МАҚОЛА

Ишораи саббобада кўрсаткич бармоқни қимирлатиш

 

“Ишораи саббоба” – бу намозда ташаҳҳуднинг “Лаа илааҳа иллаллооҳу” калимасини айтиш чоғида ўнг қўлнинг кўрсаткич бармоғини юқорига кўтаришга айтилади. Кўрсаткич бармоқ араб тилида “саббоба” дейилади. Мазкур ишора ушбу бармоқ билан бажарилгани учун “ишораи саббоба” деб номланган. Бу калима нафий ва исботни ўз ичига олган бўлиб, ишора ҳам шу иккисини ўз ичига олиши керак. Унинг кўриниши бармоқлардан ўрта, жимжилоқ ва номсиз бармоқни букиб, бош бармоқнинг бошини ўрта бармоқнинг четига қўйилади ва кўрсаткич бармоқ билан ташаҳҳуддаги “Ла илаҳа” жумласини айтганда кўтариб, “Иллаллоҳ”да туширилади. Яъни, “илоҳ йўқ” деган жумлаларни талаффуз қилиш асносида ишора қилиб, “Фақатгина ёлғиз Аллоҳ бор” жумласини талаффуз қилишда кўрсаткич бармоқ тушурилган бўлади ва бу билан сўз билан феълни ўртаси бир-бирига мувофиқ бўлиши таъминланган ҳисобланади. Ибн Раслон айтишича, бу билан Аллоҳнинг яккаю ягоналиги банда эътиқодида, сўзида, ҳаракатида жамланади.

Ишораи саббоба намоздаги суннат амаллардан эканига ҳанафийларнинг аксар уламолари, шунингдек, моликий, шофиъий, ҳанбалий мазҳабларининг уламолари иттифоқ қилишган. Баъзи ҳанафий уламолар эса ишораи саббобани макруҳ деганлар. Бу масалада ҳанафий мазҳабидаги кейинги уламоларимиз “Ҳар кимнинг устози ишораи саббобани қилишни ўргатган бўлса, қилсин, акс ҳолда уни қилмасин. Муҳими ихтилофга сабаб бўлмасин”, деб тавсия қилганлар.

Ҳар нарсада ихтилоф чиқаришни ўзларига одат қилиб олган сохта салафийлар ушбу масалада ҳам жумҳурга хилоф қилишган. Улар намозда ишораи саббоба қилганда бармоқларини тинимсиз қимирлатишлари кўзга ташланади. Ҳатто бу билан ён-атрофларидаги намозхонларнинг ҳам хушусига салбий таъсир қиладилар. Салафийларнинг кўзга кўринган олимларидан бири Муҳаммад Носириддин Албоний ўзининг “Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларининг сифати” номли рисоласида ишораи саббобада бармоқни қимирлатишга тарғиб қилиб, шундай деган: “Ташаҳҳудда салом берилгунгача доимий равишда ишора қилиб, бармоқни қимирлатиш суннатдир. Чунки дуо саломгача (ёки ташуҳҳуднинг охиригача) қилинади. Бу Имом Молик ва бошқаларнинг мазҳаби”.

Сохта салафийларнинг яна бир таниқли олими Ибн Усаймийн ўзининг “Шарҳул-мумтиъ” номли китоби (3-жуз, 202-бет)да ташаҳҳудда ишора бармоғини қимирлатиб туриш ҳақида “Ҳар дуо қилган пайтингда, дуо қилинмиш Зотнинг олийлигига ишора ўлароқ, бармоғингни қимирлатасан. Биз ҳам шундай қилишни маъқул иш деб биламиз”, деган.

Улар ўзларининг даъволарига қуйидаги ягона ривоятни далил қилиб келтирадилар:

عن وائل بن حجر قال : " ثم رفع إصبعه فرأيته يحركها يدعو بها " رواه أحمد والنسائي

Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳу: “... Бармоқларини кўтариб уни ҳаракатлантирар, у билан дуо қилардилар”, деганлар (Имом Аҳмад ва Имом Насаий ривоят қилган). 

Салафийлар ўзларининг даъволарига ушбу ҳадисдан бошқа саҳиҳ ҳадис йўқ. Мазкур ҳадис санад жиҳатдан саҳиҳ бўлсада жумҳур уламолар томонидан уни қабул қилинмаслигига бир қанча асослар бор. Буни қуйида батафсил ўрганиб чиқамиз.

