muslim.uz

muslim.uz

 

ЎМИ матбуот хизмати

МАСЖИД ОДОБЛАРИ

 

Масжидга бормоқчи бўлган киши, аввало мукаммал таҳорат олиб, покиза либосларни кийиб, иложи бўлса, ёқимли хушбўйликлардан суриб бориши талаб қилинади. У ерга борганида нохуш ҳиди билан мусулмонларга озор беришдан сақланиши лозим. Мисол учун, хом пиёз, саримсоқ пиёз каби нарсаларни истеъмол қилиб, масжидга бориш макруҳдир. Чунки одамларга озор берадиган нохуш ҳидлар фаришталарга ҳам озор бериши ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) огоҳ этганлар. Ювилмаган, ҳидланиб қолган кийимларда бориш масжид одобига хилоф ҳамда мусулмонларга нисбатан ҳурматсизликдир. Аллоҳ таоло: «Эй одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз!..» (Аъроф, 31), деб огоҳлантирди. Демак, масжидга покланиб, озода либосларни кийиб бориш Раббимизнинг талабидир.

Масжид томон тасбеҳ, зикрларни айтиб борса, катта ажрга эга бўлади. Масжидга кираётганда: “Парвардигорим, гуноҳларимни кечир ва менга раҳмат эшикларингни очгин”, деб дуо қилиб, ўнг оёқда кириш ва чап оёқда чиқиш суннатдир (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Масжидга кирганда нафл намоз макруҳ бўлмаган вақт бўлса, икки ракат таҳийятул масжид намозини ўқиш суннатдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлардан бирор киши масжидга кирса, ўтирмасдан олдин икки ракат намоз ўқисин”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Масжидларда дунёвий сўзларни сўзлаш, жанжаллашиш, баҳслашиш, баланд овозда гаплашиб, беҳуда сўзлар билан одамларга озор бериш, фитна-фасод, иғво қилиш қатъиян ман этилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Замон охирлашганда умматларимдан бир қанчалари масжидларга йиғилиб, дунё сўзлари билан машғул бўлишади. Зинҳор улар билан ўтирманг. Чунки уларнинг Аллоҳга ҳожатлари йўқдир”, деб огоҳлантирганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Шунингдек, қуйидаги одобларга риоя қилиш лозим: Масжидда олди-сотди қилмаслик; йўқолган нарсани эълон қилмаслик; одамларнинг устидан хатлаб ўтмаслик; масжидда жой талашмаслик; сафда бирон кишини қаттиқ сиқиб қўймаслик; намоз ўқиётган кишининг олдидан ўтмаслик; масжидга туфламаслик; бармоқларни қисирлатмаслик.

 

ЎМИ матбуот хизмати

Ислом динида бешта фарз бор:

Имон

Намоз

Рўза

Закот

Ҳаж.

Имонда еттита фарз бор:

Аллоҳга;

Аллоҳнинг фаришталарига;

Аллоҳнинг китобларига;

Аллоҳнинг пайғамбарларига;

Охират кунига;

Тақдирга, яъни яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканига;

Ўлимдан кейин қайта тирилмоққа ишониш.

Таҳоратда тўртта фарз бор:

Юзни пешонадан, сочлар чиққан жойдан, ияк остигача ва икки қулоқ орасидаги қисмини ювиш.

Қўлларни тирсаклари билан бирга қўшиб ювиш.

Бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш.

Оёқларни тўпиқлари билан қўшиб ювиш.

Ғуслда учта фарз бор:

Оғизни ғарғара қилиб чайиш.

Бурунни ачиштириб чайиш.

Баданнинг ҳамма жойини ювиш.

Таяммумда тўртта фарз бор:

Ният

Пок тупроққа таяммум қилиш

Икки қўлни пок тупроққа уриб, юзга суриш

Қўлларни яна тупроққа уриб, қўлларга тирсак билан қўшиб суриш.

