МАҚОЛА

Нега ўзгалар жонига қасд қилиш кўпаймоқда?

Сўнги пайтларда, деярли ҳур куни ижтимоий тармоқлар, интернет саҳифалари ва теле хабарларда қотиллик, зўравонлик ва безорилик каби ноҳуш ҳолатлар ҳақида маълумот берилаётгани кишни бироз сескантириб юборади. Назаримда, инсонлардаги шафқатсизлик ўсиб, баъзан оддий маиший жанжаллар жиноятларга уланиб кетяпти. Бунинг сабаби нимада? Бу иллатни жиловласа бўладими? Айрим руҳшуносларнинг фикри ўлароқ, барча шафқатсиз одамлар руҳий  бузилиш, яъни асаб касаллигига учраган, дейиш – ўринсиз. Статистика маълумотларига қараганда, куч ишлатиш йўли билан содир этилувчи жиноятларнинг атиги 3-4% (фоиз)и руҳий касал кимсаларга тегишли бўлади.

Шафқатсизликнинг хуруж қилиши – кўпинча кичик кўнгилсизликларнинг йиғилиб бориши ва охир-оқибат – портлаши туфайли юз бераркан. Масалан, катта шаҳар стресс (руҳий зўриқиш)лари бугунги куннинг жиддий муаммоларидан бири саналади. Бир қарашда унчалик сезилмас омиллар, масалан, тонг қоронғусида ишга йўл олиш, жамоат транспортидаги тирбандлик, йўллардаги тиқилинч (пробка)лар ва шовқин-сурон ҳам бора-бора асабларни росмана қақшата бошлайди. Бу омилларнинг ҳар бирини алоҳида олганда, “сезмасдан ўтиб кетавериш” мумкин, аммо барибир руҳий зўриқиш кучайиб бораверади. Тажовузкорликка ундовчи воситаларнинг тобора кўпайиши – шафқатсизлик “эпидемия”сини зўрайтирувчи яна бир омилдир. Масалан, “оддийгина” ур-сур, “жангари” (боевик) кинофильмларнинг “тарбиявий” аҳамияти ҳам чакки эмас. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, моддий имкониятлар ортиб, тирикчилик осонлашиб бориши ҳам инсонлар ўртасидаги шафқатсизликка замин яратади! Ҳар ҳолда, “тўқликка шўхлик”, “қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор”, “оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг ўғли гапиради” деган гаплар беҳуда пайдо бўлмаган. Нима ҳам дейсиз, инсоннинг феъли ўзи шундай, тамом-вассалом! Албатта, бунда жамиятдаги маънавий муҳит ва тарбия, тийнат (менталитет) каби омиллар катта таъсир кўрсатади.

Виртуал мулоқот шафқатсизликка замин яратишини психологлар яқинда исботлаб беришди. Хуллас, “одноклассники”, “фейсбук”, “твиттер”, “инстаграм”, “телеграм” каби замонавий воситалар билан “тиллашиш”да ҳаддан ошиш аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Нуқул виртуал тармоқ орқали мулоқот қилувчи шўрпешона, бора-бора қаршисидаги “тирик одам”нинг гаплари ва кайфиятини тушунишга қийнала бошлайди. Суҳбатдошининг хатти-ҳаракатларига тўғри муносабатда бўлолмайди. Қулоғига “қулоқчин” (наушник) тақиб олган ёшлар ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Улар ўз-ўзларини руҳий хасталиклар сари “дадил” бошлаб бораётганликларини ўзлари тушунмаса, бошқаларнинг тушунтириши жуда мушкул...

Шафқатсизликка қарши қандай курашса бўлади? Психологларнинг фикрига қараганда, бунинг икки йўли бор: ўз-ўзини назорат қилиш ҳамда  ҳазил-мутойиба туйғуси. “Афсуски, бошқа йўлини кўрмаяпмиз”, дейишмоқда улар.