Аслида эса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ишораи саббоба қилганларида кўрсатгич бармоқлари билан ишора қилар ва уни ҳаракатлантирмас эдилар. Бунга қуйидаги ҳадис далил бўлади:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ الزُّبَيْرِ أَنَّ النَّبِىَّ كَانَ يُشِيرُ بِأُصْبُعِهِ إِذَا دَعَا وَلاَ يُحَرِّكُهَا.

Абдуллоҳ ибн Зубайр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам (ташаҳҳудда) дуо қилсалар (кўрсатгич) бармоқлари билан ишора қилар ва уни ҳаракатлантирмас эдилар” (Имом Насаий ва Имом Абу Довуд ривояти).

Ушбу ҳадиснинг санадини Имом Нававий саҳиҳ деганлар. Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадис шарҳида шундай дейдилар: “Ҳадисдаги “дуо қилсалар”дан мурод ташаҳҳуд дуосини ўқисалар, деганидир. Чунки ташаҳҳуд ўз ичига дуони ҳам қамраб олгани сабабли, уни дуо дейиш мумкин” (“Мирқотул мафотийҳ” китоби, 3-жуз, 454-бет).

Бу ҳадиси шариф бармоқни фақатгина бир марта кўтариб, ишорада бармоқни қимирлатмаслик кераклигига очиқ ойдин далолат қилмоқда. Қолаверса, намозда бармоқни қимирлатиш беҳуда иш бўлиб, намозда беҳуда иш қилиш макруҳдир.

 

Салафийлар далил қилган ҳадис – шоз ҳадисдир

“Шоз” сўзи луғатда “одатдан ташқари” маъносини англатади. Муҳаддислар истилоҳида “шоз ҳадис” деганда – ривояти мақбул бўлган ровий ўзидан кўра мақбулроқ бўлган ровийга мухолиф (қарши) тарзда ривоят қилган ҳадис тушунилади. Бошқача қилиб айтганда, хотираси ва эслаб қолиши мустаҳкам бўлган ровийларнинг ривоятига тамоман зид бўлган бошқа бир ёлғиз ривоятдир. Муҳаддис уламоларга кўра шоз ҳадис рад қилинган, унга амал қилинмайдиган ҳадислар қаторида саналади.

Биз ўрганаётган ташаҳҳудда ишора бармоғини қимирлатиш ҳадиси ҳам ана шундай шоз ҳадислардан саналади. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом ишораи саббоба қилганлари ҳақида йигирмадан ортиқ саҳобадан ҳадис ривоят қилинган бўлса, Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳудан бошқа бирорта саҳоба кўрсаткич бармоғини қимирлатиш ҳақида бирор оғиз айтилмаган.

Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳунинг ривояти шоз эканини биринчилардан бўлиб машҳур муҳаддис олим, Имом Бухорийнинг шогирдларидан бири Имом Ибн Хузайма (ҳиж. 311 йилда в.э.) раҳматуллоҳи алайҳ айтиб ўтганлар. У зот  ўзларининг саҳиҳ тўпламларида салафиййлар ўзларига ҳужжат қилаётган Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳунинг мазкур ҳадисларини келтириб, шундай дейдилар: “Воил ибн Ҳужрнинг шу ривоятидан бошқа бирорта ривоятда ҳам “бармоқларини ҳаракатлантирар эдилар” жумласи йўқ. Ушбу қўшимча (ровийлардан бири) Зоид ибн Қудома томонидан қўшиб, зикр қилинган” (“Саҳиҳ ибн Хузайма” 1-жуз, 354-бети).

Аксинча, Абдуллоҳ ибн Забайр разияллоҳ анҳудан нақл қилинган саҳиҳ ҳадисда Набий алайҳиссалом ташаҳҳудда бармоқларини қимирлатмаганлари очиқ ойдин айтилган:

عن ابْنِ الزُّبَيْرِ : أَنَّهُ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يُشِيرُ بِالسَّبَّابَةِ وَلَا يُحَرِّكُهَا (أَخْرَجَهُ أَبُو دَاوُد وَالنَّسَائِيُّ وأَحْمَدُ).

