МАҚОЛА

“ТАКФИР”га қўшилмаймиз ва унга қаршимиз!

“Такфир” – бу муайян шахсларни кофирга чиқариш, мусулмонни кофир деб эълон қилишдир. Шариатга биноан ҳақиқий ислом олимлари одамларни кофирга чиқаришдан жуда-жуда эҳтиёт бўлиб келганлар. Айниқса, ҳанафий фақиҳлари мўъмин-мусулмон бўлиб туғилган, мўъмин-мусулмон бўлиб танилган бир одамнинг бирор гапида ёки қилган ишида тўқсон тўққизта далил кофирлигига далолат қилиб турса, лекин битта далил унинг мусулмонлигини билдирса, ана ўша битта далилга суяниб, уни мўъмин-мусулмон деб ҳукм қилинади, деганлар. Унга асло кофир деб фатво берилмайди, унга мўъмин-мусулмонларга қилган муомала қилинаверади. Буни яхши англаш лозим!

Бирор мўъминнинг куфрига тўқсон тўққиз маълумот далолат қилса-ю, битта далил унинг мусулмонлигини билдириб турса, ана шу битта далилни олиш лозим, деган қараш Мавлоно Али ал-қори (р.ҳ.) томонидан ҳам айтилган. Уни биз мазкур таниқли ҳанафий олимининг бир эмас, бир нечта асарлари орқали билиб оламиз: Али ал-қори (р.ҳ.) “ал-Фиқҳ ал-акбар”га ёзган машҳур шарҳида қуйидагиларни келтирган:

و قد ذكروا انّ المسئلة المتعلقة بالكفر اذا كان لها تسع و تسعون احتمالا للكفر و احتمال واحد فى نفيه فالأولى للمفتى و القاضى ان يعمل بالاحتمال النافى لان الخطاء فى ابقاء الف كافر أهون من الخطاء فى افناء مسلم واحد و فى المسئلة المذكورة تصريح بأنه يقبل من صاحبها التأويل خلافا لما ذكره بعضهم على خلاف هذا القيل هذا كله اذا صدر عنه تعمدا 

“Дарҳақиқат, олимлар зикр қилганларки, куфрга тааллуқли бўлган масалада қачонки куфрнинг тўқсон тўққиз эҳтимоли бўлса-ю, битта эҳтимол унинг тескариси бўладиган бўлса, муфтий ва қозиларга авлоси шуки, куфрга қарши эҳтимолга амал қилгайлар! Чунки, мингта кофирни қолдиришдаги хато битта мусулмонни чиқаришдаги хатодан кўра осонроқдир. Мазкур масалада равшани шуки, уни айтган кимсадан таъвилни (таъбирни) қабул қилиш керак бўлади. Бу айтилганга қарши чиққанлар бунга мухолифдирлар. Мана шунинг ҳаммаси ундан қасддан содир бўлгандадир” (Али ал-қори. Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар. – Миср: Тақаддум, 1905. – Б. 146)

Али ал-қори (р.ҳ.) “Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар”даги мазкур гапини “аш-Шифо”га ёзган шарҳида ҳам қуйидагича давом қилдирган:

و قد قال علماؤنا اذا وجد تسعة و تسعون وجها تشير الى تكفير مسلم و وجه واحد الى ابقائه على اسلامه فينبغى للمفتى و القاضى ان يعملا بذلك الوجه و هو مستفاد من قوله عليه السلام ادرؤا الحدود عن المسلمين ما استطعتم فان وجدتم للمسلم مخرجا فخلوا سبيله فان الامام لان يخطئ فى العفو خير له من ان يخطئ فى العقوبة رواه الترمذى و غيره و الحاكم و صححه

