатдан йиғиб келинган эскирган, йиртилган Қуръони каримларни қайта таъмирлаб, қўшни давлатдаги бева-бечора фуқароларга бепул тарқатиб келмоқда. Ислом.уз нашрининг хабарига кўра, ўтган йили 500 та ана шундай таъмирдан чиқарилган Қуръони каримни Угандага юборган.
Маълум бўлишича, бу йил 2000 та Мусҳафи шарифни Африка қитъасидаги бошқа мамлакатларга юборишга тайёрламоқда. Қиладиган иши фақат қоғоз чиқиндиларни жамлаш бўлган Абу Закариё олдинги пайтлардан фарқли ўлароқ, ҳозирги кунларга келиб одамлар орасида Қуръони карим ёзилган саҳифалар, тафсир ва диний китобларнинг нусхалари, умуман Аллоҳ номи ёзилган қоғозларга нисбатан ҳурмат-эҳтиромнинг жуда ҳам пасайиб кетганини афсус билан тилга олади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Янги нусхада чоп этилаётган Мусҳафи шариф ҳақида
«Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёти ва Ғавсоний ноширлик уйи ўртасидаги дўстона ҳамкорлик муносабатлари 2018 йилнинг июль ойида бошланган ҳамда ушбу нашриётлар ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган эди. Мазкур шартномадан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда Мусҳафи шарифнинг янги нусхасини чоп қилишдан иборат. Унга кўра, Ғавсоний ноширлик уйи томонидан «Ҳилол-нашр» нашриётига Мусҳафни чоп этиш ҳуқуқи билан бирга унинг махсус нусхаси бепул тақдим қилинган эди.
Ушбу Мусҳаф нусхасининг ўзига хос хусусиятларидан бири шундаки, унинг хати бутун дунё мусулмон халқлари ўрганган Мадина Мусҳафининг эски нусхасига, саҳифа ва қаторларига тўлиқ мос келади. Вақф аломатлари эса, энг сўнгги нусхадаги Мусҳафдан олинган бўлиб, Ғавсоний ноширлик уйи учун машҳур хаттот Усмон Тоҳа томонидан махсус ёзиб берилган. «Ҳилол-нашр» нашриёти ҳам мазкур нусха асосида ўзининг махсус нусхасини тайёрлади. Ёзувлар Ғавсоний ноширлик уйидан олинган нусхага тўлиқ мос бўлган ҳолда оят рақамларининг гардишлари ҳар бир саҳифанинг атрофидаги нақш ва бошқа безаклар моҳир наққош Фаррух Ғаффоров ҳамда дизайнер Уйғун Солиҳовлар томонидан ўзбек миллий нақшлари билан алмаштирилди. Навбатдаги чоп этилиши кутилаётган Мусҳафи шариф саҳифаларининг ранги сариқ ҳамда оч сариқ рангда Қуръон тиловат қилувчиларга тақдим этилади, ИншаАллоҳ. Кейинроқ, ушбу мусҳафи шарифни сиз азизларга яна ҳам қулай бўлиши учун ҳар хил ўлчамда чоп этиш режалаштирилган.
Мусҳафнинг дастлабки нусхаси тайёр бўлгач, Ғавсоний ноширлик уйи томонидан янги нусханинг бадиий савиясини, нақшларини ўрганиб чиқилди ва юқори баҳоланди. Шундан сўнг, янги Мусҳаф нусхаси бир ярим ой давомида махсус назорат гуруҳи томонидан синчиклаб, ҳарфма-ҳарф, сўзма-сўз текшириб чиқилди. Текширувда ҳеч қандай саҳв-хатолар йўқлиги тасдиқлангач, «Ҳилол-нашр» матбаасига ушбу янги нусхани чоп этишга рухсат берилди.
Мазкур шартномага асосан, «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёти ушбу янги Мусҳафни Марказий Осиё давлатлари ҳамда Россияга тарқатиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритган. Ушбу хайрли ишнинг яна бир диққатга сазовор жиҳати шундаки, «Ҳилол-нашр» матбааси мазкур янги Мусҳафни устама нарх қўймай, тан нархда сотишга қарор қилган. Қолаверса, Ғавсоний нашриёти ҳам бу улкан хизматнинг савобидан баҳраманд бўлиш мақсадида молиявий даромаддан воз кечди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
АЛЛОҲ РОЗИЛИГИ УЧУН!
Илм Аллоҳ розилиги учун ўрганилади, олим дейилиш учун эмас!
Қуръон Аллоҳ розилиги учун ёдланади, қори дейилиш учун эмас!
Намоз Аллоҳ розилиги учун ўқилади, намозхон дейилиш, одамларнинг ишончига кириш учун эмас!
Рўза Аллоҳ розилиги учун тутилади, рўзадор дейишлари учун эмас!
Закот Аллоҳ розилиги учун берилади, бой, пулдор деб аталиш учун эмас!
Ҳаж Аллоҳ розилиги учун қилинади, ҳожи ака деб чақиришлари учун эмас!
Эҳсон, садақа Аллоҳ розилиги учун берилади, сахий, қўли очиқ дейишлари учун эмас!
Машина Аллоҳ розилигини топишга сабаб бўладиган ишларга миниш учун олинади, одамларга мақтаниш, кўз-кўз қилиш учун эмас!
Янги либос Аллоҳ танани беркитишга буюргани учун олиб кийилади, мода ёки фалон бренддан кийинар экан дейишлари учун эмас!