Ибн Зубайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам саббоба бармоқлари билан ишора қилар ва уни қимирлатмас эдилар” (Имом Абу Довуд, Имом Насаий ва Имом Аҳмад ривоят қилишган). 

Шуниси қизиқки, ишораи саббобада кўрсаткич бармоқни қимирлатиш борасидаги ҳадиснинг шоз ривоят эканини салафийларнинг олимларидан бири, Яманлик Шайх Муқбил ибн Ҳодий ал-Вадоий ҳам тан олган. У ўзининг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асарида Воил Ибн Ҳужрдан нақл қилинган ҳадисни зикр қилиб, шундай деган:

هذا الحديث يدل على الإشارة بالأصبع, وأما التحريك فقد تفرد به زائدة بن قدامة, وقد خالف أربعة عشر راوياً: ...كلهم رووه عن عاصم بن كليب ولم يذكروا فيه التحريك .ورواه من الصحابة: عبد الله بن الزبير, وعبد الله بن عمر, وأبو حميد الساعدي, وأبو هريرة, وسعد بن أبي وقاص, وابن عباس, وخفاف بن إيماء.كلهم لم يذكروا التحريك .فعلم بهذا أن رواية زائدة شاذة

“Бу ҳадис бармоқ билан ишора қилишга далолат қилади. Аммо бармоқни қимирлатиш (ҳадис ровийси) Зоид ибн Қудома томонидан ёлғиз ривоят қилингандир. У бу билан ҳадисни ўн тўртта ровийга зид равишда ривоят қилган. ... Уларнинг барчаси Осим ибн Кулайбдан ушбу ҳадисни ривоят қилишган бўлиб, ташаҳҳудда бармоқни қимирлатишни зикр қилишмаган. Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абдуллоҳ ибн Умар, Абу Ҳумайд ас-Соидий, Абу Ҳурайра, Саъд ибн Аби Ваққос, Ибн Аббос, Хуфоф ибн Аймоълар ишораи саббоба ҳақида ҳадис ривоят қилишган бўлса, уларнинг бирортаси бармоқни қимирлатиш ҳақида бирор нарса зикр қилишмаган. Демак, бундан маълум бўладики, Зоида ибн Қудоманинг ривояти шоздир” (2-жуз, 121-бет).

Демак, соддароқ қилиб айтганда саҳоба Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳунинг ҳадисларини Осим ибн Кулайб исмли киши отасидан ривоят қилган. Осим ибн Кулайбдан эса ўн беш киши ўша ҳадисни эшитиб ўзларидан кейингиларга ривоят қилишган. Шу ўн беш кишидан фақат Зоид ибн Қудома исмли ровий ўзининг шерикларига хилоф равишда “бармоқларини ҳаракатлантирар эдилар”, жумласини қўшиб ривоят қилган. Бу билан у ўзидан кўра зеҳнда устун ва ривоятга эътиборли бўлган ўн тўртта ровий зикр қилмаган жумлани қўшиб айтган. Буни илмий тилда шоз ривоят дейилади ва кўпчилик ровийнинг ҳадисини қабул қилиб, ягона ровийнинг фарқли ривоятини адашганлик эҳтимоли бўлгани сабабли рад қилинади.

Шунга қарамасдан бизнинг диёримиздаги ўзларини салафийликка мансуб деб биладиган айрим кишилар уламолар томонидан рад этилган ривоятга суянган ҳолда ташаҳҳудда кўрсаткич бармоқларини қимирлатишни суннат деб ҳисоблайдилар.

 

Воил ибн Ҳужр (р.а.)нинг ривоятини бошқа саҳобаларнинг

ривояти билан жамлаш мумкин

Салафийлар далил қилган Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳунинг ривоятларини мақбул дея фараз қилганимизда ҳам уни бошқа саҳобаларнинг ривоятларига мувофиқлаштириш мумкин. Зеро, усулул фиқҳдаги қоидага кўра, агар нақлий далилларда ўзаро зиддият юзага келса, аввало уни жамлашга, уларни ўзаро мувофиқлаштиришга ҳаракат қилинади. Бу уламолар томонидан таъкидланган:

" الجمع مقدَّم على الترجيح"

“(Ўзаро зид далилларни) жамлашлик бирини иккинчисидан устун қўйишдан муқаддамдир” қоидасига ҳамда:

"الإعمال أولى من الإهمال"

“Далилга амал қилиш уни ташлаб қўйишдан авлодир” қоидасига кўрадир.

