МАҚОЛА

Ислом динининг асл моҳияти

Ислом ва бошқа самовий динлар:

Аллоҳ таоло инсоният оламига ҳидоят йўлини баён этиш, ҳақ билан ботилни фарқлатиш мақсадида ҳар бир даврда ўша давр аҳли учун ўз пайғамбарларини юбориб турган.

Пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг элчиси бўлиб, улар ҳам ўз умматлари каби оддий инсон бўлганлар.

Улар ўз умматларини рисолатлари асосида яхшилик ва ёмонликнинг моҳияти, яхшиликнинг мукофотлари-ю, ёмонликнинг оқибатлари, Аллоҳ таолони рози қилувчи ва Унинг ғазабини келтирувчи ишлар билан таништириб, ҳидоятга чорлаганлар.

Шунингдек, ҳар бир пайғамбар ўз даврида ўша давр қавми ҳолати учун хос ва муносиб бўлган, уларнинг тоқати бардош бера оладиган даражадаги кўрсатмалар билан юборилган.

Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا ۚ،

Яъни, “Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас. …”.

Бақара” сураси, 286-оят.

Ҳамма нарсани дақиқ-дақиқларигача билувчи Аллоҳ таоло ҳар бир жон нимага ярайдию, нимага ярамайди яхши билади. Бандаларига меҳрибонлигидан, имкони ва ҳаққи бўлса ҳам, ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди.

Ер юзига Аллоҳ таолонинг ҳидоятини олиб келган илк пайғамбар бутун башарият        отаси – Одам алайҳис салом бўлганлар.

Умуман олганда ҳадиси шарифларда жами бир юз йигирма тўрт минг нафар пайғамбар юборилгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Мусулмон инсон барча пайғамбарни (уларнинг ҳар бир номма-ном билмаса ҳам) пайғамбар, деб эътироф этмоғи лозим ҳисобланади.

Ўз даврларида Мусо алайҳис салом (у кишининг исмлари Қуръони каримда жами бир юз ўттиз олти маротаба сароҳатан зикр қилинган) Бани Исроил қавми учун пайғамбар бўлиб юборилган бўлсалар, у кишига туширилган китоб Таврот бўлган.

Исо алайҳис салом эса (у кишининг исмлари Қуръони каримда “Исо”, “Ал Масиҳ” ва “Ибн Марям”, дея жами эллик беш маротаба сароҳатан зикр қилинган) Насоролар учун пайғамбар бўлиб юборилган бўлсалар, у кишига туширилган китоб Инжил бўлган.

Энг сўнгги пайғамбар – пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис салом бошқа пайғамбарлардан фарқли тарзда маълум бир қавмга хос эмас, балки ўз даврларидан то дунё охирига қадар келувчи барча инсоният олами учун пайғамбар бўлиб юборилганлар. У кишига туширилган муқаддас китоб Қуръони каримдир.

Қуръони карим то Қиёмат куни қадар ўзгармайдиган, ўзгартириш ва зоъе бўлишдан ҳимояланиши Аллоҳ таоло томонидан кафолатланган муқаддас китоб ҳисобланади.

Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ،

Яъни, “Албатта, зикр (Қуръон)ни Биз нозил қилдик ва албатта уни Биз муҳофаза қилурмиз”.

Ҳижр” сураси, 9-оят.

 

Ислом ва бошқа самовий динлар ўртасидаги фарқ:

Ислом ва ундан олдинги барча самовий динлар Аллоҳ таолонинг мавжудлиги ва ягона илоҳлигига иймон келтириш, яъни ишониш, фақат унгагина ибодат қилиб, унинг ибодатида унга ҳек ким ва ҳеч нарсани ширк келтирмаслик сари чорлаган.

Айнан ушбу иймон масаласида илк Одам алайҳис саломдан то сўнгги           пайғамбар – пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис саломга қадар юборилган барча пайғамбарларнинг даъвати, яъни чорлови бир бўлган.

Аллоҳ таоло бутун инсоният олами учун ихтиёр этган дин аслида ислом, деб аталади.

Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

 

إِنَّ الدِّيْنَ عِنْدَ اللهِ الْإِسْلَامُ،

Яъни, “Албатта, дин Аллоҳнинг наздида ислом (дини)дир”.

Оли Имрон” сураси, 19-оят.

Демак, барча пайғамбарларнинг дини ҳам аслида ислом, дея аталар экан. Улар ўз умматларини юқорида қайд этилганидек, Аллоҳ таолонинг мавжудлиги ва ягона илоҳлигига иймон келтириш, яъни ишониш, фақат унгагина ибодат қилиб, унинг ибодатида унга ҳек ким ва ҳеч нарсани ширк келтирмаслик сари чорлаган. Яъни, асосий чорловлари битта бўлган.

Улар ўртасидаги фарқ биргина ибодатларда, яъни иймонлари тақозасига кўра бажариладиган амаллар тури ва кайфияти, ижтимомий, иқтисодий алоқа ва муносабатлар, амалга оширилиши жоиз ёки жоиз бўлмаган ишлар, истеъмоли мумкин ёки мумкин бўлмаган нарсаларда бўлган халос.

Яъни, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, ҳар бир пайғамбар ўз қавмига уларнинг тоқати даражасидаги вазифалар билан келган.

