МАҚОЛА

Сув – оби ҳаёт!

Аллоҳ таоло Ерни яшашга қулай қилиб яратгани баробарида, унда сувларни оқизиб қўйди, турли ўт-ўлан, дов-дарахтларни ўстириб қўйди. Сув Аллоҳнинг улкан неъматидир. Рангсиз, таъмсиз, ҳидсиз суюқлик танамизни текиклаштиради, либосларимизни поклайди, ташналигимизни қондиради, ҳаётимизнинг давом этишига сабаб бўлади. Бежизга сувни “Обиҳаёт” (“Ҳаёт суви”) дейишмайди.

Яқинда Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида фаоллар билан ўтказган йиғилишда бугунги кунда дунё бўйича катта муаммога айланаётган сув масаласига алоҳида тўхталиб: «“Сув – текин эмас”, деган ғояни аҳолига чуқур сингдириш, уни маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар ва кенг жамоатчилик билан бирга кундалик турмуш қоидасига айлантириш асосий вазифа бўлиши лозим”» дедилар.

Дарҳақиқат, инсон таомсиз бир икки ҳафтагача яшаши мумкин, аммо сувсиз уч кунга ҳам чидай олмайди. Одам танасидаги сув агар ўн беш фоизга камайса, у ҳалок бўлади. Мутахассислар фикрича, инсон танасининг аксар қисми сувдан иборат. Масалан, чақалоқ оғирлигининг етмиш беш фоизини сув ташкил этади.

Сув – инсоннинг ҳаёт кечириши учун асосий қувват манбаидир. Бунга яна одамнинг покланиши учун ва бошқа мақсадларда ишлатадиган суви ҳам қўшилса, инсонга сув қанчалик зарур ва бебаҳо неъмат экани ойдинлашади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Анбиё сурасида бундай марҳамат қилади:

...﴿وَجَعَلْنَا مِنَ الْمَاءِ كُلَّ شَيْءٍ حَيٍّ أَفَلَا يُؤْمِنُونَ﴾

“...ва барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?!” (Анбиё сураси, 30-оят).

Тоза ичимлик сувини эҳтиёждан ташқари ишлатиш ва беҳудага оқизиб қўйиш каби ҳолатларнинг учраётгани ўта ачинарли ҳолдир. Айрим давлатларда тоза ичимлик суви олтинга тенг бўлиб турган, минглаб кишилар, ёш гўдаклар ичимлик суви танқислигидан азият чекаётган бир шароитда, биз Аллоҳ ато этган шундай буюк неъматнинг қадрига етмаслигимиз ношукрликдан бўлак нарса эмас.

Ҳозирги вақтда жами 470 миллион нафар одам сув тақчиллиги кескинлашган минтақаларда, 2,4 миллиард киши эса сув тозалаш қурилмалари ва дренаж тизими орзулигича қолаётган ўлкаларда яшайди. Сифатли ичимлик суви етишмаслигидан жаҳонда йилига миллионлаб инсонлар касалланиб, нобуд бўлмоқда.

Аллоҳ таоло барча нарсаларни бир-бирига узвий боғлиқ ҳолда, ўзига хос ўлчови ва ҳисоби билан яратган. Бу борада Қуръони каримда шундай деган:

﴿وَأَنْزَلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً بِقَدَرٍ فَأَسْكَنَّاهُ فِي الْأَرْضِ وَإِنَّا عَلَى ذَهَابٍ بِهِ لَقَادِرُونَ﴾

“Биз осмондан ҳисоби билан ёмғир сувларини ёғдириб, Ерга ўрнаштирдик. Биз бу сувларни кетказиб, сизларни ундан маҳрум қилиб қўйишга ҳам қодирмиз” (Муминун сураси, 17-оят).

Бу ояти карималар орқали Ҳақ таоло бизга Ер юзидаги барча нарсалар, шу жумладан сув ҳам Ўзининг маълум ҳисоби ва ўлчови билан яратилганлигини маълум қилади. Шундай экан, сувни исроф қилишга асло йўқ қўймаслигимиз зарур.

Бугунги кунда мусулмонлар орасида Аллоҳ таоло ўзларига ато этган турли неъматлар қатори сувни ҳам исроф қилаётган, бу бебаҳо неъматга бепарво муносабатда бўлаётган кишиларнинг ҳам борлиги ачинарли ҳол. Ҳаётимиз учун энг зарур неъмат бўлган сув исрофи ҳаммасидан ошиб тушяпти.

Сувнинг исроф бўлишига йўл қўймай, уни тежаб-тергаб ишлатайлик. Фарзандларимизга ҳам сувни исроф қилмасликни ўргатайлик. Сувни исроф қилмаслик барчамизнинг бурч ва вазифамиз эканлигини асло унутмайлик. Ҳозир жаҳонда ичимлик суви муаммоси биринчи даражали муаммолардан бўлиб турибди. Айни пайтда дунёда бир миллиарддан ортиқ киши тоза ичимлик сувига муҳтож.