“Муҳаққақ, уламоларимиз айтишганки, агар бирор мусулмоннинг кофир дейилишига ишора қиладиган тўқсон тўққиз далил топилса ва уни мусулмонликда қолдириш борасида эса битта далил топилса, муфтий ва қозига ушбу битта далилга амал қилмоқлари керак бўлади. У Пайғамбар алайҳиссаломнинг: “Қодир бўлгунча мусулмонлардан жазоларни тарк қилинглар!” деган гапларидан олинган. Уни Имом Термизий, Ҳоким ва бошқалар саҳиҳ деб туриб ривоят қилганлар. Бас, бир мусулмонда куфрдан чиқиш йўлини топсангиз, унинг йўлини бўш қўйинг. Зотан, имомнинг афвда хато қилгани азоб-уқубат беришда хато қилганидан яхшироқдир!” (Али ал-қори. Шарҳ аш-Шифо. 2-жилд. – Истанбул: Усмония, 1901. – Б. 502).Али ал-қори (р.ҳ.) “Мишкот ал-масобеҳ”га битган шарҳи “Мирқот ал-мафотиҳ”да ҳам ушбу фикрини қувватлаган:

فان عبارة آحاد الناس اذا احتملت تسعة و تسعين وجها من الحمل على الكفر و وجها واحدا على خلافه لا يحل ان يحكم بارتداده

“Бас, албатта одамлардан иборат бирортаси қачон тўқсон тўққиз далил куфрига, битта далил эса унинг хилофига далолат қилиб турса, унинг диндан чиққанлигига ҳукм қилиш ҳалол бўлмайди” (Али ал-қори. Мирқот ал-мафотиҳ. – Байрут: Дор ал-фикр, 1994. – Б. 714).

Мазкур бўлган иборалардан маълум бўлаяптики, мусулмонлигига битта эҳтимол бўладиган бўлса, ўша одамни кофирга чиқариб бўлмайди. Гарчи унинг кофирлигига тўқсон тўққиз далил топилиб турган бўлса ҳам. Али ал-қори (р.ҳ.)нинг гапларидан яна шуни англаш мумкинки, ўша мусулмон куфр гапни қасддан гапирган бўлса ҳам ҳукм шудир. Бу муҳим гап! Демак, агар билмасдан гапириб қўйса, ёки “мен мусулмонман, ўша гапимни бошқа маънода гапирганман”, деб турса, ёки “Э, мен буни билмабман, ана шу сиз айтган маънода гапирган эдим, имондан чиқиш ниятим йўқ эди”, деса, унда мутлақо уни кофирга чиқариб бўлмайди! Али ал-қори (р.ҳ.) ва ҳанафийларнинг бу қарашлари Қуръон ва Суннатда келган кучли далилларга асосланганига шубҳа йўқ. Қуръони карим ва суннати набавияда “такфир”дан, яъни, мўъмин-мусулмонларни кофирга чиқаришдан қайтарилган:

Имом Табароний (раҳимаҳуллоҳ) бир қанча саҳобалардан қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: “Биз диний бир масала устида тортишаётувдик, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чиқиб келдилар. Бизга кўпгина нарсаларни айтдилар ва гап орасида: “Ислом ғариб бўлиб бошланган ва яқинда ғариблигига қайтади”, дедилар. Шунда биз: “Ғариблар ким, эй Расулуллоҳ!”, дедик. Ул зоти шариф бундай марҳамат қилдилар:

الذين يصلحون اذا فسد الناس و لم يمارون فى دين الله و لا يكفرون احدا من اهل التوحيد بذنب

“Ғариблар шундай кишиларки, одамлар бузилган вақтда ислоҳ қилиб тузатадилар, Аллоҳнинг динида талашиб-тортишмайдилар, тавҳид аҳлидан бирорта кимсани бирор гуноҳ сабабли кофирга чиқармайдилар” (Табароний, 8/7659).

