www.muslimuz

www.muslimuz

Ўзбекистон – 7300 дан ортиқ қадимий-меъморий ва археологик обидалар мавжуд дунёдаги етакчи ўн мамлакатдан бири ҳисобланади. Юртимизнинг саноқли мамлакатларгагина хос бўлган яна бир жиҳати – бу ерда 200 дан зиёд тарихий обида ва қадамжолар ЮНЕСКОнинг маданий мероси рўйхатига киритилган. Бундан кўриниб турибдики, Ўзбекистон зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича кенг имкониятларга эга мамлакатлардан биридир. Шу ҳақиқатни теран англаган ҳолда, қолаверса, мавжуд имкониятдан унумли фойдаланиш мақсадида 2018 йил 3 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Шунингдек, “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг чиқиши ҳам соҳада илғор ташаббусларни илгари суриш ва ижобий қадамлар ташлашга туртки бўлди.

Ҳисоб-китобларга қараганда, ҳар йили Ўзбекистонга жаҳоннинг 70 га яқин мамлакатидан икки миллиондан зиёд сайёҳ ташриф буюради. Улар, асосан, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Шаҳрисабз каби шаҳарларимиздаги диққатга сазовор жойларни кўздан кечиришади. Ҳозирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ўзаро ҳамкорликда зиёрат туризми соҳасида сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш мақсадида қатор самарали ишларни олиб боришмоқда. Хусусан, Малайзия, Индонезия ва бошқа мамлакатлардан юртимиздаги муқаддас қадамжоларга зиёрат туризми йўналишидаги сайёҳларни жалб қилиш, бу борада керакли реклама тадбирларини ўтказиш, логистика, чартер рейсларни йўлга қўйиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Ушбу ижобий ҳаракатларнинг самараси ўлароқ жорий йилнинг 21 сентябрь куни Малайзиянинг Перлис штати муфтийси Мохд Асри Бин Зайнул Абидин бошчилигидаги диний уламолардан иборат делегация аъзолари Ўзбекистонга етиб келишди.

Ушбу ташрифдан кўзланган мақсад – Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда малайзиялик сайёҳларнинг зиёрат туризми йўналишида Ўзбекистонга ташрифларини йўлга қўйиш. Айни кунларда, мазкур мутасадди ташкилотлар томонидан Малайзия диний вакилларидан иборат делегациянинг юртимизга ташрифини ташкил этиш ишларига пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Кези келганда шуни таъкидлаш керак-ки, мамлакатимизда зиёрат туризмни жадал ривожлантириш, мавжуд улкан туризм салоҳиятини янада тўлиқ ва самарали тарғиб қилиш ҳамда бу соҳада идоралараро амалий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилаётган ушбу ҳамкорлик ташрифи, келажакда соҳанинг ривожига, албатта, ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади ва кўплаб малайзиялик сайёҳларнинг Ўзбекистонга келишига замин яратади.

Ташрифга доир маълумотлар Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий сайт ва саҳифаларида ёритиб борилади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

vendredi, 21 septembre 2018 00:00

ЖУМАДАН ЖУМАГАЧА

Муфтий ҳазрат Франциядаги анжуманга таклиф қилинди

Аввалроқ ҳабар қилганимиздек ЎМИ расиси муфтий У.Алимов Бишкекда ўтказилган «Маънавий ипак йўли. Буюк инсоний анъаналар ва замонавий таҳдидлар» деб номланган конференция иштирок этгди. Тадбир давомида  Россия мусулмонлари диний идораси раиси Равил Гайнутдин билан ўтган учрашув сўнггида Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларини жорий йилнинг декабрь ойи биринчи ўн кунлигида Францияда ўтказиладиган конференцияга таклифнома тақдим этилган.

 

Ўзбекистон Президенти АҚШнинг диний эркинлик масалалари бўйича элчисини қабул қилди.

17 сентябрь куни АҚШ Давлат департаментининг халқаро диний эркинлик масалалари бўйича элчиси Сэм Браунбэк раҳбарлигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Мартабали меҳмонни давлат раҳбари Ш.М.Мирзиёев қабул қилди Тошкент шаҳрида делегация аъзолари «Диний бағрикенглик: Ўзбекистон ва АҚШ тажрибаси» мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этди. Томонлар Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги кўп қиррали, жумладан, мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш, бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр экани таъкидланди. 

