МАҚОЛА

ЎЗИНИ ЎЛДИРИШ ШАҲИДЛИК ЭМАС БАЛКИ УЛКАН ГУНОҲДИР...

Бу дунёю у дунёда нажот топай, деган инсон Аллоҳга, Пайғамбарга ва илоҳий Китобга иймон келтириб, уларнинг кўрсатмаларига амал қилиб яшамоғи лозим ва лобуддир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

Осмонлару ерни ва улардаги нарсаларни ҳақ ила яратдик. Албатта, Соат келувчидир. Бас, сен чиройли кечирим ила кечир. (Ҳижр сураси, 85-оят).

Демак, осмонлару ерда ва улардаги барча нарсаларда фақат ҳақ бор. Ёлғон ва ноҳақлик, алдамчилик ва ботил, беҳудалик ва тартибсизлик йўқ, ҳимматсизлик ҳам, мақсадсизлик ҳам йўқ. Шунинг учун улардаги барча ишлар ростгўйлик, адолат, садоқат, ҳақиқат асосида тартибли, фойдали, ҳикматли ва олий мақсадни кўзлаш ила кечмоғи лозим. Чунки «Албатта, Соат келувчидир».

Қиёмат куни бу дунёда қилинган ишларнинг барчаси ҳақ ила ҳисоб-китоб қилинади. Келиши аниқ бўлган қиёмат кунида ҳақ қарор топади. Эй Пайғамбар, «Бас, сен чиройли кечирим ила кечир».

Ўзингни қийнаб юрма. Қалбингни турли ғам-ташвиш ила машғул қилма. Ҳақ албатта ўз ўрнини топади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

Албатта, Роббинг Ўзи кўплаб халқ қилувчидир, ўта билувчидир. (Ҳижр сураси, 86-оят).

Ҳамма нарсани яратган Унинг Ўзидир. Шунинг учун ҳам уларнинг ҳаммасини ҳақ ила яратганлигида шубҳа йўқ. У ҳамма нарсани билувчи Зотдир. Аллоҳ Ўзи яратган нарсаларининг ҳолини жуда яхши билади.

Аллоҳ кейинги оятда шундай марҳамат қилади:

Ва, батаҳқиқ, сенга етти такрорланувчини ва Буюк Қуръонни бердик. (Ҳижр сураси, 87-оят).

Оятдаги «етти такрорланувчи»дан мурод Фотиҳа сурасидир. Чунки бу сураи карима етти оятдан иборат бўлиб, жуда кўп такрорланади. Намознинг ҳар ракъатида қайта-қайта ўқилади.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Алҳамду лиллаҳи Роббил аламийн» етти такрорланувчидир, у менга берилган Улуғ Қуръондир», – деганлар.

Аллоҳ таоло ушбу оятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етти оятдан иборат ва кўп такрорланадиган улуғ Фотиҳа сурасини ва уни ўз ичига олган Улуғ Қуръонни берганлигини таъкидлаб айтмоқда. Шу билан бирга, осмонлару ер қандай ҳақ бўлса, Қуръони Карим ҳам шундай ҳақ эканига ишора қилмоқда. Бу эса улуғ неъматдир. Қуръон неъмати дунёдаги ҳамма неъматлардан устун туради. Шунинг учун

Биз улардан айрим тоифаларни баҳраманд қилган нарсаларга кўз тикма! Улар учун маҳзун ҳам бўлма! Мўминларга қанотингни пастлат! (Ҳижр сураси, 88-оят).

Кофирларнинг айрим гуруҳларига бу дунё ҳаётининг баъзи матоҳларини бериб қўйганмиз. Улар бу нарсалардан баҳраманд бўлиб юрадилар. Сен уларнинг мазкур дунё матоҳларига ҳавас ила назар солма. Улар ҳавас қилишга арзийдиган нарсалар эмас. Ҳақиқий ҳавас қилса арзигулик нарса сенга берилган Улуғ Қуръондир. Зеро, унда инсонни икки дунё саодатига етакловчи ҳақ йўл кўрсатилгандир.

«Улар учун маҳзун ҳам бўлма!»

Кофирлар иймонга келмаганлари учун хафа ҳам бўлма.

«Мўминларга қанотингни пастлат!»

Иймонга келиб, сенга эргашганларга нисбатан мутавозе бўл. Улар билан чиройли муомалада бўл. Уларга лутф кўрсат. Уларни ўз қанотинг остига ол.

Ва: «Албатта, мен очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман», – деб айт. (Ҳижр сураси, 89-оят).

Яъни «Эй Муҳаммад, сен одамларга ўзингнинг очиқ-ойдин огоҳлантирувчи, осийларни Аллоҳнинг азобидан огоҳ қилувчи эканингни айт».

Худди тақсимловчиларга нозил қилганимизга ўхшаш. (Ҳижр сураси, 90-оят).

Қуръонни парча-парча қилганларга. (Ҳижр сураси, 91-оят).

Бу жойда араб тилининг нозик услублари ишлатилмоқда. Икки оят олдин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга «етти такрорланувчи» ва Улуғ Қуръон нозил қилингани айтилган эди. Кейинги икки оятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиниб, баъзи кўрсатмалар берилди. Сўнгра «Сенга «етти такрорланувчи» ва Улуғ Қуръонни худди Қуръонни парча-парча қилган тақсимловчиларга китоб туширганимизга ўхшаш туширдик», – дейилмоқда.

 «Қуръонни парча-парча қилганларга», деганда аҳли китоб – яҳудий ва насоролар назарда тутилгандир. Улар ўзларига келган илоҳий китобларни тақсимлаб, бир қисмига иймон келтириб, бир қисмига иймон келтирмаган эдилар. Энди эса Қуръонни ҳам парча-парча қилиб, ўз фикрларига мос келганини олиб, тўғри келмаганини тарк этмоқчи бўлмоқдалар. Ана ўшаларга ўз вақтида синовчи китоб туширганимиздек, сенга ҳам бу самовий Китобни – Улуғ Қуръонни нозил қилдик. Бу янгилик эмас. Қадимдан бўлиб келаётган иш. Кишилар баҳона, сабаб ахтармай, иймон келтиришлари зарур эди. Аммо кўплари бош тортмоқдалар.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муҳибуллоҳ Ҳудойбердиев

Тўрақўрғон тумани бош имом хатиби.

Read 784 times

Мақолалар

Top