МАҚОЛА

Кейинги вақтларда интернет, хусусан, ижтимоий тармоқларда Ҳизбут-таҳрир оқимининг троллари ва ташқаридаги ўзбек тилини биладиган “нотиқ”лари томонидан диёримиз мусулмонларини фитналантириш, сўзамолларнинг ўзлари хорижда туриб олиб, ўзини гўё исломнинг ҳимоячилари қилиб кўрсатишга уринаётган, аслида эса уларнинг муқаддас динимиз таълимотларига зид бўлган айрим жиҳатларини очиб беришга ҳаракат қиламиз.

Ҳизбут-таҳрир оқими охирги асрда Ислом душманлари томондан мусулмон жамиятларини парчалаб ташлаш учун қурилган диний-сиёсий оқимдир. Раҳнамолари асосан ғарб мамлакатларидан паноҳ топувчи бу тоифанинг муассиси Тақиюддин Набҳоний (1909-1977) бўлиб, ушбу оқим аъзоларининг эътиқодлари бир-биридан ажабтовур даражада фарқ қилади. Мазҳабсизликка қаттиқ берилишган.

Асосий мақсадлари – Ислом халифалигини қайта тиклашга уриниш ва шу ҳаракатда бирлашишга тарғиб қилишдир. Бу уларнинг энг зарур ақидавий ва амалий машғулотлари бўлиб, гўё улар учун халифалик тузиш намоз, рўза, закот ва ҳаж каби ислом арконларидан ҳам муҳимроқдек тус олган.

Халифаликни зое қилган сабабларни ўрганиб, унинг муолажаси ва ўз нафсларининг ислоҳоти билан шуғулланиш ўрнига, давлат тўнтариши, султонга қарши чиқиш, мавжуд тузум раҳбариятига бўйсунмаслик, халқни давлатга қарши гиж-гижлаш каби ишларга зўр беришади.

Ҳизб учун сиёсатдан бошқа соҳалар ҳатто диний бўлса ҳам, доим иккинчи даражали бўлиб келган. Хатиб ва даъватчилари ҳам халққа аксар ҳолда сиёсатдан нутқ қилишади. Халқда норозилик кайфиятини пайдо қилиш, исёнкорлик руҳиятини сингдириш каби фитнали мавзуларга кўпроқ урғу беришади. Улар шу йўл билан ўзларининг фиқҳ, ақида, тафсир, ҳадис каби Исломда асосий ўрин тутган фанларда нўноқ эканликларини яшириб келишади.

Ҳизбчиларнинг ўзаро ақидавий бирлик ва чуқур диний илмдан мосуволиклари уларни дунё ҳукмронлигини кўзлаган ташқи кучлар қўлида ўйинчоқ бўлишларига сабаб бўлиб келади. Фаолият кўрсатган минтақаларида асосан, кучлар мувозанати ва дунё сиёсатидан бехабар қизиққон ёшларни сафларига жалб қилишга муваффақ бўлишган. Уларнинг сиёсат илмида ҳам нўноқ бўлишлари кўпдан кўп фитналарни уйғотишларига сабаб бўлди. Шундоқ ҳам қўл остидаги мусулмонларни йўқотиш ҳақида бош қотириб, қулай фурсат кутиб турган ғараз ниятли кучларга ҳизбут-таҳрирчилар ўша фурсатни икки қўллаб тақдим қилишди. Натижада Ислом дини ва мусулмон жамиятларига фақат зиён ва надомат келтирдилар холос.

Тоифани чуқурроқ ўрганган киши уларнинг ақида ва амалиётларидаги айрим мантиқсизликларни кўриб ҳайратга тушиши табиий. Масалан, Ҳизб раҳнамоси Набаҳонийнинг савол-жавоблар жамланмасида “Ислом давлатида кофир шахснинг ҳарбий қўмондон бўлиши мумкин, шунингдек, исломий парламентга кофир шахснинг аъзо бўлиши ҳам мумкин” дейилган. (Робиъус-соний 1390 ҳж). Албатта, гуруҳларини тан олмаган ва фаолиятларини чеклаб қўйган ҳар қандай мусулмон раҳбариятни ҳеч иккиланмасдан кофирга ҳукм қилувчи ҳизбийларнинг бу қарори ақлларни лол қолдирувчи мантиқсизликдан бошқа нарса эмас.

Юнусхон МАМАРАСУЛОВ,
Марғилон шаҳар «Саиджалолхон тўра» масжиди имом-хатиби

Read 4011 times

Мақолалар

Top