МАҚОЛА

Кибр ва ҳасад дунё ва охиратда хор қилади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан яна бири кибр ва манманликдир.

 

“Кибр”, “такаббур”, “кибрё” сўзлари луғатда катталик маъносини билдиради ва ўзини бошқалардан катта, устун ва афзал ҳисоблаш сифатига эга шахсга нисбатан ишлатилади.

Банда учун Аллоҳ таолонинг неъматлари ичида иймон ва маърифатдан улуғи йўқдир. Унга эришиш учун бағрикенглик ва қалб кўзи ўткирлигидан бошқа васийла йўқдир.

Куфр ва маъсиятдан каттароқ бало-офат йўқдир. Мазкур икки нарсага чақиришда қалб кўрлиги ва жаҳолат зулматидан бошқа нарса йўқдир.

Зийрак кишилар Аллоҳ таоло уларнинг ҳидоятини ирода қилган ва қалбларини Исломга кенг қилиб қўйганлардир. Мутакаббирлар Аллоҳ таоло уларни залолатини ирода қилган ва қалбларини худди осмонга чиқаётгандаги каби тор ва танг қилиб қўйганлардир.

Мутакаббир ўз ҳидоятига кафил бўлиши учун қалб кўзи очилмаган кишидир». Ҳасад Аллоҳ таоло бирор бандага охиратда зарари тегмайдиган, дини ва дунёси учун фойдали қилиб берган неъматни ундан кетишини исташдир. Ёки ўша кишининг шундай неъматга эриша олмаслигини хоҳлашдир.  Ҳасад барча уламоларнинг иттифоқига кўра ҳаром ва оғир гуноҳдир. Ҳасад тоат-ибодатларни йўққа чиқаради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом айтдилар:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ 

« إِيَّاكُمْ وَالْحَسَدَ فَإِنَّ الْحَسَدَ يَأْكُلُ الْحَسَنَاتِ كَمَا تَأْكُلُ النَّارُ الْحَطَبَ »

яъни: “Ҳасаддан жуда эҳтиёт бўлинглар. Чунки ҳасад олов ёғочни егани каби яхшиликларни ейди”, (Имом Ибн Можа ривояти).Ҳасад кишини ёмон ишларга бошлайди. Ҳасадчи ёлғон, ғийбат, сўкиш ва сўкинишдан қутила олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:

قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:"لا يَزَالُ النَّاسُ بِخَيْرٍ مَا لَمْ يَتَحَاسَدُوا".

яъни: “Инсонлар бир-бирларига ҳасад қилмагунларича яхшиликда давом этадилар”, (Имом Табароний ривояти).Ҳасадчи қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларидан маҳрум бўлади. У зот:

لَيْسَ مِنَّا ذُو حَسَدٍ وَلَا نَمِيمَةٍ وَلَا كِهَانَةٍ وَلَا أَنَا مِنْهُ ثُمَّ تَلَا قَوْله تَعَالَى

 : ﴿ وَاَلَّذِينَ يُؤْذُونَ الْمُؤْمِنِينَ ، وَالْمُؤْمِنَاتِ بِغَيْرِ مَا اكْتَسَبُوا فَقَدْ احْتَمَلُوا بُهْتَانًا وَإِثْمًا مُبِينًا ﴾

яъни: «Ҳасадчи, чақимчи, фол очувчи биздан эмас, мен ундан ҳам эмасман”, дедилар ва ушбу оятни: “Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар”», (Имом Аҳмад ривояти).

Ривоят қилинишича:

ستة يدخلون النار بغير حساب الأمراء بالجور والعرب بالعصبية والدهاقين بالكبر

 والتجار بالكذب والعلماء بالحسد والأغنياء بالبخل

Яъни: “Олти тоифа киши ҳисоб-китобсиз дўзахга тушади: 1) адолатсиз бошлиқлар; 2) миллатчи араблар; 3) мутакаббир деҳқонлар; 4) ёлғончи тижоратчилар; 5) ҳасадчи олимлар; 6) бахил бойлар” (Имом Дайламий ривояти). Ҳасад бировга зарар беришга бошлайди. Шу боис Аллоҳ таоло шайтондан паноҳ сўрагандек ҳасадчилардан ҳам паноҳ сўрашни ўргатади:

﴿ وَمِنْ شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ ﴾

яъни: «ҳамда ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан» (Фалақ сураси, 5-оят).

Муоз ибн Жабар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:

عَنْ مُعَاذِ بن جَبَلٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:

"اسْتَعِينُوا عَلَى إِنْجَاحِ الْحَوَائِجِ بِالْكِتْمَانِ، فَإِنَّ كُلَّ ذِي نِعْمَةٍ مَحْسُودٌ"

Яъни: “Ишларингиз муваффақиятли якунланишини истасангиз, уларни сир тутинг. Чунки ҳар бир неъмат эгасининг ҳасадчиси бордир” (Имом Табароний ривояти). Ҳасадчи ҳар доим куйиб-ёнади, бировларни кўра олмайди. Шу боис доимо унинг қалбида ғам, алам бўлади. Аллоҳнинг ҳикматларини англамайди. Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳасадчи бўлма, калтафаҳм бўлиб қоласан. Ҳасадчи ҳар доим маҳрумдир. Чунки у ҳеч қачон муродига эриша олмайди, балки душманига унинг мақсадига етишишида ўзи билмаган ҳолда кўмаклашиб юборади. Шу боис ҳасадчининг косаси оқармайди”. Ҳасад ҳаром амал, шу боис ундан узоқ туриш керак. Ҳасад сенинг дунёингга ва динингга фойда келтирмайди. Ҳасаддан душманга зарар эмас, фойда келади. Лекин сенинг динингга зарар бўлади. Ҳасадинг туфайли Аллоҳнинг ғазабига дучор бўласан. Сен ҳасад қилаётиб, гўё Аллоҳ бировга берган неъматни нодонлик билан ёмон кўргандек бўласан. Бунинг оқибатида гуноҳкорга айланасан.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳасаддан асрасин!

 

Алиакбар домла Сайфуддинов

Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби

Read 995 times

Мақолалар

Top