МАҚОЛА

Қандай қилиб Аллоҳга яқин бўлиш мумкин?

Агар банда намоз, закот, ҳаж, хайр-эҳсон, одамларни яхшиликка чақириш, ёмонликлардан қайтариш каби ибодатларни қилиш орқали Аллоҳга яқин бўлишга ҳаракат қилса-ю, лекин амаллари билан одамларга мақтанса, ғурурга берилса унинг барча қилган солиҳ амаллари ҳабата бўлади, савоб олиш ўрнига гуноҳга ботади.

Лекин банда ўзининг ожизлигини ва муҳтожлигини тан олиб, одамларнинг олдида ўзини кўрсатиш учун тили билан эмас, балки Аллоҳ таолога синиқ қалб ила юзланиб: “Ё Аллоҳим, мен Сенинг ўз жонига зулм қилган гуноҳкор қулингман. Сенга исён қилиб, гуноҳларга ботган қулингман. Сенга муҳтож қулингман Роббим. Заифман, кучсизман. Сенинг барча хато ва гуноҳларимни эътироф этаман. Менда ҳеч қандай куч ҳам, қувват ҳам йўқ. Менда ҳеч қандай яхшилик йўқ ҳолда фақат Сенинг раҳматинг ва фазлингдан умид қилиб Сенга гуноҳкор қўлларимни очиб дуо қиляпман. Аллоҳим ёлвориб илтижо қиламан дуоларимни қабул эт, менга раҳм қил. Менинг синиқ қалбимга шифо бер”.

Банда фақатгина синиқ қалб ила Аллоҳга яқин бўлиши мумкин. Ҳатто жуда кўп ибодат қилмаса ҳам, нафлларни эмас, фақат фарзларни бажарса ҳам, баъзан гуноҳ ишга қадам қўйса ҳам...

Аммо айтингчи, орамизда гуноҳларининг кўплигидан, солиҳ амалларининг камлигидан кўрқиб, Аллоҳга ожизлигини тан олиб, гуноҳи энг кўп инсон эканини эътироф этиб илтижо қиладиган бандалар қанча?

Жуда, жуда...оз. Айтайлик, агар бир инсон “Сенинг гуноҳинг жуда кўп, гуноҳларга ботгансан” деса биз унинг бу сўзларидан қаттиқ ғазабланамиз. Унга: “Сен ўзинг кимсан?” деб дарҳол аччиқланиб жавоб берамиз. Бу бизнинг гуноҳкор ва ожиз банда эканимизни тан олмаганимизга далилдир.

Бу ҳақда Шайх Абдулқодир Жийлоний бундай деганлар: “Аллоҳга яқин қилувчи турли йўлларга назар солдим. Лекин улар орасида хокисорлик, камтарлик йўлининг бўш эканига гувоҳ бўлдим”. Яъни, инсонларнинг кўпи бу йўлдан юра олмайди.

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1099 times

Мақолалар

Top