 

Замонамизнинг етук муҳаддис олими Ўзбекистонга ташриф буюрди

Замонамизнинг етук муҳаддис олимлардан бири «Асарул-ҳадисиш-шариф фий ихтилафил-аимматул-фуқаҳо», «Адабул ихтилаф фий масаилил-илми вад-дийн» каби машҳур асарлар муаллифи Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ юртимизга ташриф буюрди. Ташриф давомида юртимизнинг кўплаб тарихий қадамжоларини зиёрат қилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом тараққиёт банки Президентини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг етакчи араб жамғармалари делегациясига бошчилик қилаган Ислом тараққиёт банки Президенти Бандар Ҳажарни қабул қилди. Учрашув давомида ҳамкорлик учун улкан салоҳият, энг муҳими, уни янада мустаҳкамлашга ўзаро интилиш мавжудлиги таъкидланди.                                                                                        Таъкидлаш жоизки,  Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган "ИТБ гуруҳи куни" доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Ислом тараққиёт банки ўртасида 2018-2021 йилларга мўлжалланган 1,3 миллиард долларлик шериклик стратегияси имзолангани бунинг далилидир. 

 

Саудия Арабистони ҳукумати ҳожилар учун чекловни олиб ташлади

Саудия Арабистони ҳукумати умра учун келаётган зиёратчиларга қўйилган таъқиқни олиб ташлади. Яъни, энди Саудия Арабистонига келган зиёратчилар 30 кун давомида Саудиянинг барча шаҳарларига зиёрат ёки сайёҳлик учун борса бўлади. Фақат бу 30 кунлик рухсатни 15 куни Макка шаҳри учун бўлиши шартдир – дейди ҳаж вазирлиги ходими Абдулазиз Вазан. Ўтган йили умрага 7 млн зиёратчилар ташриф буюришган эди.

 

Москва аэропортида яна бир намозхона очилади

Москва шаҳри яқинида жойлашган Шереметова аэропортида мусулмонлар учун намозхона очилиши режалаштирилгани маълум қилинди. Бунинг учун алоҳида ҳудуд ажратилган.  Намозхона аэропортнинг Е терминалининг биринчи қаватида жойлашгани айтилган.

 

Ўзбекистондаги ОТМ Султон Идрис университети билан ҳамкорлик қилади

Тошкент давлат шарқшунослик институтида Малайзиянинг Султон Идрис университети билан қўшма дипломли таълим жорий этилади. Мазкур келишувга Султон Идрис университети ректори, профессор Муҳаммад Шатар Сабран бошчилигидаги делегациянинг шарқшунослик институтида ташрифи давомида эришилган.                 Учрашувда малай тилидан дарс бераётган ўқитувчиларни Султон Идрис университетига қисқа ва ўрта муддатли малака ошириш курсларига жўнатишга, энг асосийси эса бакалавр босқичида 2+2 ёки 3+1 тизими асосида, магистратура босқичида 1+1 тизими асосида қўшма дипломли мутахассислар тайёрлашга келишиб олинди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

vendredi, 21 septembre 2018 00:00

Зиё байрамига марҳамат!

Фуқароларимизнинг китобга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида ташкил этилаётган КИТОБ САЙЛЛАРИ давом этади!  

Бу галги сайл бугун, 21 сентябр куни Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг қуйидаги масжидларида ташкил этилади.

  1. Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар "Рамазони Шариф" жоме масжидида бўлиб ўтади (масъул шахс Х.Ортиқов 94 369-36-22)
  2. Тошкент шаҳри “Абдулла ибн Масъуд” жоме масжидида ташкил этилади (масъул шахс Э.Мирзаев 71-272-91-04, 272-60-67, 372-98-78).

Эслатиб ўтамиз китоб сайллари жума намози адо этилганидан сўнг бошланади!

 

ЎМИ Матбуот хизмати

@muslimuzportal

mercredi, 19 septembre 2018 00:00

Сабрнинг турлари

 Бандаларини сабр қилишга буюрган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, умматларини сабрга ундаб, ўзлари сабр қилишнинг энг гўзал намунасини кўрсатган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога саловот ва саломлар бўлсин!

