МАҚОЛА

Абу Муин Насафийнинг ақоид илмида тутган ўрни

Мотуридийя мактабининг атоқли намояндаларидан бири Абу Муин Маймун ибн Муҳаммад ан-Насафий, ал-Макҳулийдир.

У зотнинг исми Маймун бўлса-да, Абу Муин куняси билан шунчалик танилганки, куняси  қўшиб айтилмаса ҳеч ким ёлғиз исми билан танимаган.  Тўртинчи бобоси Муҳаммад ибн Макҳул (в.375ҳ.) ҳам Абу Муин куняси билан куняланган.

Унга Насафий нисбати берилиши Насафда таваллуд топгани учун бўлса, ал-Макҳулий нисбати берилиши бешинчи бобоси Макҳул ибн Фазлга нисбат бериш  учун қўлланган, яъни макҳулийлар оиласидан деган маънода истеъмол қилинган.

Абу Муин Насафийнинг бобоси Абу Мутеъ Макҳул ибн Фазл Насафий (204-395ҳ) Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳу алайҳнинг шогирдларидан бири бўлган. Макҳул ибн Фазлнинг бир неча бебаҳо асарлари бор ва баъзилари бизгача сақланиб қолган.

Абу Муин Насафийнинг тўлиқ насаби Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн Фазлдир[1].

Абу Муин Насафий бошланғич илмни оилада ўз отаси ва бобосидан олган. Шу билан бирга, илм учун Самарқанд, Бухоро шаҳарларига сафар қилган ва дарса олиб, кейин муайян вақт дарс бериш учун ушбу шаҳарларда яшаган. Илм сафарида замонасининг пешқадам имомларидан дарс олган.

Насафийнинг устозларидан бири Абул Юср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдулкарим ибн Муса ибн Мужоҳид ан-Насафий ал-Паздавийдир. (421-493ҳ. 1030-1100м.) У зот Мотуридий эътиқодида муҳим асар саналган “Усул уд-дин” китоби муаллифидир.

Абу Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла фи усулид дин”, “Ат-тамҳид ли қоваъидит тавҳид” ва “Баҳрул калом” асарлари бўлиб, уларнинг ўнлаб қўлёзма нусхалари дунё кутубхоналари фондида сақланмоқда. Бугунги асримизда мазкур уч асарнинг барчаси таҳқиқ қилиниб, дунёнинг турли жойларида нашр қилинди.

Яна бизгача етиб келмаган ёки бўлса ҳам ҳали нашр қилинмаган асарлари ҳам бор. Улар: “Шарҳул жомеъул кабир лиш-Шайбоний”[2] (Имом Муҳаммад Шайбонийнинг “Жомеъ ул-кабир” китобига шарҳ), “Маноҳижу аимма фил фуруъ”[3] (Фарий масалаларда имомларнинг йўллари) “Изоҳул маҳажати ли кавнил ақли ҳужжатан”[4] (Ақл ҳужжат қилинадиган ҳужжат эканининг изоҳи), “ал-ифсад ли хадъи аҳли илҳад”[5] (Куфр аҳлининг ёлғонини бузиш) ва “Сифатул калом”[6] (Калом сифати тўғрисида) каби асарларидир.

“Табсиратул адилла” асарини дунё мусулмонлари ўқиб-ўрганиб, унинг устида турли даражадаги илмий ишлар қилинган ва қилинмоқда. Абу Мансур Мотуридийнинг “Тавҳид” китоби ва Абу Муин ан-Насафийнинг “Табсиратул адилла” китобини таҳқиқ қилган зотлар ёзган муқаддималарида “Табсиратул адилла” китобини қуйидагича эътироф қилади: “Абу Муин Насафийнинг шоҳ асари “Табсиратул адилла” Мотуридий мазҳабида Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳу алайҳнинг “Тавҳид” китобидан кейинги иккинчи китоб сананалади. Балки,  “Табсиратул адилла” асари “Тавҳид” китобига шарҳ, тафсир ва баён деб эътибор қилинади. Чунки “Табсиратул адилла” асари кўп ўринда “Тавҳид” китобининг услубларини баён қилиб, унга нисбатан кенг қамровли ва тафсилотлар билан бойитилган асардир”.

