МАҚОЛА

Тараққиётга таҳдид

Инсоният тамаддуни тараққий этишида бир неча омиллар сабаб бўлади. Булар ичида тинчлик ва барқарорлик асосий ўрин эгаллайди. Бугун инсоният тақдири ва тараққиётига таҳдид солаётган экстремизм,  терроризм барча давлатлар бир ёқадан бош чиқариб курашиши зарур бўлган иллатга айланди. Бузғунчи ғояларнинг ҳар қандай кўриниши кишилик жамияти бошига оғир кулфатлар солиб келган. Бундай қора кучлар тажовузидан ҳар йили 100 мингдан ортиқ бегуноҳ кишилар қурбон бўлмоқда, ўрнини тўлдириб бўлмас мудҳиш оқибатларга олиб келмоқда.

Муқаддас динимиз таълимотларида “ғулув”, “туғён”, “ҳаддан ошиш”лар мутлақо қораланган ва мусулмон кишилар бундай амаллардан қайтарилган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Бас, (эй, Муҳаммад) буюрилганингиздек тўғри бўлинг! Сиз билан бирга тавба қилганлар ҳам (тўғри) бўлсинлар! Ҳаддан ошиб кетмангиз, (эй, мўминлар!) У қилаётган ишларингизни, албатта, кўриб турувчидир” (Ҳуд сураси, 112-ояти).

Динимизда ғулувга кетишнинг бир қанча ёмон оқибатлари бор. Аввало, бу инсоннинг ақидаси бузилишига сабаб  бўлади. Тарихда динда ғулувга кетиш оқибатида рофизийлар, хорижийлар, мўътазила сингари тоифалар юзага келди.

Рофизийлар Пайғамбар алайҳиссалломдан сўнг халифаликка муносиб, деб фақат Али розияллоҳу анҳудан ва унинг авлодларидан бошқани тан олмади. Кейин улар яна бир қанча тоифаларга бўлинди. Рафовиз сўзи инкор қилувчи, рад этувчилар деган маънони англатади. Рофизийлар ғулув сабабли аҳли сунна вал жамоадан чиққанлар.

Хаворижлар эса ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни кофирга чиқардилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Менинг борамда икки хил тоифа ҳалокатга учради: бири ҳаддан ташқари муҳаббат қўйиб, иккинчиси ҳаддан ташқари буғзу адоват қилиб”.

Мўътазила тоифаси Аллоҳ таолонинг зотида ғулувга кетиб, сифатларини инкор қилдилар. Хавориж ва мўътазилалар амру маъруф ва наҳий мункарда ҳаддан ошиб, мусулмонларнинг имомга қарши чиқишига йўл очдилар. Улар раҳбарга қарши чиқишга тарғиб қилдилар. Пайғамбар алайҳиссалом бундай дейдилар: “Ким амирининг бирор ишини ёқтирмаса, унга сабр қилсин. Чунки бирор киши бошлиғининг итоатидан бир қарич чиқса ва шу ҳолида ўлса, жоҳилият ўлимида ўлибди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Бугун ёшларимизни имон-эътиқодини мустаҳкам, иродаси бақувват, ўз мустақил фикрига эга қилиб тарбиялаш асосий вазифамиз бўлиши керак. Уларнинг тафаккурига динимизнинг соф таълимотлари, асрлар оша сайқалланиб келаётган муқаддас қадриятларимиз, ўзлигини унутмаслик каби фазилатларни сингдириб боришимиз зарур.

Муҳаммадяҳё ЭМИНОВ

Тошлоқ тумани бош имом-хатиби

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 23-сонидан

Read 2729 times

Мақолалар

Top