МАҚОЛА

Доимо шукрона келтиришга арзийдиган буюк неъмат!

Мўмин-мусулмонлар бир-бири билан кўришганда бир-бирига салом бериб, ўзаро тинчлик, омонлик тилайди, Ҳақ таолодан юртга тинчлик, ободлик сўраб дуои хайрлар, ҳар бир яхшилик устида тинчлик бўлсин дея, яхши ниятлар қилади. Бу, албатта, бежиз эмас.

Негаки ҳар бир инсон ҳаёти давомида эзгу мақсад, орзу-истакларига етиш учун ҳаракат қилади. Бунинг учун унга энг катта таянч – тинчлик муҳитидир. Осойишталик ҳукм сурган оила бардавом ва мустаҳкам, эл-юртнинг тинчлиги эса мамлакат тараққиёти, аҳоли турмуш фаровонлигига сабаб бўлади.

Аллоҳ асрасин, оила ва юрт нотинч бўлса, ҳаёт лаззатини тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳатто киши бирор луқмасини хотиржам ютолмайди.

Ислом динида тинчликни улуғлаш комил мўминликнинг муҳим белгиларидан ҳисобланади. Тинчликни қадрлаш, осойишта ҳаёт учун шукроналик уни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлашнинг зарурий шартидир. Динимиз таълимотида масаланинг бу жиҳатига ҳам алоҳида эътибор берилган.

Қуръон каримда марҳамат қилинади: “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро сураси, 83-оят).

Юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида катта иш олиб борилмоқда. Шунга кўра биз ҳам тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиб, унинг давомийлигига ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим.

Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо унинг қадрига етиш лозимлигини айримлар тушунмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидлаганларидек: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадри­га етмайди. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти). Ушбу неъматлар қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради.

Динимизда тинчликка бўлган эътибор нечоғлик катта бўлиш билан бирга бағрикенглик унинг негизидир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, ундан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан ҳис этади.

Барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси осойишталикдир. Шу боис инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиши, балки унга ношукрлик қилиб футур етказишдан сақланиши лозим. Абу Хурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй, Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин” деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Бугунги таҳликали даврда инсоният учун тинчлик ва хотиржамлик сув ва ҳаводек зарур. Фарзандларимиз, ён-атрофдаги кишиларга ушбу неъматларнинг қадрига етиб, уни асраб- авайлаш зиммамиздаги бурчи эканини тушунтиришимиз лозим.

Қуръони каримда Иброҳим алайҳиссалом тилидан Ватанлари ҳақига бундай дуо қилган: “Эслaнг: Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” (Бақара сураси, 126-оят). Ояти каримада Ҳақ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиб, умматларини улуғ неъматлар тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб-авайлаб ҳаёт кечиришга ундалмоқда. Иброҳим алайҳиссалом яшаган даврда Макка тинч шаҳарлардан бўлган. Шундай бўлсада, тинчлики доимо сўраб дуо қилиш муҳим эканига далолатдир.

Демак, ушбу буюк икки неъмат бардавом бўлиши учун инсондан шукр ва қадрлаш, тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш динимизнинг энг долзарб талабидир. Айниқса, динимизни ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишга уринаётган фирқа ва оқимларга қарши доимо сергак ва ҳушёр туриш зарурлигини доимо ёдда тутмоқ лозим.

Қуръони каримда: “... Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”, дея марҳамат қилинади (Моида сураси, 2-оят). Ояти каримада айтилганидек, эзгу ният йўлида ва тақво йўлида ҳамкорлик қилиш ер юзида тинчлик ва хотиржамликни барқарор бўлишига бош омил бўлади.

Башарият барча нарсаси: ақл-заковат, мол-дунё ва куч-қувватини сарфлашига ҳақли бўлган ушбу улуғ неъматлар бардавом бўлиши учун унинг сабабларини ҳам давомли бажарилиши лозим. Бунинг учун инсонлар, айниқса, ёш авлод, Ҳақ таолонинг тоатида бўлишга тарғиб қилиш, маъсият ишлардан қайтариш, неъматларни қадрлаш руҳида тарбиялаш лозим. Бу борада ҳар бир инсон ўзининг бурчи ва мажбуриятларини яхши билиши ва унга қатъий амал қилиши динимиз тавсиясидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Жаҳонда рўй бериб турган нотинчлик, киши дилини хуфтон қиладиган ҳолатда ғафлатда қолиш ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мамлакат, оила ва инсонларни ҳалокат ва фалокатга учратадиган энг ёмон мусибатлардан бу – бепарволик, ғафлат, лоқайдлик ва шунга оид ёмон ҳислатлардир. Бу кўзга кўринмайдиган иллат, касалликдир десак муболаға бўлмайди.

Ушбу ёмон иллатлардан барчамиз холос бўлишимиз лозим ва лобуддир. Зеро, динимиз бепарволик, ғафлат, лоқайдликлардан қатъий қайтариб, уни уламолар орқали муаолажа қилишга тарғиб этади.

Хулоса қиладиган бўлсак, тинчлик ва хотиржамлик амалий шукр талаб қиладиган неъматлардандир. Уни адо этиш барчанинг зиммасига фарз. Ёши улуғ инсонлар ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб кўпроқ дуо қилиши, ёшлар ўзининг ҳалол меҳнати, Ватанга ҳар жабҳада шараф билан хизмат қилишга астойдил бел боғлаш билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўламиз, иншоаллоҳ.

Аллоҳ таоло юртимиз тинчлигини бардавом, халқимиз ҳаётини фаравон қилсин.

Исомиддин АҲРОРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Кадрлар бўлими мудири

Read 1578 times

Мақолалар

Top