МАҚОЛА

Ҳақ ва ботил

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: 
«Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашмангки, сизни У Зотнинг йўлидан ажратурлар. Ушбуларни сизга тавсия қилдикки, шояд тақво қилсангиз». (Анъом сураси, 153- оят).

1. Аллоҳ таоло бизларни тўғри йўлга – Исломга эргашишга буюрди. Аллоҳнинг улуғ китобида, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида келган кўрсатмаларга мувофиқ амал қилишимизга, саҳоба розияллоҳу анҳумлар у зотдан қабул қилиб олиб, ўзларидан кейингиларга етказганларига, кейин ҳозирги кунимизгача авлоддан авлодга ўтиб келган илмларга мувофиқ, ҳар бир замон ва маконда сиқо – ишончли уламолар силсиласи нақл қилган шаръий илмларга мувофиқ йўл тутишимизга буюрди.

2. Аллоҳ таоло бизни залолатга кетган, қинғир йўлдагиларга эргашишдан қайтарди. Ҳолбуки улар залолатларини бошқаларга зийнатлаб кўрсатиб, унга чорлашади. Улар бир неча тоифадир:
- қандайдир фалсафалар уйдириб олиб, пайғамбарлар ва улар олиб келган рисолатларни ёлғонга чиқарадиганлар;
- самовий китобларни бузиб, уларда келган аҳкомларни ўзгартириб юборадиганлар;
- Исломга, Расулуллоҳга, Қуръон ва суннатга, уламоларга нисбатан шаккоклик қиладиганлар;
- гуноҳ-маъсиятлар қилишга чорлайдиганлар;
- Исломни ҳавои нафсларига кўра изоҳлайдиганлар. Улар ўта хатарлидирлар. Илмни даъво қилишади, аммо ҳақни ботилга аралаштириб юборишади. Ўзларини тўғри йўлда, қолганларни эса залолатда деб ўйлашади.

3. Ишончли уламолар билан илмни даъво қилаётганларни қандай фарқлаймиз?
- ҳар бир замон ва маконда санадлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача уланган шайхлардан илм олган уламолар бўлади.
- шунингдек, ҳар бир асрда ўша муборак илмий силсиладан ажраб чиққанлар ҳам бўлган. Уларнинг ўз номлари бўлиб, ўша номлар билан танилишган. Бундай кимсалар нубувват асрида «мунофиқлар» деб, саҳобалар асрида «қадарийлар» деб, тобеъинлар асрида «муътазила», «муржиъа» ва «жабарийя...» деб аталган. Бундайлар ҳозирги кунимизгача давом этиб келмоқда.
- саводул аъзам – уламоларнинг оммасидан илм олинади. Улардан ажралиб, алоҳида бўлиб олган озчиликлардан эмас.
- ким бу хусусда иккиланиб қолгудек бўлса, кўп истихора, дуо ва Аллоҳга илтижо қилсин, шунда Аллоҳ унинг қалбини ҳаққа ва ҳақ аҳлига йўллаб, ботил ва ботил аҳлидан буриб қўяди.
Аллоҳим, тўғри йўлга йўллаган бандаларинг қатори бизларни ҳам ҳақ йўлга ҳидоят қилгин!

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф таржимаси

 

Read 1723 times

Мақолалар

Top