muslim.uz

muslim.uz

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан: «Ҳазрати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида бир одам намоз ўқир эди. У одам намоздан сўнг дуо қилиб бундай деди: «Аллоҳумма инний асъалука би анна лакал-ҳамду ла илаҳа илла Антал Маннану бадиъус-самавати вал-арзи, йа зал-жалали вал-икром, йа Ҳайю йа Қой­йўм».

«Ё Аллоҳ, Сендан сўрайман. Зеро, ҳамд Сенгадир. Сендан Ўзга ҳеч бир илоҳ йўқдир. Сен Маннонсан: мўл-кўл берувчисан, осмонлару ерни бемисл яратган Сенсан. Эй жалол ва икром эгаси! Эй мавжудотга ҳаёт бергувчи, доимо тирик ва махлуқотларнинг эҳтиёжини расо этувчи Аллоҳ! Дуоимни қабул айла!»

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг дуосини эшитиб, бундай марҳамат қилдилар: «Аллоҳ таолога исми аъзами билан дуо қилди. Аллоҳ у исмининг ҳаққи-ҳурмати, истаса, дуони қабул қилади».

* * *

Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу)-дан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: «Зуннун (Юнус) (алайҳиссалом) балиқ қорнида бундай дуо қилган: “Лаа илаҳа илла анта, субҳанака, инний кунту миназ-золимийн”.

Маъноси: «Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим» (Анбиё сураси, 87-оят).

Ҳазрат Ойша (розияллоҳу анҳо)дан: «Бир куни Аллоҳ Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бундай дуо қилаётганларини эшитдим:

«Аллоҳумма инний асъалука бисмикат-тоҳирит-тоййибил-мубарокил-аҳабби илайкал-лазий иза дуъийта биҳи ажабта ва иза суилта биҳи аътойта ва изас-турҳимта биҳи роҳимта ва изас-туфрижта биҳи фаррожта».

Маъноси: «Ё Аллоҳ, сенга суюкли, пок, гўзал ва муборак исминг билан Сендан сўрайман. У исминг-ла дуо қилинса, қабул этасан. Унинг ҳурматидан Сендан бир нарса сўралса, берасан. Унинг ҳурматидан марҳамат исталса, марҳамат этасан. Унинг ҳурматидан Сендан қийинчиликлардан халос бўлиш сўралса, қутқарасан. Ғам-андуҳларни кетказасан» (Ибн Можа. «Дуо», 3859-ҳадис).

Асмо бинти Язид (розияллоҳу анҳо)дан: «Жаноб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: Исми Аъзам ушбу икки оятдадир: «Ва илаҳукум илаҳун ваҳид, лаа илаҳа илла ҳувар-роҳманир-роҳийм».

Маъноси: «Сизнинг илоҳингиз ягона илоҳдир. Ундан бошқа илоҳ йўқдир. У меҳрибон ва раҳмлидир» (Бақара сураси, 163-оят. Абу Довуд. «Солат», 1496-ҳадис).

Иккинчиси, Оли Имрон сурасининг илк оятларидир: «Алиф, Лам, Мим. Аллоҳу ла илаҳа илла ҳувал-ҳайюл-қоййум».

Маъноси: « Алиф, Лом, Мим. Аллоҳ  – Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) ҳамиша Барҳаёт ва абадий Турувчидир» (Абу Довуд. «Солат», 1496-ҳадис).

 

ЎМИ матбуот хизмати

Ҳазрат Абу Бакр

(розияллоҳу анҳу) дуоси

Ё Аллоҳ! Менга имон, сидқидиллик, соғлиқ, офият ва соғлом бир ният бер.

Ё Аллоҳ! Умримнинг охирини энг хайрлиси, амалимнинг ниҳоясининг хайр­лиси ва Сенинг жамолингни кўрадиган кунимни кунларимнинг энг хайрлиси қил!

Ҳазрат Умар

(розияллоҳу анҳу) дуоси

Ё Аллоҳ! Мени ногаҳон ўлимдан ё ғафлатда қолдиришинг ёки ғофиллардан қилишингдан асрашингни сўрайман.

Ё Аллоҳ! Мени яхшилар орасида ўлдир, ёмонлардан қилма, оташ азобидан асра ва яхшилар қаторига қўшгин.

Ҳазрат Али

(розияллоҳу анҳу) дуоси

Ё Аллоҳ! Бало ва мусибатлардан, омадсизликдан, душманлар билан тортишишдан, ҳибс этилишдан, кишанланишдан ва калтакланишдан мени асра.

Ё Аллоҳ! Менинг гуноҳларим Сенга зарар қилмайди. Сенинг менга марҳамат қилишинг Сенинг марҳаматингни камайтирмайди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд

(розияллоҳу анҳу) дуоси

Ё Аллоҳ! Сендан ўзгармас кучли имон, туганмас неъмат ва хулд жаннатининг энг юқори даражасида Пайғамбаринг билан бирга қилишингни сўрайман.

