МАҚОЛА

Фитналар пайтида содир бўладиган 9та ҳолат

Дунёда Ислом динидек инсон ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган бирор-бир таълимот йўқ. Аллоҳ таолонинг бу ҳақ дини мусулмон кишининг ҳар қандай ҳолатда ҳам қандай қилиб йўл тутса дунё ва охиратига манфаат бўлишини белгилаб берган. Бу нарсаларни баъзан Аллоҳ таолонинг Ўзи муборак каломида баён қилган бўлса, баъзида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиллари билан у зотнинг ҳадиси шарифларида баён қилиб берилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг кўплаб ҳадисларида умматнинг бошига қиёматгача тушадиган фитналар ҳақида хабар берганлар.

         Доcтор Абдулазиз Дохон  ўзларининг “Аҳдас ва аҳодису фитнатил ҳарож” номли китобларида фитна тўғрисидаги ҳадисларни жамлаб, улардан қуйидаги маъноларни чиқариб олганлар:

1)      Фитна Аллоҳ таолонинг бу уммат ва бошқа умматлар ичида қиёматгача бўладиган суннатидир. У зулматли тун каби кўр, соқов, кар бўлиб, унинг ичига кирган одам дунё ва охиратда ҳалок бўлади. Ундан қўлини тийган кишилар эса нажот топади. Аллоҳ кимга илм, тақво, рушд бермаган бўлса, унда инсон ўз ўрнини йўқотиб қўяди.

2)      Фитна ҳақидаги ҳадисларда мусулмонлар ўртасидаги урушлар шубҳасиз, бўлиши айтилган. Буни инкор қилиб бўмайди. Лекин келгусида бу урушларни бартараф этиш, мусулмон ўлкаларда содир бўлган пайтда фитна оловларни ўчириш учун ҳам бу урушларни сабабини билиш лозим бўлади.

3)      Аллоҳ таолонинг бу умматга раҳматларидан бири, бу дунёда уларнинг гуноҳларига каффорот бериши. Уруш ва фитналар уларнинг гуноҳлари учун каффоротдир.

4)      Фитна ҳақидаги баъзи ҳадисларда  бу фитналарнинг катта қисми машриқ тарафдан  пайдо бўлиши очиқ-ойдин айтилган. Воқеъликда ҳам худди шундай бўлди. Чунки биринчи бўлиб фитнанинг ҳаракатлари Куфа ва Басрада пайдо бўлди. Жамал фитнаси ҳам айнан шу ерда бўлган эди.

5)      Фитналар пайтида бир қавмлар ўз динларини арзимас дунё матосига сотдилар ва ҳавойи нафсларига берилиб ҳукм чиқардилар. Соф ислом аҳли эса уларнинг йўлларида ғарибга айланди. Динини маҳкам ушлаганлар қўлларида чўғ тутгандек, ўзларига етадиган мусибатларга дин йўлида сабр қилдилар.

6)      Фитналар пайтида Аллоҳ таоло бир тоифа инсонларни сақлади. Улар фитнага аралашмадилар.  Қўлларини мусулмонларнинг қонлари билан бўлғамадилар. Балки ислоҳ учун ҳаракат қилдилар.

7)      Фитналар пайтида тил қиличдан кўра хатарли қуролга айланди. Фитна ва балоларни айнан тил вужудга келтирди.

8)      Фитналар пайтида илм камайди. Бу наарса уломоларнинг ўлими билан ёки уларнинг сукут қилиши ёхуд соғ қолишлари учун инсонлардан ажралиб чиқишлари билан ёки бўлмаса, баъзи сабабларга кўра, инсонлар улардан ажралиб қолишлари билан бўлди. Ана шундай пайтда инсонлар ўзларига жоҳилларни раис қилиб олдилар. Натижада, улар илмсиз фатво бериб ўзлари ҳам адашдилар ва бошқаларни ҳам адаштирдилар.

9)      Аллоҳ таоло фитна ҳақидаги ҳадисларда Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга у зотнинг умматларини очлик билан ҳалок қилмаслиги, душманларни қудрати қанча бўлишидан қатъий назар, умматни уларга доимий бўйсиндириб қўймаслигини кафолатини берган. Лекин Аллоҳ таоло Расулуллоҳга бу уммат ўзаро ихтилоф қилмаслигини кафолатини бермаган. Ташқи душманлар айнан мана шу эшикдан уммат ичига  кирдилар. Чунки уммат ўзоро ихтилоф қилса, бир-бирлари билан уруш қилса, уларнинг қувватлари заифлашади-да, душманлар уни эгаллаши учун имкон туғиларди.

 

ТИИ Модуль таълим шакли битирувчиси,

Хоразм вилояти, Шовот тумани Юсуф Ҳамадоний жоме масжиди имом-хатиби Шермуҳаммад Болтаев 

Read 1803 times

Мақолалар

Top