МАҚОЛА

Аҳли сунна вал жамоа кимлар?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. “Аҳли сунна вал жамоа” арабча ибора бўлиб, “Суннатга амал қилувчи ва жамоатга эргашувчи кишилар”, деган маънони англатади. Аҳли сунна вал жамоа – ислом тарихининг барча даврларида мусулмонларнинг катта қисмини ташкил қилган. Улар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва хулафои рошидин: Абу Бакр, Умар, Усмон, Али разияллоҳу анҳумнинг суннатларини маҳкам ушлаганлар. Улар – дин пешволари бўлмиш саҳобалар, тобеъинлар ва тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаб имомлари йўлларига эргашган жамоадир. Аҳли суннат вал жамоа мазкур улуғларнинг йўлини нақл ва муттасил иснод (оғизма-оғиз эшитиш) билан қабул қилиб олганлар.
Манбаларга қараганда Аҳли суннат вал жамоа атамасини дастлаб Ибн Аббос разияллоҳу анҳу Оли Имрон сураси 106-оятини тафсир қилганда ишлатган бўлсаларда, бу атама исломнинг дастлабки даврларида машҳур бўлмаган. Балки ўзларини турли номлар билан атаган фирқалар кўпая бошлагач, Аҳли сунна вал жамоа атамаси юзага чиқди. Сунна ва жамоа аҳли ким дейилса, илмда пешво саҳобалар ва уларнинг йўлини тутган зотлар, дейилади. Имом Муслим Ибни Сирин раҳимаҳуллоҳдан ривоят қиладилар:

لم يكونوا يسألون عن الإسناد فلما وقعت الفتنة قالوا سموا لنا رجالكم فينظر إلى أهل السنة فيؤخذ حديثهم وينظر إلى أهل البدع فلا يؤخذ حديثهم

яъни: “Одамлар фитна (ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳунинг шаҳид қилиниши) рўй бергунича бир-биридан иснод (ҳадисларни кимдан эшитганини) сўрамас эдилар. Фитнадан кейин эса (ҳадис эшитган) кишиларингизни номларини айтингларчи, дейишарди. Қараларди, агар аҳли суннатдан бўлса ҳадиси олинарди, агар аҳли бидъатдан бўлса ҳадиси олинмасди”.
Аҳли сунна вал жамоани ташкил қилган саҳобалардан тобеъинлар илм ўргандилар, улардан эса мужтаҳид олимлар дин илмини қабул қилиб олдилар.
Иккинчи ҳижрий асрда баъзи илм аҳли муташобиҳ оятларнинг зоҳирига “ёпишиб”, Аллоҳ таолонинг исми сифатларини исботлашда муболаға қилиб, “тажсим” (Аллоҳ таолога жисм нисбат бериш)га ўтдилар. Бунинг муқобилида мўътазила фирқаси чиқиб, Аллоҳ таолони нолойиқ сифатлардан поклаймиз, деб муболаға қилдилар ва оят-ҳадисларда собит бўлган сифатларни йўққа чиқардилар. Ўша пайтда бўлган Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа аҳли суннат вакиллари (раҳимаҳумуллоҳ) уларга раддия билдирганлар. Ўзларидан аввалги саҳобийлар, тобеъинлар ва мужтаҳид уламоларнинг йўлини тутиб, муташобиҳ оятлар ҳақида: “Аллоҳ таолонинг сифатлари ояти карималарда қандай бўлса шундай имон келтирамиз, таъвилига киришмаймиз”, – дедилар. Мўътазила ва мушаббиҳаларнинг бидъатлари юзага чиқиб, уларнинг сўзлари тарқалгандан кейин бир қанча уламолар чиқиб Аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини каломий ҳужжатлар ва усулий далиллар билан қувватладилар. Бу шарафли вазифани Имом Абу Мансур Мотуридий ва Имом Абул Ҳасан Ашъарий каби зотлар Аҳли суннанинг эътиқодини баён қилиш, шубҳаларни даф қилиш, нақлий ва ақлий далиллар келтириш билан чиройли адо этдилар.
Имом Абу Мансур Мотуридий ва Имом Абул Ҳасан Ашъарий Аҳли суннатнинг ақоид бобида имоми эканлари ҳақида кўп уламолар таъкидлашган. Жумладан, Имом Ибн Ҳажар Ҳайтамий шундай дейдилар:

