МАҚОЛА

Тараққиёт кушандаси

Динимиз мусулмонларни бир қанча ишларга буюрган ва бир қанча ишлардан қайтарган. Буюрилган ишларда банда ва жамиятга катта манфаатлар бўлса, қайтарилган ишларда уларга катта зарарлар бор. Ман қилинган ишларни қилишнинг зарари баъзида фақат маълум шахсларга етса, баъзисининг зарари кенг кўламли бўлиб, бутун жамиятга салбий таъсир қилади. Ана шундай иллатлардан бири порахўрликдир.

Порахўрлик – жамиятда адолат, тенглик, соғлом рақобат ва ҳалоллик устун бўлишига тўсқинлик қиладиган иллатлардан биридир. Бу иллат давлат ва жамиятнинг ривожига салбий таъсир қилгани сабабли деярли ҳар бир жамият унга қарши курашади. Курашда натижага эришганлари катта ривожланишга эришмоқдалар, уни енга олмаган жамиятларда эса бунинг акси.

Аксарияти мусулмонлар бўлган бизнинг жамиятимизда бу масаланинг ечими қандай бўлади!? Аслида, биз динимиз кўрсатмалари, севимли Пайғамбаримиз суннатларига амал қилсак, порахўрлик, коррупция ва таниш-билишчилик каби иллатларга ўрин қолмайди. Динимиз ва имонимиз шуни тақозо қилади.

Поранинг моҳияти ва таърифи ҳақида уламоларимиз шундай дейдилар: “Пора – бирор шахс томонидан, ҳукм қилувчи ёки бошқаларга унинг фойдасига ҳукм чиқариши ёки у истаган нарсага етказиши учун бериладиган нарса”. Бошқа таърифда: “Пора – ҳақни ботилга чиқариш ёки ботилни ҳақ қилиб кўрсатиш учун бериладиган нарса”, – дейилади.

Кимнидир фойдасига ноҳақ ҳукм чиқариш ёки ўзининг зиммасида бўлган иш учун пора олиш ҳеч ихтилофсиз ҳаром амал бўлиб, катта гуноҳлардан биридир.

Қуръони каримда бу мавзуда шундай дейилади: (Улар) ёлғон (тўқиш учун Сиз)га қулоқ соладиган ва ҳаромни (порани) ейдиганлардир...” (Моида сураси 42-оят). Муфассир, тобеъин Саъид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ: “Оятдаги “ҳаром”дан мурод порадир”, деганлар.  

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳалол касб қилиш, молларини ўзаро розилик билан олишга чақиради. Ояти каримада бундай дейилади: “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” (Бақара сураси 188-оят).

Бу оятнинг замирида ўғрилик, босқинчилик, алдов, фирибгарлик, жумладан, порахўрлик билан ўзгаларнинг молларини ўзлаштириш ҳаромлиги ётади.

Яна бошқа ояти каримада шу маъно такрорланади: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно” (Нисо сураси 29-оят).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам доимо порахўрликнинг ёмонлигидан огоҳлантирдилар ва ундан қайтардилар. Порахўрлик мавзусида машҳур бўлган  ҳадис Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг лаънати пора берувчи ва пора олувчига бўлсин!” – дедилар.

Бошқа ҳадиси шарифда: “Ҳукмда пора берувчи ва пора олувчига Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, – дейилган  (Тўрт сунан соҳиблари ва Имом Аҳмад ривоят қилишган).

Яна бир ривоятда пора олувчи ва берувчи ўртасидаги воситачи ҳам лаънатланган. Демак, пора талаб қилиш ҳам, пора бериш ҳам, улар ўртасида воситачилик қилиш ҳам ҳаром амалдир.

Жумҳур уламоларимиз: “Ўзининг ҳаққига етиша олмаётган ёки ўзидан зулм ё зарарни даф қилмоқчи бўлган кишигина пора бериши мумкин, бундай ҳолатда гуноҳ пора олувчининг бўйнига тушади”, – дейдилар.

Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар: “Пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам дўзахдадир” (Имом Табароний Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Порахўрликнинг яна бир кўриниши вазифадор, масъул шахсларнинг аслида, ўз зиммаларидаги ишларга ҳам совға-ҳадя олишларидир. Ундай кишилар аввалдан белгиланган, талаб қилиб оладиган совғалари натижасида бир ишни олишга номзод бўлганлар ичида ҳақлиси эмас, балки, салоҳиятсиз бўлгани иш устига келади. Кейин у қурган уйлар қулайди, қурган кўприклари чўкади, ишлар кўзланган натижани бермайди. Бундай ҳадянинг пора экани кундай равшан. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом закот молини йиғишга жўнатган киши совға олганида унга: “Ота-онасини уйида кутиб ўтирганида, унга ҳадя қилишармиди?!” – деганлар.        

Баъзилар порани ҳадя деб номлаб олишади. Аслида, поранинг ҳадядан фарқи шуки, ҳадяни сўраб олинмайди. Яна ҳадя икки ўртада муҳаббат ҳосил қилиш учун қилинади. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Ўзаро ҳадялашинглар, ўрталарингизда муҳаббат пайдо бўлади” (Имом Молик “Муватто” китобларида ривоят қилганлар). Пора берувчи ва олувчи ўртасида муҳаббат пайдо бўлмайди, чунки пора берувчи нимадандир таъмагир бўлади. Мабодо улар ўртасидаги иш ҳал бўлмаса, ўзаро катта душманчилик пайдо бўлади.

