МАҚОЛА

Муташобиҳ оятлар тўғрисида тортишманг!

Қуръони каримда муташобиҳ оятлар ҳам бўлиб унинг асл маъноси бандасига маълум эмас. Масалан, бундай оятлардан бири “Тоҳо” сурасининг 5-оятида: "Раҳмон аталмиш Зот Арш узра муставий бўлди", – дейилади. Бу ердаги "муставий бўлди" иборасини “тик турди”, “тўғри бўлди”, “ўрнашди”, “эгаллади” каби мазмунда таржима қилиш мумкин бўлсада, булардан қайси бири тўғри экани ёки бошқа маъноси борлиги фақат Аллоҳнинг ўзига маълум. Бу каби оятларга фақат имон келтириб, Аллоҳдан эканлигини тасдиқлаб қўйишнинг Ўзи кифоядир.
Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “У Сизга Китобни (Қуръонни) нозил қилган зотдир. Унда муҳкам – ойдин оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва яна муташобиҳ (маъноси Ўзидан бошқага номаълум) оятлар ҳам бор. Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки, ундай оятлар таъвилини (асл маъносини) фақат Аллоҳнинг Ўзигина билур. Илмда мустаҳкам (ҳаққоний олим)лар эса, дейдилар: «Унга имон келтирдик. Ҳамма (оятлари) Раббимиз ҳузуридандир». (Бундан) фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар” (Оли Имрон сураси 7-оят).
Имом Абу Жаъфар ат-Таҳовий “Ақидатут-Таҳовий” китобида бундай деганлар: “Ким ўрганиш ман қилинган нарсага киришса, васвасага тушган, адашган ва шакка тушган ҳолатда бўлади”.
“Ўрганиш ман қилинган нарса” деганда, муташобиҳ оятлар тушунилади. У оятлардан нима ирода қилинганини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади. Имом Таҳовий муташобиҳ оятларни таъвил қилмаслик (тафсирига киришмаслик) йўлини танлаганлар.
Ҳозирги кундаги сохта салафийлар бу оятларнинг зоҳирига маҳкам ёпишиб олиб, Аллоҳ таоло Аршга ўтирган, Арш эса осмонда, демак, Аллоҳ ҳам осмонда, деган нотўғри хулосага келишмоқда. Ваҳоланки, муташобиҳ оятларни тасдиқлаш ва улардаги ҳақиқий маъно қасд қилинмаганига эътиқод қилиш олдинги уламоларимиз йўли эди. Аҳли сунна уламолари Аллоҳ таолога макон нисбат бермайдилар, улардан ҳеч бирлари бу гапни айтган эмаслар. Аксинча, баъзи уламолар Аллоҳ таолога макон нисбат бериш куфр эканини айтишади, чунки Аллоҳ таолога макон тайин қилиш У Зотни бандаларига ўхшатишдир.
Кейинги замонларда муташобиҳ оятлар ҳақида саволлар кўпайиб кетгач, Аҳли сунна мутааххир уламолари у оятларни Аллоҳ таолонинг азаматига мос келадиган маъноларга таъвил қилишни жоиз кўрганлар. Айнан “истиво” калимасини “истило”, яъни “ўзига мулк қилиб эгаллаш ва ҳукмини ўтказиш” маъносидаги – деб таъвил қилганлар. Тавфиқ Аллоҳдандир.

Наманган вилояти вакиллиги
Чуст туман вакили Б. Шарипов

Read 898 times

Мақолалар

Top