Яна бир жойда Расули акрам, Набийи муаззам, Ҳабиби муҳтарам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деб амр қилганлар:

لا تكفروا احدا من اهل القبلة بذنب و ان عملوا بالكبائر

“Қибла аҳлидан бўлган бирор кимсани кофирга чиқарманглар, агарчи улар гуноҳи кабира қилсалар ҳам” (Табароний, “ал-Мўъжам ал-авсат”, 3/2844; Дорақутний, 2/1780)

Юқорида келтирилган ҳадиси шарифлар Имом ат-Табароний (р.ҳ.) томонидан ривоят қилинган бўлиб, гарчи иснодларида заифлик бўлса-да, бироқ, бутун уммати ислом уларга амал қилишга ҳаракат қилганлар. Жумладан, саҳобаи киромлар ҳам қибла аҳлини асло кофирга чиқармаганлар. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) саҳобаларга қарши курашган, уларни ўлдирган, исломдаги илк фирқа ва оқимларни саҳобаларнинг ўзлари, ва ҳатто Ҳазрати Али (р.а.) кофирга чиқармасдан, мўъмин деб атаганлигини бирма-бир, номма-ном келтирганлар (Қаранг: Имоми Аъзам. Асарлар. Рисола Усмон ал-Баттий (арабча матн). – Т.: Movarounnahr, 2003. – Б. 87-88).
Зотан, Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 94-оятида қуйидагича буюрган:

يا أيّها الذين آمنوا اذا ضربتم فى سبيل الله فتبيّنوا و لا تقولوا لمن القى اليكم السلام لست مؤمنا تبتغون عرض الحياة الدنيا فعند الله مغانم كثيرة كذلك كنتم من قبل فمنّ الله عليكم فتبيّنوا انّ الله كان بما تعملون خبيرا 

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳнинг йўлида сафарга чиққанингизда аниқлаб олинглар ва сизга салом берган кимсага, “Мўъмин эмассан”, деманглар. Бу дунё ҳаётининг матоҳини кўзлайсизлар, Аллоҳнинг ҳузурида эса кўплаб ўлжалар бор. Сизлар ҳам олдин шундай эдингиз, Аллоҳ сизга неъмат берди. Бас, аниқлаб иш тутингиз! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир” (Нисо, 94)

“Тафсири Насафий”да айтилишича, Мирдос ибн Нуҳайк (р.а.) мусулмон бўлади, бироқ, ҳали мусулмонлигини ошкора қилиб улгурмаган эди. Ғазотга чиққан саҳобалар олдига бор-будини ва қўйларини олиб, тоғдан тушиб кела бошлайди. Саҳобалар такбир айтса такбир айтади, кела солиб, “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммаду-р-Расулуллоҳ” дея “Ассалому алайкум”, деб салом ҳам беради. Шунга қарамасдан, Усома ибн Зайд (р.а.) уни ўлдиради, саҳобалар қўйларини ўлжа қилиб олиб, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига келадилар. Бундан Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) қаттиқ ғазабланадилар, “Ундаги нарсалари учун ўлдирдингизларми?”, дея аччиқлари чиқади. Шунда юқоридаги ояти карима нозил қилинади (Абу-л-Баракот ан-Насафий. Тафсири Насафий – Мадорик ат-танзил. 1-2 жилд. – Тошкент, Нўъмон Тошкандий нашри, 1988. – Б. 244).

Имом Бухорий (р.ҳ.) ҳазратлари Абу Ҳурайра (р.а.) ва Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) томонларидан ривоят қилган ҳадиси шарифда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деб марҳамат қилганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِذَا قَالَ الرَّجُلُ لِأَخِيهِ يَا كَافِرُ فَقَدْ بَاءَ بِهِ أَحَدُهُمَا

“Бирор кимса ўзининг биродарига: “Эй, кофир!” деса, бунга улардан бири мубтало бўлади” (Бухорий, 8/6103-6104).

Имом Аҳмад (р.ҳ.) эса: من كفر أخاه فقد باء بها أحدهما – “Кимки биродарини кофирга чиқарса, унга икковидан бири дучор бўлади”, деган саҳиҳ ҳадиси шарифни ривоят қилиб қолдирган (Аҳмад, 2/6280).
Саҳиҳ ҳадислар тўпламларида саҳоба Абу Зар (р.а.)дан қилинган ривоятда қуйидагича келтирилган:

لَا يَرْمِي رَجُلٌ رَجُلًا بِالْفُسُوقِ وَلَا يَرْمِيهِ بِالْكُفْرِ إِلَّا ارْتَدَّتْ عَلَيْهِ إِنْ لَمْ يَكُنْ صَاحِبُهُ كَذَلِك

