МАҚОЛА

Барчамиз масъулмиз!

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло инсонни барча яратиқлардан мукаррам қилиб яратди ва уни бошқа ҳеч бир махлуқотга берилмаган улкан тил неъмати билан шарафлади. Тил кишилар учун тафаккурида кечаётган фикрларни баён этиш, ўзаро алоқа қилиш воситаси ҳамда ҳар бир миллатнинг ўзига хос маданияти ва маънавиятини ўзида акс эттириб турувчи энг улуғ қадриятдир. Шуни унутмаслик керакки, тил халқни бирлаштиради, уни ватанга муҳаббат, юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялайди, муайян тил эгаларига таълим беради, миллий урф-одат ва анъаналарини ўзида сақлаб авлоддан авлодга етказади. Шу боис она тилини севиб-ардоқлаш, асраб-авайлаш, ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлиш, ҳар бир миллатнинг дунё халқлари орасидаги тараққиёти ва келажакдаги ўрнини белгилайди. Буни чуқур англаб етган ҳар бир киши, энг аввало, ўз она тилини улуғлаши ва шарафлаши лозим.

Ҳазрат Алишер Навоий ўзининг “Муҳокамат ул-луғатайн” (“Икки тил муҳокамаси”) асарида тил ва унинг моҳияти ҳақида шундай деб ёзади:

Эй сўз била қилғон офариниш оғоз,

Инсонни арода айлагон маҳрами роз

Чун «кун фаякун» сафҳасига бўлди тироз

Қилғон они нутқ ила боридин мумтоз.

Дарҳақиқат, биз яшаб турган бу фоний дунёнинг яралиши Аллоҳ таборак ва таолонинг биргина “Бўл” деган амри билан амалга ошди. Ўз яратиқлари орасида инсонни нутқ (тил) билан барчасидан мумтоз (улуғ) қилиб қўйди. Шунинг учун биз бандалар бу улуғ неъматнинг шукрини адо этмоғимиз лозим бўлади. Тил неъматининг шукрини адо этиш эса, ширинсўзлик, ростгўйлик, нутқдаги фасоҳат ва балоғат билан амалга ошади. Тилни ҳар хил ёт сўзлар, фаҳш, фисқу фасод, иғво, ғийбату бўҳтон ва ёлғонлардан сақлаш керак бўлади. Бутун инсониятнинг энг хайрлиси бўлган Зот – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам умматларни бундан сақланишга чақирганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса (фақат) яхши сўзларни сўзласин ёки сукут сақласин” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Бу ҳадисга амал қилувчилар ўзлари учун ҳам, жамият учун ҳам манфаат келтирувчилардир.

Бундан 33 йил муқаддам – 1989 йилнинг 21 октябрида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинди. Бу халқимиз тарихидаги оламшумул воқеа бўлди. “Давлат тили ҳақида”ги Қонун Ўзбекистон халқининг истиқлолга эришиш йўлида қўйилган дастлабки қадами бўлди. Мазкур Қонуннинг 1-моддаси ва Конституциямизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили” эканлиги ва Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминланиши ҳам белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилингандан бери ўтган давр мобайнида юртимизда ўзбек тилининг мавқеи тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Ҳар бир соҳада Давлат тилини ривожлантиришга анча катта эътибор қаратилаётганини ҳам эътироф этиш лозим. 2020 йил 10 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши ана шундай эътиборнинг натижаси десак, янглишмаймиз. Мазкур қонунда ҳар йили 21 октябрь “Ўзбек тили байрами куни” этиб нишонлаш белгилаб қўйилди ва ҳар йили 21 октябрь бутун мамлакатимиз бўйлаб катта байрам сифатида нишонланмоқда. Бу, албатта, она тилимизга бўлган эътиборимиз, уни қай даражада ардоқлашимиз ва ҳурмат қилишимизни англатади.

Дунёда халқлар, элатлар ва улар ишлатадиган тиллар ҳам жуда кўп. Улар орасида ўзбек тили ҳар жиҳатдан ўз ўрни ва мавқеига эга. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир”.

Шуни унутмайликки, Давлат тилининг ривожи қайсидир идора, қайсидир ташкилот зиммасигагина юкланган вазифа эмас, балки шу тилда сўзловчи, шу юртда яшовчи ҳар бир кишининг зиммасидаги улкан масъулиятдир. Демак, бизнинг энг асосий вазифамиз ана шу бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятни ҳамиша асраб-авайлаб, бутун нафосати билан дунёга танитишдир. Шундагина биз ўзимизга ато этилган тил неъматининг шукрини адо қилган бўламиз. Бу улкан вазифани бажаришга эса барчамиз бирдек масъулмиз.

Бугун нишонланаётган улуғ байрам – Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун барчамиз учун муборак бўлсин!

А.НАИМОВ,

Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

Read 748 times

Мақолалар

Top