МАҚОЛА

Сиз жиҳоднинг нималигини биласизми ўзи?

САВОЛ:

Ютуб тармоғидаги бир видеороликда қандайдир воиз бутун дунё мусулмонларини Сурия давлатига жиҳодга даъват қилганига гувоҳ бўлдим. Унинг айтишича, хозир Ер юзидаги барча мусулмонлар Сурияга жиҳодга боришлари фарзи айн экан. Унинг бу чақириғи тўғрими, умуман исломда фарз жиҳод қандай бўлади, шу ҳақида маълумот берсангиз.

ЖАВОБ:

Аввало бу мавзуда бирор фикрга келишдан олдин бизга савол билан мурожаат қилганингиз учун ташаккур. Бу ҳам Аллоҳнинг бир карами бўлибди. Сизга жавоб ёзиш билан кўпчиликка бу ҳақда фойдали маълумот берилади, иншааллоҳ.

Дарҳақиқат, ижтимоий тармоқларда яқин шарқ ҳудудларига жиҳод учун атрофдан мусулмонларни жалб қилиш ҳаракатлари кузатилмоқда. Бунга биз ҳам гувоҳмиз. Умумий қилиб айтганда ўша даъватчиларнинг ҳаммаси аслида жиҳод мавзусида авомни алдаб келишмоқда. Уларга ишонганлар эса алданмоқда. Нега дейсизми?

Биринчидан, жиҳод исломда усули дин эмас балки, фуруъи дин масалаларидан бўлиб, унинг фиқҳий истилоҳий маъноси: Орада “уруш қилмаслик” битими бўлмаган икки  — кофир ва исломий давлатнинг бир бири билан, исломий давлат тарафдан дастлаб тинч йўл билан исломга кириш даъвати амалга оширилгач ва унга кофир давлат тарафдан рад жавоби берилгач, уларга қарши Аллоҳнинг сўзини олий қилиш мақсадида ҳарбий уруш қилишига айтилади. (Қаранг: Фатҳ ал-қадир 4/277, Ал-Фатава ал-ҳиндия 2/188, ал-Хираший 2/107, Жавоҳир ал-иклил 1/250, Шарҳ аз-Зарқоний алал-Муватто 2/287, Ҳошиятуш Шарқовий 3/193, Ҳошият ал-Божурий 2/268).

Мана шу таъриф бутун ислом уламоларининг жумҳури, хусусан тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаб фуқаҳолари тарафдан бир хил эътироф этилган таърифдир. Бунга кўра, бирор исломий давлат орада ҳеч қандай тинчлик битими тузилмаган бошқа бир кофир давлатга тинч йўл билан исломга даъват қилиб элчи юборади. Агар улар элчиларга рад жавоби берса, улар яшаб турган Ерларда ҳам Аллоҳнинг сўзини олий қилиш учун ҳарбий юришга киришилади. Саҳобаларнинг даврида жиҳод худди шу тарзда амалга оширилар эди. Агар шу тарърифда белгиланган бирорта қайд воқеликда топилмаса, бу ҳарбий ҳаракат шаръан жиҳод бўла олмайди. Унда қатнашганлар мужоҳидлик мақомига эриша олмайди, унда қатнашиб ўлганлар шаҳидлик мақомида кетмайди.

Энди яқин шарққа, хусусан, сиз саволда тилга олган Сурия давлатига эътибор қаратамиз: Сурияда шу таърифда белгиланган шартларнинг бирортаси топиладими? Йўқ! Биттаси ҳам топилмайди. Чунки Сурияда асосан мусулмонлар билан мусулмонлар уруш бошлашди. Ҳукумат ҳам, унга қарши чиққан жангари тўдалар ҳам ҳаммаси “ла илаҳа иллаллоҳ” дейдиган мусулмонлар эмасмиди?! Мусулмон билан мусулмоннинг уруши “жиҳод” деб айтиларканми?! Асло! Ўша воиз “Сурияда жиҳод бўляпти” деб айтган гапида Аллоҳдан уялмасдан мусулмонларни алдаяпти. Жиҳод ва унга доир шаръий ҳукмларни билмайдиганлар эса унинг ёлғонларига лаққа тушяпти.