Абу Муин Насафий “Табсиратул адилла” асаридек буюк бир асарни тасниф қилиш билан бирга, бутун оламга донг таратган шогирдларни ҳам тарбия қилган. Жумладан: Аъло уд-дин Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Самалқандий (575ҳ), Абул Музаффар Исмоил ибн Адий ал-Талқоний (540ҳ), Садр ул-ислом Аҳмад ибн Муҳаммад Бухорий (482ҳ-542ҳ), Абул Ҳасан Али ибн Ҳасан ал-Балхий (548ҳ), Абул Фатҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Хулмий (547ҳ), Абдурашид ибн Нўмон ал-Валволижий (540ҳ), Маҳмуд ибн Аҳмад ас-Соғуржий (510ҳ), Маҳмуд ибн Зайд ал-Ломиший ва бошқалар.

У зотнинг шогирдларидан бири Абул Ҳафс Умар Насафий (461-537ҳ.)  ундан ва яна бошқа кўплаб улуғ устозлардан дарс олиб Мотуридий мактабининг кўзга кўринган намояндаларидан бирига айланган. У тасниф қилган асарлар сони юзта бўлгани учун  “Юз китоб соҳиби” деб ҳам лақабланади. Тасниф қилган асарларининг ичида “Ақоид ун-Насафия” модуридия ақидасининг жавҳари саналади. Мотуридий таълимотини тутган барча диёрларда “Ақоид ун-Насафия” китоби бирдек қабул қилинган, ўқиб-ўрганилган ва юздан ортиқ шарҳ ва ҳошиялар битилган. Шунинг учун бу асар асрлар бўйи мадарасаларда давомий дарслик бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Бунинг сабаби у моҳиятан Абу Мансур Мотуридийнинг “Тавҳид” ва Абу Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла” китобига мухтасар шарҳдир. Ҳожи Халифа ўзининг “Кашфуз зунун” китобида “Табсиратул адилла” асарини танитиш ниҳоясида: “Ким “Табсиратул адилла”га назарса солса, Умар Насафийний “Ақоид ун-Насафия” асари “Табсира адилла”нинг фиҳристи эканини билади”[7],  дейди.

Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг “ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд” (Самарқанд олимлари зикрида қанд китоби) асарида “Шарқу Ғарбнинг олиму уламолари Абу Муин Насафий илмининг денгизидан баҳра топиб, у таратган зиё нурларини кўзларига тўтиё қилиб суртганлар”,  дейди.

Ҳа, ақоид илмида битилган барча манбаларда, шарҳ ва ҳошияларда Абу  Муин Насафий ва “Табсиратул адилла” асарининг зикри қайд қилинади. Унда баён қилинган нарсалардан иқтибос келтирилади ёки ундаги баён қилинган ҳукм эътироф этилади.

Хулоса шуки, Абу Муин Насафий “Табсиратул адилла” асари ва Абул Ҳафз Умар Насафий сингари шогидлари билан мусулмонларнинг эътиқодини бирлаштириб келган. Тарих китобларида жаннатмонанд диёримиз анҳорлари, боғу бўстонлари ва гўзал шаҳару қишлоқлари мадҳ қилиниши билан бирга мусулмонлар оммаси аҳли сунна вал жамоа эътиқодида  жам бўлган деб мақталади. Албатта, мусулмонларнинг бир эътиқодда жам бўлишида Имом Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий ва бошқа издошларининг катта хизматлари бор.

