МАҚОЛА

МЎМИН-МУСУЛМОННИНГ ФИТНА ПАЙТИДАГИ ОДОБИ

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин Ислом дини номи билан машҳурдир. Бу номни Пайғамбарнинг ўзлари танлаган эмас, балки уни Аллоҳ таоло ихтиёр қилган.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло: ﴾وَرَضِيتُ لَكُمُ الإِسْلاَمَ دِيناً﴿ “Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим”, дейди (“Моида” сураси, 3-оят). 

Ислом сўзининг луғавий маъноси “ихлос”, “офатлардан саломат бўлиш”, “сулҳ ва омонлик”, “итоат ва бўйсиниш” каби маъноларни англатади.

Шундан ҳар бир мусулмон ва муслима Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин Ислом динига мансуб, ихлосли, турли офатлардан саломат бўлган, сулҳли, омонатли, итоатли ва Аллоҳга бўйсунган шахс дегани бўлади.

Иймон сўзи луғатда омон бўлиш ва тасдиқлаш маъноларини билдиради. Уламолар истилоҳида иймон – Аллоҳ таолодан келган нарсани тасдиқлаб, унга иқрор бўлишдир. Шундан мўмин ва мўмина Аллоҳ таолодан келган ақидага оид нарсаларни тасдиқлаб ва уларга иқрор бўлиб, турли ёмонликлардан омонда бўлган шахсдир.

Ислом ва Иймон тушунчалари умумий тарзда бир-бирига қовушиб кетган, бири иккинчисини ифода этаверадиган тушунчалардир. Аммо иккисини алоҳида олиб қарайдиган бўлсак, Иймон ишониш-эътиқод назарий масалаларга, Ислом эса бўйсиниш-амалий масалаларга хосдир.

Ислом асослари шаҳодат, намоз, закот, рўза ва ҳаждан иборат. Иймоннинг асослари Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, яхши-ю ёмон қадар Аллоҳдан эканлигига ишониш, тасдиқлашдан иборатдир.

Улуғ ақоид илми олими Умар Насафий ўзининг китобида: “Иймон ва Ислом бирдир. Қачонки, бандада тасдиқ ва иқрор мавжуд бўлса, мен ҳақиқатда мўминман, демоғи тўғри бўлади”, деган.

Айни дамда мўмин-мусулмонлар ўртасида фитна-фасод чиқариш, Аллоҳ қатъият билан қайтарган амаллардан эканини ёдда тутишимиз лозимдир.

 Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло фитна ҳақида бундай амр қилади: «Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (Зот)дир» (“Анфол” сураси, 25 оят).

Бақара сурасининг 191-оятида: «...Фитна эса қотилликдан ҳам ашаддийроқдир...», 217-оятида эса: «...Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир...», деб яна такрорланади.

Замонамиз олимларидан Али Собуний бу оятни қуйидагича тафсир қилган: “Мусулмонни динида фитнага солиш (тинчлигини бузиш) Аллоҳ наздида қотилликдан каттароқдир” (“Тафсир ал-вазиҳ ал-муяссар”).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Бани Исроил қавми маъсиятлар қилиб ҳаддидан ошганда, уламолари уларни қайтарса ҳам ўз билганларидан қайтмадилар. Шунда уламолари уларнинг мажлисларида ўтиравердилар ва бирга еб-ичдилар. Шунда Аллоҳ уларнинг қалбларини бир-бирларига мойил қилиб қўйди ва уларни Ўз элчилари Довуд ва Исо (алайҳимуссалом)нинг тиллари билан лаънатлади. Бунга сабаб итоатсизликлари ва тажовузкорликларидир”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суянган ҳолда эдилар, ўтириб олдилар ва айтдилар: “Йўқ, жоним измида бўлган Зотга қасам, сизлар шу кабиларни ҳаққа бурмагунингизча азобдан омонда бўлмайсиз” (Имом Термизий).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадиснинг охирида, агар мусулмон одам гуноҳ ва фитналардан қайтмасдан, аксинча, уларга қўшилиб кетса, лаънатга дучор бўлишига ишора қиляптилар.

Демак, фитналар тўзғиб турган пайтда мусулмон киши амал қилиши лозим бўлган Ислом одоблари қуйидагилар:

– Қуръон ва суннатга эргашиш, иккисини маҳкам ушлаш;

– Аллоҳ таолодан фитна ва унга яқинлаштирадиган ҳар бир нарсадан узоқ қилишини, фирқачилик, ихтилоф, енгилтаклик ва дин ақидаларига хилоф иш ёки бузуқ таълимотдан сақламоғини сўраб, дуо қилиш;

–  уламолар этагини ушлаб, уларнинг илмларидан манфаат олиб, ўтган солиҳ кишиларнинг йўлларини тутиш;

– юмшоқлик, шошмаслик, камтарин ва ҳалим бўлиш, ғазаб ва шошқалоқликдан узоқлашиш.

Бир неча йиллардан бери араб давлатларида давом этаётган хунрезлик, қотиллик каби қонли воқеаларга теран назар солинса, бу фитналар замирида Ислом одобларига амал қилмаслик, уламолар насиҳатларига қулоқ солмаслик, тинчлик ва ҳамжиҳатлик неъматларини қадрламаслик каби кўплаб иллатлар ётибди.

Яна фитна пайтида аҳамият бериш лозим бўлган энг муҳим қоида: воқеалар жараёнига ўта диққат билан ёндашиш ва текшириш, унга бирор хулоса беришдан олдин яхшилаб ўрганиш ҳамда шу соҳанинг билимдон кишиларидан сўрашдир. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)» (“Исро” сураси, 36-оят).

Кимнинг йўлбошловчиси Аллоҳнинг Китоби, Расулининг суннати, уламоларнинг ижмоси бўлса, ўзи яшаётган жамиятни яхши кўрса, раҳбарларга итоат қилса, шу билан бирга огоҳ ва ҳушёр бўлса, Аллоҳ таоло уни фитна бўлаётган пайтда тўғри ва ҳақ йўлга муваффақ қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Келажакда фитналар бўлади. У фитналар келганда, ўтирган киши турган кишидан яхшидир, турган киши юрган кишидан яхшидир, юрган киши (унга қараб) югурган кишидан яхшидир. Ким фитнага қизиқиб, унга интилса, (фитна) уни ўзига тортиб олиб ҳалок қилади. Ким ундан қочиб қутуладиган жой (имкон) топса, ўша ердан паноҳ топсин (фитнага аралашмасин)” (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

Аллоҳ таоло барчамизни турли кўринар-кўринмас фитналардан сақласин! Юртимизда тинчлик-хотиржамлик бардавом бўлсин, ўзаро тотувлигимиз, иноқлигимиз янада мустаҳкам бўлсин!


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1829 times

Мақолалар

Top