Намозда ўн иккита фарз бор:

Олтитаси намоз ташқарисида, олтитаси намоз ичида.

Намоз ташқарисидагилар «шарт», ичидагилар «рукн» дейилади.

Намознинг олти шарти:

Таҳорат бузилган бўлса, таҳорат қилиш, жунуб бўлган бўлса, ғусл қилиши.

Бадан, кийим ва намоз ўқиладиган жой нажосатдан тоза бўлиши.

Аврат ёпиқ бўлиши.

Қиблага қараб туриш.

Ўз вақтида ўқиш.

Ўқийдиган намозига ният қилиш.

Намознинг олти рукни:

Ифтитоҳ такбири

Қиём

Қироат

Руку

Сажда

Қаъда (сўнгги ўтириш).

Қолган фарзлар

Илм олиш.

Амри маъруф ва наҳий мункар.

Ҳайз ва нифос илмини билиш.

Ризқни ҳалол йўл билан топиш.

Шариатда ҳалол дейилган нарсаларни ейиш ва ҳаром дейилган нарсалардан ўзини тийиш.

 

Муҳим вазифалар

 

Аллоҳ таолони зикр этиш

Ҳалолдан еб-ичиш

Таҳорат олиш, ғусл қилиш

Беш вақт намоз ўқиш

Ризқни Аллоҳдан деб билиш

Тоза кийим кийиш

Аллоҳга таваккул қилиш

Қаноаткор бўлиш

Аллоҳга шукр қилиш

Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлиш

Балоларга, мусибатларга сабр этиш

Гуноҳларга тавба қилиш

Ихлос билан ибодат этиш

Шайтонни душман билиш

Ҳар бир ишда Қуръони каримни ҳужжат, дастур деб билиш

Ўлим муқаррарлигига ишониб, унга тайёр бўлиш

Яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш

Аллоҳ севганини севиш, севмаганидан қочиш. Ҳар бир ишни Аллоҳ учун қилиш

Ота-онага яхши муносабатда бўлиш ва уларга итоат этиш

Қариндошларни зиёрат қилиш

Омонатга хиёнат этмаслик

Аллоҳнинг азобидан қўрқиш

Аллоҳга, Пайғамбарга итоат қилиш

Гуноҳлардан қочиш, ибодат билан машғул бўлиш

Ўйлаб, тадбир билан иш кўриш

Коинотга ибрат назари билан боқиш

Тилни ёмон сўзлардан сақлаш

Қалбни поклаш, беҳуда сўзларни гапирмаслик, фойдасиз ишларни қилмаслик

Ҳеч кимга ёмонлик қилмаслик

Ҳеч кимни масхара этмаслик, миннат қилмаслик

Ҳаромга қарамаслик

Сўзига содиқ бўлиш, тўғриликдан айрилмаслик

Сеҳр-жоду қилмаслик

Ёмон сўзларни эшитмаслик

Илм таҳсил этиш

Тўғри ўлчаш ва тўғри тортиш

Фақирга садақа бериш, муҳтожга ёрдам бериш

Аллоҳнинг раҳматидан умид узмаслик.

Нафсга (ёмон орзуларга) тобе бўлмаслик.

Аллоҳ учун ейиш, едириш

Кифоя қиладиган даражада ризқ талаб этиш

Молининг закотини бериш

Ҳайз ва нифос ҳолатида хотинига яқинлашмаслик

Қалбини маъсият ва ёмонликлардан тозалаш

Кибр қилмаслик

Етимнинг молини сақлаш

Беш вақт намозни вақтида ўқиш

Зулм ва ҳақсизлик билан халқнинг молини емаслик

Аллоҳга ширк келтирмаслик

Ароқ ичмаслик, қимор ўйнамаслик, пора олмаслик, пора бермаслик

Зинодан қочиш

Бекорчи ишлар учун қасам ичмаслик.