         Сабрнинг маъноси ҳар қандай ҳолатда инсон ўзини ушлаб ва тўхтатиб туришидир. Сабрнинг яна бир маъноси бирор нарсани кутиб туришдир.

Уламоларимиз сабрнинг уч хил бўлишини айтишган:

1. Тоат-ибодатларни қилишда сабр.

 2. Гуноҳ-маъсиятлардан тийилишда сабр.

 3. Мусибат келганда сабр.

 

Тоат-ибодатларга сабр.

Бунда инсон ўз нафсини тоатга ундайди, мажбур қилади. Масалан, бир киши намоз ўқимоқчи, аммо нафси уни дангасаликка, ётишга, қорни тўқ бўлса ҳам овқат ейишга, улфатлар билан суҳбатлашишга ундаб турибди. Ана шу пайтда нафсини намозга тортади, унинг васвасасига кўнмайди. Мана шу тоатга сабр дейилади.

 

Гуноҳ-маъсиятлардан тийилишда сабр.

Бунда инсон нафсини ҳаром сўз ва ишлардан тияди. Масалан, бир кишига нафси зино қилишни васваса қиляпти, Аллоҳ асрасин, шунда у нафсини бу ишдан қайтаради. Шу иш маъсиятдан тийилишда сабр дейилади.

Азизнинг хотини Юсуф алайҳиссаломни зинога чорлайди, эшикларни беркитади, “Бери кел!” деб ўзига чақиради. Шунда Юсуф алайҳиссалом “Агар мен хожамга (яъни сенинг эрингга) хиёнат қилсам, золимлардан бўлиб қоламан” деб унинг истагини рад этадилар, Аллоҳдан паноҳ сўрадилар ва сабр қилдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам машҳур ҳадисларида етти тоифа киши қиёматда – ҳеч қандай соя бўлмайдиган, фақат Аллоҳнинг аршининг сояси бўладиган кунда Аллоҳнинг аршининг соясида бўлишини айтиб, шуларнинг қаторида “Насл-насабли, чиройли аёл зинога чорлаганда, “Мен Аллоҳдан қўрқаман!” деб, аёлнинг истагини рад этган киши”ни ҳам зикр қилганлар.

 

Мусибат келганда сабр.

Инсонга мусибат келганда, у талвасага тушмай, амал, сўз билан Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган иш қилмай, келган мусибатга сабр қилиши ва шу сабрига ажр умид қилиши керак. Бандага мусибат келганда, у ич-ичидан ўша ишдан нафратланмаслиги, балки буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг қазойи қадари билан бўлаётганини ўйлаб, сабр қилиши керак.

Аллоҳ таоло сабрли бандаларини яхши кўради. Уларга улкан мукофотларни тайёрлаб қўйган. Қуйидаги оят сабрлилар учун хушхабардир:

 

وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِّنَ الْخَوفْ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِّنَ الأَمَوَالِ وَالأنفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُم مُّصِيبَةٌ قَالُواْ إِنَّا لِلّهِ وَإِنَّـا إِلَيْهِ رَاجِعونَ أُولَـئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِّن رَّبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَـئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ

“Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир” (Бақара сураси, 155 – 157-оятлар).

 

 Интернет маълумотларидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Aллоҳ таоло Каломи шарифида илмнинг нақадар улуғлиги, илм олиш фазилати ҳақида кўп оятлар нозил қилган. Жумладан:

 

قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ

«Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!» мазмунли ояти карима моҳиятини теран тафаккур қилсак, ҳозир жамият ҳаётида имом-хатибларнинг ўрни юқори ва масъулияти оғир экани маълум бўлади.

Дарҳақиқат, Ислом дини имом-хатиблар зиммасига катта вазифалар юклайди. Имом-хатиб Аллоҳ таолонинг марҳамати билан диний ва дунёвий илмлардан баҳраманд бўлиб, улуғ устоз, мударрис ва муаллимлардан етарли ва зарур билимларни олади. Шунингдек, халқимиз ибодатларни тўғри адо этишида, маросимларни рисоладагидек ўтказишида ва динимизнинг эзгу таълимотларини мўмин-мусулмонларга тўғри етказишда имом-хатибларнинг хизматлари жуда каттадир.

