МАҚОЛА

Таҳовия ва Насафия матнлари ўртасида қандай фарқлар бор?

Абу Жаъфар Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳнинг Ақидатут Таҳовия ва Абу Ҳафс Насафий раҳматуллоҳи алайҳнинг Ақоидун Насафия асарлари ўртасида фарқли қарашлар борми? Агар бор бўлса улар қайси масалалар? Бу асарларнинг қайси бири фойдалироқ? деган саволлар учраётгани боис, бу саволларга ёзма равишда батафсил жавоб бериш маъқул кўрилди.

Ақидатут Таҳовия асари “Аҳли сунна ақидаси баёни”, “Суннат ва жамоат баёни” ва “Ақида” номлари билан машҳур бўлган бўлса, Ақоидун Насафия матни фақат “Ақоид” ва “Ақоидун Насафия” номлари билан танилган.

Аввало бу иккала матн ҳам Аҳли сунна вал жамоа эътиқодини баён қилувчи, асл маънолари бир бўлган, энг машҳур, энг мўътабар матнлар ҳисобланишини таъкидлаш лозим. Бу икки матн бошқа-бошқа даврларда ва бошқа-бошқа юртларда ёзилган. Ақидатут Таҳовия милодий 900 йиллар атрофида Мисрда ёзилган бўлса, Ақоидун Насафия эса икки юз йилдан ортиқ вақтдан сўнг, яъни  милодий 1100 йиллардан кейин Мовароуннаҳрда ёзилган. Шунга кўра ақида масалаларини баён қилишда улар ўртасида айрим  фарқлар бўлиши табиийдир. Улар ўртасидаги айрим жузъий фарқлар эса қуйидагилардан иборат:

  1. Ақидатут Таҳовияда мусулмонлар ўртасидаги ақидавий ихтилофларда миллат фақиҳларининг ақидавий қарашлари қандай бўлгани жамланган. Ақоидун Насафияда эса мавзу кенгроқ олинган, яъни мусулмонларнинг номусулмонлардан фарқли ақидавий қарашларини ҳам, фақат мотуридийларга хос бўлган эътиқодий қарашларни ҳам жамлашга эътибор қаратилган;
  2. Ақидатут Таҳовия тавҳид мавзуси билан бошланган, Ақоидун Насафия эса илм воситалари мавзуси билан бошланган;
  3. Ақидатут Таҳовияда оқил бандаларнинг билиш воситалари, яъни қатъий ақидалар уларда қайси йўллар билан ҳосил бўлиши мавзуси баён қилинмаган, Ақоидун Насафияда эса бу мавзу батафсил баён қилинган;
  4. Ақидатут Таҳовияда олам ва унинг нимадан иборат экани мавзусига киришилмаган, Ақоидун Насафияда эса бу мавзу алоҳида баён қилинган;
  5. Кўплаб ўринларда иккала матнда бир хил маъно фарқли иборалар билан ифодаланган. Масалан, Ақидатут Таҳовияда Аллоҳ таолонинг сифатлари яралмишлардан олдин ҳам бор бўлган азалий сифатлар экани, яралмишлар вужудга келишлари сабабли У зотда олдин бўлмаган бирор сифати зиёда бўлмагани айтилган, Ақоидун Насафияда эса оламнинг ўзи унинг яратувчиси комил сифатлар соҳиби эканига, нуқсонли сифатлардан холи эканига далолат қилиши ифодаланган;
  6. Ақидатут Таҳовияда Аллоҳ таолонинг замон ва макондан холи экани очиқ лафз билан айтилмаган, балки олти тараф Уни иҳота қила олмаслиги ва мутлақ беҳожат экани айтилган,  Ақоидун Насафияда эса “У зот бирор маконда ўрин олмайди, Унга бирор замон жорий бўлмайди”, дея очиқ лафз билан айтилган;
  7. Ақидатут Таҳовияда Аллоҳ таолонинг сифатлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг лафзларига мувофиқ равишда батафсил баён қилинган, Ақоидун Насафияда эса мазкур лафзлардан тушуниладиган ва эътиқод қилинадиган маънолар умумий тарзда баён қилинган;
  8. Аллоҳ таолонинг сифатлари зотининг айни ҳам, Ундан бошқа ҳам эмаслиги масаласига Ақидатут Таҳовияда тўхталинмаган, Ақоидун Насафияда эса бу масала очиқ баён қилинган;
  9. Ақидатут Таҳовияда таквийн сифати умумий тарзда батафсил васф қилинган,  Ақоидун Насафияда эса бу сифат тўғрисидаги ихтилофларда  мотуридийларнинг қарашлари қандай экани баён қилинган;
  10. Ақидатут Таҳовияда барча яралмишларнинг ажалларини Аллоҳ таоло белгилаб қўйгани айтилган, Ақоидун Насафияда эса қатл этилган шахс ҳам ажали билан ўлган бўлиши, ўлимнинг ҳақиқати нима экани ва ажални битта деб эътиқод қилиш масалалари ҳам айтилган;
  11. Ақидатут Таҳовияда Аллоҳ таолонинг мутлақ ризқ берувчи экани айтилган, Ақоидун Насафияда эса ҳаром ҳам ризқ ҳисобланиши, барча ўзининг ризқини ҳалол бўлсин ё ҳаром бўлсин албатта тўла-тўкис олиши баён қилинган;
  12. Ақидатут Таҳовияда “аслаҳ” масаласи очиқ баён қилинмаган, Ақоидун Насафияда эса бу масала очиқ баён қилинган;
  13. Ақидатут Таҳовияда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик сифатлари батафсил баён қилинган, Ақоидун Насафияда эса у зот алайҳиссаломнинг пайғамбарларнинг сўнгиси ва энг афзали эканликларини айтиш билан кифояланилган;
  14. Ақидатут Таҳовияда пайғамбарларнинг адади ҳақида қандай эътиқодда бўлиш баён қилинмаган, Ақоидун Насафияда эса уларни маълум бир ададга чеклаш дуруст эмаслиги айтилган;
  15. Ақидатут Таҳовияда Аллоҳ таолони жаннатда кўриш ҳақлиги нақлий далиллар билан собит экани айтилган, Ақоидун Насафияда эса Аллоҳ таолони жаннатда кўриш ақл ҳукмида жоиз, нақл ҳукмида вожиб экани айтилган;
  16. Ақидатут Таҳовияда Қуръон нақлий далиллар асосида таърифланган, Ақоидун Насафияда эса ақлий далиллар асосида таърифланган;
  17. Ақидатут Таҳовияда (яъни кўплаб нусхаларида) “таквийн” сифати масаласи айнан шу ном билан келмаган. Ақоидун Насафияда эса айнан шу ном билан баён қилинган;
  18. Ақидатут Таҳовияда маъдумга (номавжудга) “шай” сўзи ишлатиш тўғри эмаслиги масаласи келмаган, Ақоидун Насафияда эса бу масала очиқ баён қилинган;
  19. Ижтиҳодий масалаларда ҳам Аллоҳ таолонинг муайян ҳукми борми ёки бундай масалаларда мужтаҳиднинг тўғри деб топгани Аллоҳнинг ҳукми ҳисобланадими? Ушбу масала Ақидатут Таҳовияда баён қилинмаган,  Ақоидун Насафияда эса мотуридийларнинг бу масалага тегишли эътиқодлари очиқ баён қилинган;
  20. Ақидатут Таҳовияда башарият пайғамбарлари афзал саналиши ёки фаришталарнинг пайғамбарлари афзал саналиши масаласи айтилмаган, Ақоидун Насафияда эса бу масала тўғрисида мотуридийларнинг эътиқодлари очиқ баён қилинган;
  21. Ақидатут Таҳовияда саҳобалар, тобеинлар ва улардан кейинги уламолар фақат яхшилик билан тилга олиниши лозимлиги айтилган, Ақоидун Насафияда эса бу масала очиқ айтилмаган;
  22. Ақидатут Таҳовияда битта пайғамбар ҳамма валийлардан афзал ҳисобланиши очиқ айтилган, Ақоидун Насафияда эса валий пайғамбарининг пайғамбарлигига иқрор бўлиш билангина валий бўла олиши айтилган;
  23. Ақидатут Таҳовияда ерда ҳам осмонда ҳам Аллоҳнинг дини ягона Ислом экани баён қилинган, Ақоидун Насафияда эса бу масалага тўхталинмаган;
  24. Ақидатут Таҳовияда мушаббиҳа, мўътазила, жаҳмия, жабрия ва қадария фирқаларининг номлари ва адашганликлари айтилиб, уларнинг йўлларидан паноҳ сўралган Ақоидун Насафияда бу фирқаларнинг бирортасининг номлари келтирилмаган;
  25. Ақидатут Таҳовияда бир юз ўттиздан ортиқ эътиқодий масала баён қилинган, Ақоидун Насафияда саксондан ортиқ эътиқодий масала баён қилинган.

Иккала матн ўртасидаги фарқлар асосан шулардан иборатдир. Агар  мазкур фарқлар мулоҳаза қилиб кўрилса, ҳар бир даврда бўлгани сингари, ушбу матнларда ҳам ўз даврларида муҳим бўлган масалаларга эътибор қаратилгани ойдинлашади. Шу сабабли уларнинг бирида бошқасига қараганда айрим масалаларга кўпроқ урғу берилгани, асло ва асло бир-бирига зид эмаслиги балки бир-бирини тўлдириши аниқ-равшан бўлади.