«Киши бировга фосиқлик таънасини ҳам, куфр таънасини ҳам отмайди. Агар отадиган бўлса-ю, таъна қилинган кимса шундай бўлмаса, фосиқлик ва куфр ўзига қайтади» (Бухорий, 4/6045; Аҳмад, 5/21611; Баззор, 2/3919; ат-Табризий, «Мишкот ал-масобеҳ», 2/4816).
Имом Муслим (р.ҳ.) ривоятида мазкур ҳадис бу тарзда берилган:

من دعا رجلاً بالكفر أو قال عدوّ الله وليس كذلك إلا حارَ عليه

«Кимки бир кишини куфр билан чақирса ёки «Аллоҳнинг душмани», деса, у эса шундай бўлмаса, куфр айтган одамнинг ўзига қайтади» (Муслим, 1/61; Аҳмад, 5/21503; ат-Табризий, «Мишкот ал-масобеҳ», 2/4817).

Имом Бухорий (р.ҳ.) мазкур ҳадисларни: بَاب مَنْ كَفَّرَ أَخَاهُ بِغَيْرِ تَأْوِيلٍ فَهُوَ كَمَا قَال – “Биродарини таъвилсиз кофир деган кимсанинг ўзи айтганидек бўлиши ҳақидаги боб”да келтирган. Яъни, ҳар қандай ҳолатда бировни кофирга чиқаришдан олдин унинг мўъмин-мусулмон эканига таъвил, яхши таъбир қилиш керак бўлади. Таъвил-таъбир қилмасдан туриб, бировнинг бир оғиз айтган гапи ёки қилган ишининг ўзи билан уни кофирга чиқариш асло мумкин эмас. Бу ҳолатда кофирлик кофирга чиқарган одамнинг ўзига қайтади. Доимо бировни айблаш, ундан куфр нишоналарини излаш ўрнига ундан мўъминликнинг бир яхши хислатини ахтариш лозим. Расулуллоҳ (с.а.в.) жанобимиз худди шундай йўл тутганлар:

Саҳобалардан ҳисобланган Ҳотиб ибн Абу Балтаъа (р.а.) мушриклар билан мактуб алмашаётганда қўлга тушиб қолди. У ўзини оқлаш мақсадида баҳоналар гапирди ва وَمَا فَعَلْتُ كُفْرًا وَلا ارْتِدَادًا، أوْ لاَ أَرْضَى بِالْكُفْرِ بَعْدَ الإسْلامِ – “Мен куфр ҳам, муртадлик ҳам қилмадим, исломдан кейин куфрга рози бўлмайман”, деб туриб олди. Унинг кофирлар билан алоқасини кофирлик, мунофиқлик ва хиёнат деб баҳоланиши турган гап эди. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Умар (р.а.): “У мунофиқ! Унинг бўйнига қилич урайми?”, деди. Мунофиқ дейиш уни кофир дейиш билан баробар ҳисобланади. Чунки, мунофиқ деб ўзининг кофирлигини яшириб юрган одамга айтилади. Мушриклар билан яширинча хат-мактуб алмашиб туриш эса, буни тасдиқлаб турибди. Бироқ, шу ҳолатда ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) жанобимиз: “Ахир, унинг аҳли Бадрни кутиб олишга қарши чиққанини ва “Сизлар учун мағфират сўрайман!”, деганини топмаганмидинг?!” деб марҳамат қилдилар. Яъни, бировни мунофиқлаш ўрнига унинг яхши бир хислатини эслаб, уни мунофиқ дейишдан сақланиш кераклигини ўргатдилар. Бу ривоятни ҳам Имом Бухорий (р.а.) ўзининг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарида таълиқ қилиб келтирганлар. Яна Имом Бухорий (р.ҳ.) «ал-Адаб ал-муфрад» асарида келтиришича, бир киши бургани лаънатлаганида, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Бургани лаънатлама, у пайғамбарлардан бировини намозга уйғотган», деганлар (1/1237). Биров хўрозни лаъталаганида, Расулуллоҳ (с.а.в.) унга шундай деганлар (Табароний, 5/5208). Яъни, ҳар бир нарсанинг яхшилигини кўра билиш керак экан. Мўъмин-мусулмон бўлиб турган одам тўғрисида эса албатта яхши гумонда бўлмоқ ва унинг ҳар қандай гапини яхшиликка йўймоқ лозим!

