МАҚОЛА

Интернетга асир тушманг!

Мусулмон одам ҳар доим шариатга мувофиқ иш кўради, ҳаёт кечиради. Агар ўзи ­(нафси) истаганидек яшаш тарзига ўтадиган бўлса, албатта, мувозанат бузилади, руҳи бўғилади, мўминлигига путур етади.

Таҳорат бузилганидек, ахлоқ ҳам бузилади. Таҳоратни бузадиган амаллар бўлганидек, хулқни бузувчи иллатлар ҳам бор. Бугун уларнинг кони интернет аталмиш кўринмас, аммо имкони жуда кенг бўлган оламдир. Аллоҳ сақласин, лоқайд бўлсак, ундан тарқалаётган иллатлар на­фақат ўзимиз, аҳлимиз, балки фарзандларимизга ҳам зарар бериши мумкин.

Мусулмон киши биродарининг жони ва моли қаторида, унинг сирини ҳам ҳимоя қилади. Бугун интернет тармоқларига “миш-миш”ларсиз кириш тўйга тўёнасиз боришдай гап бўлиб бормоқда. Бировнинг сирини фош қилиш гўё қаҳрамонликдай, бирга ўн қўшиб олиб чиқишлар урф бўл­моқда. Булар мусулмон учун ўта хатарлидир. Биз тилимизни, кўзимизни, фаржимизни, оёғимизни, қўлларимизни асрашга масъулмиз. Ахир Аллоҳ таоло қиёмат куни аъзоларимизни гапиртиради. Улар бизга қарши гувоҳлик беради...

«Бугун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўйгаймиз. Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида қўллари сўзлаб, оёқлари гувоҳлик берур» (Ёсин сураси, 65-оят).

Ширк ва куфрда бўлган бандалар қиёмат куни дунёда қилган қилмишларидан тониб, тиллари билан нотўғри гувоҳлик беришга ҳаракат қилишар экан. Қўшнилари ва қариндошлари уларнинг мушрик бўлгани ҳақида гувоҳлик беришса ҳам, тан олишмас экан. Аллоҳ таоло уларнинг оғизларини муҳрлаб қўйишга буюргач, қолган аъзолари унинг кирдикорларини бирма-бир айтиб, гувоҳлик берар экан.

Шундай экан, киши таҳорати синганда қайта олгани, Рамазонда еб-ичишдан тийилгани, доимо гуноҳ ишлардан узоқ тургани каби интернетдаги зарарлардан ҳам сақланиш лозим. Айни пайтда, саҳар ё ифтор қилгани, жуфти ҳалоли билан ўйнаб-кулгани каби, интернетдан фойдаланиш жоиз бўлган ўринларда фойдаланади.

Мўмин “замон билан ҳамнафас бўлиш” тушунчасини янглиш англаб, алданмайди. Қўл телефони, интернет ва медиа олами ўз домига тортиши, тақво, ҳилм, хушудан узоқлаштириши каби кўзга кўринмас иллатлардан ўзини эҳтиёт қилади. “Ин­тернетни ёш болалар ҳам ишлатиб юриб­ди-ку”, деб эътиборсиз бўлиш ярамайди. Биз қаерда, қайси ёшда бўлмайлик, Расу­луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарбия қилган уммат бўлиб қолишимиз керак.

Интернет ва қўл телефони бизни ўзгар­тирмаслиги, аксинча, биз Аллоҳнинг изни билан, интернетни, қўл телефонини ҳам ўзгартиришимиз лозим. Таъбир жоиз бўлса, телефонимизни “тарбия” қилишимиз, бу орқали ўзимизни ислоҳ этишимиз керак. Хўш, ҳозир телефонингизни бир “синаб” кўрингчи, унда қанча кераксиз нарсалар бор экан?! Те­ле­фонингиз (яъни ўзингиз) нечоғлик тар­бияли, мусулмонга хос ахлоқдан насибадор эканингизни билиб оласиз!..

Мухторхон ЖАЛОЛОВ,

Шаҳрисабз туманидаги “Бобо Салим”

жоме масжиди имом-хатиби

Read 975 times

Мақолалар

Top