МАҚОЛА

1-Мавзу: Имон – иқрор ва тасдиқдан иборат

Имон ишонч”, “эътиқод”, “тасдиқлаш”, “омонлик бериш” маъноларини англатиб, динимизнинг бешта асос, яъни устунларидан биринчисидир.

Ҳанафий мазҳабимиз ва мотуридия ақидамизга кўра, имон Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ таолодан етказган барча хабарларини тасдиқлаш ва иқрор қилишдан иборат. Кишининг имонига Калимаи шаҳодат” (Гувоҳлик калимаси”) далолат қилади: “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва Росуулуҳ (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига гувоҳлик бераман”)”.

Амал имондан эмас. Яъни, динда буюрилган амалларни адо этиш фарз бўлса-да, улар имондан ҳисобланмайди. Шунга кўра амални тарк қилиш туфайли куфрга ҳукм қилинмайди.

Имон зиёда ҳам, нуқсон ҳам бўлмайди. Чунки имоннинг асли тасдиқдан, яъни юз фоизлик қатъий ишончдан иборат. Бундай тасдиқда эса зиёда ва кам бўлиш тасаввур қилинмайди. Яъни, камайса, юз фоизлик ишонч бўлмагани учун имон бўлмай қолади, кўпайишнинг эса ўзи тўлиқ бўлгани учун имкони йўқ. Шунинг учун имон” деб аталадиган бундай тасдиқ зиёда ва кам бўлмайди деб эътиқод қиламиз.

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодида имоннинг тафсилотлари, яъни тўлиқ шакли (“Имони муфассал”) қуйидагича ифодаланади: “Ааманту биллааҳи ва малааикатиҳий ва кутубиҳий ва русулиҳ, вал явмил
аахири, вал қодари хойриҳий ва шарриҳий миналлоҳи та-ъаалаа, вал баъси баъдал мавт”. Маъноси: “Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига, охират кунига, қадарнинг яхшию ёмонлиги Аллоҳ таолодан эканига, ўлгандан сўнг қайта тирилишга имон келтирдим”.

Ҳанафий мазҳабимиз асосчиси Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” асарида имонга қуйидагича таъриф берган: “Имон – бу иқрор ва тасдиқдан иборатдир. Осмон ва ер аҳлларининг имони, имон келтирилган нарса жиҳатидан зиёда ҳам, кам ҳам бўлмайди, лекин яқийн (аниқ билиш) ва тасдиқ жиҳатидан зиёда ва кам бўлади. Мўъминлар имонда, тавҳидда ўзаро тенгдирлар, аммо амалда бир-бирларидан ортиқ-камдирлар”.

Имон тушунчаси исломда муҳим ва баҳсли масалалардан бири ҳисобланиб, уни VIII асрдан бошлаб турли илоҳиёт ва диний-ҳуқуқий мактаб вакиллари турлича талқин этган. Хусусан, ҳанбалийлик мазҳабида имон қалб билан тасдиқлаш, тил билан иқрор бўлиш ва тана аъзолари билан амал қилиш ҳисобланади. Лекин улар ҳам амал қилмаганни кофир демайдилар.

Афсуски, ҳозирги кунда диний мутаассиб ва экстремистик оқимлар гўёки “амали йўқлар имонсиз бўлади ва дўзахда куяди” деган даъво билан ўзларига эргашмаган мусулмонларни имонсизликда айблашга ва охират билан қўрқитишга ҳаракат қилмоқдалар.

Мазкур масала бўйича ҳанафий мазҳабининг фақиҳ, муфассир, мутакаллим ва муҳаддис олими Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни баён қилган: “Баъзи адашган фирқалар Қуръон ва суннатга тўғри келмайдиган қарашлари сабабли кишиларни шаҳодат калималарини айтаётган бўлсалар-да, ислом арконларини адо этаётган бўлсалар-да, кофирга чиқаришга уринганлар. Бошқа баъзи фирқалар эса юқоридагилардан мутлақо тескари йўл тутишиб, шаҳодат калималарини талаффуз қилганларни бирор ҳолатда ҳам куфрга чиқариб бўлмайди деб ҳисоблашган. Аҳли сунна вал жамоадагилар эса куфрга чиқаришни мутлақо инкор ҳам қилмайдилар ва ҳар бир гуноҳ туфайли куфрга ҳам ҳукм қилмайдилар, балки аҳли қибла тўғрисида доимо яхши фикрда бўладилар”.