Намоз, закот, рўза ва ҳаж, шунингдек, уларни адо этиш билан боғлиқ маълум жиҳатлар ҳамда Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда баёни келган барча баёнотлар биз, яъни Муҳаммад алайҳис салом умматларига вазифа қилинган ибодатлар ҳисобланади.

Тўғри, аввалги умматларнинг айримларига намоз, рўза мисол ибодатлар ҳам жорий этилган. Бироқ, уларнинг мазкур ибодатларни адо этиш вақти ва кайфияти билан биз сўнгги умматга фарз қилинган мазкур ибодатларни адо этиш кайфияти борасида маълум фарқли жиҳатлар мавжуд бўлган.

Ислом дини билан бошқа самовий динлар ўртасидаги фарқ айнан мазкур жиҳатда халос.

Ислом сўзининг луғавий маъноси:

“Ислом” сўзи (арабча) луғатда “Ўзиданда қудрат, улуғлик ва ҳикмат борасида қувватлироқ бўлган томонга таслим бўлиш, итоат қилиш ва бўйсиниш”, маъноларини ифода этади.

Ислом сўзининг шаръий маъноси:

“Ислом” сўзи шаръий истелоҳда “Аллоҳ таолони ягона илоҳ, деб билган ҳолда унга итоат қилиш, у буюрган ибодатларни адо этиш, борлиқ билан чиройли муносабат ва муомалада бўлиш ва гўзал хулқлар билан сифатланиш”, демакдир.

Бу мисол ишлар соҳиби мусулмон ёки мўмин, деб аталади.

Ислом (ёки мусулмон) ва иймон (ёки мўмин) сўзларининг фарқи:

Уламоларимиз ислом билан иймон сўзлари орасидаги фарқ борасида узундан-узоқ муносабатлар билдирганлар. Ҳатто, бу мавзуда алоҳида китоб ёзганлари ҳам бўлган.

Лекин, гапнинг хулосаси шулки, ислом (ёки мусулмон) билан иймон (ёки мўмин) сўзлари тушунчалари умумий тарзда бир-бирига қовушиб кетган ва бири иккинчисини ифода этаверадиган тушунчалардир. Ушбу сўзлар ўртасида фақатгина луғавий жиҳатда фарқ мавжуд.

Аммо, иккисини алоҳида олиб қарайдиган бўлсак, иймон – ишониш, эътиқод мисол назарий масалаларга, ислом эса – бўйсуниш мисол амалий масалаларга хосдир.

Унга кўра ислом асослари – шаҳодатни ифода этиш (яъни, тилда айтиш),           намоз, закот, рўза ва ҳаж ибодатларини бажаришдан иборат бўлса, иймоннинг       асослари – Аллоҳга, унинг фаришталарига, самовий китобларига, пайғамбарларига, охирги кунга (Қиёмат кунига), тақдирга, ўлимдан сўнг (Қиёмат куни ҳисоб учун) қайта тирилишга қалб билан ишониш ва тасдиқлашдан иборатдир.

Ислом дини кенгқамровли мукаммал диндир:

Ислом дини инсон ҳаётига оид барча масасалар баёноти ва уларнинг ечимини ўзида мужассам этган кенгқамровли мукаммал дин ҳисобланади.

У нафақат ибодат, балки иқтисодий, ижтимоий, ахлоқий, ота-она, эр-хотин, қўшничилик ҳақ-ҳуқуқлари мисол барча масасалаларни илоҳий кўрсатмалар асосида адолатли тарзда баён этиб берган.

 

Ислом илм ва маърифат динидир:

Ислом дини илмлари асосан бешта мавзуга бўлинади. Улар:

  1. Эътиқод (яъни, бандалар Аллоҳ таоло учун амалга оширадиган эътиқодий – имон масалалари).
  2. Ибодат (яъни, бандалар Аллоҳ таоло учун амалга оширадиган амалий – таҳорат, ғусл, намоз, рўза, закот, ҳаж ва умра ҳамда ушбуларга тааллуқли қатор масалалар).
  3. Муомалот (яъни, бандалар ўртасидаги ўзаро муносабатлар – амалга оширадиган бандалар Аллоҳ таоло учун амалга оширадиган никоҳ, талоқ, идда, савдо, ижара, қарз, омонат, орият, гаров, ҳадя, йўқолган ва топиб олинган буюмлар, қасам, назр, каффоротлар, истеъмоли мумкин бўлган ва бўлмаган маҳсулотлар, қурбонлик ва сўйишлар, ов, жиноят ва жазо, ерларга оид ҳукмлар, конлар, тиббиёт, экинлар, мерос, қўйингки, жамиятнинг ўзаро, шунингдек, бошқа мавжудот олами билан бўлган ҳар бир каттаю кичик ижтимоий ва иқтисодий масалалар мажмуаси).
  4. Тарих (яъни, Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар асосида собит бўлган ўтмиш ҳодисотлари).
  5. Одоб ва ахлоқ (яъни, Қуръони карим, ҳадиси шарифлар ҳамда солиҳларнинг кўрсатмалари асосида собит бўлган барча масалаларга оид одоб ва ахлоқ масалалари).

Юқоридаги мазкур бешта мавзуларда қатор жилдлаб китоблар ёзилган ва ҳамон ёзилмоқда. Шунингдек, улар ўрганилган ва ўрганилмоқда.

