МАҚОЛА

Устозни ғанимат билиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Устозни ғанимат билиш

 Толиби илмларга қилинадиган насиҳатлардан энг муҳими – бу устозни, унинг билимини ва илм мажлисларини ғанимат билиш, пайтида улардан фойдаланиб қолишдир. Қанчадан-қанча шахслар замондошлари бўлмиш уламоларга етиша олмаганлари, бунинг учун ҳасрат-надоматда қолганлари тарихдан маълум.

Хатиб Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Риҳлат” номли китобининг сўнггида бир боб қилиб, уни “Бирор шайх томон унинг олий санадини талаб қилиб йўлга чиққанлар ва ўша шайхлар ўлиб қолиб, муродига ета олмаган талабгорлар зикри” деб атаган.

Абдуллоҳ ибн Довуд Харибий айтади: “Басрага Ибн Авн билан учрашиш учун кирган эдим. Бани Доро кўпригига келганимда Ибн Авннинг вафот этгани хабари келди. Менга нима етганини Аллоҳ билади”.

Қаранг, мазкур кишилар бирор-бир дунё матоҳи, бойлик, қаср ё бошқаси учун надомат қилаётганлари йўқ. Чунки булар топиладиган нарсалар. Аммо уламоларнинг ўринларини ҳеч ким боса олмайди.

Ўтмишдан биламизки, биргина ҳадис ривояти, биргина фиқҳий масала ечими учун кишилар узоқ масофали жойларга йўлга тушганлар. Ваҳоланки, ўша пайтларда шароитлар оғир эди. Олимларнинг, илмнинг қадрини билганларидан оғир машаққатларга ҳам рози бўлганлар.

Аммо ҳозирги кунда қулайлик ва кенг имкониятлар бўла туриб биз устозларимиздан фойдаланишни билмаяпмиз. Уламолар ғанимат экани ҳадиси шарифда очиқдан-очиқ баён қилинган.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, Аллоҳ илмни бандаларидан бирданига суғуриб олмайди, балки илмни уламоларнинг жонини олиш билан суғуриб олади. Ниҳоят, бирорта олимни қолдирмагач, одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади. Кейин улар сўраладилар ва илмсиз равишда фатво беришади. Натижада адашадилар ва адаштирадилар», деганларини эшитдим» (Имом Бухорий ривоят қилган).

Қаранг, илм уламоларнинг вафоти сабаб кўтарилар экан. Яъни, илмни ушлаб, сақлаб турадиганлар уламолардир. Уларнинг заволлари илм заволи экан.

Имом Заҳабий уламолардан уч киши бир вақтда вафот топганларида: “Шаҳар бир йил ичида ана ўша уч киши кабилардан холи қолса, унда нуқсон зоҳир бўлибди”, деган экан.

Емак ва ичимлик бадан озуқаси бўлса, қалб озуқаси илмдир. Қалбларни тирилтирадиганлар олимлардир. Нафақат қалбларни, балки оламни тирик тутадиганлар олимлардир. Мана шунинг учун ҳам: “Олимнинг ўлими – оламнинг ўлими”, дейилган. Олим оламнинг руҳи, нури ва ҳаётидир.

Узоққа бормай, яқин даврдан мисол келтирадиган бўлсак, раҳматли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари вафот этганларидан кейин у кишининг илмларидан, ақалли у зотни бир кўришдан, дуоларини олишдан баҳраманд бўлмай, ҳасратда қолганларнинг саноғи йўқ. У кишига етиша олмаганлар у ёқда турсин, гарчи шогирдлик бахтига муяссар бўлган бўлсалар-да, маърифат булоғидан айрилиб қолганлари учун қанчалар ўксинишди.

Қалбимиздан у зотдан кейинги катта бир кемтикни, ўрни тўлмас бир бўшлиқни ҳис қилганимизда “Биргина инсон дунёни шунчалар мунаввар қилиб турганмиди?!” деймиз бехосдан. Ҳа, биргина инсон дунёни хайрга тўлдириб турган эдилар. Мана шу хайр илм нури, илм барокоти эди.

Аммо олим кетди, деб буткул ноумидликка тушиш нотўғри. Олимлар аслида барҳаётлар. Улар нариги дунёга ўтишган бўлса-да, халафларини, яъни ўринбосарларини қолдиришган. Биз энди улар қолдирган мерослари ва меросхўрларини ғанимат билайлик.

Одинахон Муҳаммад Юсуф

Read 915 times

Мақолалар

Top