Жумҳур уламолар “Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳунинг ривоятида назарда тутилган ишораи саббобада бармоқни ҳаракатлантиришдан мурод, уни ишора учун кўтариш ва яна ўз ўрнига тушуришдир. Зеро, бармоқ билан ишора қилиш учун ҳам уни ҳаракатлантириш керак бўлади, яъни бармоқни юқорига кўтариш ва ўз ўрнига қайтариш билан ишора юзага келади. Шунда ушбу ривоят бошқа ўнлаб саҳобаларнинг ривояти билан бир хил маънони касб этади”, дейдилар.

Машҳур муҳаддис олим Имом Абу Бакр Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Сунанул кубро” асарларида мазкур ҳадисни нақл қилиб келтиргандан кейин, шундай дейдилар:

يحتمل أن يكون المراد بالتحريك الإشارة بها لا تكرير تحريكها، فيكون موافقـًا لرواية ابن الزبير

“(Ҳадисда) Бармоқни қимирлатишдан – у билан ишора қилиш маъноси кўзланган бўлиши мумкин. Уни ҳаракатлантириб туриш эмас. Шундагина у Ибн Зубайрнинг ривояти[1]га мувофиқ бўлади” (2-жуз, 231-бет).

Имом Байҳақийнинг гапларини Аллома Шавконий ҳам ўзларининг машҳур “Найлул автор” номли китобларида қўллайдилар ва шундай дейдилар:

ومما يرشد إلى ما ذكره البيهقي رواية أبي داود لحديث وائل فإنه بلفظ أشار بالسبابة

 “Байҳақий айтиб ўтган гапга Абу Довуднинг Воил (р.а.)дан нақл қилган ҳадиси ҳам далолат қилади. Унда “кўрсаткич бармоқлари билан ишора қилдилар” дейилган (яъни, “қимирлатардилар” жумласисиз келган)” (2-жуз, 316-бет).

Аллома Кандеҳлавий ўзларининг “Авжазул масолик” номли асарларида Шайх Саломуллоҳ ҳанафийдан қуйидагиларни нақл қилиб келтирадилар: “Ҳадисдаги “бармоқларини ҳаракатлантирардилар” жумласидан мурод муборак бармоқларини кўтаришлари тушунилади холос. Шундагина “Бармоқлари билан ишора қилар эдилар ва қимирлатмасдилар”, дея нақл қилинган бошқа ривоятлар билан мувофиқ бўлади” (2-жуз, 117-бет).

Уламолардан Мулла Али Қори “Мирқотул мафотиҳ”да, Шамсулҳақ Азим Ободий “Авнул маъбуд”да, Муҳаммад Абдурроҳман Муборакфурий “Туҳфатул аҳвазий”да ҳамда бундан бошқа уламолар ҳам ўзларининг асарларида икки ҳадис ўртасини мана шундай мувофиқлаштиришганини кўришимиз мумкин. Бундан салафийлар далил қилаётган ягона ривоят ҳам аслида жумҳур уламолар тутган йўлни қўллаб-қувватлаётгани маълум бўлади. 

 

Ишораи саббобада кўрсаткич бармоқни қимирлатиш

саҳобаларнинг амалига зиддир

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатларига саҳобалардан кўра ҳарисроқ киши бўлмагани барчага кундек равшан. Бу борада саҳобалар эришган улуғ мартабага улардан кейин ҳеч бир киши эриша олмайди. Агар биз ҳадис манбаларини синчковлик билан ўрганадиган бўлсак, машҳур саҳобалардан ишораи саббобада бармоқни қимирлатмаганларига очиқ-ойдин мисолларни топишимиз мумкин.

عن نافع عن ابن عمر أنه كان يضع يده اليمنى على ركبته اليمنى ويده اليسرى على ركبته اليسرى ويشير بإصبعه ولا يحركها، ويقول: إنها مذبة الشيطان، ويقول:" كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يفعله"، (رواه ابن حبان ، هذا حديث حسن صحيح متصل). 