«Имом» арабча сўз бўлиб, тўғри йўлга бошловчи, олдинда турувчи, раҳбарлик қилувчи ва пешво каби маъноларни англатади. Шунингдек, фақат савоб ишларни қилувчи инсон маъносини ҳам беради. Бир сўз билан айтсак, имом кишиларни дунё ва охиратда ҳам фойдали эзгу амалларга чақирувчи, ҳидоятга етакловчидир. Қуръони каримда айни шу маънони ифода этувчи бир қанча оятлар бор:

 

وَإِذِ ابْتَلَى إِبْرَاهِيمَ رَبُّهُ بِكَلِمَاتٍ فَأَتَمَّهُنَّ قَالَ إِنِّي جَاعِلُكَ لِلنَّاسِ إِمَاماً

«Эсланг, Иброҳимни бир неча сўзлар билан Рабби имтиҳон қилганида, уларни мукаммал адо этди. Шунда (Аллоҳ): «Албатта, Мен сени одамларга имом (пешво) қиламан», деди...» (Бақара, 124).

 

وَوَهَبْنَا لَهُ إِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ نَافِلَةً وَكُلّاً جَعَلْنَا صَالِحِينَ وَجَعَلْنَاهُمْ أَئِمَّةً يَهْدُونَ بِأَمْرِنَا وَأَوْحَيْنَا إِلَيْهِمْ فِعْلَ الْخَيْرَاتِ وَإِقَامَ الصَّلَاةِ وَإِيتَاء الزَّكَاةِ

«Биз (Иброҳимга) Исҳоқни ҳадя этдик ва Яъқубни ҳам (набира қилиб) қўшиб бердик ҳамда барчаларини солиҳ кишилар қилдик. Яна уларни Бизнинг амримиз билан (одамларни) ҳидоят этадиган пешволар қилдик ва уларга яхши амаллар қилишни, намозни баркамол адо этишни ва закот беришни ваҳий қилдик» (Анбиё, 72–73).

Оятлар мазмунидан шундай хулоса чиқариш мумкин – имомлик вазифаси юқори мартабадир. Иброҳим алайҳиссалом кўп имтиҳонлардан муваффақиятли ўтганларидан кейин Аллоҳ таоло иноят қилиб, имомликни ато этган. Маълум бўладики, ҳар қандай кишига ҳам имом деб эргашиб бўлмайди. У албатта, солиҳ инсон бўлиши лозим. Имом одил, қалби пок, бутун вужуди билан кишиларга хизмат қилиши, илм соҳиби бўлиши, молу дунёга ўч бўлмаслиги, оёғи ердан узилиб қолмаслиги керак. Имомлик мансаб ҳам, лавозим ҳам эмас, балки улкан масъулиятдир.

Қуръони карим оятларида «имом» яхшиликка бошловчи маъносида қўлланганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Шу боис кўп оятларда келтирилган «имом» сўзи расуллар ва пайғамбарларга йўналтирилган. Расуллар ва пайғамбарларнинг табиатида эса фақат ҳидоят, итоат, имон каби фазилатлар бор, холос.

Уламолар тасниф этган китобларда имомлик масалаларига махсус боблар бағишланган. Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад Мовардий шундай дейди: «Барча кишилар имомнинг фикрини қўллаб-қувватлайди. Шу тариқа, имомлик уларга бир пойдевор каби бўладики, элу юрт ва дин қоидалари ўша пойдевор асосида барқарорликка эришади...» Муфассир Фахриддин Розий эса имом жуда кўп кишилар орасидан танланган бир шахс эканини ёзади.

Ибн Халдун имомлар мўмин-мусулмонлар ибодатига раҳбарлик қилиш билан бирга дунёвий ишларида ҳам, маданий ва ижтимоий ҳаёт мазмун-моҳиятини тўла очиб беришда ҳам ўзига хос ўринга эга эканини баён қилади. Аббосийлар даврида ибодатларга махсус диний таълим олган киши бошчилик қилиши белгилаб қўйилган. Шу тариқа, ушбу одат мустаҳкам қоидага айланади.

Юқоридаги келтирилган оятлар ва фикр-мулоҳазалардан хулоса қилиб айтсак, имом – диний ўқув юртларидан бирини битирган, диёнатли, яхши ахлоқли, илмли, адолатли, шариат аҳкомларига оғишмай амал қилувчи ва мамлакатдаги ислоҳотларни тўғри тушунган ҳамда диний соҳа раҳбарияти тавсияси асосида вазифага тайинланган масъул кишидир.