Ҳанафийларнинг: “Тўқсон тўққиз далил куфрга далолат қилиб турса, битта далил ундай эмаслигига далолат қилса, ана ўша битта далил олинади”, маъносидаги қоидани Саййид Собиқ (р.ҳ.) буюк фақиҳ ва муҳаддис Имом Молик (р.ҳ.)га нисбат қилинган деган эди (Саййид Собиқ. Фиқҳу-с-сунна. 2-жилд. – Қоҳира: Дор ал-фатҳ, 1999. – Б. 288). Бироқ, аҳбошларнинг бошлиғи, “такфир”га муккасидан кетган Абдуллоҳ ал-Ҳарарий (р.ҳ.) Саййид Собиқ (р.ҳ.)нинг бемазҳаблигидан жаҳли чиққанидан унинг хабарини инкор қилади ва “Бу гапни Имом Молик ҳам, Абу Ҳанифа ҳам айтган эмас, асли йўқ!” деб ҳукм чиқаради (Абдуллоҳ ал-Ҳарарий. Аш-Шарҳ ал-қавим фий ҳалли алфоз ас-Сирот ал-мустақим. – Байрут: Дор ал-машореъ, 1999. – Б. 60).

Таъкидлаш ўринлики, Али ал-қори (р.ҳ.)нинг зикр қилинган гапи бошқа ҳанафий олимлари томонидан қуйидагича ифодаланган:

“Хулосат ал-фатово”да бундай дейилган:

و منها اذا كان فى المسئلة وجوه يوجب التكفير و وجه واحد يمنع فعلى المفتى ان يميل الى هذا الوجه

“Қачонки бирор масалада кофирга чиқариш вожиб бўладиган бир қанча важҳлар бўлса ва уни ман қилувчи битта жиҳат топилса, муфтийга ана шу битта жиҳатига майл қилиши лозим бўлади!” (Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид ал-Бухорий. Хулосат ал-фатово. 4-жилд. – Лакнау: Навол кишвар, 1911. – Б. 382).

Таниқли ҳанафий олими Ибн Нужайм ал-Мисрий (р.ҳ.) “Баҳр ар-роиқ” асарида қуйидагиларни айтади:

و الذى تحرر أنه لا يفتى بتكفير مسلم أمكن حمل على كلامه على محمل حسن او كان فى كفره اختلاف و لو رواية ضعيفة فعلى هذا فاكثر الفاظ التكفير المذكورة لا يفتى بالتكفير بها و لقد الزمت نفسى ان لا افتى بشئ منها و اما مسئلة تكفير اهل البدع المذكورة فى الفتاوى فقد تركتها عمدا لان محلها اصول الدين 

“Ёзилганлардан маълум бўлдики, имкон қадар бирорта мусулмоннинг гапини яхшилик маънога йўйиладиган бўлса ёки унинг куфрида ихтилоф бўлса, унинг куфрига фатво берилмайди! Битта заиф ривоят топилса бўлди. Шунга кўра, зикр қилинган куфрга олиб борадиган сўзларнинг кўпчилигига суяниб кофир деб фатво бериб бўлмайди. Менинг ўзим улардан бирорта масалага асосланиб кофирликка фатво бермасликни лозим тутдим! Фатво тўпламларида зикр қилинган бидъат аҳлини кофирга чиқариш масалаларига келсак, уларни мен қасддан тарк қилдим. Зотан, уларнинг ўрни диннинг асослари (ақоид китоблари)дадир!” (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 5-жилд. – Миср: Илмия, 1893. – Б. 135)

