МАҚОЛА

ДУНЁВИЙЛИК — ДИНСИЗЛИК ЭМАС

Бугунги кунда турли мутаассиб кучлар томонидан динийлик ва дунёвийлик нисбати бузиб талқин қилиниб, давлатга оид дунёвий ишлардан динни ажратиш ахлоқсиз жамият қуришга олиб келиши ҳақидаги нохолис даъволар тобора кўпроқ янграмоқда.

Мусулмонларнинг дунёвий давлатда яшаши илмий исбот талаб қилмайди. Нафақат Ғарбий Европа, Америка ёки Австралиядаги аҳолининг озчилигини ташкил қилувчи мусулмонлар, аҳолисининг мутлақ кўпчилиги мусулмонлардан иборат Туркия, Ўзбекистон тажрибаси ҳам шундан далолат беради. Виждон эркинлиги халқаро миқёсда барча демократик тизимларда кафолатланган ва инсон ҳуқуқларига оид халқаро декларацияда белгилаб қўйилган муҳим ҳуқуқ ҳисобланади. Демократик назария, бир томондан, динни ундан сиёсий мақсадларда фойдаланишга уринишлардан сақлайди, бошқа томондан эса, уни мутаассиблик ва жаҳолатда айблашлардан ҳимоя қилади.

Дунёвийлик тушунчасини динийлик билан мутлақ қарама-қарши қўйиш тўғри эмас. Улар дунё ва инсон ҳаётининг моҳиятига турлича қараш усулларидир. Дунёвийлик тушунчасида диний ташкилотларни сиёсий ташкилотлардан ажратиш ва динийликни барча учун асос қилиб олмаслик тамойили туради. Диндорлик эса, қалбга боғлиқ ҳиссиёт. Уни барчага мажбурий сингдириш ҳеч қайси диний тамойилга тўғри келмайди. Дунёвий тараққиёт йўлини тутган давлатларда гарчи дин давлатдан ажратилган бўлса-да, жамиятдан ажралмаган. Бугунги кун воқелиги шуни кўрсатяптики, дунёвий ва диний қадриятлар мувозанати бузилган жамиятларда ижтимоий тараққиёт масаласида жиддий муаммолар келиб чиқмоқда.

Ислом динида дунёвийликка динга ёт тушунча сифатида қаралмайди. Ислом динининг муқаддас манбалари — Қуръони карим ва Суннада ҳам дунёвийлик тамойиллари асосини кўришимиз мумкин. Қуръони каримдаги “Динда (динга) зўрлаш йўқ” (Бақара, 256) оятида дунёвийликнинг энг муҳим асосларидан бири мужассам бўлган. Унга кўра, диний ҳаёт тарзини мажбурлаб сингдириш мумкин эмас. Ушбу оятнинг сўнгги нозил бўлган оятлардан экани ҳам алоҳида эътиборга молик.

Динийлик ва дунёвийлик ҳақида сўз борганда, давлатчилик мавзусини ҳам назардан четда қолдириш мумкин эмас. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Мадинага кўчиб ўтганларида тузилган тарихий ҳужжат — Мадина саҳифасида (замонавий тилда Мадина конституцияси) дунёвий давлатчиликнинг муҳим жиҳатларини кўриш мумкин. Ушбу саҳифа Мадинадаги турли ижтимоий гуруҳларнинг ўзаро тинч-тотув яшашини таъминлашга қаратилган эди. Саҳифада эски урф-одат ва анъаналар эътироф этилди, барча тоифаларнинг дини, келиб чиқишидан қатъи назар, тенглиги кўрсатиб ўтилди, ички ва ташқи хавфсизлик ҳамда ҳамкорлик масалалари қайд этилди. Шу билан бирга, сиёсий ташкилотнинг тамомила янги кўринишдаги тамойиллари ишлаб чиқилди: ташқи душманга қарши бирдамликда ҳаракатланиш ва жамоанинг (шаҳар аҳолисининг) барча вакилларини бирдек ҳимоя қилиш, ҳар қандай жиноятчини яккалаб қўйиш, яъни унинг уруғ ва қабиласи ҳимоясидан ажратилиши туфайли қабилалараро низоларга барҳам берилиши, барча аҳоли ягона халқ (уммат) деб қаралиши ва ҳоказо.

Саҳифада фуқаролик, яъни бир давлатнинг тенг ҳуқуқли ва тўлақонли аъзоси бўлиш имконияти ҳам ёритилган эди. Яъни дини, қабиласи, уруғидан қатъи назар, бир давлат ҳокимияти остида фуқаролик таъминланиши, уларнинг барчаси ўз динини сақлаган ҳолда бир жамиятга бирлашиши Саҳифанинг 1, 2, 25-35 ва бошқа бандларида қайд этилди. Мазкур ҳужжатда мусулмонлар ва бошқа дин вакиллари ўртасидаги муносабат фуқаролик тамойили асосида барпо этилиши кўзда тутилган. Натижада турли диний, сиёсий қарашларга эга инсонларнинг бир давлат ҳокимияти остида тенг ҳуқуқли бўлиб яшаши Мадина саҳифасида кафолатланди.

