МАҚОЛА

5-мавзу: Ёшларимизни илм-фанга йўналтирайлик!

Маълумки, Ислом дини инсонларни илм олишга кенг тарғиб қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган дастлабки оятларда ўқишга буюрилишнинг ўзи ҳам Ислом илму маърифат дини эканининг ёрқин далилидир. Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига етишиш воситаси қилди. Илмсизлик эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва шу орқали Парвардигорини танишга чақирди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

فَاعْلَمْ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَاسْتَغْفِرْ لِذَنْبِكَ وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مُتَقَلَّبَكُمْ وَمَثْوَاكُمْ (سورة محمد/٩١)

яъни: “Бас, (эй Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг! Аллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезадиган жойларингизни ҳам, (охиратда) борадиган жойларингизни ҳам билур”. (Муҳаммад сураси, 19-оят).

Ҳар бир иш мукаммал, мустаҳкам бўлиши учун илм, амал ва ихлос бирлашиши шарт. Дунёда илмдан кўра юксак даража ва мартаба йўқдир. Аллоҳ таоло айтади:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ ( سورة المجادلة/١١)

яъни: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло илм дини бўлмиш Ислом билан инсониятни жаҳолат зулматидан ҳидоят нурига олиб чиқди. Ислом дини илмни имонга тасдиқ, амалга эса йўлбошчи қилган диндир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир мусулмон киши илм олиши фарз экани ҳақида шундай деганлар:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: طَلَبُ الْعِلْمِ فَرِيضَةٌ عَلَى
كُلِّ مُسْلِمٍ. (رَوَاهُ الامام ابْنُ مَاجَةَ)

яъни, Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир мусулмон кишига илм талаб қилиш фарздир”», дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган кўплаб ҳадиси шарифларда ҳам илмга тарғиб қилинган ва илм эгалари мақталган. Жумладан, бир ҳадисларида:

اَلْعُلَمَاءُ وَرَثَةُ الْاَنْبِيَاءِ فَاِنَّ الْاَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَلاَ دِرْهَمًا فَاِنَّمَا وَرَّثُوا الْعِلْمَ (رَوَاهُ الْإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).

яъни: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар”, деганлар (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти).

Барчамиз ёш авлод таълим-тарбияси борасидаги давлатимиз олиб бораётган изчил ислоҳотларни амалга оширишда ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида саъю ҳаракат қилсак, бу борадаги дунёқараш ва тасаввурларни тубдан ўзгартирсак, кўзланган мақсад ва натижаларга эришамиз. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

...إِنَّ اللَّهَ لَا يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُوا مَا بِأَنْفُسِهِمْ ...
(سورة الرّعد/١١)

яъни: “...Албатта, Аллоҳ бирор қавм ўзларидаги нарсани (неъматларга нисбатан муносабатни) ўзгартирмагунларича, улардаги нарсани (ҳолатни ёмон ҳолатга) ўзгартирмас...” (Раъд сураси, 11-оят)

Илм йўлида пок ният ва ихлос билан ҳаракат қилиш бандага жаннат йўлини осон қилади. Ҳадиси шарифда шундай дейилади:

«وَمَنْ سَلَكَ طَرِيقاً يَلْتَمِسُ فِيهِ عِلْماً،
سَهَّلَ اللهُ لَهُ طَرِيقاً إِلَى الجَنَّةِ»
(رواه الامامُ مسلم عن أَبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Ким илм излаб йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди” (Имом Муслим ривояти).

Дунёда илм-фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Лекин шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан жиддийроқ шуғулланишга ундайди. Ваҳоланки, тарихда мусулмон олимлари дунё халқларига кўплаб кашфиётларни тақдим этганлар. Кашфиётларнинг кўпи аниқ фанларга тўғри келган, яъни математика, геометрия, астрономия, физика, кимё ҳамда тиббиёт фанлари ривожланган.

Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилган. Ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишлари лозим. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзиларнинг фарзандлари, хоссатан, мактаб ёшидагилар вақтларининг аксарини интернет ва компьютер ўйинлари (playstation) клуб­ларида ҳар хил ножўя ўйин ўйнаб, инсоннинг қалби ва имонига зарар келтирадиган расм ва видеоларни томоша қилиб, тўғри йўлдан адаштирувчи нотаниш кишилар билан алоқа ўрнатиб, умрларининг олтин даврини зое қилмоқдалар. Ваҳоланки, бу даврда вақтнинг қадрига етиш, ундан унумли фойдаланиш лозим.