“Баҳр ар-роиқ”даги иборалардан биз муҳим нарсаларни билиб оламиз. Одатда фатво тўпламларида “алфози куфр”лар, яъни одамни куфрга олиб бориладиган амал ва сўзлар зикр қилинади-да, “бундай деса, кофир бўлади, ундай деса, кофир бўлади”, деганга ўхшаш масалалар қаторлаштириб келтирилаверади. Бу мавзуни барча фатво тўпламларида учратиш мумкин. Бироқ, “Баҳр ар-роиқ” соҳиби айтмоқдаларки, уларга асосланиб, бировни кофирга чиқариб бўлмайди. Зотан, куфр масалалари фиқҳий тўпламларнинг иши эмас, балки ақида китобларининг вазифасидир. Ақида китобларнинг барчасида эса умумий ва мутлақ тарзда: “Қиба аҳлини, яъни Каъбатуллоҳни қибла деб эътиқод қиладиган, намоз ўқийдиган, мўъмин-мусулмонларни кофирга чиқармаймиз!”, деб келтирилган. Ушбу мазмунни биз “Баҳр ар-роиқ”даги бошқа ўриндаги гаплардан билиб оламиз:

واعلم أن الحكم بكفر من ذكرنا من أهل الاهواء مع ما ثبت عن أبي حنيفة والشافعي من عدم تكفير أهل القبلة من المبتدعة كلهم محمله على أن ذلك المعتقد نفسه كفر، فالقائل به قائل بما هو كفر وإن لم يكفر بناء على كون قوله ذلك عن استفراغ وسعه مجتهدا في طلب الحق

“Билгинки, аҳли ҳаво тўғрисидаги биз зикр қилган кимсаларнинг куфрига ҳукм бўлган эди, бироқ, Абу Ҳанифа ва аш-Шофиъийдан собит бўлганига қараганда, бидъатчиларнинг ҳаммасидан қибла аҳлини кофирга чиқармаслик лозим. Бу эса ушбу эътиқодларнинг ўзигина куфр эканлигини билдиради, холос. Демак, уни айтувчиси куфр гапни айтган бўлади, гарчи уни кофир дейилмаса ҳам! Бу унинг гапи мужтаҳиднинг ҳақни талаб қилишида имконияти етарли бўлганига биноан айтилгандир” (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 1-жилд. – Қоҳира: Илмия, 1893. – Б. 371).

“Баҳр ар-роиқ”даги ушбу фикрни Али ал-қори (р.ҳ.) айнан такрорлаган (Али ал-қори. Шарҳ Фиқҳ ал-акбар. – Миср: Тақаддум, 1905. – Б. 139).

Юқоридаги ибораларни бундай тушуниш лозим: фатво китоблари ва фиқҳий манбаларда алфози куфрлар, куфр бўладиган ишлар, эътиқодлари куфрга кетган кимсалар тўғрисида хабар берилади. Бироқ, булардаги иборалардан ўша гап ёки ишларнинг куфр сўз ёки куфр иш эканлиги билинади, холос. Шахсларга келганда, муайян одамни кофирга чиқариш ҳақида гап кетганда бу гаплар ўтмайди. Чунки, аҳли сунна ва жамоанинг, айниқса, унинг энг улуғ вакиллари Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ) ва Имом аш-Шофиъий (р.ҳ.)нинг гапларига кўра, “Биз қибла аҳлини асло кофирга чиқармаймиз!”. Бирор муайян шахс ёки бирор жамоа китобларда кўрсатилган куфр гапни айтган ёки куфр ишни қилган бўлиши мумкин, бироқ, улар асло кофир дейилмайди. Зотан, мужтаҳид имомларнинг куфр сўзни айтган ёки қилган кимсани кофир дейишга илми, имконияти етарли бўлса ҳам, лекин бундай ишни қилган эмаслар.