Иккинчидан, шуни аниқлаштириб олиш керак: ўзи исломда жиҳоднинг ҳукми нима? Фаразан бирор ҳудудда шариат талабларига жавоб берадиган жиҳод амалиёти топилса, унга бориб қатнашишнинг ҳукми нима? Аҳли сунна вал-жамоа уламоларининг аксарини ташкил қилувчи жумҳурнинг қавлига кўра, мабодо шаръий жиҳод топилган тақдирда, унга бориб қатнашиш фарзи кифоя ҳукмида бўлади. Яъни, маълум аскарлар ҳарбий сафарга отланса, бошқалардан фарзлик соқит бўлади. ҳамманинг ёппа бориши шарт эмас. (Қаранг: ал-Мавсуъа ал-фиқҳия 16/129)

Яна Сурияга қайтамиз: у ерда шаръий талабга жавоб берадиган жиҳод йўқлиги кундек равшан бўлсада, майли ҳаққоний жиҳод бўляпти деб фараз қилайлик, унга бориб қатнашиш Ер юзидаги барча мусулмонларга фарз бўлди деб жар солаётган жарчи, барибир мусулмонларни алдаётган бўлиб чиқади.

Учинчидан, жиҳоднинг ҳукми қачон фарзи айн бўлади? Қуйидаги ҳолатларда жиҳод кифоя даражасидан фарзи айн даражасига кўтарилади:

1-) Жанг майдонида ҳар икки томон — ислом ва куфр лашкари учрашиб, қарама-қарши саф тортган чоғда;

2-) Душман тўсатдан бостириб келган чоғда;

3-) Давлат раҳбари бирор душман кофир қавмдан хавфсираб, ёппасига ҳарбий чақириқ эълон қилганда. (Қаранг: ал-Мавсуъа ал-фиқҳия 16/132)

Сурияга чорлаб жар солаётганлар “Сурияда жиҳод фарзи айн” деб лоф уришяпти. Ва ҳолбуки жиҳоднинг фарзи айн бўлиши учун белгиланган шартларнинг бирортаси унда мавжуд эмас.

Тўртинчидан, шаръий жиҳодни ким ташкиллаштиради ўзи? Тўғри келган одам рўпарасидан чиққан одамни жиҳодга чақириб ҳарбий амалиёт бошлайверадими, ёки бошқача шаръий тартиби борми? Буни ҳам яхши билиб олишимиз керак. Шаръий талаб даражасидаги жиҳодни оддий фуқаролар эмас, балки султон, давлат раҳбарлари ташкиллаштиради. Давлат томондан ҳарбий сафарбарлик эълон қилингандагина фуқароларга унга итоат этиб ҳарбий амалиётларда қатнашиш фарз бўлади. Одиий фуқаро ё қандайдир тўдабошининг ташаббуси билан шаръий жиҳод ташкил этилмайди. (Қаранг: Ҳошияту Дасуқий 2/175, Жавоҳир ал-иклил 1/252, ал-Муғний 8/352, ал-Маҳаллий 7/291).

Бешинчидан, шариат талабига мос келадиган жиҳод ташкиллаштирилган тақдирда, унга тўғри кетилаверадими ёки шартлари борми? Буни ҳам билиш керак. Шариат талабига мос келадиган жиҳодга бориш учун қуйидаги шартлар керак:

А) Ота-онанинг изни. Модомики улар мусулмон бўлса. Ота-онанинг рухсатисиз жиҳодга бориш жоиз бўлмайди. Чунки Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурига келиб жиҳодда қатнашишга рухсат сўрайди. Расулуллоҳ ундан “ота-онанг тирикми?” деб сўрайди. У: “ҳа”, деб жавоб беради. Расулуллоҳ: “икковининг хизматини қилиб жиҳод қил” дейдилар. Яъни, сенга ота-онанг рухсатисиз жиҳодга бориш жоиз эмас. Бу ҳадис далолатига кўра, ота-онанинг хизмати жиҳоддан олдинда туради.