Ислом дини таълимотида давлат сиёсий тузилмасининг муайян шакли кўрсатилмаган бўлиб, фақатгина умумий тамойиллар белгиланган. Уламолар бу тамойиллар 4 та эканини айтади: тенглик, эркинлик, адолат ва машварат. Ушбу тамойиллар ўрнатилса, давлат қандай шаклга эга эканидан қатъи назар, у ислом динига мувофиқ келади. Давлат бошқаруви тизими ўз диний қиёфасидан дунёвийликка юз тутиши 4 халифа даврида намоён бўла бошлаган эди. Ана шу даврнинг ўзидаёқ давлат ахлоқий-диний дарчали дунёвий тус касб эта бошлади. Форс ва румликлардан ўзлаштирилган тажриба сифатида девонлар тузилди, давлатда вазифалар тақсимоти амалга оширилди. Бу девонлар, асосан, дунёвий мақсадлар юзасидан барпо этилган эди: почта, қўшин, муҳрдорлик, ишчилар девонлари…

Бугунги кунда айрим бузғунчи кучлар томонидан замонавий дунёвий қонунчилик асосида ҳаёт кечириш мусулмонлар учун мақбул эмаслиги ҳақида сохта даъволар тарқатилмоқда. Ваҳоланки, дунёвий қонунлар ҳақида етук ислом уламоларининг фикрларини қуйидагича умумлаштириш мумкин: замонавий жамиятларнинг ўз манфаатларини кўзлаб чиқарган қоидалари гарчи шариатдан олинмаган бўлса-да, лекин шариатга зид келмаса, улар ҳам шариатга мувофиқ ҳисобланаверади. Инсон табиатига хос бўлган айрим тамойиллар борки, улар фақат бир ҳолатдагина ўзгариши мумкин, қачонки фитрат бузилса. Эркинлик, адолат, тенглик, раҳмдиллик, зўравонликни ёмон кўриш, зулмни рад этиш замон ва макон ўзгариши билан ҳам ўзгармайдиган тамойиллардир. Мана шу тамойиллар асосида жамиятда бир-биридан фарқланувчи қонунлар ишлаб чиқилган. Ҳар бир жамият муайян бир даврда ўзининг шароити ва имконига қараб юқоридаги тамойилларга зид келмайдиган қонунларни ишлаб чиқиши мумкин. Аммо ҳозирги кунда диний давлат қуришни даъво қилаётганлар диндаги ўзгармас тушунчалар ва ўзгарувчан тушунчаларни фарқламай аралаштириб юбориши оқибатида одамлар назарида ислом дини тараққиётни ортга тортувчи, ўтган асрларга қайтарувчи қолоқлик дини сифатида гавдаланмоқда. Бу эса, исломнинг тараққийпарвар моҳиятини тушуниб етмасликдандир.

Юқоридагилардан кўринадики, ислом динида дунёвийликка динсизлик сифатида баҳо берилмаган. Дунёвий ишлар шахс ва жамият манфаатини кўзлар экан, улар дин таълимотларида доим қўллаб-қувватланган. Дин дунёвий ишларнинг маънавий жиҳатларини тартибга солиб турган. Умуман, демократик тизимларнинг конституцион нормаларида давлат ва дин ўртасидаги муносабатлар масаласидаги икки жиҳат яққол ажралиб туради. Биринчи навбатда, дин жамиятда инсонпарварлик руҳиятининг шаклланишида юксак маънавият булоғи, беқиёс ахлоқий тарбия манбаи, инсонларни ҳалоллик, поклик каби фазилатларга ундовчи қадрият сифатида эътироф этилади. Қолаверса, диндан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, динни ниқоб қилиб сиёсатга аралашиш, ҳокимиятга интилиш каби ҳолатлар ман этилади.

Ўзбекистон танлаган тараққиёт йўли — дунёвий демократик йўл. Дин ахлоқий тарбия соҳасида муҳим аҳамиятга эга. Халқимиз диний эътиқодни чуқур ҳурмат қилган ҳолда, дунёвий тараққиёт йўлидан илдам бормоқда. Шу ўринда сиёсий мақсадлар йўлида диндан ниқоб сифатида фойдаланиш, диний давлат барпо этишга бўлган ҳар қандай кўринишдаги ҳаракат дунёвий қадриятларга асосланган конституциямиз ва амалдаги қонунларимизга зид эканини таъкидлаб ўтиш лозим.

Иброҳим УСМОНОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 3 июль, № 135 (391)
Read 1675 times

Мақолалар

Top