МАҚОЛА

Мутаассиблик ва мазҳабни ушлаш орасидаги фарқ

Мазҳаблар ўз имоми номи билан машхур бўлди. Лекин бу, мазҳабни “ана ўша имомлар кашф қилган эканда, ўзича мустақил тузган эканда” деган маънони ифода қилмайди. Бу имомлар Имом Абу Ҳанифа, имом Шофеъий, Имом Молик, Имом Аҳмад роҳимаҳумуллоҳлар ўзлари соҳоба ва тобеъинлардан мерос қилиб олган илмларини маълум қоидаларга солиб оддий инсонлар ҳам тушуниши учун онсон қилиб беришди. Бу мана шу имомлар номи билан намоён бўлгани учун ҳам уларнинг номини олди ва саҳоба ҳамда тобеинларни мазҳаби уларга нисбат берилди.

Дўктор Мустафо Хон айтадилар: “Бугунги кунимиздаги муаммо бу, мазҳаб имомлари мазҳабни ўзлари тўқиб чиқаришган деган гумон. Ваҳоланки воқеликда Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ўз имоми Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга эргашади.

Имом Молик Ибн Умар ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумоларга эргашади, Имом Шофеъий ҳам ана шу саҳобаларга эргашади. Саҳобаларни Аллоҳ таоло Муҳаммад Мустафо соллоллоҳу алайҳи васаллам етказган омонат ва рисолатни ўз зиммасига олиш ва етказиш учун танлаб олган”[1].

Бирорта инсон инкор қилмасдан уммат жуда узоқ аср мазҳабни маҳкам тутиб келди.

Бирор-бир мазҳабсиз муҳаддис, муфассир ёки усули олимни тарих зар варақларидан топа олмайсан. Байҳақи, Хатиб Бағдодий, Ибн Ҳажар Асқалоний, Ибн Асокир, Ибн Салоҳ, Суюти, Жассос, Байдовий, Заркаший, Ибн Ҳожиб, Ибн Жавзий, Ибнул Ҳумом, Сарахсий, Баздавий, Бағовий, Ғаззолий, Субкий, Широзий, Имом Нававий ва бошқа етук ислом уламоларининг барчаси албатта бирор мазҳабга мансуб ва бир мазҳабни маҳкам ушлаганини кўрасан.

Яфеъий айтадилар: “Ислом тарихига назар ташлаган инсон албатта, тўрт мазҳаб юзага келгандан кейин неча- неча замон ўтсин имомлар-у саркарда ва султонларнинг бир мазгабни тутганига гувоҳ бўлади”[2].

Мазҳабни инкор қилувчи дин имомлари унинг устида бўлиб турган нарсани инкор қилувчидир ва унга ижмо боғланган нарсага хилоф қилувчидир. Чунки, тўрт мазҳабдан бирини ушлаш лозим эканига ижмо қилинган.

Деҳлавий айтадилар:” мазҳабни тутиш керак эканига бутун уммат ижмо қилган, хоссатан бизнинг бу нафслар шаҳватга мойил бўлиб кетган кунларда”.

Юқорида мазҳабни ушлаш нега лозим экани борасида бир қанча сабаблар санаб ўтилди, мазҳаблар энг мукаммал суръатда ташкил топди, энди уни тарк этишга ҳеч қандай асосли сабаб йўқдир.

Аллоҳнинг динида эрмак ва ўйин қилишга йўл қўймаслик учун уламолар мутлоқ ижтиҳод эшикларини ёпганлар. Ҳаттоки, Жалолиддин Суютийдек етук олим ижтиҳодни даъво қилганда унга қаттиқ инкор қилишган ва ижтиҳодини қабул қилишмаган.

Ибн Ҳажар Ҳайтамий ушбу воқеани ҳикоя қилиб берадилар:” Жалол буни иддао қилганда уламолар унга бир овоздан савол йўллашади, ушбу саволнинг икки важҳга кўра жавоби бўлади. Уламолар агар у ростдан ҳам ижтиҳод даражасига етган бўлса манашу важҳлардан рожиҳини ёзиб юборишини айтишади. Шунда Жалолиддин Суюти бу саволни жавобсиз яна уламоларнинг ўзларига қайтариб юбориб, жуда машғул экани ва бу мактубга жавоб ёзолмаслигини айтиб узур сўрайди”.       

Ибн Салоҳ нақл қилиб айтадилар:” Имом Шофеъийнинг асридан кейин мустақил мужтаҳид топилмади дейишади”.

Имом Ғаззолийдек уламолар мазҳабни ушлаган ва ижтиҳод даъвосини қилмаган бўлса, қандай қилиб Имом Ғаззолини гапларини тўғри тушуна олмайдиган одамлар ижтиҳод даъвосини қилиши мумкин?

Имом Заҳабий айтадилар:”Ҳозирги кунимизда фақат шу тўрт мазҳабгина қолди, лекин шуни ҳам лозим бўлганидек тушунадиган одамлар саноқлигина, мужтаҳид бўлишни қўявер”[3].

А.Абдумавлонов Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4 курс талабаси

Read 1025 times

Мақолалар

Top