Шу ўринда Ақидатут Таҳовияни мўътабар санаб, Ақоидун Насафияни мўътабар ҳисобламайдиган айрим кимсаларнинг бу хато тушунчалари ҳақида ҳам икки оғиз гапириб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ақидатут Таҳовияни мадҳ қилиб, Ақоидун Насафияни мўътабар санамайдиган кимсаларни умумий икки тоифага ажратиш мумкин:

  1. Ақоидун Насафийни тушуна олмаганлар ёки уни тушуниш даражасида бўлмаганлар;
  2. Эътиқодлари салафи солиҳларнинг эътиқодларига мувофиқ бўлмаса ҳам, эътиқодимиз салафи солиҳларнинг эътиқодларига мувофиқ деб даъво қилувчилар ва бу даъволарига бошқаларни ҳам ишонтириш йўлида Ақидатут Таҳовиядан қалқон сифатида фойдаланишга уринадиган кимсалар.

Мана шу иккинчи тоифага мансуб кимсалар Ақоидун Насафияни салафи солиҳларнинг ақидаларига зид таълимотлари бўлган, аслида оддий бўлган эътиқодни чигаллаштириб мусулмонларнинг бошларини оғритадиган бидъатлари бор асар деб қарайдилар.

 Лекин бундай кимсаларнинг баъзи қарашлари аслида Ақидатут Таҳовияга ҳам тўғри келмайди. Яъни уларнинг айрим қарашларини Ақоидун Насафия сингари Ақидатут Таҳовиянинг ўзи ҳам рад қилади. Масалан, “Аллоҳ таолони осмонда деб эътиқод қилиш, ёки У зотга қадим сўзини ишлатиш жоиз эмас деб билиш мазкур тоифаларнинг энг машҳур даъволаридан бўлса, уларнинг бу қарашлари Ақидатут Таҳовияга ҳам зид ҳисобланади. Яъни Ақидатут Таҳовияда: “Бошқа яралмишлар сингари Уни олти тараф иҳота қилиб турмайди”, дейилган бўлса, Ақоидун Насафияда: “У зот бирор маконда ўрин олмайди”, дейилган.

Ақидатут Таҳовияда: “У зот ибтидосиз қадимдир” дейилган бўлса, Ақоидун Насафияда: “Оламнинг яратувчиси Аллоҳ таоло ягона, қадимдир” дейилган.

Ақидатут Таҳовия асари мотуридийларда ҳам, ашъарийларда ҳам бир хил эътироф этиладиган мўътабар матнлардан экани соҳа мутахассисларига сир эмас. Иккала мазҳаб уламоларининг ҳам бу матнга шарҳ ёзганлари бунинг яққол исботидир. Ақидатут Таҳовия асарига элликта атрофида шарҳ ёзилган бўлса, Ақоидун Насафиянинг ўндан ортиқ шарҳлари бор. Бу шарҳларнинг айримлари ашъария мазҳаби уламолари томонидан ёзилган. Шунинг ўзи ҳам ушбу матннинг нақадар мўътабарлигига яна бир далилдир дейиш мумкин.

Шу ўринда: “Хўп, Ақидатут Таҳовияни ҳам, Ақоидун Насафияни ҳам мўътабар деб биламиз, лекин қайси бирини афзалроқ деб билишимиз керак”? деган савол пайдо бўладиган бўлса, жавоб қуйидагича бўлади: истеъмол қилинадиган дорининг афзаллиги кишининг ёши ва вазнига кўра фарқли бўлганидек, кишиларнинг илмий салоҳиятларига кўра бу матнларнинг афзаллиги ҳам фарқли бўлади.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Ақидатут Таҳовияда Аҳли сунна вал жамоанинг мусулмонлар ичидаги адашган оқимлардан ва исломга нисбат берилган фирқалардан фарқли бўлган эътиқодий қарашлари жамланган. Ақоидун Насафияда эса Аҳли сунна вал жамоанинг, хоссатан мотуридийларнинг эътиқодий қарашлари нима сабабли тўғри экани ҳамда номусулмонлар ва адашган оқимларнинг эътиқодлари нима учун нотўғри экани ҳақидаги нақлий ва ақлий далилларнинг хулосалари жамланган.

Шу маънода омма мусулмонларга тўғри эътиқодни осон тушунишлари учун Ақидатут Таҳовия матнини ўрганишлари тавсия этилса, соҳа мутахассисларига Ақидатут Таҳовия матни асосида Ақоидун Насафияни чуқур ўрганиш тавсия қилинади…

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у  зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин!

Абдулқодир Абдур Раҳим,

Тошкент ислом институти Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси

Read 1155 times

Мақолалар

Top