Ота-онага Аллоҳ розилиги учун, Унинг амрига итоат қилиб яхшилик қилинади, ҳовли-жой, машина ва бошқа матоҳларни ҳадя қилишлари учун эмас!
Тўй икки ёшнинг иффатини сақлаш, суннатга амал қилиш ва умматнинг сонини кўпайтириш учун қилинади, ноёб таомлар қўйиб одамларга мақтаниш, исроф, дабдаба учун эмас!
Сўзимизни ушбу оятлар билан якунлаймиз:
قُلْ إِنَّ صَلاَتِي وَنُسُكِي وَمَحْيَايَ وَمَمَاتِي لِلّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ لاَ شَرِيكَ لَهُ وَبِذَلِكَ أُمِرْتُ وَأَنَاْ أَوَّلُ الْمُسْلِمِينَ
“Сен: “Албатта, менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқ. Ана шунга буюрилганман. Ва мен энг аввалги мусулмонман... деб айт” (Бу оят мусулмон одам бутунлай Аллоҳига ажралиб чиқиши лозимлигини кўрсатади. У намозни фақат Аллоҳ учун ўқийди. Бошқа зот учун ёки бадантарбия, ахлоқий машқ, ота-онасини хурсанд қилиш учун эмас. У ибодатларини фақат Аллоҳ учун адо этади. Ҳаж қилса, рўза тутса, закот берса, Аллоҳ учун қилади. Бировнинг гапи, мақтови ёки эҳтироми учун қилмайди.) (Анъом сураси, 162, 163-оят).
Мақолани Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Океаннинг энг чуқур жойи ҳақида биласизми?
Ернинг энг баланд нуқтаси – Эверест чўққиси (8848 м). Океаннинг энг чуқур жойи - Мариана ботиғи.
Бу ботиқ Мариана ороллари ҳудудида жойлашган бўлиб, унинг энг чуқур нуқтаси 11035 метр.
1960 йилда инсоният илк бор ушбу ботиққа тушишга эришди. Америкалик Дон Уолш ва швейцариялик океанолог Жак Пикар «Триест» номли батискафда дунёнинг энг чуқур нуқтасига тушдилар.
Ушбу ботиқдаги босим денгиз сатҳидаги табиий босимдан 1100 марта ортиқдир. Бу дегани - ботиқда 1 см.га тушадиган оғирлик 1 тоннаю 74 кг атрофида бўлади.
Қуёш нуридан, ёруғликдан бутунлай узилган муҳит. Аммо шу ерда ҳам ҳаёт бор экан. Катталиги 30 см келадиган, камбалага ўхшаган балиқлар, моллюскалар, катталиги 10 см. келадиган ўта заҳарли улкан амёбалар (аслида амёбаларни фақат микроскоп орқали кўриш мумкин) шу шароитда яшар экан.
Қуйидаги расмларда Мариана ботиғига тушган “Триест” батискафи ва ундаги сайёҳлар ҳамда у ерда яшайдиган жонзотлар келтирилган.
Интернет маълумотларидан Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Жўйбори Калон мадрасасининг масжиди XVII аср ҳолатига қайтарилди
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Салкам 2600 йиллик тарихга эга бўлган ҳамиша навқирон Бухоро мустақиллик йилларида янада обод ва кўркам бўлди. Унинг қайси бир гўшасига назар солманг, улкан ижодкорлик ва бунёдкорлик ишларига кўзингиз тушади.
Бухорои шариф ҳудудида сақланиб қолган, халқимиз томонидан асрлар давомида эъзозланиб келинаётган тарихий ёдгорликлар ва меъморий обидалар ҳам қайтадан таъмирланиб, баъзилари янгидан бунёд қилинди. Бугун нафақат халқимиз, балки дунё жамоатчилиги келиб кўрса, маънавий озиқланса арзийдиган муқаддас қадамжолар янада кўркамлаштилмоқда. Жумладан, Ислом динининг маънавий ва маърифий маскани Бухоро вилояти “Жўйбори Калон” ўрта махсус ислом билим юрти масжиди XVII аср ҳолатига қайтарилди.
Билим юрти масжиди безаксиз ва таъмири ўзининг асл ҳолатидан ўзгариб қолганди. Ҳозирда масжид пештоқи безаклари баҳор гуллари рангидек ислимий нақшлар билан безатилган. Масжид гумбази Бухоро ганчкорлик мактабидаги ироқий нақшлар билан безатилди.
Машҳур ганчкор уста Бахтиёр Ҳамроев шогирдлари уста Эрмуҳаммад Рўзиев ҳамда уста Завқиддин билан ислимий ва геометрик нақшлар асосида гулдасталар, оқ, кўк, яшил, зангори рангли безаклар ҳамоҳангида моҳирона ижод қилишди. Нақшларнинг янада мукаммал, жозибадор бўлишига ўзларининг бебаҳо ҳиссаларини қўшишди.
Билим юрти жамоаси XVI - XVII асрларда мадрасанинг меъморий безаклари, рангтасвири жозибали ва мўжизакорлиги, ҳамда меъморчилик санъати қандай юксак эътиборга эга эканлиги ҳақида умумий тасаввур ва тушунча ҳосил қилдилар.
Ота-боболаримиз қурдириб, бизга мерос қолдирган обидаларни таъмирлаб асраш барчамизнинг бурчимиздир.
Жўйбори Калон ўрта махсус ислом билим юрти
маънавият ва маърифат ишлари мудир ўринбосари
Рохат Муҳаммадшоева