МАҚОЛА

Исломда гуруҳ тузиш ҳукми

Исломда турли ақидавий-сиёсий фирқа ва гуруҳларни ташкил топтириш, уларга бўлиниш ва Ислом уммати жамоасидан ажралиб чиқиш Қуръон, суннат ва уламолар ижмоъсига биноан ҳаромдир. Бунда уларнинг кўзлаган мақсадларига эътибор қилинмайди!
Бунинг далиллари:
Аввало Қуръон оятларида:
Барчангиз биргаликда Аллоҳнинг арқонини маҳкам ушлангиз ва фирқаланиб кетмангиз” (Оли Имрон 103)
“Уларга очиқ-ойдин баёнотлар келгандан кейин ҳам фирқаланиб ихтилофга тушганлар каби бўлмангиз. Албатта улар учун улкан азоб бордир” (Оли Имрон 105)
“(Эй Пайғамбар) Динларини тафриқа қилиб, ўзлари гуруҳбозлик қилганлар билан ҳеч бир алоқанг йўқ. Албатта, уларнинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Сўнгра қилган ишларининг хабарини берур” (Анъом 159)
Ушбу оятлар тафсирида Имом Насафий раҳимаҳуллоҳ ўзларини “Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил” номли тафсирларида қуйидагиларни айтганлар: “Бўлиниб кетмангиз ва бўлинишни келтириб чиқарувчи ҳолатлардан ҳам узоқда бўлингиз. Ҳақ борасида (яъни Қуръон, ҳадис ва уммат ижмоъси борасида) яҳудий, насронийлар фирқаланиб кетганлари каби ёки Исломдан аввал жоҳилиятда мутаассиб қабилачилик қилганингиз каби бўлиниб олманг”.
Гуруҳга бўлиниш ҳаром бўлгач гуруҳ тузишнинг ҳукми ҳам ҳаром, гуруҳга аъзо бўлишга чақириш ҳам ҳаром бўлади.
Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ Қатода разияллоҳу анҳудан қуйидаги қавлни келтирганлар: “Аллоҳ сизлар учун фирқачиликни ёмон кўрди... сизларни ундан ҳазар қилишга чақирди ва ундан наҳй қилди. У зот сизлар учун .... жамоъатни яхши кўрди ва рози бўлди. Бас, Аллоҳ сиз учун рози бўлган нарсага сиз ҳам рози бўлинг”.
Имом, аллома Замахшарий раҳимаҳуллоҳ ушбу оятлар тафсирида қуйидагича деганлар: “...шунингдек “бу оятлар ушбу умматнинг бидаътчи тоифалари ҳақида нозил бўлган” деб ҳам айтилган”.
Ҳадислардан далиллар:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Яҳудлар етмиш бир фирқага бўлиндилар. Насоролар етмиш икки фирқага бўлиндилар. Умматим эса, етмиш уч фирқага бўлинади. Уларнинг барчаси жаҳаннамда, илло биттаси нажот топади. Ўша нажот топувчиси “буюк қоралик”.
Ҳадисда Ислом умматининг жамоаъси нажот топиши очиқ-ойдин айтилган. Ҳеч бир соғлом ақл эгаси “ҳадисда келтирилган “буюк қоралик” (катта оламон) бу “Ҳизбут-таҳрир” ёки “Салафийлар” ва ё бошқа хусусий лақаблар билан жамоъатдан ажраб чиққан тоифалардир деб айта олмайди. Шунингдек ҳадисда бизлардан аввал динда адашган яҳудий ва насронийларнинг энг катта адашишлари бу—фирқаларга бўлиниб кетганлиги эканига ҳам очиқ ишора бор.
Имом Муслим Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳ сизлар учун уч нарсага рози бўлди: ўзигагина ибодат қилиб Унга ҳеч нарсани ширк келтирмаслигингиз, Унинг арқонини (Қуръонни) маҳкам ушлашингиз ва фирқаланиб кетмаслигингиз”. деганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисларида фирқаланиб кетмасликни фарз эканлигида шак-шубҳа йўқ нарсалар бўлган тавҳид ва Қуръонни маҳкам ушлаш билан бир қаторда зикр қилмоқдалар ва Аллоҳнинг розилигини шу нарсаларга боғлиқ эканлигини таъкидламоқдалар.

Толибжон Шарипов.

Read 1117 times

Мақолалар

Top