Нофеъдан ривоят қилинади: “Ибн Умар (ташаҳҳудда) ўнг қўлини ўнг тиззасига қўяр, чап қўлини чап тиззасига қўяр эди. Бармоғи билан ишора қилиб, уни қимирлатмасди ва: “Бу (ишора қилиш) Шайтонни ҳайдовчидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар”, - дер эди” (Ибн Ҳиббон саҳиҳ санад билан ривоят қилган).

Худди шу каби ривоят машҳур саҳоба Урва ибн Зубайр разияллоҳу анҳудан ўғиллари томонидан нақл қилинган.

عن هشام بن عروة أن أباه كان يشير بإصبعه في الدعاء ولا يحركها

Ҳишом ибн Урвадан ривоят қилинади: “Унинг отаси (ташаҳҳудда) дуо қилганида бармоғи билан ишора қилар ва уни қимирлатмас эди” (Имом Ибн Аби Шайба ривояти).

Ушбу ривоятдаги дуодан мурод ташаҳҳудни ўқиш назарда тутилмоқда. Ташаҳҳуд ҳам бир маънода дуони ўз ичига олгани сабабли, уни ҳам дуо дейиш кенг тус олган. Буни Мулла Али Қори, Муборакфурий ва ундан бошқа кўплаб уламолар айтиб ўтишган.

Имом Ибн Аби Шайба ўзларининг “Ал-Мусаннаф” номли китобларида яна бир саҳоба Қайс ибн Саъд разияллоҳу анҳудан ишораи саббобада бармоқни қимирлатмаслик ҳақида қуйидагиларни келтирганлар: 

عن قيس بن سعد قال كان لا يزاد على هكذا وأشار بإصبعه

Қайс ибн Саъддан нақл қилинишича, у: “Мана бундан ортиқча иш қилинмасди”, деб, бармоғи билан ишора қилар эди”.

Бу билан саҳобаларнинг ишораи саббоба борасидаги амаллари ҳам Пайғамбаримиз алайҳисаломдан нақл қилинганидек, бармоқларини қимирлатмаслик эканини билиб олишимиз мумкин. Балки, улар бунинг аксини инкор қилишмоқда.

 

Ишораи саббобада кўрсаткич бармоқни қимирлатиш

тўрт мазҳаб имомларининг амалига зиддир

Аслида, ташаҳҳуд пайтида ишораи саббоба қилганда кўрсаткич бармоқни салафийлар айтганидек кўринишда қимирлатиш суннат экани эътироф этилган бирорта уламодан нақл қилинмаган. Аксинча, барча уламоларга кўра ташаҳҳудда бармоқни ортиқча қимирлатишсиз ишора қилиш суннат саналади. Чунки, ташаҳҳудда Пайғабаримиз алайҳиссалом муборак кўрсаткич бармоқлари билан ишора қилганлари айтилган. Уни қимирлатганлари ҳақида юқорида шоз экани таъкидланган биргиа ривоятдан бошқа бирор саҳиҳ ҳадисда лом-мим дейилмаган.

Ҳанафий мазҳаби уламолари “Ашҳаду аллаа” деганда кўрсатгич бармоғини кўтариб, “иллаллоҳ” деганда туширади, дейишган.

Бизнинг мазҳабимизда ишораи саббобани қилиш тўғрисида Имом Абу Ҳанифа р.а.нинг энг яқин шогирдлари Имом Муҳаммад ибн Ҳасан р.а. Имом Моликдан ривоят қилган “Муватто” асарида сўз юритганлар ва қуйидаги ҳадисни келтиранлар: Алий ибн Абдурраҳмон Муовийдан ривоят қилади: “Мени намозда майда тошларни ўйнаётган ҳолатимни Абдуллоҳ ибн Умар кўрди. (Намозимни) тугатгач мени бундан қайтарди ва: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бажарганларидек бажаргин. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (ташаҳҳудга) ўтирсалар ўнг кафтларини ўнг сонларига қўярдилар ва барча бармоқларини йиғиб бош бармоқнинг ёнидаги билан ишора қилардилар. Чап кафтларини чап сонларига қўярдилар”, деди”.

Ривоят сўнгида Имом Муҳаммад р.а. шундай деганлар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган амалларини оламиз. Бу менинг ва Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг сўзларидир”(“Ал-Муватто би ривояти Муҳаммад ибн Ҳасан” 72-бет).

