МАҚОЛА

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг Аллоҳдан қўрқувлари

Яҳё ибн Саъид Қаттондан ривоят қилади: “Биз Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ билан бирга ўтириб, у зотдан илм олардик. Аллоҳга қасамки, қачон у зотга қарасам, юзларида Аллоҳдан қўрқишлари билиниб турарди”.
Ибн Муборакдан ривоят қилинади: “Мен Куфага келганимда, Куфа аҳлининг энг фақиҳи ҳақида сўрадим. Менга ”Абу Ҳанифа” дейишди. Сўнгра Куфанинг энг зоҳид кишиси ҳақида сўрадим. Менга “Абу Ҳанифа” дейишди. Кейин эса Куфанинг энг тақводор кишиси ҳақида сўрадим. Яна менга “Абу Ҳанифа” дейишди”.


Муваффақ Маккий Мисъар ибн Кидомдан ривоят қиладилар: “Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ билан бирга кетаётган эдик. Тўсатдан бир ёш болани кўрмасдан туртиб юбордилар. Шунда ҳалиги бола: “Эй шайх! Қиёматдаги қасосдан қўрқмайсизми?” деди. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ ўша заҳоти қўрқувга тушиб, ҳушларидан кетдилар. Ўзларига келгач, у зотга: “Эй Абу Ҳанифа, бу гўдакнинг сўзи сизнинг қалбингизга бунча қаттиқ таъсир қилмаса?!” дедим. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ: “У бола бу гапни Аллоҳ томонидан илҳомланиб айтди, деб қўрқаман” дедилар.


Ҳасан ибн Умора Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг жанозаларини ўқиб туриб айтганларидек, бу зот туннинг барчасини намоз, дуо ва йиғлаш билан қоим қилардилар. Қирқ йил бошларини ёстиққа қўймадилар. Ўттиз йил рўза тутдилар. “Аллоҳдан қўрққин” дейилганда хушидан кетадиган инсон ҳақида яна нима дейиш мумкин?! Олимлар у зотни яхшилик билан эслар ва у кишининг юзларида Аллоҳга нисбатан қўрқув аломати бўлганини кўрганларида улар ҳам беихтиёр Аллоҳни эслашарди.

 

Абдуҳалим Қаюмов Косонсой тумани "Имом Ҳусайн" жоме масжиди имом хатиби

Read 1275 times

Мақолалар

Top