МАҚОЛА

Инсон қадрини улуғлаш...

Биламизки, инсон қадрини барқарор ва давомли бўлишига аввало юртимизнинг тинчлиги, жамиятимиздаги қадриятларимиздан бўлмиш ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳат бўлиш, оила, ота-она, қавм-қариндош, қўни-қўшниларни бирдамлиги асосий таянч бўлади.

Буларнинг барчаси бизнинг бебаҳо бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек сақлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз. Ушбу узлуксиз табиий жараён – мамлакат тараққиётининг, халқ фаровонлигининг муҳим омилларидан бири эканлиги ҳеч кимга сир эмас.

Бинобарин, Президентимиз Ўзбекистон халқига янги йил табрикларида 2022 йилни мамлакатимизда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб аташни таклиф қилдилар. Бу халқона таклиф бир овоздан қабул қилинди ва қўллаб-қувватланди.

Инсон қадрининг қирралари кўп. Шулар ичида энг асосийси – юрт тинчлиги ва шу олий саодатнинг рамзи саналмиш оилалар хотиржамлиги     саналади.

Табиийки, осойишта кунларни қадрлашнинг асосий омили энг аввало, аҳил-иноқ бўлиб яшаш, бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилиш.

Бунда ҳар бир масалага маслаҳатлашган ҳолда ёндашиб, мақбул ечим топа олишга интилиш, ўзаро иззат-ҳурмат туйғусига таяниб иш кўришда акс этади.

Бунинг учун эса Президентимиз таъкидлаганларидек, инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган  ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш йўлида фидоийлик лозим бўлади.

Шундайин олийҳимматга аввало барчамиз ўз қадримизни билишимиз, уни бировларга ҳам баҳам кўришимиздагина намоён бўлади.

Дарҳақиқат, ислом дини таълимотида ҳам инсон бахт-саодати ва унинг қадрини улуғлаш ҳақида кўп зикр қилинган. Аллоҳ таоло инсон зотини қадрини улуғлаб Ўзи яратган кўп жонзотлардан афзал ва аъло қилиб яратгани ва унга беадад неъматларини бергани ҳақида бундай дейди:

“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70).

Жамиятни ҳамнафас билиб, бир тан, бир жон бўлиб, ўзаро раҳм – шафқатли бўлиш, инсон қадрини улуғлаш йўлида хизмат қилиш ривожланган жамиятнинг энг олий фазилати бўлиб ҳисобланиши табиийдир.

Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам “Раҳм қилувчиларга тенгсиз Улуғ ва Карим Зот раҳм қилади, Ер юзидаги инсонларга раҳм қилинглар, осмондаги Зот сизларга раҳм – шафқат қилади” деб, бошқаларга манфаат етказиш, қадрини улуғлашга чорлайдилар (Имом Термизий ривояти).

Демак, ҳар биримиз қаерда ва қандай мавқеда бўлишимиздан қатъий назар буюк халқимиз билан доимо раҳм-шафқат мулоқотида бўла олишимиз энг катта, энг улуғ иинсон қадри бўлади.

Жумладан оила ва унинг аъзоларига яқиндан ҳамроҳ бўлишимиз, уларга қучоғимизни очишимиз ҳам улуғлик рамзи бўла олади.

Зеро, улуғлик рамзи эса фақат барча мавжудотдан улуғ ва афзал этиб яратилган ҳазрати инсон қадрини ўзимизнинг манфаатимиздан юқори қўя олиш билан бўлади.

Яна эътиборни муқаддас ўгитларга қаратайлик! Инсон қадрини улуғлаш борасида бизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрнак ва намуна бўлганлар.

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари эмикдош сингиллари Шаймога қилган яхшиликлари, унинг онаси Ҳалимаи Саъдияни разоий онам, деб қадрлаб муборак ридоларини пой қадамларига солишлари,

тоғалари Умайр ибн Ваҳбнинг ҳурмати юзасидан улардан олдин ўтирмасликлари, керак бўлган ўринда остиларига ридоларини солиб беришлари,

амакилари Абу Толибнинг фарзандлари кўп бўлганида ҳазрати Алини ёрдам тариқасида тарбияларига олиб бўлса ҳам боқиб катта қилиб, бу билан амакиларининг қадрларини улуғлаганлари,

аёллари Хадича онамиз вафотларидан кейин у кишининг барча қариндош-уруғларига қадр-қиммат қилиб ёрдам кўрсатганлари,

ҳазрати Алининг оналари вафот этганларида янгаларини қадрлаб бевосита ўзлари қабрга қўйишлари каби кўплаб ўз қадрларидан ўзгалар қадрини юқори билиб, атрофдагиларга кўрсатган олий ҳимматларини санасак бармоғимиз етмайди. Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин.

Зеро, Аллоҳнинг ҳабиби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айни шундай ҳаёт тартиби билан бўлиб, инсон қадрини улуғлаш мақсади билан яшадилар.

Ишонч билан айта оламизки, қайси бир мўмин-мусулмон ана шундай пок ва баракали суннат йўлида давом этса, эл-юртнинг корига малҳам бўлиб яшаса, қодир бўлганича яхшилик қилса, инсонлар қадрини улуғлаб, уларни хушнуд эта олса, Яратганнинг мукофотига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига муяссар бўлажак, Инша Аллоҳ.

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

Read 1792 times

Мақолалар

Top