Шуни ҳам таъкидлаш жоиз, жамиятимизда «имом» ва «имомлик» тушунчалари кўп қўлланилади. Биз бу тушунчаларни айнан инсонларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифда белгилаб берилган кўрсатмалар мазҳабимизга мос равишда тўғри баён этиб, оғишмай амал қилишга чорловчи, хайрли ишларга ундовчи ва юртда кечаётган ислоҳотларни онгли тушунувчи киши маъноларида ишлатамиз.

Мамлакатимизда имом-хатибларнинг ҳар томонлама малакали, намунали бўлишлари ва улар мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини тўла қондиришларини таъминлаш мақсадида жуда кўп хайрли ишлар қилинмоқда. Аввало, улар диний ўқув юртларида ўқитилади.

Ҳозирги давр имомлари нафақат диний, балки дунёвий билимларга ҳам эга бўлишлари лозим. Улар бундан йигирма, йигирма беш йил аввалги имомлардан тубдан фарқ қилиши керак. Замон талаби шуни тақозо этмоқда. Шунинг учун ҳам имом ўз устида мунтазам ишлаши, касб маҳорати, билим савиясини ошириб бориши зарур. Шунингдек, мамлакатимизда кечаётган турли ислоҳотлар, қўшни мамлакатлар ва узоқ хорижда юз бераётган воқеа ва ҳодисалар, халқаро ҳаётдан доимий равишда хабардор бўлиши ҳамда буларни кенг халқ оммасига тўғри етказиш керак. Шундагина имом ҳақиқий пешво мақомини олади ва халқ ҳурматини қозонади.

Мўмин-мусулмонлар учун имом-хатибнинг ҳар бир сўзи ва иши ибратдир. Шунинг учун имомлар жамоат жойларида, халқ орасида намуна бўлишлари лозим. Ҳаёт шундай, оддий одамда ҳар қанча камчилик бўлса, бошқалар унга катта эътибор бермайди. Аммо элга панду насиҳат қиладиган имом-хатибларда андак нуқсон сезилса, халқ кўнглида, дарров: «Бу имом халқни бир ишга даъват қилар экан-у, ўзи бошқа ишни қиларкан», деган шубҳа пайдо бўлади. Шунинг учун имом-хатиблар барча яхши ишларда намуна, камтарлик, сахийлик каби фазилатларга эга бўлишлари лозим.

Шундай экан, бугунги кун имом-хатиблари зиммаларидаги юксак масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда асл ва эзгу диний маърифатни, мотуридия таълимоти, ҳанафий мазҳаби ҳукмларини оммага чиройли равишда етказишлари, Ватан равнақи, юрт тинчлигини таъминлаш ва халқ фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшишлари зарур.

Хулоса қилиб шуни билмоқ ва идрок этмоқ керакки, имом-хатибларимиз олган билим ва тажрибаларини кун сайин ошириб боришлари лозим. Зеро, биз ҳозир XXI асрда яшамоқдамиз. Дунё халқларининг маданиятлари бир-бирларига яқинлашиб, уйғунлашиб бормоқда. Барча соҳаларда янгилик ва кашфиётлар пайдо бўлмоқда. Илму фан, техника ва ахборот алмашувлари жиддий суръатлар билан кучайиб бормоқда. Мана шундай шароитда имом-хатибларимиз, диний уламоларимиз ўз устиларида ишлаб, илмий савияларини оширишларини замоннинг ўзи тақозо қилмоқда.

Агар ҳозирги аср кишиси бир кун ахборот воситаларидан бехабар қолса, замондан анча орқада қолган бўлади.

Бинобарин, имом-хатибларимиз ҳар куни диний билимларини зиёда қилиш ҳаракатида бўлиш билан бирга дунёда рўй бераётган ҳар қандай воқеа ва ҳодисалардан хабардор бўлишлари масжид қавми билан мулоқат қилганда уларнинг барча диний саволларига асосли жавоб бераолишлари талаб этилади. Мана шундай масъулиятли ва шарафли ишларда барча имом-хатибларимизга Аллоҳ таолодан тавфиқу иноятни сўраб қоламан.

 

 

Шайх Абдулазиз МАНСУР

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top