Аллома Ибн Ҳажар Асқалоний айтадилар: “Вазифадор кишига ҳақни ўзгартириш учун ҳадя берилса, унга эгалик қилиши (фойдаланиши) жоиз эмас”.

Айтиш жоизки, миллатимиз хулқида яхшиликка яхшилик қайтариш руҳи бор. Масъул шахс ундан ҳеч нарса талаб қилмай, таъма қилмай, ўз вазифасини бажариб, фуқарони ишини битирса, унга яхшилик қайтаргиси келади. Ҳеч қандай таъмасиз, иши битиб, бемалол кетиши мумкин бўлиб турганда ҳам, кўнглидан чиқариб, ҳадя бермоқчи бўлса, бунда икки томонга ҳам бир гуноҳ йўқ. Пора аввалдан белгиланган, сўраб олинадиган, ҳақни ноҳақ, ноҳақни ҳақ қилиш учун бериладиган нарса бўлади.  

Давлат томонидан одамларни енгилини осон қилиш учун вазифадор қилинган айрим кишилар одамлардан бирор нарса олмасалар уларнинг ишларини битирмайдилар. Бу ўзларига юкланган омонатга хиёнат, ўзгаларга зулм қилиш ва одамларнинг молларини ҳаром йўл билан ейишдир.  

Адолатли ҳукмдор номини олган Умар ибн Абдулазиз у кишига келтирилган ҳадяларни қабул қилмас эдилар. У кишига: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом У кишига ҳадя берилса, қабул қилардиларку?!” дейишса: “Ҳа, ҳақиқатан у моллар Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ҳадя бўлган, бизга эса бу порадир. Чунки одамлар у зотга пайғамбарликлари сабабли яқинлашмоқчи бўлишган. Бизга эса бошлиқ бўлганимиз учун яқинлашмоқчи бўладилар”, – дедилар.

Яна бир ҳолат борки, бу миллатнинг оёғига болта уради, унинг маънавияти ва келажагига таҳдид солади, бу – таълим соҳасидаги порахўрликдир. Чунки билимдон ўқитувчи қолиб, салоҳиятсиз, билимсиз киши ёшларга таълим берса, ёшларнинг келажаги хавф остида қолади. Олийгоҳга келганда яна порахўрлик бўлиб, билимдон қолиб, нодон ўқишга кириб кетса, ўз-ўзидан илмий савия тушиб кетади. Одамларда адолатга нисбатан ишонч йўқолади. Чет элларда ўқиш ва ўша ерларда ишлашга қизиқиш кучаяди. Натижада миллатнинг кўпгина салоҳиятли фарзандлари бошқа давлатлар фойдасига ишлайди. Ватанига қайтиб, яна порахўрликка дуч келишини билса, ундан кўра чет элда қолишни маъқул кўради. Шундай қилиб энг билимдон ва фойдали кишилардан маҳрум бўлиб қолаверамиз.  

Бир киши пора ёки ҳаром бўлган ҳадяни қабул қилса, уни эгасига қайтариш вожиб бўлади. Баъзи олимлар эса: “Ноҳақ ўзлаштирилган моллар, маълум бўлса, эгасига қайтарилади, маълум бўлмаса, мусулмонлар фойдасига сарфланади”, – дейишган.

Шом диёрининг қозиси Имом Авзоъийнинг ёнига бир насроний киши бир меш асал билан келди ва: “Баълабакканинг волийси менга зулм қилди, ўша кишига мен ҳақимда ёзсангиз”, – деди. Имом унга: “Хоҳласанг асалингни ўзингга қайтараман ва хат ёзиб бераман. Хоҳласанг уни қабул қиламан ва хат ёзмайман”, – дедилар. У: “Майли, асални қайтарингда, хат ёзиб беринг”, – деди. Кейин Имом волийга ундан хирожни камайтиришни сўраб хат ёзди. Волий у зотнинг сўзларини эътиборга олиб, насронийнинг жизяси (жон солиғи)дан ўттиз дирҳам арзонлаштирди.

Бу ҳикоядан Имом Авзоийнинг асални олиб, волийга хат ёзишни хуш кўрмаганлари, балки уни пора деб билганлари аниқ бўлади.

Демак, жамиятдаги ҳар бир шахс динимиз ман қилган порахўрлик ва шунга ўхшаган иллатларга қарши курашда фаол бўлиши керак. Акс ҳолда, бу гуноҳнинг зарари ҳаммага уради ва жамиятдаги ҳар бир соҳадага занжир сингари боғланиб кетади. Гоҳида порани мансабдор шахс сўраса, гоҳида биз ўзимиз уларга совға таклиф қиламиз, ўзимиз уларни шунга ўргатамиз ва лойиқ бўлмаган ўринга ёки нарсага эришмоқчи бўламиз. Қарс икки қўлдан чиқади, шунинг учун ҳадиси шарифларда порага алоқадор бўлган ҳар икки томон азобу уқубатда бир хил бўлиши баён қилинган.

Аллоҳ таоло барчаларимизни гуноҳ амаллардан саломат сақласин! Ўзи рози бўладиган амалларда бардавом қилиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими

Read 1217 times

Мақолалар

Top