Сувни тежаш ҳақида ҳадиси шарифда бундай келади:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْروٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَرَّ بِسَعْدٍ وَهُوَ يَتَوَضَّأُ فَقَالَ: مَا هَذَا السَّرَفُ يَا سَعْدُ؟ قَالَ: أَفِي الْوُضُوءِ سَرَفٌ؟ قَالَ: نَعَمْ، وَإِنْ كُنْتَ عَلَى نَهْرٍ جَارٍ (رواه الإمام أحمد والإمام ابن ماجة .(

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Саъд розияллоҳу анҳу таҳорат қилаётганларида “Эй Саъд бу исроф нимаси”, дедилар. Саъд розияллоҳу анҳу: “Таҳоратда ҳам исроф қилиш борми?”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, агарчи оқиб турган дарёнинг бўйида турган бўлсанг ҳам”, – дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).

Таҳоратда ортиқча сув ишлатиш исроф ва мумкин бўлмаганидан кейин қолган нарсаларни қиёслаб олаверинг. Экинга ҳам эҳтиёждан ортиғини ишлатиш исрофдир.

Сўнгги йилларда теварак атроф, ер, сув ва ҳавода сезиларли ифлосланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бунинг олдини олиш, табиатни муҳофаза қилиб, соғлом авлод учун курашиш эса барчамизнинг бурчимиздир.

Қолаверса, дунёда ичишга яроқли сув захираси жуда оз. Денгиз ва уммонлар суви шўр. Чучук сувлар асосан тоғдаги музликларда жамланган. Ундан кейин дарё ва кўлларнинг сувлари ҳам чучукдир. Дарё ва кўл сувлари қайта ишланиб, аҳолига етказилади.

Аммо дунёнинг ҳамма давлатларида ҳам бундай эмас. Ичимлик суви танқислигидан қийналаётган кўплаб мамлакатлар бор. Буларнинг асосий қисми Африка қитъаси мамлакатларига тўғри келади. Ёғингарчиликнинг камлиги, сув ҳавзаларининг мавжуд эмаслиги ва бошқа омиллар шундай ҳолга сабаб бўлган.

Аллоҳга шукрки, юртимизда ичимлик суви борасида бундай муаммолар йўқ. Аммо соҳа мутахассислари яқин келажакда бизда ҳам кузатилиши мумкинлигини айтишмоқда. Бизда ҳам сув миқдори ўлчовлидир. Банда неъматни қадрига етса, шукр қилса, ўша неъмат зиёда қилиб берилади. Бордию ношукрлик қилиб, исрофга йўл қўйса, неъмат тортиб олинади ва ўрнига азоб келади.

Афсуски, сувни исроф қилиш ҳолларига тез-тез гувоҳ бўлиб қоляпмиз. Жўмраги бузилган сув қувурларидан тоза ичимлик суви шариллаб оқиб ётади. Ўша сувдан ичадиган аҳоли вакилларидан бирортаси: “Кел, шу жўмракни тузаттириб қўяй! Ахир бу сувдан ўзимиз ичамиз-ку! Шунча сув исроф бўлиб оқиб ётмасин. Бу исрофнинг ҳам сўроғи бор” деб ўйлаб кўрмай, ўша қувур ёнидан бепарволарча ўтиб кетаверади.

Сув шариллаб оқиши у ёқда турсин, ҳатто томчилаб оқиб турса ҳам исроф бўлади. Чунки шу томчилар жамланса, катта миқдорда сув исроф бўлаётгани ойдинлашади.

Ҳа, дунёнинг айрим жойларида инсонлар танага зарарли микроблар билан тўла бўлган, дизбактериоз, диарея ва бошқа заҳарланиш кўринишларига олиб келадиган сувларни ичишмоқда. Шуларни ўйлаб, ичаётган мусаффо, пок сувимиз учун Роббимизга кўп-кўп шукрлар қилайлик!

Аллоҳга ҳамду сано айтиш, неъматларининг шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат, ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "مَا أَنْعَمَ ﺍﷲُ عَلىَ عَبْدٍ مِنْ نِعْمَةٍ صَغُرَتْ اَوْ كَبُرَتْ فَقَالَ الْحَمْدُ للهِ إِلاَّ كَانَ قَدْ أُعْطِىَ أَفْضَلَ مِمَّا أَخَذَ" (رواه الإمام  ابن ماجه).

“Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун: “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, – деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).

Аллоҳ таоло бизга ато қилаётган чучук сув неъмати ҳақида бундай марҳамат қилган:

﴿أَفَرَأَيْتُمُ الْمَاء الَّذِي تَشْرَبُونَ أَأَنتُمْ أَنزَلْتُمُوهُ مِنَ الْمُزْنِ أَمْ نَحْنُ الْمُنزِلُونَ لَوْ نَشَاء جَعَلْنَاهُ أُجَاجاً فَلَوْلَا تَشْكُرُونَ﴾

“Ўзингиз ичадиган сувни ўйлаб кўринг-а! Уни булутлардан сиз туширасизми ёки Биз тушурувчимизми? Агар хоҳласак, Биз уни шўр қилиб қўямиз. Шукр қилсангиз-чи!” (Воқеа сураси, 68-70-оятлар).

Роббимизнинг берган барча неъматлари қатори, истаганимиздек сув ичиш неъматини бергани учун ҳам кўпроқ шукр қилайлик! Шунда Аллоҳ бу неъматларини янада зиёда қилиб беради!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

 

Read 1642 times

Мақолалар

Top