www.muslimuz

www.muslimuz

vendredi, 06 août 2021 00:00

Қалб лаззати нимада?

Мўмин-мусулмон киши имкон қадар ҳаётининг ҳар лаҳзасини эзгу ва савобли амаллар, хайрли ишлар билан ўтказишга ҳаракат қилмоғи керак. Чунки умр қисқа бўлиб, уни қачон тугаши ва ажал қачон келишини ҳеч ким билмайди.

Солиҳ амал – барча турдаги яхши ишларни қилиш, одамларга фойда келтириш, уларга хайру эҳсон қилиш, Аллоҳ таоло ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом буюрган амалларни пухта ва тўла-тўкис бажариш каби амаллардир. Бундай амллар қалбга роҳат киритади.

Шундай экан, бу ғанимат умрни қадрига етиб, қўлимиздан келгунича ўзгаларнинг ҳожатини чиқариб, ёрдам бериб, ҳаётлик пайтимизда кўплаб хайрли ва савобли амалларни қилиб, охиратимизга захира қилишимиз мақсадга мувофиқдир.

Қашқадарё вилоятига сафар асносида Тошкент шаҳар “Омина” масжиди имом-хатиби Юсуфхон домла Муҳиддинов Косон туманидаги “Оллаёр Эшон” жоме масжидига ташриф буюриб, масжид жамоаси билан пешин намозини адо этгач, ана шундай мавзуларда дилдан суҳбат қилдилар. Уламодан намозхонлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Қашқадарё вилояти сафари давомида Юнусобод тумани бош имом-хатиби Саййид Раҳматуллоҳ домла Термизий Китоб туманидаги “Хўжа Бухорий” масжидига пешин намозида ташриф буюрдилар.

Намоздан сўнг мўмин-мусулмонларга гўзал мавъиза қилиб бердилар. Йиғилганлар билан динимизга оид савол-жавоблар бўлиб ўтди. Унда тўғри жавоб берганларга ҳадялар берилди.

Маърифий суҳбат асносида мухлислар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар. Якунда мустақил юртимиз янада равнақ топиши, эл-юрт тинчлиги ва мамлакат ободлиги, ҳаётимиз янада фаровон бўлишини тилаб дуои хайрлар қилдилар.

Шунингдек, Раҳматуллоҳ домла Шаҳрисабз шаҳридаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд ва бемор оилалар ҳолидан хабар олиб, моддий ёрдам ва ҳадялар топшириб, кўнгилларини кўтардилар.
Шу билан уламомизнинг Қашқадарё вилоятидаги сафарлари ниҳоясига етди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

CАВОЛ: Савдода нақд пулга сотаётган маҳсулотни агар насияга қимматроқ сотса рибога кирадими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Йўқ, бу рибога кирмайди. Нақдга 100, насияга 120 дейилса, кейин сотувчи ва харидор икки нархдан бирига келишсалар, савдо дуруст. Лекин мана шундай иккита нарх айтилганда, бўлди олдим, деб икки нархдан бирига келишмай ажралсалар, савдо дуруст эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

vendredi, 06 août 2021 00:00

Бошқа миллатга тақлид

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир қавмга тақлид қилса, у ўшалардандир», дедилар.

Шарҳ: Ўз қавми, ўз дини ва урф-одати туриб, бошқаларнинг турмуш тарзини, кийиниш ва ҳаётдаги бошқа нарсаларини устун қўйиб, жон-жаҳди билан уларга ўхшашга ҳаракат қилиш одамга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Ўша одам «ҳар кимга ниятига яраша» қоидасига биноан ўзи тақлид қилган қавмдан бўлади. Кофирларга ўхшашни орзу қилиб уринган бўлса, кофирлардан бўлади. Фожирларга ўхшашга ҳаракат қилган бўлса, фожир бўлади ва ҳоказо...

Ислом уммати Аллоҳ таоло юборган таълимотларнинг энг мукаммалига, ҳар бир замон ва ҳар бир маконга муносиб таълимотга раво кўрилган умматдир. Аллоҳ таоло бу умматни бошқа барча умматлар устидан шоҳид қилиб қўйгандир. Аллоҳ таоло бу умматга ҳар бир нарсада ўзига хосликни бериб қўйгандир. Шунинг учун ҳам бу умматга ўзидан бошқаларга ўхшашга ҳаракат қилиш, ўзига Аллоҳ таоло осмондан тушириб берган нарсани қўйиб, бошқа миллатлар ердан чиқарган нарсаларга ҳавас қилиш мутлақо тўғри келмайди.

