МАҚОЛА

“Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот... масаласидир”

Таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир” деган чуқур маъноли сўзлари нақадар ҳақиқат эканини бугун, ҳар қачонгидан ҳам яхши англаймиз.

Тарбия масалаларига эътиборсиз қаралган вазиятда юзага келадиган кўнгилсизликлар ҳам, у келтириб чиқарадиган зарарли оқибатлар ҳам барчамизга аён. Аммо бугун кишиларимизга ана шу ҳакикатни айтсангиз сизга: “Нима қилай, ишламасанг бўлмаса!”, “Кўряпсиз-ку, осонмас, ҳаёт ташвишлари, болаларнинг еб-ичишию, кийим кечаги ...”, “Ҳа энди ўзи омон бўлса, тарбияси бир гап бўлар...”.

Йўқ, тарбия “бир гап бўладиган” нарса эмас! Унинг учун жон куйдириш шарт. Мол дунё кийим кечакка ҳирс қўйиш дардидан фориғ бўлиб, тарбия билан шуғулланиш керак.

Гўё кўпчиликнинг фарзанд тарбияси билан банд бўлишга ортиқча вақти йўқ эмиш. Ваҳоланки, тарбия масалалари билан ортиқча вақтда эмас, ҳар дақиқада шуғулланиш даркор. Олимлар бир суткада фарзанд тарбияси учун фақатгина ўн икки дақиқагина вақт ажратадиган ота-оналар бор эканини аниқлаганлар. Бу дақиқалар ҳам асосан дастурхон атрофида ўтирганда, бола кўчага чиқаётганда, мактабга кетаётгандан бериладиган кичик танбеҳларга сарф бўлар экан, холос.

Буюк ватандошимиз Имом Ғаззолий бундай дейди: “Болалар ота-оналарига берилган бир омонатдир. Боланинг қалби ҳар қандай нақшу тасвирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. У қандай нақш солинса, қабул қилади, қаёққа букилса, эгилади. Агар яхшиликка ўргатилса, шу билан ўсади ва дунёю охиратда саодатга эришади. Унинг савобига ота-онаси ҳам, ҳар бир муаллиму устозлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка одатлантирилса, ҳайвонлардек ўз ҳолига ташлаб қўйилса, охир-оқибат ҳалок бўлади. Гуноҳи эса унинг тарбияси учун жавобгар бўлганларнинг гарданига тушади”.

 Азиз ота оналар, бу борада олиб бораётган ишларингизга бир назар ташлаб кўринг-а?! Сиз буни қай даража уддалаяпсиз, фарзандингизга, унинг тарбиясига қанча вақт ажратяпсиз?

Зеро, бугун илм-фан ва таълим изчил ривожланиб бораётган бир даврда ҳеч шак-шубҳасиз тарбия таълимнинг асосида туриши шартдир. Шундай экан, илм-фан таълим-тарбия асосида олиб борилиши мақсадга мувофиқдир. Қолаверса, ҳар бир педагог, муаллим ва устознинг таълим беришдан мақсади –келажаги порлоқ, Ватан ва эл-юрт хизматида турадиган ҳалол кадрларни тарбиялаш бўлсагина, бундай таълим-тарбия ўз самарасини бермай қолмайди. Яъни, бугунги куннинг ўқитувчи ва муаллими ўзи таълим бераётган шахсга фидойилик билан таълим бериши, қолаверса жонкуяр тарбиячи бўлиши шарт. Айни дамда тарбия соҳасида ўқитувчи ва муаллимлар ўқувчи ёшларга шахсан намуна бўлишлари ҳам муҳимдир!

Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди – бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси”. Шундай экан, таълим ва тарбия ишини уйғун ҳолда олиб бориш талаб этилади.

Шуни унутмаслигимиз керакки, юрт келажаги, ватанимиз тараққиёти ва халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимиз ва ёшларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқдир. Шу сабабли ҳар бир ота-она, устоз ва мураббий ҳар бир бола тимсолида аввало шахсни кўриши зарур. Ана шу оддий талабдан келиб чиққан ҳолда, ўниб-ўсиб келаётган ёшларни мустақил ва кенг фикрлаш қобилиятига эга бўлган, онгли яшайдиган комил инсонлар этиб вояга етказиш – таълим-тарбия соҳасининг асосий мақсади ва вазифаси бўлиши лозим, деб қабул қилишимиз керак.

Маълумки, ота-боболаримиз қадимдан бебаҳо бойлик бўлмиш илму маърифат, таълим ва тарбияни инсон камолоти ва миллат равнақининг энг асосий шарти ва гарови деб билган.

Албатта, таълим-тарбия – онг маҳсули, лекин айни вақтда онг даражаси ва унинг ривожини ҳам белгилайдиган, яъни халқ маънавиятини шакллантирадиган ва бойитадиган энг муҳим омилдир. Бинобарин, таълим-тарбия тизимини ва шу асосда онгни ўзгартирмасдан туриб, маънавиятни ривожлантириб бўлмайди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, фарзандларимизни илм-фан ва таълим-тарбия асосида вояга етказиш мақсадга мувофиқ экан, ўз ўрнида тарбия эса маънавият билан чамбарчас боғлиқдир. Зеро, ёшлар келажак эгалари ҳисобланади. Ёшларимиз таълим-тарбиясида эса маънавий тарбия катта аҳамиятга эга.

Энг муҳими, фарзандларимизни соғлом, комил инсон қилиб тарбиялайликки, улар ўз ота-боболарига, тарихимизга, Ватанимизга, она тилимизга, ўз миллий қадриятларимизга, муқаддас динимиз анъаналарига содиқ бўлишсин.

 

Ўткир ҒУЗАРОВ,

 “Хожа Бухорий” номли ўрта махсус

ислом билим юрти мудири

Read 1013 times

Мақолалар

Top