Интернетнинг ўзбек тилидаги майдонида ўрта асрлардан бери Ислом динини ёт ғоялардан сақлашга хизмат қилиб келаётган мотуридия таълимотига тош отаётган, муборак динимиз таълимотини сохта талқин этиш орқали низо, тортишув ва ихтилоф чиқаришга уринаётганлар кўпайиб қолган.
Диний масалалардаги ихтилофлар ўта ҳассос эканини эътиборга олсак, диндошларимизни ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридия ақидаси таълимоти, аксар уламоларнинг илмий қарашлари асосида диний ихтилофлардан огоҳлантириш ва улардан асраб-авайлаш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ҳар қандай ихтилоф ислоҳ этиш ёки вайрон қилиш хусусиятига эга. Кўп уламолар саҳобалар, тобеинлар, мусулмонларнинг эҳтиромига сазовор бўлган тўрт фиқҳий мазҳаб ихтилофи мисолида табиий ихтилофлар яхши ният ва уриниш оқибатида келиб чиқиши ҳамда яхшилик билан тугашини таъкидлайди. Аммо бузғунчи мақсадларда, сунъий равишда келтириб чиқарилган ихтилофларга вақтида чора кўрилмаса, томонларнинг тажовузкорлигига сабаб бўлиши, тўғридан-тўғри зўравонлик даражасига етиши мумкин.
Диний асосдаги ихтилофларни шартли равишда муайян динга эътиқод қилувчи шахс ёки гуруҳлар ўртасида ақида, шариат, амалларни бажариш, муқаддас манбалардаги кўрсатмаларга таяниш ва бошқа масалаларда кескин мунозарали ҳолатларнинг юзага келиши деб таснифлаш мумкин.
Ислом динида ихтилоф чиқариш ўзларидан бошқа мусулмонларни хатокорликда, бидъат ва залолатда, Қуръон ва суннатни тарк этишда айблашда акс этмоқда. Жумҳур уламолар ихтилоф чиқараётган тоифаларнинг кўзга яққол ташланадиган белгиси бемазҳаблик эканини қайд этади. Уламолар ихтилоф чиқараётганлар Абу Сулаймон Асбаҳоний Зоҳирий (883 й. в.э.) томонидан таъсис этилган, “Зоҳирия мазҳаби” номини олган ҳуқуқий мактаб тарафдорлари сингари Қуръон ва ҳадисларнинг фақат зоҳирига (юзаки маъноларига) амал қилишларини таъкидлашади.
“Зоҳирийлар” ҳуқуқий амалиётда Қуръон ва суннатни айнан тушуниш ва талқин қилишни тан олганлар. Улар Қуръон матнидаги яширин (мажозий) маънони рад этиб, уни мажозий талқин этиб бўлмайди, деб ҳисоблаганлар. “Зоҳирийлар” усулул фиқҳ (ҳуқуқ асослари) илмига оид масалаларда мантиқий усуллар (раъй, истиҳсон ва б.)дан фойдаланишга кескин қарши эди.
Юқоридаги сабабларга кўра, уламолар бугунги замонда ихтилоф чиқараётганларни “янги зоҳирийлар” деб ҳам аташади. Ихтилофчиларга хос хусусиятлар қуйидагича:
– Қуръонда мажозий маъноларда келган оятларни қандай бўлса, шундай тушуниш ва риоя этиш, Қуръондаги умумий кўрсатма маъносида келган оятлар билан буйруқ сифатида келган оятларни бузиб талқин этиш, оят ва ҳадисларни тушунишда сиртқи маъноларига ёпишиб, ҳарфма-ҳарф таҳлил қилиш ҳамда матнларнинг ортидаги мақсад ва ҳикматларни эътиборга олмаслик;
– маънавий камолот, ота-онага ҳурмат, фарзанд тарбияси, билим олиш, муҳтожларга ёрдам бериш, олим-уламоларни ҳурмат қилиш каби асл исломий қадриятларга эътиборсизлик қилиш ва риоя этмаслик, асосий эътиборни шаклга, масалан, тартибсиз соқол қўйиш ва ўз наздларида гўёки исломий ҳисобланадиган либос кийишга, шунингдек, суратга тушиш, телевизор кўриш, давлат ва халқ байрамларини нишонлашни ман этиш кабиларга қаратиш;
– ўз фикрини тўғри деб ҳисоблаб, ғулувга кетиш ҳамда фикрларига қўшилмаганларга нисбатан ўзларининг “бидъат–залолат”, “залолат–дўзах” қоидалари асосида кескин муросасиз муносабатда бўлиш;
– ўзларидан бошқа барча мусулмонларни “фосиқ”, “бидъатчи” ёки “кофир”га чиқариш, дин, мазҳаб ва бошқа масалаларда бепарво бўлиш;
– ўтган улуғ уламоларни танқид қилиш орқали ўзларини уларнинг ўрнига қўйишга ҳаракат қилиш;
– бугунги кун воқелиги, тарихий ва объектив қонуниятларни тушунмаслик ва тан олмаслик, масалан, барча мусулмонларни бирлаштирувчи ягона халифалик қуриш каби хомхаёлни мутаассиблик билан илгари суриш.
