МАҚОЛА

Бағрикенглик -  имон-эътиқод асоси ва тараққиёт гарови

 

Бутун дунёда глобаллашув жараёнлари тезлашган сайин миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик тамойилларига бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Дунёда бўлаётган нотинчликлар, урушлар ва турли низоларни келиб чиқиш омиллари оддий келишмовчиликдан бошланиб қанчадан-қанча бегуноҳ одамларнинг қони тўкилиши, болаларнинг етим бўлиши, навқирон йигитларнинг умри хазон бўлишигача етиб бормоқда. Ушбу вазиятдан доимий равишда учинчи қўл ўзининг геосиёсий мақсадлари йўлида фойдаланишга уриниб келаётгани бугунги кунда сир бўлмай қолди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда, Марказий Осиёда, қолаверса, бутун дунёда тинчликни асраб-авайлаш, қадрига етиш, тинчлик учун курашиш энг долзарб муаммо даражасига етди. Ўзбекистон учун, айниқса, ўзбек халқи учун бу каби муаммоларнинг ечими тарихий ўзликка қайтиш, имон-эътиқодга суяниб иш тутиш, ота-боболаримиздан ибрат олган ҳолга ўзга дин, ўзга миллат вакилларига нисбатан бағрикенглик бўлиш, бағрикенгликнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш ва амалда кўрсата олиш олдимизда турган муҳим вазифалардан, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Ўзбек халқи азал-азалдан бағрикенг, меҳмондўст, етимпарвар, саховатпеша бўлиб келган. Ҳатто, бу халқимизнинг қон-қонига сингиб уларнинг тилларига кўчган, миллий қадрият сифатида уларнинг доимий дуоларига айланиб улгурганига гувоҳ бўламиз: «Кенг феъл, кетмас давлат бер», «Тани сиҳатлик, тинчлик, хотиржамлик бўлсин», «Қўшнинг тинч – сен тинч», «Она юртинг омон бўлса, ранги-рўйинг сомон бўлмас», «Яхшидан боғ қолади, ёмондан – доғ» каби дуо ва халқ мақолларини яна ва яна давом эттириш мумкин.Бутун инсоният доимий муҳтож бўлган тинчлик, хотиржамлик ота-боболаримизнинг кундалик оддий дуоларида ўзининг шу каби гўзал ифодаларни топган. Уларнинг заковатига, пурмаъно ҳикматлари замирида яширинган маъноларга қойил қоласан киши.

Шонли тарихимизга назар ташласак Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари турли халқ, турли миллат, турли дин вакиллари истиқомат қиладиган улкан салтанатни адолат билан бошқарди, кечиримлилик, бағрикенглик тамойиллари асосида душманни дўстга, дўстни эса ҳақиқийсига айлантира олди. Бу борада “Темур тузуклари”да шундай дейилади: «Очиқ юзлик, раҳм ва шафқат била халойиқни ўзимга ром этдим. Адолат ва мурувват қилиб, зулм-у жаврдин йироқ бўлдим. Жоҳил ва ёмон феъллардан безорлик тиладим. Лашкар ва аҳолини умид ва қўрқув мартабасида тутдим ва дўст ва душманни мурувват ва мадоро мартабасида тутиб, қилмишлари ва гап-сўзларини чидадим ва ўзни билмасликка олиб ўтказдим. Дўст ва душмандан ҳар кимсаким менга илтижо қилдилар, дўстларни бир мартабада тутдимки, дўстлигини оширгайлар ва душманларга ул мартабада муомала этдимки, душманликларини дўстликка алмаштиргайлар. Ҳар кимсанинг менда ҳакки бўлса, унинг ҳаққини зое қилмадим ва ҳар кимсани танидим уни назардан қочирмадим. Ва ҳар кимсаларким, давлат ва салтанат тахтига чиқишимдан олдин менга яхшилик қилгандилар, яхши ниятлилар ва ёмон ниятлилардан хоҳ менга яхшилик қилган бўлсин ва хоҳ ёмонлик, подшоҳ бўлганимдан сўнг уларни эҳсоним билан уялтириб, қилган ёмонликларини қилмаганга солдим ва гуноҳлари дафтарига авф қўлини чекдим»[1].