Эй Раббимиз! Келишолмаганларимизни яраштир, бизни Ислом йўлига ҳидоят айла, бизни зулматдан ёруғликка чиқар. Биздан ошкор ва яширин барча ёмонликларни кетказ. Кўзларимизга, қулоқларимизга, қалбларимизга, ишларимизга, аёлларимизга ва фарзандларимизга барака ато айла, гуноҳларимизни кечир. Шубҳасиз, Сен марҳаматли ва гуноҳларни кечиргувчисан. Бизни неъматингга шукр этувчи, ҳамд айтувчи қил ва неъматингни биздан аяма! («Ал-Канз», «Ал-Мунтаҳаб»дан.)

 

Абдураҳмон ибн Авф

(розияллоҳу анҳу) дуоси

Абу Ҳайёж Асадий (розияллоҳу анҳу)дан: «Бир куни Байтуллоҳни тавоф қилаётган бир одамнинг тинимсиз: «Ё Аллоҳ! Мени нафсимнинг очкўзлиги (тамагирлиги)дан асра!» дея дуо қилаётганини кўрдим. Унга яқинлашиб дедим:

Аллоҳдан шундан бошқа сўрайдиган нарсанг йўқми? Фақат бир дуони қайтаряпсан?

Агар нафсимнинг очкўзлигидан (тамагирлигидан) сақлансам, на ўғрилик, на зино ва на бирор гуноҳ қиламан, – деди.

Қарасам, у одам Абдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу) экан (Тафсири Ибн Касирдан).

 

Ҳазрат Билол

(розияллоҳу анҳу) дуоси

Ё Аллоҳ! Менинг ёмонликларим ва нуқсонларимни кечиргин.

 

Абу Дардо

(розияллоҳу анҳу) дуоси

Билол ибн Саъд (розияллоҳу анҳу)дан: Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) дер эди:

Ё Аллоҳ! Хаёл тарқоқлигидан асрашингни сўрайман.

“Хаёл тарқоқлиги нима?”,  дея сўрашди.

“Кишининг ҳар бир дарада бир мулки бўлишидир”, дея жавоб берди у.

Ё Аллоҳ! Олимларнинг қалблари менга лаънат ўқишидан паноҳ сўрайман, дея дуо қилган Абу Дардодан сўрашди:

“Олимларнинг қалбларининг лаънат ўқиши қандай бўлади?”

“Менга нисбатан нафрат этишларидир”, деди Абу Дардо.

 

Зайд ибн Собит

(розияллоҳу анҳу) дуоси

Ё Аллоҳ! Сендан бола-чақам ва қўл остимда менга қараб қолган қулларимни боқишга етгулик бойлик сўрайман. Ва бирор қариндошимнинг қариндошлик ҳақини адо этолмаганим учун мени баддуо қилишидан паноҳ тилайман.

 

Саъд ибн Убода

(розияллоҳу анҳу) дуоси

Ё Аллоҳ! Сенга ҳамд айтишни менга насиб эт.

 

Ибн Аббос

(розияллоҳу анҳу) дуоси

Ё Аллоҳ! Мени берган ризқингга қаноат этгувчилардан айла, менга берган ризқни баракотли қил ва орқада қолдирган ҳар нарсамни Ўзинг асра.

 

Анас

(розияллоҳу анҳу) дуоси

Ё Аллоҳ! Уни (мусулмон биродаримни) кечалари ибодат қилувчи ва кундузлари рўзадор кишилар дуосининг баракотидан маҳрум этма.

 

 

 

ЎМИ матбуот хизмати

 

ФОТОГРАФ: ШАҲЗОД ШОМАНСУРОВ

ЎМИ матбуот хизмати

Замзам ичилганда ўқиладиган дуо

Ўқилиши: Аллоҳумма инни асъалука ъилман нафиъан ва қолбан хошиъан ва нуран сатиъан ва ризқон васиъан ва шифаан мин кулли дайн. Аллоҳумма инни ашробуҳу литағфироли. Аллоҳумма фағфирли. Аллоҳумма инни ашробуҳу мусташфиян биҳи. Аллоҳумма фашфини.

Маъноси: Илоҳо, Сендан фойдали илм, тақволи қалб ва ёруғ нур ва кенг ризқ ва барча иллатлардан шифо тилайман. Илоҳо, бу Зам-зам сувини Сендан мағфират сўраб ва дардларимга шифо талабида ичмоқдаман, Ўзинг шифо бер.

 

Равзаи муборакда ўқиладиган дуо

Ассаламу ъалайка йа расулаллоҳи! Ассаламу ъалайка йа хийраталлоҳи мин холқиҳи! Ассаламу ъалайка йа ҳабибаллоҳи! Ассаламу ъалайка йа саййидал-мурсалина ва хотаман-набиййина! Ассаламу ъалайка ва ъала алика ва асҳабика ва аҳли байтика ва ъалан-набиййина ва саъирис-солиҳина!

 Маъноси: Эй Аллоҳнинг Расули, сизга салом бўлсин! Эй Аллоҳнинг Ўз яратганлари орасидан танлагани, сизга салом бўлсин! Эй Аллоҳнинг суюкли бандаси, сизга салом бўлсин! Эй пайғамбарларнинг саййиди ва сўнг­гиси, сизга салом бўлсин! Сизга, оилангизга, уй аҳлингизга, бошқа пайғамбарларга ва солиҳларга саломлар бўлсин!

 

ЎМИ матбуот хизмати

 

ЎМИ матбуот хизмати

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top