Хулоса қилиш мумкинки, ислом дини нафақат инсоният, балки бутун бир борлиқ саодатига оид илмларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар асосида мукаммал ва муфассал тарзда баён этиб берган. Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ислом дини илмлари фақатгина иймон, намоз, рўза, закот ва ҳаж ҳамда уларга дахлдор масалаларга оид илмлар мужмуаси эмас. Шунингдек, ушбу дин фақатгина ушбу ибодатларга оид илмларни ўрганишга чорловчи дин ҳам эмас.

Қуръони карим оятларида “тафаккур қилиш”, “тадаббур айлаш”, “ақлни ишга солиш”, “англаб кўриш” каби фикр ва ақлга доир буйруқларни такрор ва такрор келтирилиши бугунги кун тили билан айтганда – замонавий илмларни нечоғлик аҳамиятли эканлигини уқтирса, ажаб эмас.

Бу мисол илоҳий буйруқ ва кўрсатмалардан Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек каби улуғ аждодларимиз аниқ хулосалар чиқара олганлар ва бунинг исботини ўз ижодлари намуналарида ифода этиб кетганлар.

Кўриниб турибдики, ислом дини фақат ва фақат илмга тарғиб этувчи, маърифатга чорловчи муқаддас илм динидир.

Зеро, инсоният, қўйингки, бутун бир борлиқ саодати йўлида хизмат қилувчи имл ва маърифат борки, уларнинг барчаси илмдир.

Қатор ояти карималар ва ҳадиси шарифларда илм ўрганиш лозимлигига доир кўрстамалар келтирилган.

Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

 قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ ۗ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ، 

Яъни, “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!”, деб айтгин. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар”.

Зумар” сураси, 9-оят.

Бу инкорий савол, яъни бу икки тоифа ҳаргиз тенг бўлмаслар. Илм аҳлининг даражаси ҳар доим юксак бўлган ва бўлади. Уларгина дунёда рислик қилган ва бу раёсатлари яна давом этаверади.

Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг ҳадиси шарифларида жумладан шундай марҳаматлар келтирилган:

 

عن أبي الدرداء رضي الله عنه قال سمعت رسول الله صلي الله عليه و سلم يقول: من سلك طريقا يلتمس فيه علما سهل الله له طريقا إلى الجنة، و إن الملائكة لتضع أجنحتها رضا لطالب العلم، و إن طالب العلم يستغفر له من في السماء و الأرض حتى الحيتان في الماء، و إن فضل العالم على العابد كفضل القمر على سائر الكواكب، و إن العلماء هم ورثة الأنبياء، و إن الأنبياء لم يورثوا دينارا و لا درهما، إنما ورثوا العلم، فمن أخذه أخذ بحظ وافر،

Яъни: Абу Дардо розияллоҳу анҳу:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини ёзади. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди”,  деганларини эшитдим”, дедилар.

Имом Бухорий ривояти.

Нозик нукта:

Мусулмон инсон шуни яхши билмоғи даркорки, инсон ўз Раббисига иймон келтирса, шунинг баробарида солиҳ амалларни бажарса Раббисининг улуғлик даражасини оширган бўлиб қолмайди.

Бордию, Раббисига иймон келтирмаса, шунинг баробарида исёнчилардан бўлса Раббисининг улуғлигига путур ҳам етказа олмайди.

Зотан, Аллоҳ таолонинг улуғлиги чексиздир. Уни ҳеч бир куч завол топтира олмас. Бениҳоятдирки, уни кимдир янада юксалтира олса…

Аксинча, ҳар икки ҳолат ҳам ўз соҳиби учундир. Яъни, иймон келтириб, солиҳ амаллар аҳлидан бўлиш ўз соҳибига икки дунё саодати учун сабаб бўлса, иймон келтирмаслик ва исёнчилар аҳлидан бўлиш ўз соҳибига икки дунё хорлиги учун замин яратади.

Бу борада Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда шундай марҳамат қилади:

عن أبي ذر رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم فيما روى عن الله تبارك وتعالى أنه قال: يا عبادي! إنكم لن تبلغوا ضري فتضروني، و لن تبلغوا نفعي فتنفعوني، يا عبادي! لو أن أولكم و آخركم و إنسكم و جنكم كانوا على أتقى قلب رجل واحد منكم ما زاد ذلك في ملكي شيئًا، يا عبادي! لو أن أولكم و آخركم و إنسكم و جنكم كانوا على أفجر قلب رجل واحد ما نقص ذلك من ملكي شيئًا، يا عبادي! لو أن أولكم و آخركم و إنسكم و جنكم قاموا في صعيد واحد فسألوني فأعطيت كل إنسان مسألته ما نقص ذلك مما عندي إلا كما ينقص المخيط إذا أدخل البحر، يا عبادي! إنما هي أعمالكم أحصيها لكم، ثم أوفيكم إياها، فمن وجد خيرًا فليحمد الله، و من وجد غير ذلك فلا يلومن إلا نفسه،

Яъни: Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ алайҳис салом азиз ва жалил Парвардигордан нақл қилган ҳадисларида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Эй бандаларим! Менга зарар етказа оладиган даражага етолмайсизки, зарар етказсангиз. Менга фойда келтира оладиган мавқега эришолмайсизки, фойдангиз тегса.

Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар орангиздаги энг тақводор одамдек бўлсангиз ҳам, мулким кўпайиб қолмайди.

Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар орангиздаги энг фожир одамдек бўлсангиз ҳам, мулким камайиб қолмайди.

Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар ҳаммангиз бир майдонга тўпланиб, мендан бирор нарса сўрасангиз ҳам, ҳар бирингизнинг сўраганини бераман. Бу билан худди игна денгизга ботириб олинганда унинг суви қанчалик камайса, мулкимдан ҳам ўшанча камаяди (яъни, ҳеч нарса камайиб қолмайди).

Эй бандаларим! Амалларингизга келсак, уларни сизлар учун ҳисоблаб қўяман. Сўнг уларнинг эвазини (мукофоти ёки жазосини) тўлиқ қилиб бераман.

Шундай экан, ким яхшиликка учраса, Аллоҳ таолога ҳамд айтсин. Ким ундан бошқа нарсага йўлиқса, ўзидан бошқани айбламасин!”.

Имом Муслим ва Термизийлар ривояти.

Қуйида ислом арконлари ҳамда уларнинг асл моҳияти ва инсон ҳаётида тутган ўрни ҳақида сўз юритамиз.

 

Ислом динининг арконлари:

Ислом динининг бешта аркони (асослари) мавжуд. Яъни, банда Аллоҳ таолога ибодат қилиши учун мазкур бешта амаллар жорий қилинган. Инсоннинг исломи ушбулар билан шаклланади, яъни мукаммал бўлади.

Улар:

  1. Иймон.
  2. Намоз.
  3. Рўза.
  4. Закот.
  5. Ҳаж.

Бу борада Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг ҳадиси шарифларида жумладан шундай марҳаматлар келтирилган:

عن عبد الله بن عمر بن الخطاب رضي الله عنهما قال: سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول: بني الإسلام على خمس: شهادة أن لا إله إلا الله، و أن محمدا رسول الله، و إقام الصلاة ، و إيتاء الزكاة، و حج البيت، و صوم رمضان،

Яъни: Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо:

“Ислом беш нарсага бино қилинган: “Лаа илаҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур росулуллоҳ”, деб шаҳодат келтириш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва рамазон рўзасини тутиш”, деганларини эшитдим” дедилар.

Имом Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоий ривоятлари.

 

Иймон:

“Иймон” сўзи (арабча) луғатда “Маълум бир ҳақиқатни қалб таскин топган ва шубҳадан холи ҳолда тасдиқламақ”, маъноларини ифода этади.

Шаръий истелоҳда эса “Шубҳасиз, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад унинг расули эканлигига гувоҳлик бераман” калималарини тил билан ифода этиб, қалб билан тасдиқлаш!”, демакдир. Ўз навбатида ушбу шаҳодат соҳиби Аллоҳ таоло ва унинг расули Муҳаммад алайҳис салом айтган ҳар бир хабарни ҳам уларга иймон келтирганидек тасдиқламоғи даркордир.

Батафсилроқ баён этганда, инсон Аллоҳга, унинг фаришталарига, самовий китобларига, пайғамбарларига, охирги кунга (Қиёмат кунига), тақдирга, ўлимдан сўнг (Қиёмат куни ҳисоб учун) қайта тирилишга қалби билан ишонмоғи ва ушбу ишончини тили билан ифода этиб, тасдиқламоғи керакдир.

Иймон исломнинг биринчи рукнидир. Иймонсиз исломнинг қолган амаллари қабул бўлмайди.

Иймон эътиқодий амал ҳисобланади.

Иймоннинг моҳияти ва унинг инсон ҳаётида тутган ўрни:

Тасаввур қилиб кўринг. Бир киши ҳовли, томорқа ва кўчасини супириб, сидирди. Ўз навбатида йиғилган чиқиндиларни махсус елим халталарга солди ва уларни орқалаб уйининг ташқарисига олиб чиқа бошлади.

Табиийки, у мазкур халталарини қўшнисининг қаровсиз ва кимсасиз ҳовлисига ёки оқиб турган анҳор суви ёхуд йўлнинг четига улоқтирадиган бўлса кўрганлар уни койишади ё унинг ҳақида салбий муносабатлар билдиришади. Бордию, уларни махсус жойга олиб бориб жойласа барча унга илиқ сўзлар айтади.

Мана шу ҳолатда мазкур инсон иймонли бўлса, атрофида уни танқид қилувчи ёки унга мақтов айтувчиларнинг бор-йўқлиги аҳамиятга молик эмас.

Чунки, у Аллоҳ таолонинг борлиги, ҳар бир ишни кузатиб туриши, яхши иш учун ажр битиб, ушбу иш соҳибини икки дунёда азиз ва мукаррам қилишини, икки томонида унинг савоб ва гуноҳларини қайд этиб борувчи фаришталар мавжудлигини ҳис этиб иш кўради. Бу борада номақбул иш тутишдан Раббисининггина ғазабидан қўрқади. Аксинча, мақбул иш тутиб, Раббисининггина розилигига эришиш пайида бўлади.

