МАҚОЛА

Ўлганларга қуръон тиловат қилишнинг хукми хақида

Барча мўмин - мусулмонлар ўтганларга атаб, Қуръон тиловат қилишга одатланишган. Турли мазхабларнинг уломолари хам бу ишга ўз фатволарини берганлар. Аммо баъзи бир бемазхаблар бу ишга хилоф қилишиб, ихтилоф чиқаришга уринишмоқда. Улар дастлабки пайтда бу иш бўлмаган деган гап билан одамларни ўтганларга атаб қуръон тиловат қилишдан қайтарадилар. Бемазхабларнинг бу масалада аввал айтиб ўтилган гапдан бошқа далиллари йўқ. Аммо “Дастлабки пайтларда бу ишнинг оммавий равишда бўлмаганининг ўзи уни қилмасликка далил бўла оладими ?” деган гап уларнинг хаёлларига ҳам келмайди.Албатти қуръон тиловати энг афзал ибодатлардан бўлиб, у билан мусулмон банда Роббига яқин бўлади.Қуръон қироати инсонга манфаатли бўлиб, хоҳ вафотидан кейин бўлсин, хоҳ манзилида ёки уйида бўлсин, хоҳ жанозадан кейин ёки олдин бўлсин ёки қабр олдида бўлсин, бу нарса шаръий хукмда жоиз хисобланади ва Аллоҳ таолонинг фазли билан маййитнинг қабрида азоблар енгиллашига сабаб бўлади. Бу хақда Расулуллоҳ (с.а.в) хабар бериб, ўликларга қуръон қироат қилишга ундаганлар “Бирор маййитга “Ясин” сураси ўқилса, енгиллик бўлади” деганлар. Албатта, ушбу қуръон тиловати одобларига амал қилиб, харфларни ўз махражидан чиқариш керак. Ханафий мазхабидагилар маййитга хам , тиркларга хам қуръон қироатининг савоби етиб бориши жоизлигини айтишган. “Хидоя, Бадоиъ” ва бошқа китобларда баён қилинган. Шунингдек Шофеъий мазхаби уломолари хам қироатнинг савоби , агар ўқувчи Аллоҳ таолодан сўраса, маййитга етиб боришини айтишган. Ибн Абу Зайд (р.а) “Рисола” китобида Ибн Фахрундан ривоят қилиб айтишича, Моликий мазхаби имомлари хам маййитга қироат савоби боришини айтишган. Ханбалий фақихларидан Ибн Қудома (р.а) “Маййит барча қурбат бўлувчи нарсалардан манфаат олади. Демак инсон қандай қурбат қилса хам, савобини маййитга бағишласа, Аллоҳ таолонинг изни билан манфаат олади” деганлар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак , қуръон тиловати маййитга , хоҳ у маййит қабрда бўлсин ёки узоқда бўлсин, жоиздир. Аллоҳ таолонинг изни билан савоби маййитга етиб боради. Хусусан, қори қироати савобини маййитга бағишласа.



Жарқўрғон туман “Оқ қўрғон” жоме масжиди имом-хатиби А.Халилов

Read 1754 times

Мақолалар

Top