МАҚОЛА

Тавҳид баҳси

Эй, фарзанд!
Тавҳид — Аллоҳни бир деб билмоқдир. Тавҳид калимаси:
«ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲУ МУҲАММАДУР РАСУЛУЛЛОҲ».

Шаҳодат калимаси:
«АШҲАДУ АНЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲУ ВА АШҲАДУ АННА МУҲАММАДАН АБДУҲУ ВА РАСУЛУҲ».
Тавҳид калимасининг маъноси: «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Муҳаммад Унинг элчисидир».
Шаҳодат калимасининг маъноси: Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Унинг қули ва расули эканлигига иқрорман».
Пайғамбаримиз (с.а.в.) дейдилар:
«Бир киши «ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲУ МУҲАММАДУР РАСУЛУЛЛОҲ» деса, тавҳид калимаси шундай
дейди:
«Ё, пок Парвардигоро! Мени айтган қулингни кечирмагунингча, мен тинчланмайман!»

Аллоҳ фазли билан шундай дейди:
«Иззатим ва Жалолим, Жамолим ва Камолим ҳаққи Мени зикр этган бандамни кечирдим».

Эй, фарзанд!
Тавҳид калимасини айтган кимсани маҳшаргоҳда бир гуруҳ малаклар зиёрат этадилар. Уни маҳшар даҳшатларидан қўриқлайдилар.
Аллоҳ Мусога (а.с.) Тур тоғида шундай марҳамат этди:
«Ё Мусо! Маҳшар ерида фаришталар сени зиёрат этишларини истасанг, тавҳид калимасини кўп зикр эт!»

Эй, мўмин киши! Тавҳид калимасини тил билан зикр этиб, асло дилда шубҳага тушма! Шубҳага тушиш - жаҳаннамга тушиш кўприги (сабабчиси).
Бундай кишига шафоатчи йўқ.

Эй, фарзанд!
Калимаи тавҳидни кўп зикр қилгин.
Тур тоғида Мусо (а.с.) сўрадилар:
«Аллоҳим! «Ла илаҳа иллаллоҳ» дея зикр этгувчи қулингга қандай ҳақ ато этгайсан?»
«Эй,Мусо! Ўша қулимдан рози бўлиб, жаннати Аълода Жамолим билан шарафлантираман!»
Калимаи тавҳид фазилати ва уни зикр этганга бериладиган ҳақ таърифга сиғмас даражада. Бунинг мукофотини Аллоҳнинг Ўзи тайин, тақдир ва эҳсон этади.

Аллоҳ хитоб (мурожаат) этади:
«Эй, фаришталарим! Шоҳид бўлинг, тавҳид калимасини ишониб ҳатто бир марта зикр этган қулимни афв этдим, кечирдим!»
Ишониб тавҳид калимасини бир бор айтганнинг барча гуноҳлари тўкилади.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат этади:
«Ким сидқидилдан, ишонч билан бир бор тавҳид калимасини зикр этса, Аллоҳ ўша кишига жаннатда тўрт минг даража икром этади. Тўрт минг гуноҳини ҳам кечиради!»
Асҳоби киромдан савол бўлди:
«Ё Расулуллоҳ (с.а.в.)! Ўша кишининг тўрт минг гуноҳи бўлмаса-чи?»
Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат этдиларки:
«Оила аъзоларининг, қариндош-уруғларининг, қўни-қўшниларининг ҳам гуноҳларини (қўшиб) кечиради!»

Эй, фарзанд!
Тавҳид калимасини зикр этишда давомли бўлиб, барокатидан фойдаланмоқ, гуноҳлардан фориғ бўлмоқ зарур.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат этадилар:
«Маҳшар майдонига бутун ҳаёти гуноҳлар билан ўтган бир кишини келтиришади. Фақат номаи аъмолида бир марта тавҳид калимасини айтгани кўринади. Барча гуноҳлари тарозининг бир палласига, тавҳид калимасининг савоби бир палласига қўйилади. Тавҳид калимасининг савоби оғир келгани учун жаҳаннамдан чиқарилади».

Эй, фарзанд!
Тавҳид калимасининг фазилати чексиз. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир ҳадиси шарифларида шундай дейдилар:
«Банда «ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ!» дея зикр этиши билан оғзидан бир яшил қуш учиб чиқади. Бу қуш кўтарилиб тўғри аршнинг остига жойлашади. Умри давомида уни айтган кишига Аллоҳдан мағфират тилайди. Маҳшаргоҳда эса ўша кишининг қўлидан тутиб, тўғри жаннатга элтади».

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг "АЙЮҲАЛ ВАЛАД" китобидан

Read 1063 times

Мақолалар

Top