Ихтилоф чиқараётганларнинг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонда бузғунчилик ишлари қаторида қуйидагиларни келтириш мумкин:
– Имом Абу Ҳанифа ва Имом Мотуридий раҳимаҳумаллоҳ ҳақида танқидий фикрлар тарқатиш, расмий диний идора ва масжидларда ишлайдиган уламоларни “сарой муллалари” деб масхара қилиш;
– ҳанафийлик мазҳаби таълимотига зид равишда намозда “омин” лафзини овоз чиқариб айтиш, оёқларни кериб туриш, намозда рукуга бораётганда ва ундан қайтаётганда икки қўлни кўтариш орқали тафриқа чиқариш, суннат намозларни масжидда ўқимаслик, намоздан кейин жамоат билан дуо қилишни, қабристонда ёки ўтганларга атаб тиловат қилишни “бидъат” деб эълон қилиш;
– дунёвий ҳаёт кечираётган фуқароларни, айниқса, давлат бошқарув органлари ходимларини оммавий равишда “куфр”да айблаш ва шу кабилар.
Исломда динни одамларга қийин қилиб тушунтириш ва оғир талаблар билан чеклаш, мазкур масалада ихтилоф чиқариш ман этилган. Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар, хотиржам қилинглар, бездирманглар”, дедилар (“Саҳиҳул Бухорий”, 6125-ҳадис).
Жумҳур уламоларнинг илмий манбаларида, жумладан, марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг асарларида (“Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар”, 38–64, 227–293- бетлар) ихтилоф чиқараётганларнинг намоз ва бошқа масалалардаги даъволари Ислом таълимотига зид экани муқаддас манбалар, аҳли сунна вал жамоа ақидаси ҳамда ҳанафийлик таълимоти асосида мустаҳкам ҳужжат ва далиллар билан исботлаб берилган.
Уламолар динда ихтилоф чиқараётганлардан сақланиш учун суннийлик йўналиши ва ҳанафийлик мазҳаби аҳкомларида маҳкам туриш, мутаассиб ва экстремистик ғояларга берилмаслик зарурлигини таъкидлайди ва ихтилофчиларнинг жамиятга бузғунчи таъсиридан сақланишда қуйидагиларни тавсия қилади:
– ҳар бир мусулмон аҳли сунна вал жамоада бўлиши;
– динни ўрганишда солиҳ мусулмон аждодлар изидан бориш;
– уламоларни ҳурмат қилиш ва уларга эргашиш;
– фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш;
– турли бузғунчи тоифа, фирқа ва гуруҳлардан эҳтиёт бўлиш;
– кишилар ўртасида аҳил-иноқлик ва дўстликни мустаҳкамлаш;
– дин, Ватан ва халқ фойдаси учун хизмат қилиш;
– ихтилофлардан четда бўлиш.
Тарихдан маълумки, қайси халқ ёки жамиятда ихтилоф ва ўзаро низолар авж олса, улар катта фитналарни келтириб чиқарган ҳамда ушбу ўлка заифлашиб, охир-оқибат муқаррар таназзулга юз тутган. Аксинча, ошкора ва ботиний фитна ва ихтилофларга қарши илм, адолат ва бирдамлик билан қарши турган юртлар барқарор ривожланиб, дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаган.
Шу нуқтаи назардан, мусулмонлар ақида, шаръий амалларни адо этиш масалаларида уламоларимизга эргашишлари, жамоадан ажралмасликлари, ўзларини бузғунчи тоифалар таъсирига тушиб, диний мавзуларда низо ва тортишув чиқаришдан тийишлари, ихтилофли масалаларнинг ечимини жумҳур уламоларнинг Қуръон ва суннат, мотуридия ақидаси асосида ёзилган асарларидаги таҳлиллардан, ҳужжат-далиллардан топишлари тўғри йўл ҳисобланади.
Ўткир ҲАСАНБАЕВ