 

ЎМИ матбуот хизмати

ҚАЗО НАМОЗЛАРИ

 

Мўмин-мусулмонлар намозларини доимо вақтида ўқиши лозим. Лекин бирор сабаб билан, масалан, ухлаб қолиб вақтини ўтказиб юборган намознинг қазосини ўқиши керак. Фарз ва витр намозлар вақтида ўқилмаса, уларнинг қазосини ўқиш лозим.

Намозни вақтида ўқимаслик катта гуноҳдир. Шунинг учун қазо намози ўқилгач, Аллоҳ таолодан мағфират тилаш ва ҳар намозни ўз вақтида, қазо қилмай ўқишни насиб этишини сўраб дуо қилиш керак.

Намозларни иложи борича ўз вақ­тида адо этишга ғайрат қилиш керак. Инсоннинг ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно. Ана шу ҳолатлар сабаб намоз қазо бўлиб қолса, уларни адо этиш учун маълум бир вақт белгиланмаган. Аммо куннинг уч вақтида – кун чиқаётган, қуёш тиккага келган ва кун ботаётган вақтларда қазо намозларни ўқиб бўлмайди. Бу уч вақтдан бошқа исталган пайтда қазо намозларни ўқиш жоиз (“Баҳрур роиқ”).

Қазо намозлар бир кунлик, яъни беш вақт намоз бўлса, вақт намози ва улар ўртасида тартибга риоя қилинади. Агар, қазо намозлар олти вақтдан кўпайиб кетса, тартибга риоя қилиш шарт эмас.

 Кўп йил ўқилмаган намозларнинг қазосини ўташда тартиб шарт бўлмаса-да, тартибга риоя қилиш (яъни, олдин бомдод, кейин пешин сўнг асрни ўқиш) мустаҳабдир (“Фатовойи Ҳиндийя”).

Кўп намозлари қазо бўлган киши уларнинг ҳаммасини бир жойда, кетма-кет адо этмоқчи бўлса, битта азон айтиб, ҳар бирини бошлашдан олдин қомат айтиши мумкин, хоҳласа ҳам азон, ҳам қомат айтади (“Ҳидоя”). Аммо қазоларини алоҳида-алоҳида вақтлар ва жойларда адо этса, ҳар бир қазо намоз учун азон ва қомат айтиши шартдир (“Баҳрур роиқ”).

Сафарда ўқилмай қолган намоз ҳазарда (ватанда) ҳам қаср қилиб ўқилади. Ҳазарда ўқилмаган намознинг қазоси сафарда тўлиқ ўқилади.

Кўп йиллик намозларнинг қазосини ўқимоқчи бўлган одам намознинг ҳар бир ракатида Фотиҳа билан бирга замсура ўқийди (“Заҳирия”). Бунга сабаб агар Аллоҳ таоло ўша қазо намозларини бандадан кечиб юборган бўлса, ўтаган намозлари нафл бўлади. Нафл намозларнинг ҳар бир ракатига Фотиҳа ва замсура ўқиши шарт.

 

САЖДАИ САҲВ

 

Намознинг фарз ё вожиб амалларидан бири вақтидан кечиктирилса ёки вожиб амали унутилиб, адо этилмаса, масалан, киши тўрт ракатли намозларда биринчи икки ракатдан сўнг қаъдада ўтирилса ё унда ташаҳҳуддан кейин салавотни ўқиб қўйса, қаъдаи охирада (охирги ўтиришда) «Ташаҳҳуд» ўқиб, намозни ёлғиз ўқиётган бўлса икки томонга, жамоатда бўлса ўнг томонга салом беради ва «Аллоҳу акбар», деб икки марта сажда қилади. Бу икки сажда «саждаи саҳв»  дейилади ва яна чўкка ўтириб ташаҳҳуд, салавот, дуо ўқиб, ўнг ва чап томонга салом бериб намозни тугаллайди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) дуо ибодат эканини айтганлар. Шунинг учун намоз тугагач, дуо қилиш лозим: «Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах азобидан сақлагин».

 

ЎМИ матбуот хизмати

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top