МАҚОЛА

Фиқҳ илмидаги фойдалар силсиласи: Имом Абу Ҳанифа ҳадис билмаганми? – 1 қисм

 

Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга ўзига хос нуқтаи назарни берган. Бирининг қараши бошқасиникидан фарқ қилади. Бир соҳа мутахассисларининг қайсидир мавзу устида олиб борган изланишлари ҳам бир хил чиқмайди. Қолганлар эса соҳани тушунмагани боис мутахассислардан бирининг гапига киришдан бошқа чоралари қолмайди. Масалан, тиббиёт соҳасини олайлик. Бир шифокор ошқозондаги ҳазмсизлик касаллигига ўз изланиши бўйича даво топган бўлса, бошқаси уникидан ўзгача бир услубни фойдали деб билган. Лекин иккаласи ҳам ўша касалликни тузатади. Бу пайтда бемор нима қилиши керак? Касалига ўзича даво топа олишга ақли ва билими етмагандан кейин ўзи мурожаат қилган шифокорнинг тавсияларига кўнади, маъқуллайди, амал қилади. Лекин бемор нариги шифокорнинг услубини қоралаб, хатога чиқариши мантиқсизлик. Энди тиббиё билими йўқ у бемор икки шифокорнинг йўлини ҳам маъқул кўрмай, уларга шу мавзуда таъна-дашномлар бериб, ўзини ўзи янгича услубда даволашга киришиши, билмадим, буни нима дейиш мумкин?! Ўша бемор бошқаларни ҳам ўзининг йўлини тутишга чақириши, бу йўлдан юрмаганларни айблаши янада ажабланарли. Бундан ҳам ҳайратланарлиси, одамлар унинг кимлигини кўра-била туриб ортидан эргашишилари.

Юқорида мисол тарзида келтирганимиз амалда диндаги мужтаҳидларга нисбатан содир бўлаётган воқеликларга ҳам қўллаш мумкин. Бироқ, фарқи шундаки, дунё ишларида кейинги тадқиқотлар олдигисидан кўра дақиқ ва ишонарли бўлиши мумкин. Аммо, оят ва ҳадислардан ижтиҳод қилиш масаласи бунинг аксидир. Чунки асри саодатга яқин яшаган имомлар ижтиҳоди кейингиларникидан кўра пухта ва талабга жавоб беради. Лекин икки ишнинг туташ жойи бор. У ҳам бўлса, билмаган инсон билганга эргашмаслиги ва ўзи билмай ақли етмаган ишларни хатога чиқариб рад этиши нотўғрилигидир.

Имом Абу Ҳанифа ва у кишининг шогирдларига айримлар томонидан таъна-дашномлар қилинган. Улар Имом Абу Ҳанифа ҳадисни билмайди, унинг мазҳаби райъ ва қиёс устига қурилган, у ҳадисга хилоф қилади, қиёс ва райъ сабабидан ҳадисни тарк этади, дейишади. Ҳанафийлар Имом Абу Ҳанифа ва унинг шогирдлари мазҳабини қўллаб-қувватлаш учун ривоят қилиб келтирадиган барча ҳадислари заифлигини ҳам даъво қилишлари ҳам бор уларда. Уларнинг барча таъна-ю, даъволари ўрганиб чиқилса, асосини мана қуйидагилар ташкил қилади:

1) Имом Абу Ҳанифа ҳадис билмагани учун унинг мазҳаби қиёсга асосланган;

2) Имом Абу Ҳанифа қиёс туфайли ҳадисни тарк этади;

3) Ҳанафий уламолар мазҳабларини қувватлаш учун келтирган барча ҳадислари заиф.

Биринчи даъвони бекор эканига ҳанафий мазҳабини оят ва ҳадислар билан қувватлаб ёзилган китобларда батафсил жавоблар берилган. Чунки у китобларда зикр қилинган ҳар бир ҳадис қилинган таъналарга бирма-бир жавоб бўлад олади. “Эълоус Сунан” китоби бу бўйича энг кенг ёзилган китоб ҳисобланади. Сабаби, ундаги ҳадислар ҳанафий мазҳабини ҳадис ила исботлаш учун ёки ҳадисга мухолиф деган таънани мазҳабдан олиб ташлаш учун келтирилган. Умуман олганда, фиқҳнинг ҳар бир бобида Имом Абу Ҳанифанинг йўлини қўллаб-қувватлайдиган ҳадис бор. Имом Абу Ҳанифа ҳадисни билмаган, унинг мазҳаби райъ ва қиёсга асосланган, дейиш ҳанафий фиқҳ китобларидан хабарсиз кишининг гапи. Кундузини ҳис қилмаган кўзи ожиз инсоннинг ёруғликни инкор қилишидан не фойда?!

Айтишлари мумкин, Имом Абу Ҳанифа томонидан асосан фиқҳий масалаллар айтилган. Унинг мазҳабини қувватлаш учун келтирилган ҳадислар эса мазҳабга эргашган кейинги уламолардан нақл қилинган. У ҳадисларни Имом Абу Ҳанифа билмаган.

Жавоб шуки, Имом Абу Ҳанифанинг фиқҳий қарашлари ҳадисларга мос келгани ҳеч кимга сир эмас. Агар у киши уламолар келтирган ўша ҳадисларни билмаган бўлса, у ҳолда қандай қилиб мазҳаби у ҳадисларга тўғри келган. Демак, ҳадисни билиб, унинг асосида ҳукм қилганки, тўғри келган.

Майли, фараз қилайлик, Имом Абу Ҳанифа ҳадисни билмаган. Лекин шундай бўлсада, ижтиҳод қилаверган ва ижтиҳоди Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларига мос чиқаверган. Мана шунинг ўзи бирор имомда топилмайдиган Имом Абу Ҳанифанинг ўзига хос бўлган буюк бир фазилат ва хислат аслида. Бунинг мисоли ҳазрат Умарнинг ҳаётларида бўлган. У зотнинг бир неча масалаларда қарашлари ваҳийга мос келган. Бу ҳазрат Умар учун буюк бир хислат ва фазилат бўлди. Энди минглаб масалаларда фикри, раъйи ваҳийга тўғри келадиган инсон ҳақида нима деб ўйлайсиз?!

Ислом умматининг Имом Абу Ҳанифадан бошқа бирор бир вакилида бундай фазилатни кўрганмисиз? Раъй қила туриб тўғри топишда бирор киши унга тенг кела олармикан? Ваҳий соҳиби Пайғамбар алайҳиссаломнинг раъйига Имом Абу Ҳанифанинг раъйи тўғри келган экан, ҳадиснинг санад ва матнларини ёд билмаслик нима зарар бор?

Мана, уларнинг гапларига таслим бўлиш фарази билан ҳам жавоб берилиб, ҳадисларни билмаган, деган таъна кетказилди. Аслида эса уларнинг гаплари ёлғон ва тўқимадан бошқа нарса эмас. Балки Имом Абу Ҳанифа Китоб ва Суннатни яхши билган имом, ўз илмида мужтаҳид, раъйида тўғри топувчи бўлган. Бунга ўз давридаги замондош уламолар, буюк аъёнлар шоҳид бўлишган, гувоҳлик беришган.

Абдулҳодий Ғиёс,

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси.

Read 740 times

Мақолалар

Top