Бизнингча, ўша “руҳшунос”ларнинг аввало ўзлари “ўз-ўзини назорат қилиш ва ҳазил-мутойиба туйғуси”га муҳтож. Ахир, иймон-эътиқод, Аллоҳ таолодан қўрқиш, охиратдаги ҳисоб-китобнинг ҳақлигига бўлган ишонч қани?! Буларсиз одамни – Инсон дейиш мумкинми?

“Бугун инсон ўзини ҳар қачонгидан ёлғиз ва ночор сезмоқда. Бозор иқтисодиёти ижтимоий фаоллик учун йўл очиб берди, илмий-техник кашфиётлар имкониятларни кенгайтирмоқда, дунёнинг истаган бурчагига саёҳат қилиш ва олам ранг-баранглигидан баҳраманд бўлиш мумкин. Ҳақиқатан ҳам инсон қудратли мавжудот эканини энди тўла ҳис қилмоқда. Лекин у руҳан ёлғиз; унинг ёнида дилини англайдиган зот йўқ. Умрнинг қисқалиги, муқаддас нарсанинг йўқлиги, ҳаётнинг бешафқатлиги, нафс ва фаҳшга ўчлик, ақл ва руҳ устидан амалга оширилаётган зўравонликлар инсонни ночор зотга айлантирмоқда. Аёл ва эркак бир-бирини тўлдираётгандек, бир-бирининг умрини сермағиз қилаётгандек, аммо улар юқоридаги иллатларнинг қурбони бўлиб қолмоқдалар. Ушбу иллатлар моҳиятига яширинган манфур куч аёл ва эркак, инсон ҳаёти устидан ҳукмрондир” дейди олимлардан бири.

Шу ўринда имом Абу Ҳомид ал-Ғаззолийнинг бир фикрлари ёдимга тушди: “Қабрда ётганлар пушаймон қилаётган ишлар устида тириклар бир-бири билан қирпичоқ бўлмоқдалар” деган фикрлари барчамиз учун эслатма бўлиши лозим.

 

Имом Термизий Амр ибн Оснинг ўғилларидан қилган ривоятда Набий алайҳиссалом:

“Раҳмлиларга Аллоҳ таоло раҳм қилади. Ердагиларга раҳм қилинг. Сизга осмондаги Зот раҳм қилади”, деганлар.

Буюк имомлар – Бухорий, Муслим ва Термизийлар Жарийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

“Одамларга раҳм қилмайдиган одамга Аллоҳ таоло раҳм қилмайди”, деганлар.

Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Раҳмдиллик фақат бадбахтнинг қалбидангина суғуриб олинади”, деганлар.

Демак, раҳмдиллик саодатмандлик аломати бўлса, раҳмсизлик бадбахтлик аломатидир. Ислом инсонларга раҳм-шафқат кўрсатиш ҳудудидан чиқиб, бутун мавжудотга раҳм қилиш шиорини олға суради. Мусулмон инсон борлиқдаги барча нарсаларга раҳмли бўлиши зарурлигини таъкидлайди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кичкинамизга раҳм қилмаган, каттамизни улуғламаган, амри маъруф ва наҳйи мункар қилмаган биздан эмас”, дедилар”.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Мўминларнинг ўзаро дўстликлари, раҳм қилишлари ва меҳр кўрсатишлари худди бир жасадга ўхшайди. Ундаги бир аъзо хаста бўлса, жасаднинг қолгани унга қўшилиб бедор бўлади ва иситмалайди”, дедилар”.

Икки шайх ривоят қилганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам­нинг:

“Аллоҳ раҳматни юз қисмга бўлди. Тўқсон тўққиз қисмини ўз ҳузурида тутиб қолди. Ерга бир қисмини нозил қилди. Махлуқотлар ўша қисмдан бир-бирларига раҳм қиладилар. Ҳаттоки от боласига зарар етказишдан қўрқиб туёғини ундан кўтаради”, деяётганларини эшитдим”.

Икки шайх ривоят қилганлар.

 

Саидаброр Умаров

Read 1167 times

Мақолалар

Top