Зотан Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу борада шундай марҳамат қилади:

 وَلَا تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ بَعْدَ إِصْلَاحِهَا، 

Яъни, “Ва (ер курраси) ислоҳ қилинганидан сўнг ерда фасод (бузғунчилик ишларини) қилманг! …”.

“Аъроф” сураси, 56-оят.

Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг ҳадиси шарифларида жумладан шундай марҳаматлар келтирилган:

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم: إماطة الأذى عن الطريق صدقة،

Яъни: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Йўлдан озорли нарсани олиб ташлаш садақадир (яхши амалдир), дедилар.

Имом Муслим ва Абу Довуд ривоятлари.

Ушбу мисол кўрсатмаларга мувофиқ қўлидаги халталарни махсус жойга олиб боради. Энг муҳими, у бу ишини камситиб эмас, аксинча савоб иш сифатида мамнуният ила бажаради.

Тасаввур қилиб кўринг… Иймон бўлмасачи…

Унда иш чатоқ…

У ҳолда мазкур кимса қўлидаги халталарни кўтариб кўчага чиқар экан даставвал у ёқ, бу ёқ томонга қарайди. Атрофда уни номақбул иши юзасидан терговчилар бўлмаса чиқиндини тўғри келган қулай жойга улоқтиради, “қутилади”: қўшнисининг қаровсиз ва кимсасиз ҳовлисига, оқиб турган анҳор сувига, йўлнинг у ёки бу четига ваҳаказо…

Бордию, уни маҳалла катталари, устозлар мисол кимдир кузатиб турганини билиб қолса мазкур халталарни ўз жойига олиб боради. Эътиборлиси, у бу ишини ичи сиқилиб, минг бир оринишлар билан ортиқча ишдек бажаради.

Соддароқ қилиб баён этсак, иймони бор инсон учун махсус мураббий, посбон ёки қўриқчининг кераги йўқ. Чунки, у юқорида таъкидлаганимиздек, Аллоҳ таолонинг борлиги, ҳар бир ишни кузатиб туриши, яхши амал учун ажр битиб, ушбу амал соҳибини икки дунёда азиз ва мукаррам қилишини, икки томонида унинг савоб ва гуноҳларини қайд этиб борувчи фаришталар мавжудлигини ҳис этиб иш кўради.

Зотан, унда иймон, дея аталмиш бебаҳо тарбиячи бор.

Агарда, инсоннинг иймони бўлмаса бу мисол ҳар бир инсонлар учун ҳар бир ишда махсус мураббий, посбон ёки қўриқчи керак бўлади.

Бунинг эса асло имкони йўқ…

Мана сизга иймоннинг моҳияти, унинг инсон ҳаёти ва жамиятда тутган ўрни!

Ислом динида мужбурлаш, яъни иймонга мажбурий киритиш мумкин эмаслиги, мажбурланган кишининг иймони инобатга олинмаслиги ҳам шу нуқтаи назардан. Чунки мажбурий иймон келтирган инсон иймонини қалби билан тасдиқламайди. Шу сабабли у холи қолган вақтида хоҳлаганидек иш тутаверади.

Иймонли инсон ҳатто қалбида ҳам ямон ишлар борасида аҳд қилмайди. Чунки, у иймон келтирган Аллоҳ таоло ошкор ва махфий ишларни ҳам бирдек билувчи, эшитувчи, кўрувчи ва идрок этувчи зотдир.

Аллоҳ таоло бандаларини ўзининг барча самовий китобларига, пайғамбарларига, охирги кунга (Қиёмат кунига), тақдирга, ўлимдан сўнг (Қиёмат куни ҳисоб учун) қайта тирилтиришига, ҳисоб-китобга, жаннат ва жаҳаннамга иймон келтиришга амр этишининг ҳам аҳамияти жуда катта.

Кўриниб турибдики, иймон ўз соҳибини тартиб ва интизомли, эзгу ниятли, хайрли амаллар соҳиби, беозор, хушмуомала, шижоатли, зиёли ва илму маърифатли бўлишида мана шундай кўмак беради.

 

Намоз:

“Намоз” сўзи араб тилида “солат”, деб аталиб, луғатда “Дуо, илтижо қилиш”, маъноларини ифода этади.

Шаръий истелоҳда эса “Аллоҳ таолога яқинлашиш, унгагига ибодат қилиш мақсадида амалга ошириладиган такбир билан бошланиб, салом билан якунланувчи сўзлар, ҳаракат ва саканотлар мажмуи”, демакдир.

Намоз баданий, яъни жисмоний ибодат ҳисобланади.

У Пайғамбаримиз алайҳис салом Маккадан Мадинага ҳижрат қилишларидан бироз олдин содир бўлган “Исро” ва “Меърож” кечасида фарз қилинган.

Намоз исломнинг иймондан кейинги навбатдаги иккинчи рукни ҳисобланади. У жаннатнинг калити, дея таърифланади. Унинг калити эса таҳоратдир.

Аллоҳ таоло ҳар бир балоғат ёшига етган, оқил инсонга бир кеча кундуз давомида беш вақт намозни адо этишни фарз қилган. Улар:

  1. Бомдод.
  2. Пешин.
  3. Аср.
  4. Шом.
  5. Хуфтон.

Ушбу намозларнинг ҳар бири учун махсус вақт ва шартлар мавжуд.

