МАҚОЛА

ВАТАН – ЖОНДАН АЗИЗ

Инсоннинг ўз Ватанида яшаши – чинакам саодат. Чунки Ватанимизда барчамизнинг киндик қонимиз тўкилган, илк қадамимизни шу заминга қўйганганмиз. Ёшликдаги юрт билан боғлиқ ширин хотираларимиз мангуликка муҳрланган.

Aллоҳ бизга ўз Ватанимизни севиш, ўзга юртларда бўлсак, уни қўмсаш ҳиссини, табиатини ато этган. Ватанни қўмсаш, соғиниш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан меросдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари туғилиб-ўсган маскан Маккаи мукаррамада 53 йил яшадилар. Бу вақт ичида у зотга мушрикларннг зулми, камситишлар шу даражага етдики, ҳатто ҳаётлари хавф остида қолди, жонларига қасд қилмоқчи бўлишди.

Набий алайҳиссалом Aллоҳ таолонинг буйруғи билан Маккадан чиқар эканлар: “Эй Макка, сендан кўра менга севимлироқ, суюклироқ шаҳар йўқ. Агар қавмим сендан чиқармагнида, бошқа жойни макон тутмас эдим”, деб кўзларида ёш билан чиқиб кетдилар (Имом Термизий ривояти).

Шу пайтда Aллоҳ таоло расулининг кўнглини кўтариб, ушбу оятни нозил қилди: «Эй Муҳаммад, албатта, сизни ушбу Қуръонни фарз қилган Зот, шак-шубҳасиз сизни қайтиш жойига, яъни Маккага қайтаргувчидир» (Қасас сураси, 85-оят).

Сўнгра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарларини ҳотиржам давом эттирдилар.

Инсоннинг Ватани олдида учта муҳим вазифаси бор.

  1. Ватаннинг ҳақига дуо қилиш. Чунки пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳиссалом ўз Ватанлари ҳақига бундай дуо қилган: «“Эй Раббим, буни(Маккани) тинчлик шаҳри қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларига(турли) мевалардан ризқ қилиб бергин!” – деганида, Аллоҳ: “(Улардан) кофир бўлганларини эса, бироз ризқлантириб, сўнгра дўзах азобига мубтало этурман. Бу ўта ёмон оқибатдир”, – деди» (Бақара сураси, 126-оят).

Мадинаи мунаввара ҳақига эса: “Ё Aллоҳим, Мадинани Маккани суйганимдек ёки ундан ҳам зиёдароқ қилгин” (Имом Бухорий ривояти).

  1. Ватаннинг ободиги учун маънавий ва моддий ҳисса қўшиш.

Бу ҳақда Пайғамбаримиз бундай деганлар: “Aгар қиёмат қоим бўлиб қолсаю, қўлингда бир кўчатни экишга улгурсанг, экиб қол” (Имом Бухорий ривояти).

Атоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг:

Келдинг оламга демак,

Етмас уни сўрмак, емак,

Ерни етмоғинг керак

Бўстон ўзинг ризвон ўзинг, деган мисралари Ватанни боғу бўстонга, жаннатга айлантириш ўз қўлимизда эканига ишорадир.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз ватанининг соғинчида яшаб, яқинларини, ҳатто ўз диёрининг сувларини қўмсаб, бундай ёзган:

Оқар сувлар фироқида,

Кўзларимдан оқар сув.

  1. Ватанда фасод, бузғунчилик билан машғул бўлмаслик

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир» (Aъроф сураси, 56-оят).

Ўз Ватанига хиёнат қилиш, унга қарши қурол кўтариш жуда катта жинятдир. Aфсуски, Ватан қадрига етмаган кимсалар “Ҳижрат қилиш фарз”, деб ёшларни чалғитмоқдалар.

Онгли одам ҳеч қачон Исломнинг беш рукни эмин-эркин адо этилаётган юртдан чиқиб, олов ва уруш ўчоқларига кетмайди. Ҳижрат, жиҳод деб жаннат қидириб, дўзах томон кетаётган ақли ноқис кимсалар қилмишлари хато эканини кеч англамоқдалар.

Ватан тинчлиги, осойишталиги, ободлигига ўз ҳиссамизни қўшиб, уни турли унсурлардан ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг бурчидир.

Ватанимизни Яратган Ўз паноҳида асрасин!

 

Эркиной ЖУМАБОЕВА,

Бектемир тумани отинойиси

Read 1108 times

Мақолалар

Top