“ал-Ҳидоя”нинг энг яхши шарҳи ҳисобланган “Фатҳ ал-қадир”да Камолиддин ибн ал-Ҳумом (р.ҳ.) айтишича, бизнинг қибламизга эътиқод қиладиганларнинг ҳеч қайсинисини кофирликда айбламаганимиз боис ҳатто бирорта мужтаҳид имомларимиз мусулмонларнинг қонлари ва молларини ҳалол санаб келган хаворижларни кофир деб ҳукм чиқармаганлар, ҳатто Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳобаларини сўкадиганларни кофир санамаганлар. Чунки, уларни таъвил қилиш мумкин, уларга шубҳа билдириш мумкин. Фақиҳлардан бошқаларнинг эса гапларининг эътибори йўқ, улар эса мужтаҳидлардир (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадир. 4-жилд. – Миср: Амирия, 1898. – Б. 409)

Имом Аҳмад ибн ал-Ҳанбал (р.ҳ.) мўътазилийлар томонидан “меҳна”га тортилган, “Қуръон махлуқ – яратилган” деган гапни айтасан, деб зиндонга ташланган, ҳар куни дарра уриб турилгани кўпчиликка маълум. Шу ҳолатда ҳам ул зот “Қуръон Аллоҳнинг каломи, у яратилган эмас”, деган соф эътиқодидан қайтмаган. Бироқ, уни зиндонга ташлаганларни, ҳар куни дарра урган ва урдирганларни кофирга чиқармаган. Ул зот бундай деганлар:

وكل من لم يقل من أصحابنا بتكفير أهل الأهواء من أهل القبلة فإنه يحمل قول السلف رضي الله عنهم في تكفيرهم على كفر دون كفر

“Асҳобларимиздан ҳеч ким қибла аҳлидан бўлган аҳли ҳавони кофирга чиқаришни айтмаган. Салафларнинг кофир деганлари топилган бўлса-да, “куфр бўлмаган куфр”ни айтганлигига нисбат қилинади (Байҳақий, “Маърифат ас-сунан ва-л-асор”, 1/66).

Ҳанафийларнинг ишончли фиқҳий манбаларидан бўлмиш “ад-Дурр ал-мухтор” ва “ар-Радд ал-муҳтор”да қуйидагилар битилган:

و اعلم انه لا يفتى بكفر مسلم أمكن حمل كلامه على محمل حسن (ظاهره انه لا يفتى به من حيث استحقاقه للقتل و لا من حيث الحكم ببينونة زوجته…أى لا يحكم بكفره لامكان التأويل … و لكن يمكن التأويل بان مراده اخلاقه الردييئة و معاملته القبيحة لا حقيقة دين الاسلام فينبغى ان لا يكفر حينئذ) او كان فى كفره خلاف و لو كان ذلك رواية ضعيفة (قال الخير الرملى أقول و لو كانت الرواية لغير اهل مذهبنا و يدل على ذلك اشتراط كون ما يوجب الكفر مجمعا عليه) كما حرره فى البحر و عزاه فى الأشباه الى الصغرى و فى الدرر و غيرها اذا كان فى المسئلة وجوه (اى احتمالات) توجب الكفر و واحد يمنعه فعلى المفتى الميل لما يمنعه (عن التاترخانية انه لا يكفر بالمحتمل) ثم لو نيته ذلك فمسلم و الا لم ينفعه حمل المفتى على خلافه (اى و ان لم تكن له نية ذلك الوجه الذى يمنع الكفر بان اراد الوجه المكفر او لم تكن له نية اصلا لم ينفعه تأويل المفتى لكلامه و حمله اياه على المعنى الذى لا يكفر كما لو شتم دين مسلم و حمل المفتى الدين على اخلاق الرديئة لنفى القتل عنه فلا يمنعه ذلك التأويل فيما بينه و بين ربه تعالى الا اذا نواه)