 

Намознинг моҳияти ва унинг инсон ҳаётида тутган ўрни:

Инсон намоз асносида ўзининг буюк Раббиси билан мулоқот қилади: унга илтижо айлайди, марҳаматини сўрайди, уни улуғлаш баробарида ўзининг бандалигини эътироф этади.

Банданинг ўз Раббиси билан мулоқоти ортиб борар экан у чуқур хотиржамлик топади. Қалбига вахима солувчи хатарлар бўлмайди. Борини ҳам осонгина енга олади.

Тасаввур қилиб кўринг. Ҳар куни беш вақт Раббисининг мулоқотида бўлиб, уни улуғлаган, ўзининг бандалигини эътироф этган инсон туну кун давомида қаршисидан бирор бир номақбул амал чиқса унга мубтало бўладими… Бирор бир хайрли амал унинг олдида пайдо бўлса, уни тарк эта оладими… Йўқ, албатта!

Унинг Раббиси билан бўлаётган мулоқоти, яъни намозлари самимий ва холис экан бу мулоқотлар ҳам уни туну кун давомида тарбия қилиб боради.

Ҳар бир бажариши керак бўлган (ёки мумкин бўлмаган) амални бажаришда (ёки тарк этишда) Раббисини кўриб тургандек ёки Раббисининг ўзи уни кўриб тургандек йўл тутади. Раббисини унутиб қўймайди.

Кўриниб турибдики, намоз ҳам иймон каби ўз соҳибига ҳар дам Раббисини эслатиб турувчи мураббийлик вазифасини ўтайди.

Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

إِنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَىٰ عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنكَرِ ۗ،

Яъни, “Албатта намоз (ўз соҳибини) фаҳш ва мункардан қайтарур”.

“Анкабут” сураси, 45-оят.

Бундан ташқари намоз ўз соҳибининг баданий, яъни жисмоний қуввати ва саломатлиги учун ўта муҳимдир.

Кун давомида беш вақт намоз учун таҳорат олиши ёки лозим ҳолларда ғусл қилиши (ювиниши), намоздаги тик туриш, қўл ҳаракатлари, руку, сажда, қаъда (ўтириш) ҳолатлари, қадамлари билан масжидга қатнаши, пиёда юриб бориб-келиши ва бу амалларни ҳар куни маълум ва муносиб бир вақтлар давомида мунтазам ва тартибли давом эттириб бориши, яна бир муҳим жиҳат намоз асносида фикри бир нуктада жамлаш инсон саломатлиги учун нақадар аҳамиятли эканлиги бугунги замонавий илмий фан асосида тасдиқланган асл ҳақиқатдир.

Мана сизга намознинг моҳияти, унинг инсон ҳаёти ва жамиятда тутган ўрни!

 

Рўза:

“Рўза” сўзи араб тилида “совм”, “сийам”, деб аталиб, луғатда “Бир нарсадан ўзни тиймоқ, сақланмоқ”, маъноларини ифода этади.

Шаръий истелоҳда “Рамазон ойи кунлари давомида тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзни тиймоқ, сақламоқ”, демакдир.

Рўза ҳам баданий, яъни жисмоний ибодат ҳисобланади.

У ҳижратнинг иккинчи санасида фарз қилинган.

 

Рўзанинг моҳияти ва унинг инсон ҳаётида тутган ўрни:

Рамазон ойи рўзасини нафақат рўзадор, балки бутун бир жамият учун фойдалари жуда ҳам кўп. У бир жиҳатдан ўз соҳибининг тақводорлигини оширса, яна бир жиҳатдан унинг саломатлигини мустаҳкамлайди. Бу ҳақиқатни бугунги илмий фан тадқиқотлари тасдиқламоқда ва очлик тариқасида саломатликни тиклашга тарғиб этмоқда. Замонамиз шифокорлари шундай дебдилар:

Бир йилда тўлиқ бир ой рўза тутиш йил давомида инсон тана аъзоларида йиғилган кераксиз моддаларни тозалашга кафилдир”.

Шунингдек, у инсон танасидаги ортиқча намликлар бартараф этиб, юракдаги ёғларни парчалайди. Қон боисимини нормаллаштиради. Ошқозон учун ёқимли ва лозим бўлган йилнинг навбатдаги таътилини эълон қилади.

Тақвонинг энг юксак кўриниши инсон ўз нафсини жиловлаб, уни ақли ва иймони тақозасига монан бошқара олиши, баднафсликдан воз кечиб, ўзи учун раво кўрган нарсани бошқарлар учун ҳам раво кўриши, фақир ва мискин мисол муҳтожларнинг ҳолини қалбан англаб, уларга кўмак қўлларини чўзишидир.

Инсон айнан мазкур фазилатларни рўза ҳолатидагина ёрқинроқ ҳис эта олади.

Аллоҳ таоло инсонларни рўза тутишга амр этар экан, оятнинг якунида: “Шоядки, тақводор бўлсаларингиз”, дея марҳамат қилган. Демак, ҳақиқий рўзадорлар албатта ва шубҳасиз тақвога эришади.

Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ،

Яъни, “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга (аввалги умматларга ҳам) фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсаларингиз”.

“Бақара” сураси, 183-оят.

Мана сизга рўзанинг моҳияти, унинг инсон ҳаёти ва жамиятда тутган ўрни!