Аллома Ибн Обидин р.а. ҳанафий мазҳабига кўра ишораи саббоба қилиш кайфиятига тўхталиб шундай деганлар:

ويرفع السبابة عند النفي ويضعها عند الإثبات، وهذا ما اعتمده المتأخرون لثبوته عن النبي صلى الله عليه وسلم بالأحاديث الصحيحة، ولصحة نقله عن أئمتنا الثلاثة.

 “Намозхон нафийда бармоғини кўтариб, исбот[2]да тушуради. Мана шу Набий саллалоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлгани сабабли мазҳабимиздаги кейинги уламоларнинг суянган гапларидир. Шунингдек, бу учта имомларимиз (яъни, Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад)дан саҳиҳ нақлга асослангандир” (“Раддул муҳтор” 4-жуз, 86-бет).

Моликий мазҳаби уламолари фиқҳий манбаларида ишораи саббобада бармоқни қимирлатиш борасида турли қарашлар мавжуд. Баъзи моликий уламолар ташаҳҳудда бармоқ қимирлатиш макруҳ эканини айтсалар, баъзиларида намозхон ташаҳҳуднинг бошидан охиригача кўрсатгич бармоғини кўтариб, ўнг ва чап томонга қимирлатиб туради, дейишган. Лекин, моликий мазҳабидаги муҳаққиқ олимлардан бири Қози Абу Бакр Ибнул Арабий ўзларининг “Оризатул аҳвазий” китобларида ташаҳҳудда бармоқни қимирлатишни кескин инкор қилиб жумладан шундай дейдилар: 

" إياكم وتحريك أصابعكم في التشهد، ولا تلتفتوا الى رواية العتبية فانها بليَّة وعجبًا ممن يقول: إنما هي مقمعة للشيطان إذا حركت، اعلموا أنكم إذا حركتم للشيطان أصبعًا حرك لكم عشرًا، إنما يقمع الشيطان بالإخلاص، والخشوع، والذكر "

“Ҳаргиз ташаҳҳудда бармоғингизни қимирлатманг. Атабийя[3]нинг (Имом Моликдан бармоқни қимирлатиш ҳақидаги) ривоятига эътибор берманглар. Чунки у балодир! “Бармоқ қимирлатилиши шайтон учун калтакдир” дейдиганлардан ажабланаман. Шуни билингларки, агар сиз Шайтон учун битта бармоғингизни қимирлатсангиз, у сизга ўнта бармоғини қимирлатади (яъни, намоздан чалғитади). Шайтонни фақатгина ихлос, хушуъ-хузуъ ва зикр билан “калтакланади” холос” (2-жуз, 85-86-бетлар).

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, салафийлар ташаҳҳудда бармоқни юқорига қарата ҳаракатлантириш зарур деб ҳисоблайдилар. Бу ҳақда салафий олимлардан бири Муҳаммад Солиҳ Усайминнинг фикрини юқорида келтириб ўтдик. Моликийлардан баъзи уламолар бармоқни қимирлатишни айтсаларда, уни ўнг ва чап томонга қимирлатиб турилади дейдилар. Лекин бу гап ҳам моликий мазҳаби муҳаққиқ уламолари томонидан рад этилганини Абу Бакр Ибул Арабий р.а.нинг сўзларидан билиб олиш мумкин.

Шофеий мазҳаби уламолари “иллаллоҳ” деганда кўрсатгич бармоғини кўтариб қўяди ва ташаҳҳуд охиригача шу кўринишда бармоғини қимирлатмасдан туради, дейишган. Шофеий мазҳабининг забардаст олими Имом Нававий “Ал-Мажмуъ”да шундай дейдилар: “Намозхон ташаҳҳудда “ла илаҳа иллаллоҳу”га келганда бармоғини кўтаради. Имом Шофеий бу борада ворид бўлган ҳадисларга асосланиб ишора қилишни мустаҳаб санаганлар. Лекин унда бармоқни қимирлатиш борасида мазҳабда турли қарашлар бор:

Биринчиси: жумҳур уламолар қатъий айтган гап бўлиб, унга кўра намозхон бармоғини қимирлатмайди. Агар ишоари саббобада бармоғини қимирлатса, макруҳ бўлади, лекин намози бузулмайди. Чунки у “амали қолил” – оз миқдордаги ҳаракатдир.

