МАҚОЛА

Фатвога журъат қилиш

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Aлҳамдулиллаҳи роббил аъламин. Aллоҳумма солли ала саййидина Муҳаммад ва аъла аълиҳи ва асъҳабиҳи ажмаъийн.

Фатво саволга жавоб бериш маъносини англатади. Истилоҳда эса, киши саволига шаръий далил асосида жавоб бериш маъносида ишлатилади. Фатво беришнинг ўзига хос шартлари мавжуд. Мўътабар манбаларда қайд этилишича, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ ва Ислом тарихини чуқур ва мукаммал биладиган ва яна бошқа зарур сифатларга эга бўлган шахсларгина фатво бериш ҳуқуқига эга. Имом Шотибий фатво бериш масъулияти ҳақида тўхталиб, қуйидагиларни таъкидлайди:“Муфтий – ҳукмларни етказишда Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўринбосар ва У зотнинг меросхўри ҳисобланади. Шу боис у – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) номларидан гапиради”. Қолаверса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Имом Доримий ривоят қилган ҳадисда бу борада огоҳ ва эътиборли бўлишга чақириб: “Фатвога журъатли бўлганларингиз дўзахга журъатли бўлганингиздир”,

деганлар. Яъни, воқеъликни тўлиқ ўрганмай, етарли билим ва тажриба орттирмай туриб, қўрқмасдан, журъат билан фатво беришдан қайтарганлар. Буни чуқур англаб етган мусулмонларнинг дастлабки авлодлари ўзларидан илмли шахс бўлган жойда сукут сақлашган. Имом Нававий (раҳматуллоҳи алайҳ) ўзларининг “ал-Мажмуъ” номли китобида Абдураҳмон ибн Аби Лайлодан қуйидагиларни ривоят қилади: “Расулуллоҳ нинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) 120 саҳобаларидан савол сўралганда, “анавидан сўранг”, деб бошқаларига ишора қилишар ва охири айланиб биринчи кишига савол қайта берилганини кўрдим”. Шайх Рамазон Бутий айтади: “Ҳукм чиқариш илми тиббиёт илми кабидир. Мабодо бировнинг фарзанди оғир касалга чалиниб қолса, у тегишли ташхис қўйиш ва фарзандини даволаш учун тиббиётга оид китобларни титадими ёки малакали шифокорнинг олдига борадими? Тўғрисини айтганда, унинг эси жойида бўлса, кейинги йўлни тутади. Динда ҳам худди шундай. Аслида у тиббиётдан ҳам муҳимроқ, шунингдек, қамрови жиҳатидан хавфлироқдир”.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, киши ўзи билмаган масала ҳақида сўралганда унга илмсиз ҳолатда жавоб бериши ҳалол бўлмайди. Aгар ўша ҳолатда ҳам жавоб беришдан ўзини тиймай фатво беришга журъат қилса, ундай инсон гўё жаҳаннамга ошиқаётган киши бўлади. Aллоҳ таоло бизларни жоҳилона илмсиз ҳолатда фатво беришдан асрасин.

ЖAМОЛИДДИНОВ СAЛИМХОН

Мир Aраб олий мадрасаси талабаси

Read 769 times

Мақолалар

Top