 

Закот:

“Закот” сўзи (арабча) луғатда “поклик”, “барака” ва “ўсиш”, маъноларини билдиради. Зотан, закоти берилган мол покланади, унга барака ато этилади ва у кўпайиб, ўсади.

Закот бермаган кишининг моли эса унинг ичида закотга ҳақдорларнинг моли ҳам аралашган мол сифатида нопок бўлиб туради, баракаси қочади ва касодга учрайди. Қачон закотини берсагина покланади. Аксинча, йўқ.

Шаръий истелоҳда “Махсус молдан (яъни, нисобга етган молдан) махсус қисмини (яъни, шариат тайин қилган қисмини) махсус инсонлар (яъни, ҳақдорлар) учун Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида ҳеч қандай манфаат эвазисиз закот ниятида мулк қилиб бериш”, демакдир.

Закот молиявий ибодат ҳисобланади.

У ҳижратнинг иккинчи санасида рўзадан кейин фарз қилинган.

Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

وَ أَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَ آتُوا الزَّكَاةَ ۚ وَ مَا تُقَدِّمُوا لِأَنفُسِكُم مِّنْ خَيْرٍ تَجِدُوهُ عِندَ اللَّهِ ۗ إِنَّ اللَّهَ بِمَا تَعْمَلُونَ بَصِيرَ،

Яъни, “Намозни қоим қилинг, закот беринг, ўзингиз учун қилган яхшиликларни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз. Албатта, Аллоҳ қилаётганларингизни кўрувчидир”.

“Бақара” сураси, 110-оят.

 

Закотнинг моҳияти ва унинг инсон ҳаётида тутган ўрни:

Закот инсоннинг Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатини нечоғлик юксаклигини билдирувчи ибодатдир. Ушбу амал соҳиби Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ молидан фақир ва муҳтожларнинг ҳақларини бериши, натижада уларнинг оиласига кенгчилик ва қувонч олиб кириши натижасида Аллоҳ таолонинг розилигига эришади. Ҳавои нафсини жиловлашни ўрганади. Раббисининг розилигини ҳавои нафси ва қуруқ дунё матосидан устун, деб билади.

Шунингдек, закот жамият ўртасида ижтимой алоқаларни мустаҳкамлайди. Инсонни баднафсликдан асрайди. Натижада муҳтож ва фақир кимсалар билан бадавлат кимсалар ўртасида адоват, ҳасад, туҳмат, босқинчилик, тажовуз, ўғирлик мисол салбий муносабатлар авж олишининг олдини олади.

Мана сизга закотнинг моҳияти, унинг инсон ҳаёти ва жамиятда тутган ўрни!

Ҳаж:

“Ҳаж” сўзи (арабча) луғатда “Улуғланган, муқаддас жойни ният қилмоқ, ва ўша томон йўналмоқ”, маъноларини англатади.

Шаръий истилоҳда эса “Махсус жойни, муайян вақтда махсус амал билан зиёрат қилиш”, демакдир.

Махсус жой”дан мурод Каъбаи муаззама билан Арафот тоғидир. “Муайян вақт”дан мурод зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни Арафотда туриш ҳамда наҳр кунининг тонгидан бошлаб тавоф кунлари ичида Каъбани тавоф қилиш назарда тутилган. “Махсус амал”дан мурод эса ҳаж ниятида эҳромга кириш ва ҳажга оид бошқа ибодатларни бажариш ирода қилинган.

Ҳаж сафарига бориб келиш учун энг зарур эҳтиёжларидан ташқари етарли маблағга эга, соғлом ва хотиржам одам ҳаёти давомида бир маротаба ҳаж қилиши фарздир.

Ҳаж ҳам баданий, яъни жисмоний, ҳам молиявий ибодат ҳисобланади.

У ҳижратнинг тўққизинчи санасида закотдан кейин фарз қилинган.

Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا ۚ،

Яъни, “Инсонлардан йўлга қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтни (Каъбани) тавоф қилмоқ бурчдир. …”.

“Оли Имрон” сураси, 97-оят.

Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг ҳадиси шарифларида жумладан шундай марҳаматлар келтирилган:

عن أبي هريرة رضي الله عنه، عن النّبيِّ صلى الله عليه وسلم،أنه قال: الحج المبرور ليس له جزاء إلا الجنّة،

Яъни: Расулуллоҳ алайҳис салом:

“… Мабрур ҳажнинг мукофоти фақатгина жаннатдир”, дедилар.

Имом Бухорий ва Муслимлар ривоятлари.

Расулуллоҳ алайҳис салом маълум сабабларга ўнинчи санада биринчи ва сўнги видолашув ҳажларини адо этганлар. Унда пайғамбаримизнинг атрофларида юз минг нафардан ортиқ саҳобалар иштирок этган. Ушбу сон бугун қайсидир маънода ўз туйилиши мумкин, бироқ ўша давр шарт шароити ҳамда одамлар сони нуқтаи назардан жуда ҳам катта ва улкан кўрсатгич бўлган.

