МАҚОЛА

Ёшларимизни ёт ғоялардан асрайлик

Ақида масаласида ёшлар тафаккурини шаклантириш ва ёшларни ҳамда бутун жамиятнинг маънавиятини нотўғри ақидалардан ҳимоялаш, бугунги кунда барчамизнинг долзарб вазифамиз ҳисобланади. Ота-оналар ўз фарзандларининг тарбиясида бунга катта эътибор беришлари керак. Лекин айрим ота-оналар бола тарбиясида бепарволик қиладилар. Улар шахсий юмушлари, кўча-кўйдаги улфатлари, моддий маблағ тўплашни биринчи ўриндаги вазифаю, оила аъзоларининг ахлоқий ва маърифий тарбиялари билан шуғулланишни иккинчи даражали иш ўрнига қўйишади.

Ўтган асрдаги мутафаккир олимимиз Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда, “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”. Расулуллоҳ (с.а.в) умрларининг охирида ўзларидан кейин залолат йўлидан борадиган етмиш иккита фирқа пайдо бўлишидан огоҳлантирган эдилар. Бу сўзлар ўтган ўн тўрт аср давомида тасдиғини топди. Ана шу фирқа ва оқимларнинг айримлари Исломнинг илк асрларида юзага келган бўлса, ХХ ва ХХ1 асрларда ҳизбут-таҳрир, нурчилар, салафийлар, жиҳодчилар, такфирчилар ва ҳижратчилар каби ўнлаб адашган оқимлар пайдо бўлиб, дунё мусулмонлари ўртасида бузғунчилик қилишяпти. Турли низо ва қонли тўқнашувлар чиқишига сабаб бўлмоқдалар.
Афсуски, сўнгги вақтларда ёшларимизни турли ёт ғоялар билан эътиқодини бузиб йўлдан уришга қаратилган ҳаракатларни гувоҳи бўлмоқдамиз. Айниқса, гўёки барча мусулмонлар ҳозир қуролли тўқнашувлар кетаётган мамлакатларга “ҳижрат” қилишлари ва қўлида қурол билан “жиҳод” қилишлари фарз эмиш. Бундай сохта даъволарнинг пуч эканини тасдиқлаш ва аҳолини хусусан, ёшларни улардан асраш мақсадида ушбу тушунчаларга изоҳ бериб ўтсак. Юртини, ота-онани ташлаб, ўзга элларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига зид иш ҳисобланади.
“Ҳижрат” сўзи луғатда бирор нарсадан ажраш, шариатда эса, Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васалам)нинг Маккани тарк этиб, Мадинага боришига қиёсан қўлланилиб, диний экстремизм оқим етакчилари тинч давлатда яшаб келаётган ёшларни хориждаги жангариларнинг лагерларига жўнатиб, “ҳижрат қилмаган диндан чиқади, ҳижрат учун мусулмонга ота-онанинг рухсати шарт эмас”, каби сохта иддаолар билан алдамоқда.
Абу Усмон Мужошиъ ибн Маъсуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам): “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ…”, деганлар. “Ҳижрат” ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам) “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган кишидир”, деганлар. Ибн Умар (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам) ҳузурларига бир киши келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолда ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, деди. У зот (соллаллоҳу алайҳи васалам) эса, “Ота-онанг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, деб жавоб бердилар. (Абу Довуд ривояти).
Сайидимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васалам) ва у зотдан кейин мусулмон давлатларини бошқарган хулафои рошидинлар ўзга юртларда яшаётган мусулмонларни ҳеч қачон мусулмон давлати ҳудудига кўчиб келишларига даъват қилмаган ва уларнинг ўз юртларида яшашини рад этмаганлар.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоят йўлида бардавом айласин. Аллоҳ таолонинг тўғри йўлидаги солиҳ бандалари қаторида бўлиб, турли фирқа, адашган оқим ва залолат йўлларидан барчамизни ҳифзу ҳимоясида сақласин. Яратганнинг Ўзи келажагимиз, орзу умидимиз бўлмиш ёшларимизни турли ёт ғоя ва фикрлардан узоқда қилиб, илму маърифат, одобу ахлоқ фазилатлари билан зийнатласин.

Сирдарё вилояти бош имом-хатиби
Ҳабибуллоҳ ЗОКИРОВ

 
Read 1303 times

Мақолалар

Top