МАҚОЛА

Сохта салафийларга эргашиб қолманг! (2-қисм)

Яна бошқа бир оятда, Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқара оладиган мужтаҳидларга эргашишга тарғиб қилиб шундай деган:

وَإِذَا جَاءَهُمْ أَمْرٌ مِنَ الْأَمْنِ أَوِ الْخَوْفِ أَذَاعُوا بِهِ وَلَوْ رَدُّوهُ إِلَى الرَّسُولِ وَإِلَى أُولِي الْأَمْرِ مِنْهُمْ لَعَلِمَهُ الَّذِينَ يَسْتَنْبِطُونَهُ مِنْهُمْ

Яъни: «Қачонки уларга эминлик ёки ҳақ тўғрисида бир иш – хабар етса, уни ҳар қаёққа тарқатурлар. Агар уни Расулга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан ишнинг негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар». (Нисо, 83).

Уларнинг яна бир даъвоси: «Битта мазҳабга эргашиб ибодат қилишдан кўра, ҳар бир мазҳабдаги тўғри фикрларни олиб, ибодат қиламиз».

Уларнинг бу даъвоси кишини фосиқликка олиб боради. Тасаввур қилиб кўринг, аёл кишига қўли теккан кишининг таҳорати бузилиш ёки бузулмаслиги борасида, имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Таҳорати бузилади», деган сўзини олмасдан, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг: «Таҳорати бузилмайди», деган сўзини олса, шунингдек, бадандан қон чиқиш масаласида имом Аъзамнинг: «Таҳорати бузилади», деган сўзини олмасдан, Шофеийнинг: «Таҳорати бузилмайди», деган сўзини олса, бунда инсон ўзига қулай йўлларни қидириб, динда фосиқ бўлиб қолмайдими?!

Ҳар бир мазҳабдан териб, териб амал қилиш талфиқ яъни беқарорлик дейилади. Бундай йўлни тутган инсон ҳаромни ҳалолга, ҳаромни ҳалолга, макруҳни, мубоҳга, мубоҳни макруҳга чиқарадиган дини суст инсонга айланади.

Салафийларга хос бўлган ғояларнинг бири пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ва бошқа буюк зотларнинг қабрларини зиёрат қилишликни ширк деб эътиқод қиладилар. Ваҳолонки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ким мени вафотимда зиёрат қилса ҳаётимда зиёрат қилган билан тенг” деганлар.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки у ўлимни эслатади” деганлар. (Муслим ривояти)

Аллоҳим ҳаммаларимизни ҳидоятда барқарор қилсин. Ихтилоф ва залолатдан ҳамиша сақласин.


Абдураҳмонов Муҳаммадхон

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Read 759 times

Мақолалар

Top