 

Ҳажнинг моҳияти ва унинг инсон ҳаётида тутган ўрни:

Юқорида зикр қилиб ўтилганидек, ҳар бир ибодатнинг ўз ҳикмати бор. Масалан, иймон, намоз ва рўза ўз соҳибини номақбул ишлардан қайтиб, эзгу ишларга одатланишида, тақвосининг юксалиши, саломатлигининг мутаҳкамланишида, закот эса молни покланаши, баракали бўлиши ва турли шикастлардан саломат бўлиши ҳамда жамиятда тенглик аҳилликни барқарорлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳаж ибодатининг ҳам ҳикматлари жуда ҳам кўп. Жумладан, ҳажда Аллоҳ таолонинг розилигини қозониш учун ҳамма нарсадан маълум муддат бўлсада воз кечиб, ҳатто доимий кийиб юрган либосларидан ҳам фориғ бўлиб ибодатга киришилади. Аллоҳнинг ибодатига астойдил бел боғланади. “Лаббайкаллоҳума лаббайк…”, дея Парвардигорга илтижо учун юзланилади.

Буларнинг барчаси нафсдан устун келишнинг, руҳий тарбия, Алллоҳ таоло розилиги учун дунё ташвишларидан бироз бўлса ҳам четланишнинг бир кўринишидир.

Нега десангиз, банда ҳажга фақат ибодат қилиш учун боради. Одатда, унинг қалбида моддий фойда олиш мисол дунёвий мақсадлар бўлмайди.

Эҳромдаги инсон нафсини тергашни ўрганади. Шунингдек, беихтиёр қалбини ҳам ёмонликдан пок сақлашни одат қилади.

Ҳаж мусулмонларнинг бирдамлиги, бир тану бир жон эканининг ёрқин мисолидир. Ҳаж асносида барча мусулмонларнинг ибодатлари, ниятлари, ҳатто кийимлари ҳам бир хил бўлади. Ирқи, миллати, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар ҳамма бир хил кўринишда бўлади. Улар ягона Аллоҳ таолога ёлворадилар, дуолар қиладилар, гуноҳлари учун тинимсиз истиғфор айтадилар.

Демак, ҳаж арконларини рисоладагидек бажарган одам тақводорлар сафидан жой олади. Хатолари учун истиғфор айтади. Марҳаматли Аллоҳ таолонинг мағфирати ила гуноҳлардан тўлиқ фориғ бўлади. Навбатдаги ҳаёнитини эзгу ва хайрли ишларга сарфлашга талпиниб яшайди.

Ҳаж ибодати инсон иродасини тоблайди. Унга машаққатларни мардонавор енгиб ўтишни ўргатади. Аҳли оиласи, ватани ва яқинлари бағридан узоқ жойларда юриб ҳаж амалларини бажариши билан сабр-тоқати зиёда бўлади. Унда қийинчиликларни енгиш малакаси шаклланади.

Мана сизга ҳажнинг моҳияти, унинг инсон ҳаёти ва жамиятда тутган ўрни!

 

Эслатма!

Шуни унитмаслик керакки, юқоридаги амалларни фақатгина Аллоҳ таолонинг амрини бажариш, унинг амрларига итоат этиш ва шу орқали ажр, яъни савоб олиш мақсадида амалга оширмоқ керак! Бошқа бир манфаъатлар (жумладан, қуруқ саломатлигини асраш ёки тиклаш, молининг ҳимояси, баракали ва зиёда бўлиши кабилар) учунгина эмас. Акс ҳолда бу ибодатлар учун ажр берилмайди.

 

Хулоса:

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, муқаддас ислом динимиз эзгулик, тинчлик, садоқат, саховат, мурувват, беозор, марҳаматли ва илму маърифатга чорловчи муқаддас ва мукаммал диндир. У ҳар қандай зўровонлик, босқинчилик, хасислик, ваҳшийликларни қатъий қоралайди.

 

Якуний хулоса:

Яна бир бор хулоса қилиш мумкинки, ислом дини унинг номидан ўз кирдикорларини амалга оширмоқчи бўлганларни кескин лаънатлайди.

Ислом дини ниқоби остида қатор ваҳшийликларни содир этаётганларнинг ишлари ҳам, ўзлари ҳам залолатда эканликлари шубҳасиздир.

Уларнинг асл мақсадлари битта. У ҳам бўлса – муқаддас ислом дини номи ниқоби ортида яшириниб олиб, қатор муқаддас сўзлар ва ёлғон рангли шиорлар садоси остида инсонларнинг ишончини қозониш ва тузоқларига муносиб ўлжаларни тушириш. Шу тариқа дунё бўйлаб фитна уруғларини сочиб, ноҳақ қон тўкиш йўли билан мўмай нопок даромад кўриш, ерлар, “қул” ва “чўри”ларга осонгина эга чиқиш.

Шунинг баробарида Ислом номини қора қилиб, унинг моҳиятини тушунмаган инсонларни Исломдан бездириш, нафратлантириш ва қўрқитишдир.

Зотан, уларда муқаддас Ислом динидан заррача ҳам нишона йўқ.

Ҳолбуки биз Сиз билан юқорида Ислом динимиз ва унинг арконлари ҳамда уларнинг моҳияти, инсон ва жамият ҳаётида тутган ўрни ҳақида қайсидир маънода батафсил фикрлашиб ўтдик.

 

 Зангиота тумани бош имом-хатиби,
МАВЛАНОВ Нурали Райимович

Read 3883 times

Мақолалар

Top