Ўзбек халқининг иккинчи жаҳон уруши йилларида кўрсатган сабр-бардоши, бағрикенглиги, етимпарварлигини эса юқоридаги сўзларнинг амалий ифодаси сифатида кўриш мумкин. Ўша пайтда «Ўзбекистонга фашистлар босиб олган ҳудудлардан 1 млн.дан ортиқ киши, жумладан, 200 минг нафар бола эвакуация қилинди»[2].Ўзбек халқи уларни етимхоналарга эмас, ўз хонадонларига қабул қилдилар. «Уруш даврининг оғир шароитига қарамай тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов умр йўлдоши Баҳри ая билан 14 нафар (Каттақўрғонлик Самадовлар оиласи эса 13 нафар) етим қолган ва Тошкентга олиб келинган болаларни фарзандликка олиб, вояга етказдилар»[3]. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Халқимизнинг бу каби олийсифат фазилатларга эга бўлиши эса, албатта, кўп жиҳатдан эътиқод билан боғлиқ. Зеро, миллатимиз табиати, қарашлари ислом дини ақидаларига таянади, уларнинг илдизлари Қуръон оятлари, ҳадисларга бориб тақалади. «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен билан етимнинг кафили жаннатда мана бундоқ биргамиз»,- деб кўрсатгич ва ўрта бармоқларини бирлаштириб кўрсатган эканлар»[4]. Шу сабабли ҳам ўтмишда «етимхона, болалар уйи, меҳрибонлик уйи» каби атамалар, манзил-маконлар мусулмон юртларида, шунингдек, юртимизда ҳам бўлмаган. Бошқа бир ҳадисларида «Пайғамбар алайҳис салом: Ким Аллоҳ азза ва жалла учун бир етимнинг бошини силаса, қўли нечта сочини устидан ўтса, шунча ҳасонот ёзилади. Ким ўз ҳузуридаги етим қизга ёки болага яхшилик қилса,  мен ўша одам билан жаннатда мана бундай бўламан»деб икки бармоқларини яқинлаштирдилар (Имом Абу Дардо ривояти)». Пайғамбардек зот билан ёнма-ён туришдан кўра ортиқроқ бахт борми?! Ана шу ҳақиқат ва ишончга таянган ҳолда етимни бошини силаш, етим асраб олиш ва уларга чиройли тарбия бериш бахти ҳозирги кунга қадар имонли инсонлар орасида анъана айланиб келмоқда.

Кўп миллатли Ўзбекистон халқининг 90 фоизидан зиёдини[5] ]5:9.[ мусулмонлар ташкил этса-да, бу ўлкада яҳудий ва насронийлар ва бошқа конфессия вакиллари ҳам эмин-эркин ўз эътиқодларига кўра узоқ йиллардан буён истиқомат қилиб келмоқдалар. Муқаддас динимиз кўрсатмаларида диний илмдан бошқа барча илмларни ғайридин кишилардан бўлса-да ўрганишга тарғиб қилади. Пайғамбар алайҳис салом «Ҳикматли калима худди мўминнинг йўқотган нарсасидек. Мўмин уни қаерда топса ҳам ҳақлироқдир»-дедилар. «Бу ҳадиси шарифда мўмин инсон илмга доимо талабгор бўлиши, қаердан топса ҳам уни олишга ҳаракат этиши лозимлиги баён қилинмоқда. Шунинг учун уламоларимиз ақида ва дин илмларидан бошқа илмларни ғайридинлардан ҳам олиш мумкинлигини қаттиқ тайинлайдилар. Мусулмон инсон ўз ақидасини ва динини маҳкам тутган ҳолида ўзи учун, жамият ва эл-юрти учун фойдали илмларни ғайридин кишилардан, ғайридин юртларда ҳам олиши мумкин. Илмни қаердан олишнинг фарқи йўқ. Албатта, мусулмон юртида, мусулмон кишилардан илм олиш яхши. Аммо мусулмонлар учун, эл-юрт учун керакли илмни ғайридиндан олмайман, деб ўрганмай юриш мутлақо нотўғри экани ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибди»[6].