“المراد بالسنة ما عليه إماما أهل السنة والجماعة الشيخ أبو الحسن الأشعري وأبو منصور الماتريدي

яъни: “(Аҳли сунна сўзидаги) Суннатдан мақсад – аҳли сунна вал жамоа имомлари Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий тутган йўлдир” (“Аз завожир ан иқтирофил кабоир” китоби).
Машҳур муҳаддис олим Муртазо Зубайдий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

“إذا أطلق أهل السنة والجماعة فالمراد بهم الأشاعرة والماتريدية”

яъни: “Агар ҳеч қандай қайдларсиз “Аҳли сунна вал жамоа” дейилса Ашъарийлар ва Мотуридийлар тушинилади” (“Итҳафу саадатил муттақин шарҳу иҳёи улумид дин” китоби).
Аллома Тошкуброзода айтадилар:

“ثم اعلم أن رئيس أهل السنة والجماعة في علم الكلام – يعني العقائد – رجلان، أحدهما حنفي والآخر شافعي، أما الحنفي فهو أبو منصور محمد بن محمود الماتريدي، إمام الهدى… وأما الآخر الشافعي فهو شيخ السنة ورئيس الجماعة إمام المتكلمين وناصر سنة سيد المرسلين والذاب عن الدين والساعي في حفظ عقائد المسلمين، أبو الحسن الأشعري البصري

яъни: “Маълум бўлсинки, Аҳли сунна вал жамоанинг калом илми (яъни, ақоид)даги раислари икки кишидир: Бирлари ҳанафий, бошқалари шофеъий мазҳабида. Ҳанафийлари Абу Мансур Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий бўлиб, у зот “Имомул Ҳуда” – “Ҳидоят имоми” деган ном қозонган. Шофеъийлари “Суннат шайхи”, “Жамоат раиси”, “Мутакаллимлар имоми”, “Пайғамбарлар саййиди суннатларига ёрдам берувчи”, “Дин ҳимоячиси”, “Мусулмонлар ақидасини сақлашга ҳаракат қилувчи” Абул Ҳасан Ашъарий Басрийдир” (“Мифтаҳус саода” китоби).
Имом Муҳаммад Зоҳид Кавсарий айтадилар:

“فالأشعري والماتريدي هما إماما أهل السنة والجماعة في مشارق الأرض ومغاربها، لهم كتب لا تحصى، وغالب ما وقع بين هذين الإمامين من الخلاف من قبيل الخلاف اللفظي

яъни: “Имом Ашъарий ва Имом Мотуридий — машриқу ва мағрибда Аҳли сунна вал жамоа имомларидир. Уларнинг кўп сонли китоблари бор. Улар ўртасидаги аксарият ихтилофлар лафзийдир”.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга турли фирқалар кўпайган пайтда мусулмонларнинг катта жамоасини лозим тутишни таъкидлаб, шундай дейдилар:

“فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ”

яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, катта қора (жамоа)ни лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Демак, ҳозирги кунгача ҳам ва ҳозирги кунда ҳам катта жамоат – Имом Мотуридий ва Имом Ашъарийларнинг ақидада тутган йўллари ҳамда фиқҳда тўрт мўътабар мазҳаб (Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий)ларга мувофиқ келади. Мана шулар Аҳли сунна вал жамоани ташкил этади. Аҳли сунна вал жамоа ичида булардан бошқа эътиқодий ва фиқҳий мазҳаблар мавжуд эмас. Тавфиқ Аллоҳдандир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.

Read 878 times

Мақолалар

Top