Кўриб турибмизки, бунда фақат кийим ҳақида эмас, балки умуман ташқи қиёфани қандай тутиш кераклиги ҳақида ҳам сўз кетмоқда. Соқол-мўйлабни қандай қўйишдан тортиб ҳаром тукларни қиришгача, улама сочдан тортиб, тирноқни олишгача сўз юритилмоқда. Демак, ташқи қиёфа маданиятида ҳам ҳар ким ўзлигини унутмаслиги керак. Эркак киши эркаклигини, аёл киши аёллигини. Мусулмон мусулмонлигини.

Эркаклар аёлларни бошқалардан ажратиб турадиган, уларнинг аёллигини билдирувчи белги, аломат бўлган кийимларни киймаслиги, аёлларга хос бўлган ташқи қиёфа маданиятини ўзига раво кўрмаслиги керак.

Худди шунингдек, мусулмонлар бошқа миллатларга хос бўлган, уларни мусулмонлардан ажратиб турадиган нарсаларда уларга тақлид қилмасликлари лозим.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)

Саудия Арабистони пойтахти Ар Риёддан Ўзбекистон пойтахти Тошкентга янги авиарейс йўлга қўйилди. Бу ҳақда кun.uz сайти хабар берди. 5 август куни илк рейс кутиб олинди.

Маълум бўлишича, Ар Риёд – Тошкент – Ар Риёд йўналишидаги бу рейсни йўлга қўйиш бўйича музокаралар узоқ давом этган. Мунтазам қатновлар бўйича Саудиянинг «Flynas» авиакомпанияси билан келишувга эришилган.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Саудиядан келган рейс тантанали кутиб олинди. Маълумот учун, «Flynas» Саудия Арабистонидаги йирик лоукостер ҳисобланади. Бу қўшимча рейс йўналишга бўлган юқори талабни қондириши ҳамда зиёрат туризми салоҳиятини оширишга хизмат қилиши режалаштирилган.

Ўзбекистонда транспорт логистикасини ривожлантириш, ташқи ва ички қатновларни кенгайтириш ҳамда транспорт хизматлари сифатини ошириш орқали мамлакатимизга ташриф буюрувчи хорижий сайёҳлар сонини янада ошириш мақсадида жорий йил бошида Туризм ва спорт вазирлиги томонидан Саудия Арабистони Қироллигининг «Flynas» авиакомпанияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказилиб, «Ар-Риёд–Тошкент–Ар-Риёд» авиарейсларини йўлга қўйиш бўйича келишувлар амалга оширилган, деб хабар берди uza.uz.

A320NEO самолёти Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортга қўнди. Ҳаммаси бўлиб, бортда 18 йўловчи бўлган, улар орасида RUH ва Flynas Management вакиллари бор. «Flynas» компаниясининг биринчи рейсини Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Транспорт вазирлиги ходимлари ва ОАВ вакиллари кутиб олишди.

«Flynas» парвозлари мунтазамлигини ҳисобга олиб, сайёҳлар оқимини кўпайтирилади, Ўзбекистоннинг йирик туристик компания ва агентликлари вакилларини Саудия Арабистонига юборилади.

Бундан ташқари, у ерда Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилади.

Мазкур рейс, икки давлат ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга ҳамда мамлакатимизга Саудия Арабистони Қироллигидан ташриф буюрувчи туристларнинг сонини ошишига ўз ҳиссасини қўшади.

Маълумот учун: «Flynas» (илгари «Nas Air») 2007 йилда ташкил топган. Flynas World Travel Awards томонидан кетма-кет беш йил ва Skytrax томонидан кетма-кет уч йил давомида Яқин Шарқнинг арзон нархлардаги етакчи авиакомпанияси деб топилган. Ушбу компания энг йирик бюджет авиакомпаниялардан бири ҳисобланади. 17 та маҳаллий ва 53 та халқаро йўналишлар бўйича мунтазам рейсларни амалга оширади ҳамда 27 та самолётлар паркига эга.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top