МАҚОЛА

Ҳеч кимни гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз

Ислом оламида аянчли оқибатларга сабаб бўлаётган, жаҳолат туфайли фитналарга замин яратаётган “такфир” тушунчасини мазмун-моҳиятини шарҳлаб ўтамиз. “Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади.

Динда ғулувга кетиш – ҳаддан ошиш оқибатида асримизнинг долзарб масаласига айланган муаммолардан бири мусулмонларни «кофир» деб фатво чиқаришнинг кўпайганидир. Бу масала кейин чиққан масалалардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида бирор кишини кофир деб ҳукм чиқарилганини ҳеч ким билмайди. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари мусулмонларни бу ишдан қаттиқ қайтарар эдилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса иймоннинг аслидир: «Лаа илаҳа Иллаллоҳу» деган кимсага тегмаслик; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз; амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса иймоннинг аслидандир», демоқдалар. Бу, масалани баён қилишнинг энг кучли усулларидан биридир. Аввал баён этиладиган нарсаларнинг ададини, аҳамиятини айтиб, кейин бирин-кетин улар васф қилинади. Демак, биз ўрганадиган нарсаларнинг адади учта. Улар энг муҳим нарсалар, чунки иймоннинг аслидан ҳисобланадилар. Мусулмон киши учун дунёда иймондан муҳимроқ нарса йўқ. Иймоннинг асли эса энг муҳимидандир.

«Лаа илаҳа Иллаллоҳу», деган кимсага тегмаслик.» Яъни, калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. Зоҳирида мусулмон бўлиб кўриниб, Исломнинг зоҳирий амалларини қилаётганлар билан мусулмонча муомала қилинаверади. Кишиларнинг ички сирлари ва ҳисоб-китоблари Аллоҳнинг Ўзига ҳавола.

«Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз.» Яъни, «Лаа илаҳа Иллаллоҳу»ни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, осий мўмин бўлади.

«Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз.» Яъни, калимаи тавҳидни айтиб, Исломни зо-ҳиридан кўрсатиб турган одамни амали туфайли Ислом дини, Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша тайин қилинган шаръий жазо берилади.

Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Ҳанафий уламолардан Ибн Нужайм: “Агар кофир дейиш учун тӯқсон тӯққизта далил бӯлса- ю, кофир демаслик учун биргина далил бӯлса, тӯқсон тӯққизни қӯйиб, ӯша бир далилни олиш керак “,- дейдилар.

Хозирги кунимизда ёшларимиз, баъзи бир Сохта салафийларнинг жим-жимадор суҳбатлари қурбони бўлиб қолишдан сақланишлари, ижтимоий тармоқлар орқали тинч ва осуда яшаб келаётган ва диний ибодатларни қилаётган, айниқса, диний- дунёвий раҳбарларни кофирга чиқариб обрӯсизлантиришга уринаётган, тинч юртимизни барбод қилиб, нотинч қилиш каби гуноҳ ишларга чақираётган кимсалардан огоҳ ва эҳтиёт бӯлишлари талаб этилади.

Аллоҳ таоло юртимиз мусулмонларини, мусулмон уммати бирлигига раҳна солувчи маънавий таҳдид бӯлган “такфир “дан сақласин.

Муҳаммадхон Абдураҳманов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси

Read 826 times

Мақолалар

Top