“Аҳли сунна вал жамоа” ушбу масалага қарашлари ҳақида “Ақидатут Таҳовий” китобида қуйидагилар таъкидланган: “Қибла аҳлини гуноҳ иш қилсалар ҳам кофир санамаймиз, башарти уни гуноҳ иш эканлигини кўр-кўрона инкор этмаса. ...Киши имондан чиқиши учун имонга киришига сабаб бўлган нарсаларни инкор этган бўлиши керак. Имон  бу Расули акрам алайҳиссалом Аллоҳ томонидан келтирган барча хабарларни тил билан иқрор қилиб, қалб билан тасдиқлашдир”. Яъни, мусулмон киши икки шаҳодат калимасини талаффуз қилиб, маъноларига эътиқод қилиш билан Исломга кирса, уларнинг маъноларини инкор қилиш билан Исломдан чиқади.

“Аҳли сунна вал жамоа” эътиқодига кўра, гуноҳи кабира қилган мусулмон ўз гуноҳларига тавба қилишга улгурмасдан вафот этиб кетган бўлса-да, дўзахда абадий қолмайди. Бундай кишилар қалбларида имони борлиги эътиборидан қилган гуноҳларига яраша жазоланиб, сўнгра дўзахдан чиқариладилар. Бу ҳақда ҳадисда қуйидагича айтилган: «Бизларга Имрон ибн Ҳусайн розийаллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганини гапириб берди: “Бир қавм Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатлари сабабли дўзахдан чиқиб, жаннатга кирадилар, “жаҳаннамийлар” деб номланадилар”» (Имом Бухорий, 6566-ҳадис). Имом Муслим Абу Саид розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда: “Улар (яъни, жаҳаннамийлар” деб ном олганлар) Аллоҳга дуо қиладилар, Аллоҳ улардан ушбу исмни кетказади”, дейилган (191-ҳадис).

Шу билан бирга, динимизда гуноҳкор банда баъзи ишларни қилиши сабабли Аллоҳ таоло уни дўзах азобидан сақлайди, деб эътиқод қилинади. Бундай ишларга қуйидагиларни келтириш мумкин: тавба, истиғфор, яхши ишлар, дунёвий мусибатлар, мўминларнинг тириклигида ва вафотидан кейин орқасидан истиғфор айтишлари, ўлимидан кейин унинг номидан садақа ёки ҳаж қилиш каби ишлар, шафоат қилувчиларнинг шафоати, Аллоҳ таолонинг афв этиши.

Энг ачинарлиси шуки, ҳозирги оқим тарафдорлари намоз ва рўза каби амалларни бажармаганларни кофирга чиқариб, қонини тўкишни ҳалол санамоқдалар. Ваҳоланки, Имом Таҳовий, мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳларнинг эътиқодлари қуйидагичадир:

ولا نُكَفِّرُ أَحَداً مِنْ أَهْلِ القِبْلَةِ بِذَنْبٍ، مَا لَمْ يَسْتَحِلَّهُ

яъни: “Қибла аҳлидан ҳеч кимни бирор гуноҳ туфайли, модомики ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.

Шундай экан, ҳар биримиз юқоридаги маълумотлардан тўғри хулоса чиқариб, аҳли сунна вал жамоа эътиқодида мустаҳкам туриб, ҳар хил нотўғри ва ботил эътиқодлардан ўзимиз ва яқинларимизни эҳтиёт қилишимиз лозим.

 

"Диний-маърифий суҳбатлар" китобидан

Read 1279 times

Мақолалар

Top