 Эътиқод эркинлиги борасида Аллоҳ таоло Қуръони каримда Бақара сурасининг 256-оятида шундай марҳамат қилади:

لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ

Динда зўрлаш йўқ.

«Оятнинг нозил бўлиш сабаби шуки, мадиналик Абул Ҳусайн деб аталувчи бир мусулмон киши насроний динидаги  икки ўғлини ислом динини қабул қилишга  мажбур қилган. Лекин улар кўнмаганлар. Шунда ота ва ўғиллар бу муаммони ҳал қилиб бериш учун  Пайғамбар (а.с.)га мурожаат қилишган. Ул ҳазрат ўғилларини исломга  мажбуран  киритишдан отани қайтарганлар»[7]. «Ақийда, иймон масаласи инсон қалбига боғлиқ жуда ҳам нозик бир масаладир. Бу нарсани мажбур этиб, куч ишлатиб сингдириб бўлмайди. Балки, ҳар бир инсон баён қилинган нарсаларга тушуниб иймон келтиргандагина мақсад ҳосил бўлади. Исломда ушбу қоидага қаттиқ риоя қилинади. Аллоҳ таоло Ўзи «Динга мажбур қилиш йўқ. Батаҳқиқ, ҳақ ботилдан ажради», деб қўйган. Яъни, Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алаҳиссаломга Қуръони Каримни тушириб, Исломни жорий қилгандан сўнг, тўғри йўл нотўғрисидан, ҳақ ботилдан ажради. Ҳамма нарса ўз ўрнини топди. Шундай бўлгандан кейин «Динга мажбур қилиш йўқ». Ҳар кимга Аллоҳ ақл берган, ўзига керак йўлни танлаб олсин... Бу оятни “динга олиб киришга мажбур қилиш йўқ», деб тушинмоқ керак. Бу эса, инсоннинг ҳурмати, унинг ҳуқуқлари ҳимоясидир»[8].

Ўзбекистон Республикаси конститутциясининг 31-моддасида ҳам эътиқод эркинлиги мамлакатимиз халқлари учун кафолатланади: «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди»[9].

Инсоний фазилатлар, инсонпарварлик тамойиллари борасида ҳам мусулмон халқлар ибрат намуналарини кўрсатганлар. Зеро, Аллоҳ таоло  бандаларини дини, ирқи бўйича ажратмайди. Қуръони каримда 20 ўринда ( 1) Бақара сураси 21-оят, 2) Бақара-168, 3) Нисо-1, 4) Нисо-170, 5) Нисо-174, 6) Аъроф-158, 7) Юнус-23, 8)Юнус-57, 9)Юнус-104,10) Юнус-108, 11) Ҳаж-1, 12)Ҳаж-5, 13) Ҳаж-49, 14) Ҳаж-73, 15) Намл-16, 16)Луқмон-33, 17) Фотир-3, 18) Фотир-5, 19) Фотир-15, 20) Ҳужурот-13.) Аллоҳ таоло бандаларига          “يَا أَيُّهَا النَّاسُ – “Эй инсонлар...” деб мурожаат қилади. Инсонлар сирасига ирқи, миллати, дини, келиб чиқишидан қатъий назар барча одамлар киради.  Уларни ҳеч бир жиҳатига кўра ажратилмайди. Ягона Робб сифатида улар учун бир хил ҳукмни баён қилади. Бутун инсониятга инсонийлик тамойилларидан Аллоҳнинг Ўзи сабоқ беради. Ушбу ояти карималардан биттасига назар ташлайлик:

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 13-оятида шундай марҳамат қилади:  

 يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ

 إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ

«Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир»[10].