عَنْ الْحَسَنِ الْبَصْرِيِّ: الْعِلْمُ فِي الصِّغَرِ، كَالنَّقْشِ فِي الْحَجَرِ

яъни: Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади. У зот: «Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, деганлар.

Шунингдек, баъзи оилаларда фарзанд тарбияси тўлиғича телевизор ёки телефон аппаратларига топшириб қўйилган. Уларнинг фарзандларини ўзлари эмас, балки ўша техник жиҳозлар “тарбияламоқда”. Ҳар бир ота болалари тарбияси учун жавобгар эканини унутмаслигимиз ва охиратда бу ҳақда айнан ота сўралишини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.

Таъкидлаш жоизки, Давлатимиз Раҳбари томонидан ёшларимизни илм-маърифатга тарғиб қилишни кучайтириш, кўпроқ китоб ўқишга жалб қилиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилмоқда. Аммо биз ота-оналар мазкур масалада қанчалик эътиборлимиз? Охирги марта ўғил-қизларимизга қандай китоб олиб берганимизни ёки шахсий ибрат кўрсатиб бирорта бадиий асар мутлоаа қилганимизни эслай оламизми? Ваҳоланки телефон, кийим-бошни “модадан қолди” ёки “модели эскирди” деб ой сайин янгилаб беришга маблағ топамиз.

Фарзандларимизни қўшимча тўгарак ёки репититорга йўналтириш масаласига қандай қарамоқдамиз? Мазкур ишга “қиммат” деб, пул сарфлашдан қочамиз. Бироқ, ушбу маблағ фарзандларимизнинг келажаги учун капитал экани, уларга олиб бераётган автомобиль ёки бошқа ашёдан кўпроқ фойда келтиришини ўйлаб кўрайлик. Мажозий маънода айтганда, фарзандларимизга “балиқ” эмас, “қармоқ” олиб берайлик.

Ҳар қандай жамиятнинг олимлари, зиёлилари, айниқса, ота-оналар миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслиги, ахлоқи бузилмаслиги, сохта ва бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолмаслигига
масъулдирлар. Ёшларнинг мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришларига алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъ-
улиятидир. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиб, қаерда юргани, кимлар билан ўртоқлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмасликнинг оқибати аянчли бўлади. Аллоҳ асрасин!

Маълумки, динимизда илмни диний ва дунёвийга ажритилмайди. Қадимда ота-боболаримиз бу қоидага амал қилганлари ҳолда Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Ибн Сино ва Улуғбек каби қомусий олимлар етишиб чиқдилар. Улар ҳам диний, ҳам дунёвий илмларда пешқадам бўлганлар. Биз ҳам фарзандларимизнинг пухта билим олишлари, жамиятнинг етук аъзолари бўлмоқлари учун тинмай ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Айниқса, бугунги кунда турли соҳа мутахассисларини етказиб бериш ҳам фарз амаллардан ҳисобланади. Биз ота-оналар болаларимизни ёшлигидан ўзи қизиққан соҳага мақсадли йўналтириб, режали ва тизимли таълим олишига масъулмиз. Аллоҳга шукурки, мактабларда ҳар бир бола билиши зарур бўлган асосий билим ва кўникмалар бепул ўргатилади. Мажбурий таълимдан кейин бу билимларни ҳеч ким текинга бермайди. Улуғ аждодларимиз айтганларидек:

اَلْوَقْتُ كَالسَّيْفِ اِنْ لَمْ تَقْطَعْهُ قَطَعَكَ

яъни: “Вақт қилич кабидир, агар сен уни ўз вақтида кесмасанг, у сени кесади”.

Шунингдек, муҳтарам ота-оналарга фарзандлари тарбиясига жиддий аҳамият беришга, уларни ҳар вақт назорат қилиш, мактабдан сўнг, албатта, бирон-бир машғулот билан шуғулланиш, спорт, уй юмушлари, томорқа ишлари каби жисмоний ишларга жалб қилиш­лари зарур эканлигини таъкидлаймиз.

 

"Диний-маърифий суҳбатлар" китобидан

Read 1260 times

Мақолалар

Top