Мантиқан олиб қаралганда ҳам жиҳод фарзи кифоя. Сиз бормасангиз, ўрнингизга бошқа кимдир бориб жанг қилади ва шу билан сиздан фарз соқит бўлади. Ота-она хизмати эса фарзанд учун фарзи айн. Сиз хизматларини қилмасангиз қўшнингизга ё ошнангизга сизнинг ота-онангизга хизмат қилиш фарз бўлмайди. Шунинг учун ҳам тарихда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг олдига бир одам келиб: “мен Румга жиҳод учун боришга назр қилдим лекин, ота-онам ман этишяпти?” – деб айтганда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу унга: “ота-онангга итоат қил, Рум сендан бошқа жиҳодчиларни топиб олади” – деб кескин жавоб берган. Бунга ўхшаш воқеалар Умар ва Усмон розияллоҳу анҳума халифалик даврларида ҳам бўлган. Суфёни Саврий, имом Авзаъий ва салафлар давридаги бошқа аҳли илмлар “Ота-онанинг розилиги жиҳод учун шартдир”, деб фатво берганлар (Қаранг: Ҳошияту ибн Обидин 3/220, Жавоҳир ал-иклил 1/252, Ҳошияту Дасуқий 2/175-176, ал-Муҳаззаб 2/229, Ниҳоят ул-муҳтаж 8/57, ал-Муғний 8/358, ал-Маҳаллий 7/292).

Б) Ота-она дастлаб фарзандининг жиҳодга боришига изн берса ва кейин фикри ўзгариб рухсатидан қайтишса, фарзанд жанг майдонини ташлаб ота-онасининг хузурига қайтиб келиши вожиб бўлади. (Қаранг: Равзатут-толибин 10/212, Ниҳоят ул-муҳтаж 8/58, ал-Муҳаззаб 2/229, ал-Муғний 8/359).

В) Ҳақдорнинг изни. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурига бир саҳоба келиб сўрайди: “Эй Аллоҳнинг Расули, нима дейсиз, агар мен Аллоҳнинг йўлида қатл қилинсам гуноҳларим кечириладими?” Расулуллоҳ: “ҳа, агар майдонда сабр билан душманга юзма юз турсанг, орқа қилиб қочмасанг ва шу тарзда қатл қилинсанг, гуноҳларинг кечирилади. Лекин қарзларинг эмас. Чунки менга Жаброил шундай деган” – дейдилар. (Имом Муслим ривояти)

Бўйнида қарзи бор одам ҳақдорнинг изнисиз жиҳодга бора олмайди. Жумҳур фуқаҳолар шундай деган. Ҳанафий мазҳабимизга кўра, ҳатто ҳақдор изн берган тақдирда ҳам, қарздор жиҳодга бормасдан қарзини узиш учун уйда қолиши мустаҳаб дейилган. (Қаранг: Ҳошияту ибн Обидин 3/221, Ҳошияту Дасуқий 2/175, Жавоҳир ал-иклил 1/252 ).

Г) Шаръий жиҳодга бориб том маънода мужоҳид бўлиш учун яна бир шарт, давлат раҳбарининг рухсати бўлиши керак. (Қаранг: ал-Мавсуъа ал-фиқҳия 16/136). Давлат рухсат бермаса шаръий жиҳод бўла олмайди.

Хулоса қилиб айтганда жиҳод шаръий жиҳод бўлиши учун, унда қатнашганлар жиҳоднинг фазлига эришиб, мужоҳидлик мақомига етиши учун, ўлганлар эса шаҳидлик даражасини қўлга киритиб сўроқсиз жаннатга кириши учун Ислом шариати белгилаб қўйган талабга мос шартлар топилиши керак. Агар  шартлар топилмаса, у ҳеч қандай жиҳод бўла олмайди. Балки, Исломда ҳаром қилинган уруш бўлади. Бунда иштирок этганлар Аллоҳнинг шариатига қарши чиққан шайтон аскарлари қаторида бўлади. Унда ўлдирганлар қотил, ўлганлар эса гуноҳ узра жон берган боғийлар бўлади.

Биз сизга шуни маслаҳат берардикки, яна шунга ўхшаш видеороликларга кўзингиз тушганда ундаги воизларнинг жим-жимадор даъватларига ишониб қолишга шошилманг. Бирор илм аҳлидан бу ҳақда батафсил маълумот сўранг. Ҳақиқатни билганингиздан кейин эса ўша видео остида интернетга жойлаганларга қарата: “сиз жиҳоднинг нималигини биласизми ўзи?” деб савол қолдиринг!

 

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар “Ғиштли” жоме масжиди имоми

“Саййид Муҳйиддин Махдум” диний таълим муассасаси ўқитувчиси

Read 1238 times

Мақолалар

Top