Ушбу ояти каримада:

«Эй одамлар!»  деб барча инсониятга қарата нидо қилинмоқда, шу билан бирга, уларнинг асли бир эканлиги эслатилмоқда. «Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик». Демак, одамларнинг асли бир: ҳаммалари Одам Ато ва Момо Ҳавводан таралганлар. Айни чоғда, Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб қўйганини таъкидламоқда. Инсонларнинг турли халқ ва қабилаларга бўлинишининг сабаби эса, ўзаро танишиш, маърифат ҳосил қилиш эканлиги уқтирилмоқда, «...ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик». Инсонларнинг турли халқлар, миллатлар, элатлар, қабила ва уруғлар ҳамда турли фарқларга бўлинишининг асосий сабаби ушбу мақсад, яъни, ўзаро танишиш эканлигини ҳеч қачон унутмаслик керак. Аллоҳ таоло оятда, уришиш учун, жанжал учун, фахрланиш учун, мақтаниш учун, демаяпти ёки бошқа сабабни айтмаяпти. Демак, халқларнинг турли-туманлигини илоҳий мақсаддан – танишувдан бошқа мақсадга ишлатиш Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиш билин баробар бўлар экан»[11].

 Шунингдек, миллатдоши, қабиладоши, ҳамшаҳарлиги, қишлоқдоши ёки юртдоши бўлгани учун ҳақ бўлмаса-да у томонга ён босиш, тарафини олиб турли келишмовчилик ва урушларга сабаб бўлиш ислом дини тамойилларига зид ҳисобланади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тарафкашликка чақирган биздан эмасдир. Тарафкашлик асосида қитол қилган биздан эмасдир. Тарафкашлик йўлида ўлган биздан эмасдир», дедилар»[12].

Демак, мусулмон киши ушбу ҳадисдан ўзига керакли хулосалар чиқариб, ўзи, оиласи, халқи ва жамияти учун манфаатли ишларга сай-ҳаракат қилмоғи лозим бўлади. Ҳар қандай ишларда адолат томонида туриб, турли хилдаги тарафкашликларга йўл қўймаслиги керак.

Мусулмон юртларда истиқомат қилаётган ўзга дин вакилларига нисбатан қилинадиган муомала ва муносабатни тарих китобларида машҳур бўлган бир воқеа орқали ёритиб беришни лозим деб билдик: «Бир кун Умар (розияллоҳу анҳу)  бозорда садақа сўраётган қарияни кўрди ва: «Эй шайх, нима қиляпсан? » деб сўради. Қария: «Мен ёши улуғ одамман, жизя учун тиланчилик қиляпман», – деди. У Мадинада яшовчи яҳудий эди. Буюк инсоний хислат эгаси бўлган Умар (розияллоҳу анҳу) унга: “Эй шайх, биз сенга инсоф қилмадик. Ёшлигингда сендан жизя (мусулмонлар юртида истиқомат қилиб келаётган ғайридин кишилардан уларнинг дини, моли ва жонини ҳимоя қилиб бериш эвазига олинадиган солиқ)олиб, қариганингда ташлаб қўйдик», – деди-да, унинг қўлидан ушлаб, уйига олиб борди. Унга зарур миқдорда озиқ-овқат тайин этди. Хазиначига: «Бу киши ва унга ўхшаганларнинг ўзи ва оиласига етарли маблағ ажрат», – деб буюрди”[13].

Мусулмон одамнинг бошқа дин вакилига нисбат кўрсатган бу қадар гўзал муомала ва хулқи барча даврлар ва маконлар учун ибратлидир.

Диний бағрикенглик, миллатлараро бағрикенглик, умуман бизни ўраб турган оламга нисбатан кенглик ва ҳимматда бўлиш жамият тараққиёти ва ундаги одамларнинг тотувлиги учун муҳим омил бўлиб қолаверади.

