МАҚОЛА

Абу Ҳанифа ким бўлганлар?

Имом Аъзам номи билан машҳур зот Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ибн Зутий 80-хижрий санада Кўфада таваллуд топганлар. Бу зот Ҳанафий мазҳабига асос солганлар. Оталари Собит ибн Зутий. Асли форс бўлганлар. Боболари эса Қобуллик бўлганлар.

Оталари Термизда ҳам яшаганлар. Охири оилалари билан Кўфага келиб, Имом Аъзам шу ерда таваллуд топганлар. Оталари Собит ҳазрати Али розияллоҳу анҳу билан учрашганлар ва ўзларига, зурриётларига барака тилаб, у кишидан дуо олганлар. Имом Аъзам ёшликларида сўнги саҳобалардан илм ва тарбия олганлар ва 22 ёшларида Ҳаммод ибн Абу Сулаймонга шогирд бўладилар. Сўнгра вафотларигача 18 йил давомида шу зотдан илм ва тарбия оладилар. Ислом оламида фиқҳ илми маркази бўлган Кўфа ва Басра шаҳри уламоларига етакчилик қиладилар.

Ироқ волийси Муҳаммад ибн Хубайр Абу Ҳанифани қозиликка таклиф қилади. Ул зот бу ишга холис бўлиш қийин деб, қозиликдан бош тортадилар. Ироқ волийси у кишини мажбуран қози қилмоқчи бўлганида, Абу Ҳанифа хафа бўлиб кетиб қоладилар, Абу Ҳанифа шу сабабли Ироқни тарк этиб, Ҳижозга ва Маккаи Мукаррамага йул оладилар , у ерда фиқҳ , ҳадис, тарихга доир кўпгина асарларни ёзадилар. Халифалик тепасидан Муовия авлодлари кетиб, Аббосийлар келгач, Абу Ҳанифа яна Ироққа қайтадилар. Бағдодга келиб қозиюл-қуззот бўлишликка чақиришади. Абу Ҳанифа бу давлат мансабидан ҳам бош тортади.

Халифа Ал-Мансур Абу Ҳанифани бу ишдан бош тортгани учун жазолаб, зиндонбанд этади. Абу Ҳанифанинг "Фиқҳул Акбар" ёки "Асл ат Тавҳид" номли асарлари мусулмон қонуншунослигида дастлабки ёзма манбалардан ҳисобланади. Имом Аъзам бу асарларида Аллоҳ таолонинг бирлиги,зоти ва сифатлари, каломи, қудрати, иродаси, иймон, қазо ва қадар, хайр ва савоб, гуноҳ ва азоб, фазоилу нубувват, зухд ва тақво масалалаларидаги илоҳий ҳукмларни баён этади. Абу Ҳанифа ҳукм чиқариш учун Қуръони Карим ҳукмларига мувофиқ келувчи қиёс ва ижмоъ, истиҳсон ва урф каби хуқуқий қоидаларни кашф этдилар ва ҳаётга татбиқ этдилар. Имом Аъзам "Фиқҳул Акбар" китобларида шунингдек, муржиъа ва муътазила оқимларига ўз муносабатларини билдириб, уларда фалсафа ва ҳуқуққа оид чигал масалаларини ҳал этишнинг тўғри йулларини кўрсатдилар.

Аллоҳ барчамизни бу зотнинг мазҳабларида собит қадамлардан қилсин.

 

Муҳаммадхон Нуриддинов

Read 1380 times

Мақолалар

Top