МАҚОЛА

Салафлар ва халафларнинг фарқини биласизми?

Салаф – сўзи луғатда “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар” маъноларида ишлатилади. Диний истилоҳда эса, “ўтган солиҳ зотлар” деган маънода ишлатилади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Одамларнинг яхшилари менинг замонимдагилардир, сўнг уларга яқин бўлганлар, сўнг уларга яқин бўлганлардир. Сўнгра шундай инсонлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади”.

Аввалги уламоларимиз ушбу ҳадиси шариф асосида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ва улардин кейинги икки даврда яшаган мусулмонларни “салафи солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” деб аташган. Улардан кейингиларга эса, бу иборани ишлатишмайди, балки улардан кейингиларга “халафлар”, яъни “кейингилар” атамасини қўллайдилар.

Охирги йилларда мазкур “салаф солиҳларга эргашамиз” шиорини ниқоб қилиб ўзлари жарангдор ялтироқ исмлар қўйиб мўъминларни асл исломдан чалғитадиган оқимлар ва мутаассиб фирқалар ҳам кўпайиб кетди. Ўшалардан бири – бугунги кунда ўзларини “салафийлар” деб атаб ҳаммани ўзлари томонга жалб қилаётган, ислом оламида нотинчлик бузғунчиликларга сабаб бўлаётган – “сохта салафийлар”дир.

Хўп “салафийлик” ўзи нима? Улар ҳар қандай янгиликни бидъатга чиқариб, фиқҳий мазҳабларини , тасаввуфни инкор қиладилар, арзимас сабаблар билан уларнинг йўлларига юрмайдиган мўъмин-мусулмонларни кофирга чиқарадилар.
14 асрдан бери маълум бир мазҳабларда ибодат қилиб келаётган мусулмонларни, уламоларини адашган деб, кеча пайдо бўлган ҳаётида қаттиқ танқидларга учраган ўз раҳнамоларини сўзларини тўғри ҳисоблайдилар. Бу тоифа аслида ҳижрий тўртинчи аср, милодий ўнинчи асрда пайдо бўлган. Уларнинг ғоявий раҳнамоси асосан ҳижрий еттинчи асрда яшаб ўтган Ибн Таймия ҳисобланади. Улар ўзларини Ҳанбалий мазҳабига эргашамиз, деб айтишсада, бу мазҳабга ҳам кўп масалаларда янгиликлар киритишга ҳаракат қилганлар. Ибн Таймия замонасида кўп танқидларга учраган бир неча бор зиндонбанд ҳам қилинган.

Ҳижрий ўн иккинчи асрга келиб “салафийлар” Араб ярим оролида ўз қарашларини бир мунча жонлантиришга эриштилар. Бу ишни асосан ота-онаси, ака-укаларига қарши бориб ўз фикрига асосан фатво бериб юборавериши билан машҳур бўлган Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб амалга оширди.

Милодий йигирманчи асрнинг 1970-1980 йилларида асли касби соатсоз бўлган, тайинли бир устоздан таълим олгани аниқ бўлмаган Носириддин Албоний деган шахс “салафийлик”ни янада оммалаштирган. Бу “сохта салафийлар”нинг устозлари яшаб ўтган даврларни тадқиқот қилинса, ўша даврнинг кўплаб уламолари уларга раддиялар бериб қаттиқ танқид қилишган. Масалан, Ибн Таймиянинг шогирди ўз устозини эътиқоди дуруст эмаслигини айтиб бундай нотўғри йўлидан қайтишга чорлаб мактуб ёзган.

Ибн Таймиянинг Пайғамбар алайҳиссалом, саҳобий ва авлиёларнинг қабрларини зиёрат қилиш, тавҳид, Аллоҳнинг макони, такфир (мусулмонни кофирга чиқариш) ва бошқа кўплаб ақидавий масалаларда бутун ислом олами тан олган Мотуридия ва Ашъария эътиқод йўналишларига зид эканлиги ўша давр мусулмонлари ўртасида кескин раддиялар битилишга сабаб бўлган.

Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобни бўлса юқорида айтганимиздек ўз отаси ва акаси қилаётган ишини нотўғрилигини эълон қилиб китоб ёзишган. Шунингдек, дунёни қайта бўлиб олиш, ўз мустамлакаларини кенгайтиришни мақсад қилган Европа давлатларини мусулмон давлатларини парчалаб уларнинг моддий ресурсларига эга чиқиш ҳаракатида сохта салафийлар каби фирқалардан “унумли” фойдаландилар. Бу борада Буюк Британия разведкачиси, собиқ ҳарбий хизматчисининг “Мистер Ҳемпернинг хотиралари” деб номланган китобида Муҳаммад ибн Абдулваҳобдан ўз мустамлакачилик мақсадларини ривожлантириш йўлида қандай фойдаланганларини ёзиб ўтган.

Салафийлик даъво қилаётганларни уларнинг ишларини яхшилаб ўрганиб чиқилса, бу даъво пуч эканлигини оддий инсон ҳам тушуниб етаверади. Уларнинг биз саҳоба ва тобеъинлар йўлига эргашамиз, бизнинг йўлимиз салафлар йўли, деган оддий даъволарини олиб қаралса, бу асоссиз даъво. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобаларга тобеъинларга уларга яқин замонда яшаб ўтган Имом Абу Ҳанифа, Имом Шофеъий , Имом Молик, Имом Аҳмад Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳимлар албатта Қуръони каримни, Ҳадиси шарифни улардан кўра яхшироқ тушунишган ва уларга амал қилувчи саҳоба ва тобеъин зотларни бевосита таълимларини олганлар. Улар тўғрисида ўз замонларида ва ундан кейин ҳам бирон бир адолатли олим танқид ёки инкор қилмаган. Лекин У Ибн Таймиями, Муҳаммад Ибн Абдулваҳҳобми, Албонийми ўз замонида қаттиқ танқидга учраган ота-оналари улардан воз кечган ҳолатлари юз берганига тарих гувоҳ, хўш шундан кейин ҳам уларни тўғри эътиқодда деб эргашиб бўладими?

Улар тўрт аҳли сунна вал жамоа мазҳабларини танқид қилиб Исломни тафриқага солган деб даъво қилишсада, ўзлари яна бир муросасиз мазҳаб, фирқа ташкил қилаётганларини тан олгилари келмайди. Исломни шафқатсиз, муросага келмайдиган дин сифатида намоён қилиш билан ўзларини ким эканликларини кўрсатиб бўлдилар. Ер юзининг қайси бурчагида уларнинг тарфдорлари кўпайса ўша жойда биродаркушлик урушлари, турли низолар бўлиб ўтмоқда. Ироқ Сурия Жазоир, Миср, Афғонистон фожеалари фикримизга яққол далил бўлади.

Ҳурматли ўқувчи! Номи ялтироқ, кўриниши чиройли шиор кўтарган ҳар қандай янги оқим ва фирқаларга эргашиб кетишдан эҳтиёт бўлишимиз керак. “Ҳизбут таҳрири Исломий”, яъни исломни озод қилиш партияси, “Имом Бухорий аскарлари”, “Туркистон ислом ҳаракати”, “Таблиғчилар”, “Суннатга ёрдам қилиш жамоаси” қаранг ташқаридан қараганда чиройли кўринсада, у оқимларнинг ҳар бири мусулмонлар тепасига қанча мусибатларни келтириб чиқарди. Бундай фожеали ҳолатларни ўзимиз ҳам бошимиздан ўтказдик.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифларида: “Мўъмин киши бир (газанда) уясидан икки марта (ўзини) чақтирмайди”, – деб марҳамат қилганлар. Келинг “Дўстнинг эскиси яхши” деган халқ ҳикматига асосланган ҳолда ҳали бирор нотўғри ҳолати қайд этилмаган, минг йиллардан бери мусулмонларнинг деярли учдан иккиси оғишмай амал қилиб келаётган, юртимизда ҳам қадимдан жорий бўлиб келган Ҳанафий мазҳабини маҳкам ушлаган ҳолда амал қилайлик, тинч осойишта ибодатларимиз бажараётганимизга шукрона қилайлик.

Адхамжон Абдураҳмонов,
Поп туман “Саиджалолхўжа”
жоме масжиди имом ноиби

Read 1057 times

Мақолалар

Top