Ақоид илми илмлар ичида энг шарафлисидир. Фақат соф ва тўғри ақоид инсоннинг дунё ва охиратда бахт ва нажотга эришишига сабаб бўлади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг эътиқоди софлигига хизмат қилган зотларни қуйидагича мадҳ қиладилар:

عَنْ إِبْرَاهِيمَ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ الْعَذَرِىِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: " يَحْمِلُ هَذَا الْعِلْمَ مِنْ كُلِّ خَلَفٍ عُدُولُهُ، يَنْفُونَ عَنْهُ تَحْرِيفَ الْغَالِينَ، وَانْتِحَالَ الْمُبْطِلِينَ، وَتَأْوِيلَ الْجَاهِلِينَ " رواه البيهقي[8]

Иброҳим ибн Абдураҳмон ал-Узрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир замонларда адолатпеша инсонлар (мўътадиллик) ҳаддидан ошганларнинг нотўғри талқинини, лаёқатсиз кимсаларнинг асоссиз тасдиқлашини ҳамда нодон кимсаларнинг таъвилларини инкор этган ҳолларида бу илмни ҳимоя қиладилар”, дедилар (Байҳақий ривоят қилган).

Мазкур ҳадиси шарифда тўғри йўлдан адашган, асосиз нарсаларни ўзларига ҳужжат қилиб олиб бошқаларни чалғитадиган ва илмсизликдан оят ва ҳадисларни нотўғри таъвил ва талқин қиладиган кимсаларни тўғри йўлга соладиган ва мусулмонлар оммасини соф ақоидга бошлайдиган инсон ўз замонасининг адолатпеша инсони деб зикр қилинмоқда.

Абу  Муин Насафий ўз замонасида барча адашган инсонларга ҳидоят йўлини баён қилган, ҳадиси шарифда баён қилинганидек, адолатпеша инсонлардан биридир. У зот Мотуридий ақоидининг бизгача етиб келишида силсиласининг гўё катта ҳалқасидекдир.

2017 йил 15 июнда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги видеоселекторда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев: “Қашқадарёда – Абул Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этсак, ўйлайманки, бу жуда фойдали бўлади. Келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, энг муҳими, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу мактаблар таянч бўлиб хизмат қилади”, деган эди.

Муҳтарам юртбошимизнинг ташаббусини халқимиз хурсанд бўлиб қабул қилди. Бугун ана шу илмий мактаб ўзи ишини бошлади. Бу илм даргоҳларидан яна кўплаб насафийлар чиқишини умид қиламиз. Ҳақиқатан, бугунги кунда  орамизда динда ғулвга кетган адашганлар ёки бепарволикдан эътиқод нима эканидан хабари йўқ инсонлар  борлиги учун халқимизнинг яна адолатпеша инсонларга эҳтиёжи бор.

Жалолиддин ХОЛМЎМИНОВ,

Абулвафо ал-Қурайший. “Жавоҳирул музийя фи табақотил ҳанафия ”.

Байрут: “Дорул кутубил илмийя”, 411-бет.

 

[2] Ҳожи Халифа. “Кашфуз зунун ъан асомил кутуб вал фунун”. Биринчи жуз. Байрут: “Иҳёъут туросил арабий”, 338-бет.

[3] Ҳожи Халифа. “Кашфуз зунун ъан асомил кутуб вал фунун”. Иккиннчи жуз. Байрут: “Иҳёъут туросил арабий”, 1846 бет.

[4] “Ат-тамҳид ли қоваъидит тавҳид” ва ““Табсират ул-адилла” Биринчи жуз. 285-бет.”

[5] “Табсират ул-адилла” Биринчи жуз. 837-бет. Бу Ботинияларга раддия учун тасниф қилинган.

[6] “Табсират ул-адилла” Биринчи жуз. 281-бет.

[7] Ҳожи Халифа. “Кашфуз зунун ъан асомил кутуб вал фунун”. Биринчи жуз. Байрут: “Иҳёъут туросил арабий”, 338ва570 бетлар.

[8] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Хатиб табризий. “Мишкотул Масобиҳ” Биринчи жуз. Байрут. “Дорул фикр”. 115-бет.

Read 2337 times

Мақолалар

Top