МАҚОЛА

Яхши-ёмон қадарга иймон

 

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Қадар» сўзи «ўлчов» маъносини англатади. Ислом ақийдасида эса Аллоҳ таоло азалда Ўз илми ва иродаси ила ҳар бир нарсани ўлчовли қилиб қўйганига эътиқод қилишни билдиради.

Уламолар қазо ва қадарни қуйидагича таърифлайдилар:
«Қазо – Аллоҳ таоло ҳамма нарсаларнинг келажакда қандай бўлишини азалдан билишидир».

«Қадар – ўша нарсалар Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир».

Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига биноан, балоғатга етган мусулмон Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳамма ишларини, махлуқотларга боғлиқ нарсаларнинг барчасини аввалдан билишига иймон келтириши вожиб бўлади.

Қазо ва қадар ақийдаси Аллоҳга иймон келтириш асосидаги Ислом ақийдаларидан бири ҳисобланади. Бу ақийда тўғри маърифат асосида Аллоҳ таолони камол сифатлари билан сифатлашга асосланган.

Ана ўша сифатларнинг бири – Аллоҳнинг илми, у илмнинг чексизлиги, Аллоҳ иродасининг шомиллиги ва қудратининг комиллигидир.

Қазо ва қадар ақийдаси Аллоҳ таолонинг ана шу сифатларига асосланган ақийдадир. Шунинг учун ҳам қазои қадарга иймон бўлмаса, Аллоҳга бўлган иймон тугал бўлмайди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билади. Уяси ичида ғимирлаётган чумолининг ҳаракатию ўз йўлида ҳаракат қилаётган сайёралардан ҳам бохабар. У Зотнинг илмидан ҳеч нарса четда қолмайди. Аллоҳ таоло дунёдаги ҳар бир зарра ва унинг ҳаракатини ҳам билиб туради.

Шунингдек, қиёматгача нима бўлиши ҳам Аллоҳга маълум. Агар уларни билмаса, У Зотнинг баркамоллик сифатига нуқсон етган бўларди.

Қадарга бўлган ишонч ўз эгасини доимо ҳаракатда бўлишга чорлайди. У ўз фойдасини ҳаракатдан топади. «Бу ишим бесамар бўлмаса, кейингиси натижа берар», деб доимо яхши умидда иш олиб боради, чунки унга нима тақдир қилингани маълум эмас, белгилари ҳам йўқ. Қадарга бўлган ишончнинг ҳикматларидан яна бири инсон бошига мусибат тушганида қайғуни енгиллаштиришидир. Шунингдек, қазо ва қадарга иймон келтирган инсон ўз ҳаётида муваффақиятларга эришган чоғида ҳам ўзини йўқотиб қўймайди. Барча нарсани Аллоҳдан деб билиб, мусибат етганда сабр қилади, яхшиликка эришганда шукр қилади.

Албатта, иймоннинг бошқа рукнлари каби қадарга иймон ҳам инсон бахт-саодати учун хизмат қиладиган муҳим омиллардан биридир.

Исломда инсоннинг ақийдаси борасидаги барча масалалар аллақачон ҳал бўлган. Бу борада мусулмонлар бошқаларга ўхшаб ҳардамхаёл бўлмайдилар. Дунёдаги энг тўғри эътиқодда, Аллоҳ таолонинг Ўзи баён қилиб берган ақийдада эканликларига тўлиқ ишонч билан саодатли ҳаёт кечириб бораверадилар. Ўзларининг ташвишга, хавотирга ва иккиланишга қолмасликларини яхши биладилар.


«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

 

Read 1341 times

Мақолалар

Top