МАҚОЛА

Ватангадоликка чақираётган ҳийлакорга алданманг!

Ижтимоий тармоқларда баъзи блогерлар Абдуллоҳ Зуфарнинг “Гуноҳ қилган еридан ҳижрат қилиш” мавзусидаги аудиомаърузасини тарқатишди. Унда айтилишича, инсон гуноҳ қилган еридан ҳижрат қилиш керак экан. Бу гапига руҳшуносларнинг гаплари ва яна ўтган умматлар ичида юз кишини ўлдирган кишининг ҳикояси зикр қилинган ҳадисни келтирилган. Ҳадисда ўша одамга тавба қилиш ва яхши одамлар яшайдиган жойга бориш тавсия қилинган. А.Зуфар инсон ўз юртида туриб имонини кучайтира олмаслиги, тақводор бўла олмаслиги, бунга муҳит йўл қўймаслигини таъкидлайди. Қариндошлар уйига кириб келавериши, одамни ўзича яшашга имкон бермаслигини айтади. Юртимизда луқмани ҳалоллаб бўлмаслиги меҳмонга борсанг гўштлари қандай, ҳайвонни ким сўйган, мушрик сўйганми, бошқа сўйганми билмайсан, дейди. Ватанингдан ҳижрат қилиб кетсанг, у ерда яқинларинг, қавму қариндош бўлмайди, ўзинг хоҳлагандай яшайсан, деб сафсата сотади. Имонли яшамоқчи бўлсанг Ватандан ташқарида яшайсан, деб хулоса қилади.   

 Унга жавобан айтамизки, ҳадисдан ҳукм оладиган инсон етук олим ва муҳаддис бўлиши керак. Муҳаддис ҳар бир ҳадисни санадини, ундаги ровийларни кучли ёки заифлигини, ҳадисни айтилган тарихи ва унга тескари айтилган ҳадис бор йўқлигини, ҳадисни ҳукми хос бир ҳолатга тегишлими ёки умумий ҳукмга эга эканлиги каби илмлардан хабардор бўлади. Ҳамма ҳадисларни даражасини ва унда нима маъно кўзда тутилганлигини ўрганиб чиққан ҳофиз-муҳаддислар асарларини ёзиб қолдиришган. Улардан бирортаси “маъсият жойидан ҳамма ҳижрат қилиши керак”, деган гапни айтишмаган. Маъсият-луғатда итоатдан чиқиш, саййидининг амрига қарши чиқиш, хато қилиш, гуноҳ қилиш каби маъноларда келади. Шариатда маъсият деганда гуноҳ тушунилади. Маъсият деганда нафақат одам ўлдириш, балки катта гуноҳларнинг барчаси кириб кетади. Масалан ота-онага оқ бўлиш, ўғирлик, зино, ғийбат, туҳмат, бировни молини ейиш, судхўрлик каби бир қанча катта гуноҳлар ҳам киради. Баъзилар етмишда катта гуноҳни санаган ва баъзилар саноқ белгиламаган. Тасаввур қилинг, ушбу гуноҳларнинг ҳаммасидан сақланган одам топиладими? Ҳамма гуноҳ қилган мусулмонлар ҳижрат қилиши керакми? Қаерга ҳижрат қилиши керак? Суриягами? Абдуллоҳ Зуфар тиш-тирноғи билан ҳижратга даъват қилиб, одамларни ватангадо қилишдан нима манфаат топади? Нима учун ўн тўрт асрдан буён ўтган алломалар, миллионлаб ҳадисларни ёддан билган муҳаддислар юрган йўлдан бошқачароқ  йўл керак бўлиб қолди? Улар Абдуллоҳ Зуфарчалик илмга эга эмасмидилар? Йўқ! Бу гапларнинг ҳаммаси қандайдир ғараз-мақсадлар сабаблидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шайтонни кўриб, нари юрган бўлсалар, у киши Пайғамбардир. Бошқа кишига ундай имконият берилмаган. Ер юзининг хоҳлаган жойига шайтон бир лаҳзада ета олади. 

 Аслида инсоннинг энг катта душмани ўз ичидаги нафсу аммораси – ёмонликка буюрувчи нафсидир. Инсон қаерга борса ҳам ундан қутила олмайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳақиқий муҳожир – Аллоҳ қайтарган гуноҳлардан ҳижрат қилган кишидир”, деганлар. 

 Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг шиорларидан бири: “Сафар дар ватан”, “Ватанда туриб, ўзингни мусофирдек тутиш” эди. Яна бир ўгитлари эса: “Хилват дар анжуман”, “Анжуманда Аллоҳ билан хилватда қолгандек бўлиш” шиоридир. Ўз юртида туриб иймонли бўлиб бўлмайдими? 

 Аввало маъсият мўъминни иймондан чиқармайди. Гуноҳни энг аъло муолажаси Ватандан ҳижрат эмас, гуноҳдан ҳижрат қилишдир. Гуноҳдан тавба қилишдир. Қанчадан қанча юртдошларимиз ҳалол таом топиб оила боқяпти. 

 Халқимизга хизмат қилаётган қассобларимиз диндан илми бўлмаса ҳам, устозларидан ҳайвонни қандай сўйишни ўрганган. Буни топганига Аллоҳ барака бериши учун тарк қилишмайди. 

 Ёмон дўстларга келсак, ҳозир ҳам теварак атрофимизда улардан узилиб, тақво йўлини тутганлар жуда кўп. Қанчадан-қанча ақлли диёнатли кишилар дўстларини тўғри йўлга солганини кўриш мумкин.

 Қариндош-уруғлар бўлса, уларга эшикни очсангиз киради, бўлмаса қайтиб кетишади. Асоссиз важлар билан қариндошлардан узоқ жойларга кетишга тарғиб қилиш Исломдаги катта асослардан бири силаи-раҳмни узишга тарғибдир. Инсон имкони борича қариндошларининг озорларига сабр қилиб, уларни ислоҳ қилиши керак. Қариндошларим ёмон деб кўч-кўронини йиғиштириб жўнаб қолишни ҳеч мақтайдиган жойи йўқ. Мабодо бир инсон турли сабаблар билан бир юртдан бошқа юртга кўчадиган бўлса ҳам, қариндошлардан узоқлашиш, улардан “қутилиш”ни ният қилмаслиги керак, балки улар билан турли алоқа воситалари билан хабарлашиб туриши керак бўлади. Бу билан силаи раҳмнинг энг паст даражасини адо қилади.   

 Ҳеч ким ҳалоллигига шубҳа бўлган хонадондан бориб луқма ейишга мажбур қилинмайди. Ўз уйида тақвонинг ҳамма шартларини бажариш мумкин. Лекин ҳижрат қиламан деб, мусофир юртда оч қолиб, гуноҳ қилишга мажбур бўлсачи? Ҳақ-ҳуқуқи таъминланмаган юртда урушга мажбур қилинсачи? Мусулмон кишиларни ўлдиришга мажбур қилинсачи? Бундан ортиқ ҳалокат борми? Шундай экан, қадр-қимматимиз кафолатланган она юртда туриб ўзимизни ислоҳ қилайлик, ортида турли туман ғаразли мақсадлар бўлган чақириқларга алданмайлик!  

Абдуллаев Акрам

Миролим Мансур тайёрлади 

Read 1356 times

Мақолалар

Top