“Пайғамбар алайҳис салом “«Ҳажжатул вадо»да турганларида машҳур “«Видолашув хутба»сини ўқидилар. Унда мусулмонларга қарата: “Эй инсонлар! Сизларнинг Роббингиз бирдир. Албатта, Оталарингиз бирдир, ҳаммангиз Одам атодандирсиз, Одам ато тупроқдандир. Сизларни Аллоҳ наздида ҳурматлироғингиз Аллоҳдан кўпроқ қўрқувчироғингиздир. Арабни ажам (араб бўлмаган халқлар) дан ортиқлиги йўқ, ортиқлиқ фақат Аллоҳдан қўрқиш биландир. Етказдимми? Эй Аллоҳ, гувоҳ бўл! Сизлардан гувоҳ бўлиб турганлар бошқаларга етказсин», – дедилар»[14].

Мана буни инсонийлик мезони десак бўлади, арабни ажамдан, оқни қорадан афзаллиги йўқ, афзаллик бўлса, кимки Аллоҳдан кўпроқ қўрқса, халқ фаровонлиги ва жамият ривожи учун савоб ишларни кўпайтирса, гуноҳ ишлардан четланса, ана шу одам Аллоҳга суюклироқ бўлади, деган маъно келиб чиқади.

«Одамларга нисбатан уларни бирлаштирувчи асос – инсонийликдир, шунинг учун ҳам, одамлар инсоният туркумига кирганликлари туфайли ўзаро тинчликда яшамоқлари лозим»[15].

Тинчликда яшаш яхши эканлигини, бебаҳо бу неъматнинг қадрига етиш кераклигини ҳар бир одам қалбан ҳис қилиши ва уни сақлашда ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Бу вазифани бажаришнинг энг яхши йўли эса маърифат, иймон, инсонийлик йўлидир. Халқимиз қадриятларига ҳурмат билан қараш,  динлараро, миллатлараро бағрикенглик тамойилларига амал қилиш, ёш авлодни кучли билим эгалари ва юксак тарбия соҳиблари сифатида тарбиялаш янги Ўзбекистоннинг янги марралари учун асос яратиш билан баробар вазифалардир.

Ибодуллоҳ Аҳроров

Тошкент ислом институти декани

 

 

 [1]Амир Темур Кўрагон. Темур тузуклари.Ҳ.Н.Бобобеков А.Қуронбеков. И. Сулаймонов. – Т.:“Fan va texnologiya”, 2014. –90-91-б.

[2]Ражабов Қ., Қандов Б., Ражабова С. Ўзбекистон тарихининг муҳим саналари. – Т.: O‘zbekiston, 2015. – 219-б.

[3] Эргашев Қ., Ҳамидов Ҳ. Ўзбекистон тарихи. – Т.: Gafur G‘ulom nomidagi NМIU, 2015. – 367-б. 

[4] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. – Т.:“ШАРҚ” НМАК, 2008. – 478-б.

[5] Ўзбекистоннинг этноконфессионал атласи. – Т.: Картография,  2011. – 9-б. 

[6] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт.Ният, ихлос, илм. 3-жуз. – Т.:“ШАРҚ” НМАК, 2003. – 125-б.

[7] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Т.: Sano-standart, 2021. – 42-б. 

[8] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. – Т.:“ШАРҚ” НМАК, 2008. – 478-б.

[9] Тансикбаева Г.М., Костетский В.А. Конститутциявий ҳуқуқ асослари. . – Т.: “ШАРҚ” НМАК, 2014. – 60-б. 

[10] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Т.: Sano-standart, 2021. –516-б.

[11] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. – Т.:“ШАРҚ” НМАК, 2008. – 588-б.

[12] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт. Яхшилик ва ахлоқ. 34-жуз. – Т.:“ШАРҚ” НМАК, 2008. – 265-б.

[13] Усмонхон Алимов.Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) муборак васиятлари. – Т.: Movarounnahr, 2014. – 308-б. 

[14] Шайх Муҳаммад ал-Хударий. Нурил яқин. – Дамашқ: Дору Ибни Касир, 1989.  – 265-б.

[15] Раҳбархон Муртазаева. Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар ва бағрикенглик. – Т.: Университет,  2007. – 19-б.

 

Read 1854 times

Мақолалар

Top