Иккинчиси: бармоғини қимирлатиши ҳаром амалдир. Агар намозхон бармоғини ҳаракатлантирса намози бузулади. Бу гапни Ибн Абу Ҳурайра[4]дан нақл қилинган бўлиб, (мазҳабдаги) заиф гапдир”(3-жуз, 433-бет). 

Шунингдек, Шофеий мазҳабидаги бундан бошқа кўплаб мўтабар фиқҳий китобларда ушбу масалага тўхталиб ўтилган бўлиб, уларнинг барчасида ишораи саббобада кўрсаткич бармоқни қимирлатиш намознинг макруҳ амалларидан саналган. 

Ҳанбалий мазҳаби уламоларидан баъзилари ташаҳҳуд асносида қачон Аллоҳ таолонинг исмини тилга олса кўрсатгич бармоғини кўтариб туширади, дейишган. Лекин бу гап ҳанабалий мазҳабида заиф гап сифатида қаралади. Бу ҳақда машҳур ҳанбалий олим Аллома Абул Ҳасан Мирдовий р.а. ўзларининг “Ал-инсоф фи маърифатир-рожиҳи минал-хилоф”[5] номли асарларида шундай деганлар:

لَا يُحَرِّكُ إصْبَعَهُ حَالَةَ الْإِشَارَةِ ، عَلَى الصَّحِيحِ مِنْ الْمَذْهَبِ

“(Ҳанбалий) мазҳабидаги тўғри гапга кўра, намозхон ишораи саббоба пайтида бармоғини қимирлатмайди” (2-жуз, 75-бет).

Шунингдек, ҳанбалий мазҳабидаги мўътабар манбалардан Ибн Қудоманинг “ал-Муғний” (1-жуз, 534-бет), Ибн Муфлиҳнинг “Ал-Фуруъ” асарларида ҳам шу каби маълумотларни учратиш мумкин.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, тўрт фиқҳий мазҳаблардаги мўтабар манбаларда ҳам намозхон ташаҳҳуд пайтида кўрсаткич бармоғини қимирлатмаслиги кераклиги алоҳида таъкидлаган. Сохта салафийлар эса кўплаб масалалар қатори ушбу масалада ҳам тўртала мазҳабга хилоф йўл тутиб, ҳозиргача ҳеч ким айтмаган гапни, “ишораи саббобада бармоқни қимирлатиш суннат” деган гапни айтиб, ҳар жойда жар солиб юрибдилар. Аслида эса, юқорида биз ўрганиб ўтган маълумотлардан ишораи саббобада бармоқни қимирлатиш суннат эмас, балки динга киритилган бидъат амал экани маълум бўлмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги

Фатво маркази бош мутахассиси

Абдулатиф Турсунов

 

[1] Абдуллоҳ ибн Зубайр р.а.нинг ривояти юқорида ўтди. Унда Набий алайҳиссалм ишораи саббоба қилганларида муборак бармоқларини қимирлатмаганлари таъкидланган.

[2] Ташаҳҳуд калимасидаги “лаа илааҳа” жумласи нафий, “иллаллоҳ”, жумласи исботдир.

[3] Атабийя моликий мазҳабидаги фиқҳий китобнинг номи бўлиб, Муҳаммад ал-Атабий ибн Аҳмад ибн Абдулазиз (ҳиж.245 йилда в.э.) томонидан таълиф этилган. Моликий мазҳабидаги олимлардан бири Абу Лубоба ал-Қуртубийнинг айтишича, ушбу китобда Имом Моликдан ишончсиз ривоятлар ва шоз масалалар аралаш зикр қилинган (Манба: https://ar.wikipedia.org/wiki).

[4] Ҳижрий 345 йилда вафот этган шофеий мазҳабининг етук олими (манба: https://ar.wikipedia.org/wiki). 

[5] Китобнинг номи ўзбек тилида “ихтилофли масалалардан устунини билишда инсоф қилиш” деган маънони англатади. Ушбу китоб ҳанбалий мазҳабида ихтилофли бўлган фиқҳий масалаларни заифидан саҳиҳини, далили кучсизидан кучлисини белгилаб берувчи мўътабар асар саналади.

Read 1088 times

Мақолалар

Top