“Билгинки, имкон қадар бирорта мусулмоннинг гапини яхшилик маъносига йўйиладиган бўлса, унинг куфрига фатво берилмайди! Аниғи шуки, уни қатл қилишга ва хотини талоқ бўлди, деб ҳукм қилишга фатво бериб бўлмайди. Яъни, таъвил (таъбир) имкони бўлса, унинг куфрига ҳукм қилинмайди. Ёки таъвил шундай мумкин бўлсаки, шу гапни айтганнинг мақсади дини исломнинг ҳақиқати эмас, балки ўзининг ёмон хулқидан келиб чиққан ёхуд қабиҳ муомаласи сабабли бўлган, дейиладиган бўлса, ана шу вақтда кофирга чиқармаслик лозим бўлади! Унинг куфрида ихтилоф бўлса ҳам кофир деб фатво бериб бўлмайди. Агар битта заиф ривоят бўлса ҳам кофир деб фатво бериб бўлмайди. Хайриддин ар-Рамлий: “Агар ана шу биздан бошқа мазҳаб аҳлининг ривояти ўшанга суяниб, такфирга фатво бермайди”, деган. Бу шунга далолат қиладики, куфрга сабаб бўладиган фатво ижмоъ қилинган бўлмоғи керак. Бу “Баҳр”да ёзилган, “ал-Ашбоҳ ван-назоир”да буни “Фатовойи Суғро”дан иқтибос қилиб олинган.

“Дурар ал-ҳукком”да ва бошқа китобларда бундай келтирилган: бировнинг кофирлигига бир қанча важҳлар, яъни эҳтимоллар бўлса, биттаси уни тўсадиган масала бўлса, муфтийга ўша битта масалага майл қилиши лозим бўлади. “Фатовойи Таторхония”дан келтирилганки, ҳар хил эҳтимоллар билан бировни кофирга чиқариб бўлмайди. Сўнгра, унинг нияти мусулмонлик бўлса, демак, у мусулмондир. Акс ҳолда, муфтийнинг уни оқлаб чиқарган фатвосининг фойдаси бўлмайди. Яъни, у куфрни тўсадиган томонга нияти бўлмаса, унинг ўзи ана шу куфрни хоҳлаб турса ёки нияти бўлмаса, муфтийнинг унинг гапини таъвил қилиши (оқлови) ва уни кофир эмас деб чиқарган фатвоси фойда бермайди. Масалан, мусулмоннинг динини сўкса, дин муфтийси уни ўлдирмаслик учун гапини ёмон бадхулқликка йўйса, муфтийнинг бу таъвили уни Аллоҳ таоло олдидаги масъулиятини йўққа чиқара олмайди. Фақат у мусулмонликни ният қилиб айтган бўлса, бошқа гап, унда асло куфрига фатво бериб бўлмайди” (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор ъала ад-Дурр ал-мухтор. 6-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 367-368)

Юқоридаги иборалардан биз “такфир” – мўъмин-мусулмонни кофирга чиқариш нақадар хатарли иш эканини билиб оламиз. Соф исломий ақида, ҳаққоний аҳли сунна ва жамоа, мотридийлик ва ашъарийликнинг асли “такфир”дан сақланишдир. “Баҳр ар-роиқ” соҳиби айтганидек, ўзига-ўзи ҳеч кимни кофир демасликка қасд қилишдир. Али ал-қори (р.ҳ.) учта асарида ёзганидек, бировнинг кофирлигига тўқсон тўққизта далил бўлса ҳам, кофир эмаслигига битта далил топиб туриб, уни кофир демасликдир! Бундан огоҳ бўлайлик! Дунёнинг турли тарафларида “такфир”чи жамоалар бор, “такфир”чи жамоалар тегирмонига сув қуйиб турганлар бор. Билингки, “такфир” бугунги кунда диний экстремизм ва терроризмнинг асосини ташкил қиладиган бўлиб қолди. Улар, аввало, мўъмин-мусулмонларни, айниқса, олиму уламоларни кофирга чиқариб оладилар. Бу эса уларга оммавий қирғин-баротлар, муайян шахсларни жисмонан йўқ қилишлар, элу юртда танилган обрўли инсонларнинг обрўларини туширишга, уларни кофирга, бидъатчига, йўлдан озганга чиқаришга уринишлар, мусулмонларнинг раҳбарлари ва тузумларини барбод қилишларга замин бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ҳам огоҳ бўлишимиз керак, эҳтиёт бўлишимиз зарур!

Биз “такфир”га қўшилмаймиз, уни ҳеч қачон қўллаб-қувватламаймиз ва унга мутлақо қаршимиз!

Ҳамидуллоҳ Беруний

Read 2395 times

Мақолалар

Top